Svoboda | Graniru | BBC Russia | Golosameriki | Facebook
Фото: Мумтозбегим / PressPhoto.uz
Эркинлик фестивали
Очиқ осмон остидаги 16 та жаз концерти қандай қилиб Тошкентни эркинроқ қилгани ҳақида
Маданият ва саънатни ривожлантириш жамғармасининг Тошкентдаги Халқаро жаз фестивали барча концертларини очиқ ҳавода ўтказиш ташаббуси шаҳарликларга ўзларининг яширин жиҳатларини кашф этиш имконини берди. Бундай тадбирлар нимаси билан муҳим ва қандай қилиб уларни янада яхшироқ қилиш мумкин — Сабина Бакаева шу ҳақда мушоҳада юритади.
Маданият ва саънатни ривожлантириш жамғармасининг Тошкентдаги Халқаро жаз фестивали барча концертларини очиқ ҳавода ўтказиш ташаббуси шаҳарликларга ўзларининг яширин жиҳатларини кашф этиш имконини берди. Бундай тадбирлар нимаси билан муҳим ва қандай қилиб уларни янада яхшироқ қилиш мумкин — Сабина Бакаева шу ҳақда мушоҳада юритади.
Нолинчи йилларнинг бошида поччам — ҳозирда Навоий театри симфоник оркестрининг энг кекса созандаси — Ғафур Ғулом номидаги боғда пенсионерлар учун вальслар чаларди. Бундай камер концертлар йилнинг илиқ даврида, шанба кунлари қўйиларди. Бола чоғим кўпинча бир-бирига нотаниш бу кекса кишиларнинг курсида ўтирган машшоқлар олдида тахтасупага чиқиб, рақсга тушишини томоша қилишни яхши кўрардим. Бу жараёнда эркинлик шу қадар кўп эдики, бунақасини ҳозир Тошкентнинг кўчалари тугул паркларида ҳам тасаввур қилолмайсан.
Кристофер Александернинг шаҳарларни лойиҳалаштиришга бағишланган «Қолиплар тили» («A Pattern Language») китобида алоҳида бир боб кўча рақсларига бағишланган. Унинг ёзишича, қачонлардир бутун Ер юзидаги одамлар кўчаларда рақсга тушарди. Инсоннинг бу ҳаракатдаги эркинлик даражаси энг катта қувончни ўзида ифода этади. Кўчада рақсга тушиш анъанаси ҳозир ҳам бутун дунёда сақланиб қолган, аммо «дунёнинг „замонавий“ тамаддун қарор топган ва мураккаб технологиялар пайдо бўлган қисмларида бу анъаналар ўлди», деб ёзади муаллиф. Бундай жойларда одамлар ўзини кўчада ўнғайсиз, ноқулай ҳис қилади. Бундай сиқиқлик Тошкент аҳлига ҳам хосми ё йўқ?
Халқаро жаз фестивалидаги «ёпиқ» ҳолатдаги томошабинлар.
Фото: Ҳусниддин Ато / PressPhoto.uz
2023 йилнинг баҳорида (тосдаги) блокларни ечиш бўйича рақсли ретрит (узлат)ларнинг бирида беларуслик муҳожирдан ўзим учун ҳайратланарли бир фикрни эшитдим. Ёш раққоса бошқа ҳеч бир жойда рақс орқали ўз ҳис-туйғуларини ифодалашда Тошкентдагичалик сиқиқликни ҳис қилмагани ҳақида гапирганди. Бундай танқидий фикр ўзбекистонликларга ёқмаслиги мумкин, шунинг учун ҳам у қизнинг мулоҳазаларини сизга батафсилроқ етказаман. Унинг сўзларига кўра, саёҳатлар вақтида у ҳар доим кўчада — ҳатто мусиқа бўлмаса ҳам ёки қулоғида қулоқчини билан ҳам — эркин рақсга туша олган. Аммо Тошкентда аёл кишининг рақси муқаррар ёмон маънода қабул қилинишини пайқаган. Кутилмаган жойда рақсга туша бошласа, аёл ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Эркаклар эса рақсга тушмайди, чунки маданият «кучли жинс вакиллари»нинг нозик ҳиссиётларни ифода этишини маъқулламайди. Шундай қилиб, рақс учун ҳаммага тушунарли сабаб (токи четдан қараганлар сени тентак деб ўйламасин), мусиқа, макон ва фурсат керак.
реклама
реклама
Рақсга тушиш тошкентликлар учун нақадар оғирлигига 26 апрелдан 12 майга қадар ЮНЕСКО шафелигида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтказилган VIII Халқаро жаз фестивалида жонли гувоҳ бўлдим (ва ўзим ҳам шундай шаҳарликлардан бири эдим). Бу йил 16 та бепул концерт Халқаро форумлар саройи олдидаги майдонда, очиқ ҳавода бўлиб ўтди. Жаҳонга машҳур гуруҳларнинг чиқишларига Тошкентнинг ҳавоси ёқимли, дарахтлари гуллаган мафтункор баҳори ва шаҳар аҳлининг кўтаринки кайфияти ҳамроҳ бўлди. Шунча рағбатга қарамай, томошабинлар кўпинча, айниқса, фестивалнинг дастлабки кунлари жуда оғиркарвонлик қилди. Аммо, танани мусиқага ҳамоҳанг енгил қимирлатиб туриш ёки оёқни қўшиқ маромига мослаб ерга уриш ортида кўпинча базўр ушлаб турилган рақсга тушиш истаги яширин эканини сезмаслик мумкин эмасди.

