«Газета.uz» YouTube’даги ўзбекистонлик контент муаллифлари томонидан тайёрланган видеоларнинг ойма-ой сарҳисобини тайёрлашда давом этади. Навбат — 2024 йилнинг май ойи якунларига.

Изоҳ: Қуйида муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган видеолар таҳририят тавсияси эмас. Бунда аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил май ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинган. Айни вақтда, фурсатдан фойдаланиб, «Газета.uz»нинг ўзбек ва рус таҳририятлари томонидан май ойида тайёрланган видеоконтентни ҳам яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.

«Газета.uz» эълон қилган видеолар

Сирдарёлик 22 ёшли тракторчи қиз ҳикояси

Зиёда Жўрабоева онаси раҳбарлик қиладиган «Озодбек туҳфаси» фермер хўжалигида тракторчи бўлиб ишлайди. У трактор ҳайдашни 17 ёшида бошлаган. Марҳум дадасининг ишини давом эттиришни мақсад қилган Зиёда ҳозирда тракторни мустақил бошқара олади. «Газета.uz» Гулистон туманига сафари давомида у билан суҳбатлашди.

Мифономика: Коррупция қонимизга сингиб кетганми? | Акмал Бурханов

«Мифономика» лойиҳасининг 9-сонида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов билан «Коррупция қонимизга сингиб кетган» деган миф ҳақида суҳбатлашилди.

Рус тилида: Сўровнома: Тошкент аҳолиси қанча ишлаб топмоқда?

Апрель ойи сўнгида Статистика агентлиги Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи йил бошидан буён қарийб 20 фоизга ошиб, 4,92 млн сўмга етганини маълум қилди. Агентлик маълумотларига кўра, энг кўп маошни банк сектори мутахассислари, энг кам маошни эса ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари олмоқда. Тошкент шаҳрида ўртача ойлик иш ҳақи 8 млн сўмдан ошди. «Газета.uz» шаҳар аҳолисидан қанча маош олиши ва бу қулай ҳаёт кечириш учун етарли ёки йўқлиги ҳақида сўради.

Бир том остидаги ҳамкорларимизнинг материаллари

Afisha.uz. «Малоҳат»дан «Жанзе»гача: Ҳамдам Собиров концерти — 2024

Хонанда Ҳамдам Собиров 24 май куни «Ҳумо Арена»да яккахон концертини тақдим этди. 30 га яқин қўшиқ, 7 та дуэт ижро этилган концертдан Afisha.uz мухбирлари репортаж тайёрлади.

Spot. Ширинлик бизнеси. Контейнерда қандай иш бошлаш мумкин?

Санжарбек Аширмуҳамедов бизнес бўйича билимларни мустақил ўрганиб, 24 ёшигача етарлича тажриба орттирган. У 2015 йилдан бошлаб қаҳвахона лойиҳаси устида ишлаган. Беш марта ёпилишига қарамасдан, бугунги кунда 60 кишига мўлжалланган жойда Waffly қаҳвахонасини йўлга қўйган. Spot у билан суҳбатлашди.

Бошқа муаллифлар эълон қилган видеолар

Энди бошқа муаллифлар эълон қилган видеоконтентларга ўтсак. Бунда, юқорида қайд этилганидек, аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил май ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинди.

Subyektiv. «Маймун бизнеси»га айланган қурилишлар

Ўзбекистонда қурилиш компаниялари сони йилига 5000 тагача ошиб боряпти. Улар ҳар йили 100 минглаб уй-жой қуради. Уларни назорат қилувчи давлат инспекцияси эса 2023 йилнинг энг коррупцион ташкилотлари учлигидан жой олди. «Бу кўрсаткичлар сабабли бугунги қурилишлар сифатига шубҳа, савдоларда алдов, муносабатларда ишончсизлик оралаган»ини қайд этган Subyektiv лойиҳасининг навбатдаги сони ушбу мавзу таҳлилига бағишланди.

У ким эди? Афғонистонлик ўзбек маршали | Абдулрашид Дўстум

Нурбек Алимовнинг тарихий шахслар ҳақида ҳикоя қилувчи «У ким эди?» лойиҳасининг сўнгги сонларидан бири афғонистонлик маршал Абдулрашид Дўстумга бағишланди.

Миршакар Файзуллоев. МАЛАДEС концерт дастури

Май ойига келиб, Миршакар Файзуллоев 2023 йилда бўлиб ўтган стендап концерт дастурини ва ниҳоят YouTube’да эълон қилди.

НмаГап. [СУҲБАТ] Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан! Отабек Маҳкамов

«НмаГап» лойиҳасининг бу сонида блогер Отабек Маҳкамов меҳмон бўлди.

Жим кетмайлик. Мафтуна Шокирова vs Имона Ғайратова: 2005 йил боладан совчи келди

«Жим кетмайлик» лойиҳаси мазмуни меҳмонлар билан машинада саёҳат қилиш, йўл-йўлакай томошабинга ижобий кайфият улашиш ва қизиқарли суҳбат қуришдан иборат. Ислом Каримов олиб бораётган лойиҳанинг бу сони меҳмонлари Мафтуна Шокирова ва Имона Ғайратовалар бўлди.

