30 май куни Тошкентдаги Киночилар уйида «Баҳодир Ялангтўш» тарихий-бадиий фильмининг махсус премьераси бўлиб ўтди. Унда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева, вазирликлар ва турли ташкилотлар мутасаддилари, киноижодкорлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Фильм Регистон мажмуаси бунёдкори, Самарқандга ҳокимлик қилган саркарда Баҳодир Ялангтўшнинг ҳаёт йўли ва фаолияти тўғрисида бўлиб, унда асосан Ялангтўшнинг моҳир ҳарбий саркардалиги ҳамда унинг саройида бўладиган фитналарга урғу берилган.

Фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов тақдимотдан сўнг «Газета.uz» мухбирига интервью бераркан, суратга олиш ишларидан аввал жаҳон тажрибаси жуда яхши ўрганилганини айтди.

«Сўнгги муваффақиятли тарихий фильмларнинг деярли барчасини кўриб чиқдик, яъни режиссёрлар қандай қилиб ўша даврни ва тарихий қаҳрамонни томошабинга сингдира олаётганига қизиқдик. Чет эл тажрибасини ўрганишга бир йилга яқин вақт кетди. Сценарийни дунё фильмлари андазасидан келиб чиқиб, шошмасдан ёздик», — деди у.

«Баҳодир Ялангтўш» фильми режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов / Фото: Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази.

Унинг таъкидлашича, картина тўлалигича «Ўзбекфильм» киноконцернининг янгиланган панорамали павильонида суратга олинган. «Съёмка учун ташқарига умуман чиққанимиз йўқ, барча жараён павильон ичида: декорациялар, мониторлардан фойдаланилган ҳолда бўлиб ўтди. Бугунги премьерага етиб келгунимизча уч йилу икки ой вақт кетди», — деди у.

Жаҳонгир Аҳмедов журналистнинг «Баҳодир Ялангтўш» фильми учун қанча маблағ сарфлангани ҳақидаги саволига жавоб бераркан, шундай деди:

«Фильм бюджети 30 млрд сўмга яқин. Нима учун бунча маблағ? Биз 30 млрд сўмнинг тенг ярмига «Ўзбекфильм» павильонига ҳозирги кунда Голиввуд фойдаланётган энг охирги технологияни олиб келдик. Германиядан келтирилган мазкур замонавий техникаларни немис мутахассисларнинг ўзлари ўрнатиб, ишлатиб беришди. Бу замонавий технология — виртуал олам, дейилади, яъни фильмнинг яхши чиқишида ушбу технологиянинг ўрни жуда катта. 6 млрд сўмга яқин пул костюмлар ва реквизитларга ишлатилди. Олдинги фильмлардаги костюмларнинг бирортасидан фойдаланмадик. Барча қаҳрамонлар, ҳатто массовкалар учун ҳам алоҳида костюмлар тиктирдик. Техникалар ҳам, костюмлар ҳам «Ўзбекфильм»да қолди. Кейинги фильмларда бемалол фойдаланиш мумкин», — деди фильм режиссёри.

Маълумот учун, фильмда Баҳодир Ялангтўш ролини спортчи ва актёр Ҳабибулла Низомов ижро этган. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Беҳзод Муҳаммадкаримов, Боир Холмирзаев, Тоҳир Саидов ва бошқа кўплаб ўзбек актёрлар ҳамда қозоқ ва қирғиз киноижодкорлари ҳам суратга тушган.

Миллий кинематографияни ривожлантириш марказига кўра, Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда суратга олинган «Баҳодир Ялангтўш» фильми 6 июндан бошлаб Ўзбекистондаги ўндан зиёд кинотеатрларда намойиш этилади.