Ўзбекистон президентининг 2024 йил 24 майдаги фармони билан, ОТМларга ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимида қатор ўзгаришлар жорий этилмоқда. Хусусан, қабулдаги «аввал тест, сўнг танлов» тамойили, давлат буюртмаси параметрларини давлат ОТМлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниши, шунингдек, таълим гранти асосида ўқиган талабалар учун ўқишни тугатгандан кейин камида 3 йил ишлаш мажбурияти бекор бўлаётгани эътиборли ўзгаришлардан.

«Газета.uz» бу тизимлар қандай ишлаши ҳақида батафсил билиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Таълим сифатини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Абдусамат Маманазаров билан суҳбат уюштирди.

Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

— Давлат буюртмаси нима ва у нега керак?

— Давлат буюртмаси республика иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли кадрларга бўлган истиқболдаги эҳтиёжларини белгилаб беради. Яъни келгусида қайси соҳага қанча ва қандай мутахассислик бўйича кадр кераклиги таҳлил қилинади ҳамда шу асосда қабул параметрлари шакллантирилади. Ушбу эҳтиёжни тўлдирувчи, қопловчи квоталар ўрни давлат буюртмаси параметрлари ҳисобланади.

— Мазкур фармон нима учун қабул қилинди?

— Ушбу фармон билан олий таълим муассасаларига қабул квоталарини шакллантириш ҳамда белгилаш, олий ва профессионал таълим муассасаларига «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосидаги қабулни жорий этиш, давлат грантларининг адолатли тақсимотини таъминлаш каби муҳим тартиб ва вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу фармоннинг қабул қилиниши натижасида олий таълим муассасаларига қабул жараёнларининг янги формати — абитуриентларни адолатли саралаш таъминланади, аввало, энг иқтидорли ва билимли талабалар қабули амалга оширилади, деб ҳисоблаймиз.

— Фармон билан давлат буюртмаси параметрларини ОТМ кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиняпти. Параметрлар кундузги таълим шаклида тақсимланади. Аммо бундан олий ҳарбий ҳамда ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари мустасно дейилган. Нега бундай талаб киритилди ва нима учун ОТМлар кесимида тақсимланмайди?

— Барчамизга маълумки, ўтган йилларда давлат буюртмаси параметрлари (давлат гранти квоталари) олий таълим муассасалари кесимида тақсимланган. Ушбу квоталарга қабул ҳам ушбу олий таълим муассасасини танлаган абитуриентларнинг тўплаган баллари асосида амалга оширилган. Бироқ ушбу тартиб баъзи бир абитуриентларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. Масалан, бир абитуриент 145 балл билан Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасасига маълум бир йўналишга давлат грантига тавсия этилмади, бироқ бошқа бир абитуриент айнан бир хил бакалавриат таълим йўналишига, фақат бошқа олий таълим муассасасига 100 балл билан давлат грантига талабаликка тавсия этилган.

Давлат гранти квоталарининг олий таълим муассасалари кесимида эмас, йўналишлар кесимида тақсимланиши келгусида юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олади.

— Ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари нега бу тартибдан истисно қилиняпти?

— Олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларида қабул квоталарини шакллантириш, кадрлар тайёрлаш ва йўналишлар хусусиятлари турлича. Жумладан, ушбу олий таълим муассасаларига киришда абитуриентлар учун олийгоҳ ва йўналиш хусусиятларидан келиб чиқиб, уларнинг жисмоний ва психологик имкониятларини текширувчи имтиҳонлар ўтказилади.

Фармонда белгиланган тартиблар олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига татбиқ этилмайди ва уларда қабул жараёнлари амалдаги тартибда сақланиб қолади.

— Давлат буюртмаси тақсимланишида хусусий ОТМлар ҳам қатнашадими?

— Фармонда давлат олий таълим муассасалари учун ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи олий таълим ташкилотларига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилиши, бунда тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича бир талаба учун ажратиладиган маблағ молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан ошмаган ҳажмда молиялаштирилиши белгиланган.

Шу билан бирга, ҳар йили Ўзбекистон Республикасидаги хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларига ҳам давлат буюртмаси параметрлари ажратилиб келинмоқда. Жумладан, 2023 йилда хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларига ажратилган давлат гранти квотаси 1000 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу 1200 тани ташкил этиши кутилмоқда.

— Давлат ОТМлари учун ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи ОТМ давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилади. Бунда тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича бир талаба учун ажратиладиган маблағ молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМларида бир талаба учун тўғри келадими? Мазкур норма нима учун қабул қилинди?

— Бир талабани ўқитиш учун молиялаштириш миқдорининг аниқ белгиланиш зарурати нодавлат олий таълим муассасаларида ўқитиш харажатлари, яъни бир талаба учун белгиланган контракт тўловлари миқдорининг бир-биридан кескин фарқланиши билан изоҳланади.

— Нега педагогика устувор йўналиш сифатида киритилмаган?