Омма рақсга тушишдан уялаётгани ҳақида фикримга фотосуратчи ва фотожурналистика ўқитувчиси Ҳусниддин Ато ҳам қўшилди — мен ундан ўз талабалари билан бирга жаз фестивали қандай қилиб шаҳарликларни турли кераксиз, чекловчи ўй-фикрлардан озод қилаётганини кўрсатувчи фотосуратлар олиб беришни илтимос қилгандим. Аммо камера тингловчиларнинг сезилар-сезилмас ҳаракатларини акс эттиролмасди. Танишлар эса бу «уят ҳисси»ни бирор қадаҳ «қонни қиздирувчи» ичимликсиз енгиб ўтиш қийинлиги неча бор айтди.
Фото: Самира Ҳожимуротова / PressPhoto.uz
Фестивалнинг кейинги кунлари эса одамларга шунчаки бироз вақт кераклигини тасдиқлади. Тошкентликлар тадбирга чуқурроқ кириб борганлари сари шунчалик эркинроқ ҳам бўлишди. Тадбир айни авжига чиққан паллада эса, фестивалнинг аввалги мавсумларида бўлгани каби, пойтахт марказида одатда унинг кўчаларида учрамайдиган Тошкентни кўриш мумкин эди.
Шаҳар аҳли Форумлар саройининг орқа тарафидаги майдончага Истиқбол ва Махтумқули кўчаларидаги қўриқланадиган рамкалар орқали кирарди. Кўпчилик пиёда ёки жамоат транспорти ва таксида келаётганга ўхшарди, чунки концерт майдони атрофидаги машиналар сони бошқа вақт қандай бўлса, фестивал кунлари ҳам шундай эди. Томошабинларнинг бир қисми велосипедларда келди. Майдоннинг икки четига ўрнатилган тўсиқлар велосипед қўйиш учун яхши жой бўлди (лекин бу шаҳарнинг велотураргоҳларга бўлган эҳтиёжини бекор қилмайди, албатта).

Афсуски, 2023 йилги фестивалдан фарқли ўлароқ, қўриқчилар бу сафар одамларга саҳнанинг икки томонидаги майсазорга чиқишни тақиқлади. Майсазорнинг муқаддаслаштирилиши ва ундан фойдаланишни тақиқлашни ҳеч тушуниб бўлмайди. Шу боис одамлар атрофдаги бордюрларнинг ҳар бир бўш парчасини тўлиқ эгаллади. Йўл ва тротуар орасидаги тор яшил йўлакка болалар учун йога гиламчаларини тўшади. Маҳаллалар уюшмасининг зиналарига ўтиришди — бу ташкилот ходимлари ҳеч бўлмаса ўз маҳалладошлари учун стуллар олиб чиқиб берса бўларди, лекин бундай қилишмади. Баъзилар ўзи билан саёҳат ўриндиқларини олиб келди, бошқалари гиламчаларини шундоқ асфальтга тўшаб ўтираверди. Буларнинг барчаси шундан далолатки, ҳатто open-air концертларда ҳам ўтириш жойлари, ҳеч бўлмаса харрак (скамейка)лар бўлиши керак.