Кундузий. Коинот қандай яралган?

Кундузий бу сафарги видеосида коинот қандай яралгани ҳақида ҳикоя қилишга ҳаракат қилади.

102 tv. Аваз Охун: Жавобгарлар жавоб берсин!

102 tv подкастининг навбатдаги сонида қизиқчи Аваз Охун ўз фикрлари билан бўлишди.

Лолазор. Майлими, Ўзбекистон деган давлат қурсак?

«Лолазор»нинг бу сонида президент Ислом Каримов ва унинг атрофидаги ишлар, Мурод Муҳаммад Дўст ва Алишер Азизхўжаев билан боғлиқ воқеалар, бугунги телевидение, миллий сериаллар аҳволи, Рауф Парфи ва Тоғай Муроднинг унвон олиш жараёни, қатағонга учраган аждодлар, Қодирийнинг жасорати, сотқинликда айбланадиган Ғафур Ғулом, «Пахтакор-79» ҳалокатининг сабаби ва шу каби бошқа мавзулар ҳақида суҳбатлашилди. Меҳмон сифатида эса адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор таклиф этилди. Қайд этиш жоиз, ой давомида «Етук ТВ» каналида ҳам Раҳмон Қўчқор билан суҳбат эълон қилинган эди.

Магнит. Нега ўзимиз билан гаплашамиз? Ичимизда ким бор?

«Магнит» лойиҳасининг бу сафарги сонида инсон нима учун ўзи билан ўзи гаплашиши ҳақида гап боради.

Техноплов. GPS ва координаталар қандай ишлайди?

«Техноплов» бу сафар GPS ва координаталар қандай ишлашини тушунтиради.

Соққа. Ўзбек рэпида соққа борми? | Конста, Далимжанов, Yamadzhi

Ўзбек рэпида пул борми? Рэперлар қандай пул топади ва уни қандай сарфлайди? Миршакар Файзуллоевнинг «Соққа» лойиҳаси мазкур саволларга жавоб топиш учун уч нафар рэпер билан, тажриба, хатолар, хулоса, босиб ўтилган йўллар ҳақида суҳбатлашди.

Калибр. Ҳамманинг хатоси бор… | Мурод Назаров

Тадбиркор Ҳасан Мамасаидов YouTube’да ўзининг янги лойиҳасини бошлади. «Калибр» деб аталувчи лойиҳанинг дастлабки сонида тадбиркор Алишер Исаев, иккинчисида эса тадбиркор Мурод Назаров меҳмон бўлди.

Пакапак. Уруш даврининг энг ноодатий технологиялари

«Пакапак»нинг бу сонида уруш даврида фойдаланилган ноодатий технологиялар ҳақида маълумот берилади.

NQE podcast. Миршакар Файзуллоев, Лазиз Ҳамидов, Teacher Аъзам

Teacher Аъзамнинг «Нозик қалб эгалари» подкастининг навбатдаги сонида меҳмон сифатида Миршакар Файзуллоев, мезбон сифатида эса Лазиз Ҳамидов ҳамда Teacher Аъзамнинг ўзи иштирок этди. Подкастда «Миршакар маладес» концертининг YouTube’га қўйилмаган қисми, ўзбек стендапи ва Миршакар Файзуллоевнинг ўрнини эгаллаётган Teacher Аъзам ҳақида суҳбатлашилди.

Сусамбил. Янги фильм: «Голлумга ов» ёхуд қайтаётган «Узуклар ҳукмдори»

Ўрта дунё кенгликларидан улкан янгилик: «Узуклар ҳукмдори» фильми асосида янги лойиҳа суратга олинмоқда ва у 2026 йилда тақдим этилади. Машҳур трилогия режиссёри Питер Жексон фильмга продюсер сифатида қайтади ва суратга олиш ишларининг ҳар бир босқичига бош-қош бўлиши айтилмоқда. Лойиҳа сценарийси «Узуклар ҳукмдори» оламидаги илгари тилга олинмаган воқеаларга асосланади. «Сусамбил»нинг навбатдаги сонида бўлажак фильм тафсилотлари таҳлил қилинади, шунингдек, Голлум тарихи ҳақида батафсил маълумот берилади.

Лолақизғалдоқ. Топ-10 сериаллар рўйхати

«Лолақизғалдоқ» лойиҳасида иштирокчилар турли мавзулар юзасидан, масалан, энг яхши кино, энг яхши мусиқа, энг яхши китоб каби ўз рейтингини тузиб чиқади. Илк сонда ҳар бир иштирокчи иккитадан фильм тавсия қилганди. Бу сонда эса улар ўзларининг Топ-10 сериаллари рўйхатини тузиб чиқди.

