БМТнинг мустақил халқаро комиссияси 7 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроилга уюштирган ҳужуми ва ундан кейинги урушни ўрганиб чиқиб, можародаги ҳар икки томон ҳам ҳарбий жиноят содир этган, деган хулосага келди.

Комиссия ҳисоботи 2023 йил октябридан декабригача бўлган даврни ўз ичига олади ва очиқ манбалар, жабрланувчилар ва гувоҳлар билан суҳбатлар, суд-тиббий экспертиза хулосалари ва ОАВдаги текширувларга асосланади.

«2023 йил 7 октябрь ҳам исроилликлар, ҳам фаластинликлар учун аниқ бурилиш нуқтаси бўлди…», — дейилади комиссия ҳисоботида.

«Исроилликлар учун 7 октябрдаги ҳужум замонавий тарихда мисли кўрилмаган миқёсда бўлди, бир кунда юзлаб одамлар ўлдирилди ва ўғирлаб кетилди, бу нафақат исроиллик яҳудийлар, балки бутун дунёдаги яҳудий халқи учун ўтмишдаги таъқибларнинг оғриқли жароҳатига сабаб бўлди» — дея қайд этди комиссия.

«Фаластинликлар учун Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти ва ҳужуми 1948 йилдан бери энг узун, энг йирик ва энг қонли ҳужумга айланди. Улар жуда катта зарар ва қурбонлар келтирди ҳамда кўплаб фаластинликлар учун Накба ва Исроилнинг бошқа босқинлари ҳақида қайғули хотираларни қайтарди», — дейилади ҳисоботда.

Комиссия ҲАМАСнинг уруш жиноятлари таркибига қасддан ўлдириш, яралаш, тинч аҳоли ва Исроил ҳарбий хизматчиларига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, шунингдек, асирларни, жумладан, болаларни гаровга олишни киритган. Комиссия хулосасига кўра, ҳужум узоқ вақт давомида пухта режалаштирилган ва унга ҲАМАС ҳарбий бўлинмалари ва бошқа олтита Фаластин гуруҳи жалб қилинган.

Исроилга келсак, комиссия мамлакат Ғазодаги ҳарбий амалиётлар давомида ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганини аниқлади. «Комиссия тинч аҳолининг кўп сонли қурбонлари ва фуқаролик объектлари ва муҳим фуқаролик инфратузилмаларининг кенг миқёсда вайрон бўлиши Исроил танлаган куч ишлатиш стратегиясининг муқаррар натижасидир, деган хулосага келди… фарқлар, тафовут ва адекват эҳтиёт чораларини ҳисобга олмасдан, максимал зарар етказиш мақсадида амалга оширилган ва шунинг учун ҳам ноқонунийдир», — дейилади ҳисоботда.

Комиссия, шунингдек, Исроил томонидан очликдан фойдаланишни уруш жинояти деб баҳолади ва Исроил расмийларининг фаластинликларга қарши ҳаракатларини жамоавий жазо сифатида тавсифлади.

Ҳисоботга кўра, можаронинг иккала томони ҳам жинсий зўравонлик қилган. ҲАМАС ишида комиссия бир неча жойларда жинсий зўравонлик намуналарини топди ва исроиллик аёллар номутаносиб равишда нишонга олинган деган хулосага келди. «Аёллар ва уларнинг жасадлари эркак жиноятчилар томонидан ғалаба „совринлари“ сифатида ишлатилган, аёлларнинг ўғирланиши, зўравонлиги ва хўрланиши Ғазо сектори кўчаларида ёки интернетда намойиш этилган», — дейилади ҳисоботда.

Исроил иши бўйича комиссия фаластинликларга, айниқса, эркаклар ва ўғил болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг айрим шакллари Исроил ҳарбийларининг «бутун жамиятни камситиш»га қаратилган «операцион процедуралари»нинг бир қисми экани ҳақидаги хулосага келди. Гап ҳибсга олинган фаластинликларни оммавий ечинтириш ҳолатлари ҳақида бормоқда.