АҚШ Молия вазирлиги шу ҳафта Россияга қарши иккиламчи санкциялар дастурининг кенгайганини эълон қилади, деб хабар бермоқда Financial Times. Энди Россиянинг санкцияланган ташкилоти билан транзакцияларни амалга оширадиган ҳар қандай хорижий молия институти Россия мудофаа компаниялари билан бевосита ишлаган деб ҳисобланади.

Ушбу чора президент Жо Байденнинг декабрь ойидаги фармонини кенгайтиради, бу АҚШ Молия вазирлигига, агар улар Америка ҳукумати Россия ҳарбий саноати билан боғлиқ деб ҳисоблаган 1200 га яқин корхона манфаатлари йўлида ёки номидан битимлар тузган бўлса, хорижий банкларга иккинчи даражали санкцияларни жорий этишга рухсат беради, дейилади материалда.

Ўзгаришлар кучга киргач, бу рақам 4500 дан ошади ва ҳатто Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра санкцияларга учраган Россиядаги деярли барча ташкилотларни қамраб олади. Буларга Россиянинг энг йирик банклари — Сбербанк ва ВТБ ҳам киради, дея мисол келтиради FT.

АҚШ иккиламчи санкциялар механизми жорий этилгандан сўнг учинчи мамлакатлар банклари юқори даражадаги хавф туфайли россиялик мижозлар билан «муомала қилишдан бош тортди», деб ёзди нашр. Оқибатда 2024 йил бошида Россияга ҳарбий импорт оқими қисқарди, чунки бу товарларнинг трансчегаравий савдосини молиялаштириш ҳатто АҚШ билан алоқалари бўлмаган банклар учун ҳам хавфлироқ бўлиб қолди.

АҚШ иккиламчи санкцияларнинг кучайтирилиши учинчи мамлакатлар, хусусан, Хитой банкларини Россия билан бизнес юритишдан тияди, деб ёзади FT.