28 майдан 5 июнгача Тошкент шаҳрида тўртинчи бор ўтказилган Sahibkiran Amir Temur Cup мусобақасида ўзбекистонлик шахматчи ғолиб бўлди. Турнирнинг соврин жамғармаси 20 минг долларни ташкил этди.

Мусобақада 11 мамлакатдан 80 нафардан ортиқ шахматчи асосий гуруҳда қатнашди.

Ўйинлар якунига кўра, Абдималик Абдисалимов (FIDE рейтинги 2504, бошланғич рақами 8) 7,5/9 балл билан ғалаба қозонди. Бутун турнир давомида ўзбекистонлик спортчи бирорта ҳам мағлубиятга учрамади ва 4000 доллар ишлаб олди.

Иккинчи ўринни 7 очко жамғарган украиналик гроссмейстер Александр Моисеенко (2560) эгаллади. Унинг ҳамюрти гроссмейстер Виталий Бернадский 6,5 очко (2562) билан учинчи бўлди. Яна беш нафар шахматчи қўшимча кўрсаткичларга кўра 3−8-ўринларни бўлишди.

«Дастлабки уч раундда мендан рейтинги паст бўлган рақибларни мағлуб этдим. Тўртинчи ўйинда мен 2500 дан юқори рейтингга эга Сергей Тивяковга қарши ўйнадим. Ғалаба қилиб, 4/4 йиққанимдан сўнг, менда учликка кириш имконияти борлигини англадим ва ўзим аввал узоқ вақт давомида ўрганган ва синаб кўрган кучли дебютларни ўйнай бошладим. Шу туфайли бирорта ҳам ўйинда мағлуб бўлмасликка муваффақ бўлдим», — деди Абдисалимов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.

Унга кўра, энг қийин ўйин Александр Моисеенкога қарши кечган.

«Мен қоралар билан ўзим ўрганмаган, деярли ютқазиқли вазиятга тушиб қолгандим. Аммо оқларнинг ғалабаси аниқ бўлмади ва мен дурангга эришдим. Ғалабани, албатта, отамга бағишламоқчиман», — дея ўртоқлашди шахматчи.