Катталар жаҳон жаз юлдузларини тинглаётган вақтда, болалар йўлнинг кичик бир бўлагида югуриб, ўйнарди. Улар бўр билан асфальтга суратлар солди, самокат ва роликларда учди ва, серҳижолат катталардан фарқли ўлароқ, ҳеч уялмай кулгили рақсларга ҳам тушди.
Кристофер Александер атрофдаги муҳит одамларда рақсга тушиш истаги шаклланишига ёки, аксинча, шундай истак шаклланмаслигига тўғридан-тўғри таъсир қилади, деб ёзади. Унинг таъкидлашича, муҳитнинг ўзгариши вазиятни ҳам дарҳол ўзгартириб юбора олмайди, лекин ўзгаришлар содир бўлиши муқаррардир. Кузатувларимга кўра, Тошкентдаги халқаро жаз фестивали унинг фикрларини тасдиқлади. Фестивал охирига яқинлашавергани сайин тошкентликлар ҳам янада эркинроқ, маданий чекловлар ва муҳит чегараларидан янада мустақилроқ бўла борди. Кўпчилик энди шунчаки тебранмас, балки чинакамига рақс тушар, кулар, қувонар, янги танишлар орттирарди.
Аммо 12 май куни, жаз фестивали тугаши билан, шаҳар яна ўзининг аввалги маромига қайтди. Турган гапки, шаҳарда концертлар бундан кейин ҳам ўтказилади, аммо улар пуллик ва ёпиқ майдонларда бўлади. Боз устига, жаздан фарқли ўлароқ, аксарият концертлардаги мусиқа кенг оммага мўлжалланмаган. Жаҳоннинг кўплаб шаҳарларида ҳамма учун мўлжалланган куй-қўшиқларни кўча машшоқлари ижро этади. Уларнинг ижроси учун катта саҳналарнинг кераги йўқ, аммо рақс учун кўча машшоқларининг бўлиши муҳим.

«Рақс майдончаларини ташкил этишнинг шаҳарга нима кераги бор?», деган савол туғилиши мумкин. Эдинбург университети тадқиқотчиси Идан Чен рақснинг терапевтик фойдаси ва инсон саломатлигига ижобий таъсирини алоҳида қайд этади. Рақс эмоционал муаммолар ечими бўлиши мумкин, чунки у стрессни камайтиришга ёрдам бериб, яхши кайфият гормони ҳисобланган серотониннинг кўпайтиради, деб ёзади Ҳарвард тиббиёт мактаби. Бундан ташқари, тадқиқотчиларнинг аниқлашича, рақс деменциядан азият чекаётган кишиларнинг когнитив қобилиятларига ҳам ижобий таъсир қилади — рақс терапияси натижасида уларда диққат-эътибор (концентрация) ва мулоқот кўникмалари яхшиланади. Рақс терапияси шизофрениянинг салбий симптомларини ҳам камайтириши аниқланган. Ва охир-оқибат — рақс шунчаки ёқимли жисмоний машғулот.
реклама
реклама
Шунинг учун ҳам Кристофер Александер одамлар муҳим деб ҳисоблаган деган жойларда кўча рақслари учун шароит ташкил этишни таклиф қилади. Бу — сайр жойлари, майдонлар, тунги ҳордиқ марказлари бўлиши мумкин. Маконнинг тўғри ташкил этилиши одамларга рақсга тушиш истагини қайтаришга ва бу одатнинг чуқур илдиз отишига, ҳаракатланиш ва қувониш хоҳишини оддий ҳолга айлантиришга ёрдам беради, дейди архитектор. Шаҳардаги рақслар учун мусиқачилар жойлашадиган тахтасупача, унинг атрофида рақсга тушувчилар учун қаттиқ қопламали майдон ва қўшиқ эшитиб ёки рақсга тушаётганларни томоша қилиб, шунчаки дам олмоқчи бўлганлар учун ўриндиқлар қўйилса кифоя. Бундай жойга кичик бизнес егулигу ичимликлари ва давлат бюджетига солиқлари билан ўз оёғи билан келади.
Ушбу ечимларнинг айримларини Тошкентдаги Халқаро жаз фестивали ташкилотчилари ҳам қўллаши мумкин. Агар фестивал келаси йили ҳам 2024 йилги жойида бўлса, у ҳолда айнан шаҳар аҳлининг солиқлари ҳисобидан сақланиб, таъминланадиган Форумлар саройи майсазорларига одамларнинг чиқишига рухсат берса арзийди.
Матнни Сабина Бакаева тайёрлади.
«Газета.uz»га фотосуратлар «PressPhoto.uz» агентлиги муаллифлари — Мумтозбегим, Гулноза Шермаматова, Мурод Юсуф, Самира Ҳожимуротова, Хусниддин Ато томонидан тақдим этилди.

«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Бирор қизиқарли воқеа ёки ҳодисани биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ҳикоянгизни [email protected] электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг