Ўзбекистон бодибилдинг ва фитнес федерацияси жамоаси оғирлиги 13,5 тонна бўлган Silk Avia ATR 72−600 лайнерини 100 м масофага 46,7 сонияда тортиб бориб, жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақдаги маълумот Guinness World Records сайтида эълон қилинди.


Рекорд 15 май куни Тошкент аэропортида Гиннеснинг рекордлар китоби комиссари Мбали Масечаба Нкоси иштирокида ўрнатилди, деб хабар берди Бодибилдинг ва фитнес федерацияси «Газета.uz»га.

Жамоа таркибида Бекзод Худойқулов, Шерзодбек Гайназаров, Фарҳод Дадамухамедов, Умид Хусанов, Бахшулла Сайфуллаев ва Аброрбек Фозиловлар бор эди.


Федерация президенти Тимур Собиров 46,7 сонияни «мисли кўрилмаган кўрсаткич» деб атади ва бу рекорддан ўтиш «жуда қийин» бўлишини таъкидлади.

Рекорд биринчи уринишдаёқ ўрнатилди. Guinness World Records`га кириш шарти уни 60 сония ичида улгуриш талаби эди. Дастлабки машғулотлар давомида спортчилар турли натижаларни кўрсатган, бироқ 15 май куни кўрсатилган 46,7 сония энг яхшиси бўлган.


Жамоа 7SABER бренди томонидан қўллаб-қувватланди. Унинг бош директори Ораз Абдуразаков Гиннес рекордини ўрнатиш ғояси 2021 йилда Тошкентда бўлиб ўтган бодибилдинг бўйича жаҳон чемпионати вақтида пайдо бўлганини таъкидлади.