— Чунки шу пайтгача ҳам педагогик йўналишларда кадрлар тайёрлаш салмоғи анча ошди. Яъни олдин 5 та педагогика институти бўлган. Ҳозирги кунда барча ҳудудда алоҳида педагогика олийгоҳлари ташкил этилди. Ёшларда ҳам педагогик йўналишларга бўлган қизиқиш баланд. Бу ушбу йўналишларда ўқиш истагини билдираётган абитуриентлар сони ва ажратилган қабул квоталарининг қопланаётганида ҳам кўринади.

Шу билан бирга, ҳар йили мактабгача ва мактаб таълим соҳаси учун республика ҳудудлари кесимида давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилиб келинмоқда.

Иқтисодиёт тармоқларининг муҳандислик соҳаси, табиий ва аниқ фанлар соҳалари бўйича олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжлари кундан-кунга ортиб бормоқда. Бугунги давр замонавий техника, технология даври экани ҳам муҳандислик, аниқ ва табиий фанлар бўйича кадрларга талаб йилдан-йилга ортиб боришини кўрсатади.

Шунга кўра, истиқболдаги кадрларга бўлган талаблар, имкониятлар таҳлил қилиниб, давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар йўналишларига устуворлик берилиши белгиланди.

— Давлат гранти квоталарининг олий таълим ташкилотлари кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг таълим танлови йўналиши ва тўплаган балларига кўра амалга оширилиши айтилган. Бу тизим ҳақида батафсил маълумот беринг ва янги тартибга кўра, ОТМ танлашдан маъно йўқми? Яъни талаба керакли баллни тўплади, мутахассислик танлади, лекин ўзи хоҳлаган ОТМни танлай деса, у ерда жой қолмаган.

— Президентнинг 2024 йил 24 майдаги 81-сонли фармонига асосан, 2024/2025 ўқув йили учун бакалавриатга қабул бўйича рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи 2024 йил 5 июнь кунидан бошланди ва 25 июнгача давом этади.

Бунда абитуриентларга:

а) фақат тест синовлари ўтказиладиган йўналишлар учун тест топширадиган фанлар, таълим тили, тест топшириш ҳудудини танлаш;

б) ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишлар учун юқоридагиларга қўшимча равишда, бакалавриат таълим йўналиши ва ижодий имтиҳон топшириладиган олийгоҳни танлаш имконияти яратилди.

Рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи якунлангандан сўнг ижодий имтиҳонлар, тест синовлари ўтказилади.

Тест синовлари тўлиқ, яъни барча ҳудудларда якунлангандан сўнг, 15 кун давомида рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида абитуриентлар тест балларидан келиб чиқиб:

  • 5 тагача олийгоҳ (йўналиш), таълим шаклини, танлов устуворлигини;
  • ижодий имтиҳон ўтказилган йўналишлар учун қўшимча равишда танланган йўналиш бўйича 5 тагача олийгоҳни танлаши мумкин.

Танлов натижаларига кўра, олийгоҳларга талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар учун тўплаган бали билан фанлар мажмуаси тўғри келадиган профессионал таълим муассасасига кириш имкони яратилади.

Бунда ушбу тоифадаги абитуриентлар учун профессионал таълим муассасаларини танлашига алоҳида муддат ажратилади.

— Натижа нимага қараб тақсимланади?

— Тўплаган балига қараб. Мана, масалан, кимё, биология ва учта мажбурий фандан 2000 нафар абитуриент рўйхатдан ўтиб, тест синовларини топширди дейлик. Биринчида турган абитуриент 189 балл олди, кейингиси 188 балл йиғган… рўйхатнинг охиридаги абитуриент 47 балл олди. Рўйхатнинг бошидаги 189 балл олган абитуриент биринчи қайси олий таълим муассасасини, таълим йўналишини танлаган бўлса, ўша танланган олий таълим муассасаси, таълим йўналишига давлат гранти бўйича ўқишга киради. Мисол учун, Даволаш иши йўналишига жами 500 та грант квота ажратилган бўлса, энг юқори кўрсаткичга эга бўлган 500 нафар абитуриент ҳам грантга даъвогарлик қила олади.

— ТошМИга қанча давлат гранти асосидаги квота ажратилиши қачон маълум бўлади?

— Юқорида айтганимиздек, Тошкент тиббиёт академиясига нечта давлат гранти ажратилиши мос фанлар мажмуаси бўйича тест синовлари топшириб, энг юқори балл тўплаган ва Тошкент тиббиёт академиясини танлаган абитуриентлар сонидан келиб чиқиб белгиланади. Хулоса қилиб айтганда, қайси олий таълим муассасасига қанча давлат гранти ажратилиши тест синовлари, абитуриентларнинг олий таълим муассасаси, таълим йўналишини танлаш муддатлари якунланиб, танлов натижалари эълон қилингандан сўнг аниқ бўлади.

— Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2024−2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотлари талабаларига давлат грантини ижтимоий рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклларига ажратиш таклифини илгари сурди. Улар нимаси билан фарқ қилади? Мазкур икки тоифани киритиш нима учун керак бўлди?

— Масалан, давлат грантига кириш учун ҳамма абитуриентлар ойлаб, йиллаб жиддий тайёрланади. Аммо юқори балл олиб, грантга ўқишга кириб олганидан кейин ўқишида сустлашиш кузатилиши мумкин.

Бошқа бир ҳолатда: қайсидир абитуриент ҳаракат қилди, тайёрланди, лекин тўплаган бали етмагани сабабли грантга эмас, контрактга ўқишга кирди.

Ушбу биргина ҳолат, яъни кириш имтиҳонларида тўпланган балл талабаларнинг бутун ўқиш даври учун тўлов шаклини белгилаб беради.

Мазкур янги тартиб абитуриентларнинг ўқишга кирганидан кейин ҳам яхши ўқишига ундайди, мотивация беради. Бундан ташқари, контрактга кирган талабалар ҳам ўқиш даврида ўзининг тиришқоқлиги, яхши ўзлаштириши, дарслардаги иштироки, ижтимоий фаоллиги билан грантга даъвогарликка ҳаракат қилади. Бу тартиб бевосита таълим сифатини оширишга қаратилган.

Олдин барчасининг умумий номи фақат давлат гранти эди. Энди у икки тоифага бўлинди: ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти. Ижтимоий рағбатлантирувчи грантга мақсадли квоталар ва имтиёзли квоталар бўйича талабаликка эришганлар киради, уларга грант бутун ўқиш даври учун берилади. Таълим гранти эса белгиланган квотага ўз билими билан ҳужжат топшириб, талаба бўлганларга бир ўқув йили учун берилади. Кейинги ўқув йилидан эса улар яна рақобатлашади, бунда энг юқори кўрсаткичга эга бўлган талабалар давлат грантини ўзида сақлаб қолиши мумкин ёки олдин контрактда ўқиганлар грантни қўлга киритиши мумкин.

— Бу жараённи ҳар бир ОТМнинг ўзи белгилаб, ҳал қиладими?

— Ҳа. Масалан, ЎзМУнинг физика йўналишида жами 40 та квота бор эди, 10 таси грант, қолгани контракт. Кейинги ўқув йилида 40 нафар боланинг GPA кўрсаткичидан келиб чиқиб, юқоридаги 10 нафар бола давлат грантига танланади. Кимлардир контрактга тушиб кетиши, айримлар грантга чиқиши мумкин.

— Стипендия фақат тўлиқ таълим гранти ютган талабаларга тўланиши белгиланган. Демак, тўлиқ таълим гранти ҳам қолдими, қайси шартларда?

— Фармонда бу бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўрсатилган. Лойиҳани ишлаб чиқиш энди бошланяпти, у тасдиқланганидан кейин бу масала бўйича фикр билдирамиз.

— Ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва бошқалар тўлиқ таълим грантини оладими? Яна кимлар бу рўйхатга киради?

— Умумий қабулдан ташқари имтиёз асосида ўқишга кирганларнинг барчаси ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ҳисобланади.

— Таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тамомлаганидан сўнг камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади. Нега бу олдин муҳим бўлган ва ҳозир эса бекор қилинмоқда?

— Олдин чекка ҳудудлардаги олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун йўлга қўйилган. Эҳтиёж ҳали ҳам бор. Ушбу эҳтиёжлар мақсадли квоталар ажратиш орқали тўлдирилади. Мақсадли квотада ўқийдиган талабаларда ишлаб бериш мажбурияти сақланиб қолиняпти. Чунки у ўша ҳудудда беш йил ишлаб бериш мажбуриятини олгани учун грант асосида таҳсил олади.

Таълим грантидан нима сабабдан бекор бўляпти, деган савол туғилиши мумкин. Сабаби 4 йил давомида битта грант ўрнида ҳар йили турли талаба, яъни 4 нафар талаба ҳам таҳсил олиши мумкин. Бундай ҳолатда ишлаб бериш мажбурияти кимга юклатилиши мавҳум бўлиб қолади.

Юқоридаги ҳолатларга кўра, таълим гранти бўйича таҳсил олган талабаларнинг ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинмоқда.

— Кечки ва сиртқи бўлимлар учун ажратилган ўринлар сони кундузги таълим бўйича ўринлар сонидан ошмаслиги керак. Тўғри тушундимми? Илгари бундай эмасмиди?

— ОТМнинг кечки, сиртқи ва масофавий таълим бўйича ўринларининг умумий сони кундузгининг умумийсидан ошмаслиги керак, деган норма жорий қилиняпти.

Бундан кутилаётган натижа таълим сифатига эътибор қаратишдир. Зеро, ҳар қандай таълим шаклининг асосини кундузги таълим шакли ташкил қилади. Яъни бошқа таълим шакллари бўйича ўқув режалари, дастурлари кундузги таълим шакли асосида ишлаб чиқилади.