19 май куни Наманган шаҳрида 63-Халқаро гуллар фестивалига старт берилди. 1961 йилнинг августидан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган мазкур анъанавий байрамнинг очилишида «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам иштирок этиб, фоторепортаж тайёрлади.

Фестиваль удумига кўра, соат 10:00 да ранг-баранг гулларга бурканган 200 дан зиёд машинадан иборат автокарвон Наманган халқаро аэропорти майдонидан Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи сари йўл олди.

10 километр масофани босиб ўтган автокарвонда нафақат ретро, балки замонавий машиналарни ҳам учратиш мумкин. Вилоятдаги турли давлат ташкилотлари, ҳокимликлар, олий таълим муассасаларига тегишли транспорт воситаларининг ҳар бири ўзига хос тарзда безатилган.

Тадбирнинг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков нутқ сўзлаб, фестиваль нуфузи йилдан-йилга ортиб бораётганини қайд этди.

Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, фестиваль арафасида Наманган шаҳри бўйлаб 65 турдаги 45 миллион тупдан ортиқ гул ва бута кўчати ўтқазилди. Шундан 30 миллиондан зиёди Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига экилган. «Афсоналар боғи», «Янги Ўзбекистон» боғи каби масканларда ҳам гуллар экилиб, композициялар яратилган.

Жорий йил фестивалда 6 миллион нафардан зиёд иштирокчи, жумладан, 200 минг нафардан ортиқ хорижий меҳмон ташрифи кутилмоқда.

Тадбирнинг биринчи куни Хитой, Корея, АҚШ, Япония, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Болгария, Туркия каби мамлакатлардан давлат такшилотлари вакиллари, инвесторлар ва туризм соҳасига алоқадор мутасаддилар иштирок этди.

Фестиваль доирасида «Буюк ипак йўлида туризм истиқболлари» мавзусида халқаро конференция, Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг концерти, машрабхонлик кечалари, фольклор жамоаларнинг чиқишлари сингари турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, фестиваль дастурида гуллар билан боғлиқ тадбирлардан ташқари ҳунармандчилик намуналари, китоблар, фотосуратлар, миллий либослар кўргазмаси ҳам ўрин олган. Мазкур фестиваль 23 июнга қадар давом этади.

Аввалги йилларда мазкур фестиваль қандай ўтгани билан қуйидаги ўхшаш хабарлар бўлимида танишишингиз мумкин.

Фото