Қурултой. Ўзбек уруғлари тарихи: 92 бовли ўзбек халқи, уруғини унутган одамлар

«Қурултой»нинг навбатдаги сони ўзбек уруғлари мавзусига бағишланди. 92 бовли ўзбек халқи деган жумла қулоққа кўп чалинган, аммо шу билан бир пайтда, уруғлар ҳақида кам гапирилади, кам ёзилади. Ҳатто ўзбекларда уруғлар йўқ дейишади, уруғини унутган одамлар ҳам кўп учрайди. Лекин ўзбекларда азалдан уруғлар мавжуд бўлган ва улар бутун туркий халқлар учун умумий бир ўтмишга эга бўлган. Шу уруғларнинг тарихи ва бугунги кундаги ҳолати ҳақида тарихчи олим, профессор, тарих фанлари доктори Ғайбулла Бобоёров билан суҳбатлашилди.

ОтаСиз. Умуман бошқа Ҳасан бўлиб Тошкентга қайтиб келдим

Подкаст жанри ривожланиб бораётгани фонида журналист Хайрулла Ҳамидов ҳам YouTube’да янги лойиҳага қўл урди. Бу подкастнинг бошқаларидан фарқли тарафи мавзулар аниқлигида: ота ва отасизлик. Подкастнинг дастлабки меҳмони футбол шарҳловчиси Ҳасан Давлатович Турдиалиев бўлди.

Қўштирноқ. Овоз — мусиқий лойиҳа ташкилотчилари билан суҳбат

«Овоз» лойиҳасига қанча пул сарфланган? Франшиза талаблари қандай? У нечта босқичдан иборат ва асосий жараён қандай? Бошловчи ва ҳакамлар қандай танланган? «Қўштирноқ» подкастининг навбатдаги сонида ушбу мусиқий лойиҳа мақсади ва барча тафсилотлари ҳақида лойиҳанинг бош продюсери ва режиссёри билан суҳбатлашилди.

+1 подкаст. Бизнесда ҳар бир хатонинг нархи бор

Бизнесменларни кўпинча мулоҳаза эмас, ҳаракат одамлари дейишади. Муваффаққиятли бизнес юритиш учун одамга маълум билимлардан ташқари хавфларни олдиндан кўра билиш, тез қарор қабул қилиш, хатолардан тўғри хулоса чиқариш каби кўникмалар зарур. «+1 подкаст»нинг навбатдаги меҳмони Asaxiy онлайн дўкони ва Asaxiy Books лойиҳаси асосчиси Фируз Аллаев бўлди. Тадбиркор юқорида айтилган кўникмаларни шакллантириш учун нима қилиш кераклиги, Ўзбекистонда бизнес ва тадбиркорлик соҳаси қай ҳолатда экани, одамларнинг китоб ўқиши мамлакатнинг умумий иқтисодий ҳолатига қандай боғлиқлигини тушунтириб берди.

Ҳошимов иқтисодиёти. Йошико Ҳеррера — Нима учун Россия Украинага бостириб кирди: идентификация, миллатчилик ва этник сиёсатнинг роли (инглиз тилида)

«Ҳошимов иқтисодиёти» дастурининг навбатдаги сонида Россия сиёсати бўйича мутахассис, Висконсин университети профессори Йошико Ҳеррера меҳмон бўлди. Ҳеррера кўп йиллик тажрибага эга сиёсатшунос олим, Россиянинг янги тарихи, 1990-йиллардаги хусусийлаштириш масалалари ва давлат статистикаси ҳақида кўп тадқиқотлар олиб борган. У АҚШнинг Россия ва НАТО билан муносабатлари бўйича кўплаб эксперт гуруҳлари аъзоси саналади. Ҳеррера Россияда 1990-йиллар бошида таҳсил олган, Қозоғистонда эса Назарбоев университетини ташкил этишда кўмаклашган. Суҳбатда жуда кўп масалалар ҳақида гап боради, яъни нафақат Россиянинг Украинага уруши, балки Россиядаги миллатчилик, ўзликни англаш ва миллатлараро муносабатлар ҳам муҳокама қилинади.

Диққат, савол! Рақамли этикет. Фактчекинг. Интернетнинг қоидалари

«Диққат савол!» подкастининг навбатдаги сонида блогер Азам Қаҳрамоний, ҳуқуқшунос Мадина Турсунова ва тадбиркор Лазиз Ҳамидов билан рақамли этикет, фактчекинг, интернетда хулқ-атвор қоидалари ва тармоқда ҳақорат қилишнинг оқибатлари ҳақида суҳбатлашилди.

Учади, ухлади. Аравакашликдан тадбиркорликкача йўл, Qand брендининг пайдо бўлиши — Саидакмал Ваҳобов

«Учади, ухлади» подкастининг 5-сони меҳмони Qand компанияси асосчиси Саидакмал Ваҳобов бўлди. Подкаст давомида Qand компаниясининг яратилиш тарихи, бизнесда нархлаш сиёсати, университетда таълим олишнинг муҳим қоидаси, халқаро ва маҳаллий бозор ҳақида суҳбат қурилди.

EKG. EKG стендап #2

Ўзбекистонда яна бир стендап клуби шаклланиб бормоқда. Лойиҳанинг иккинчи сонида стендап комиклар Аббос Серобов, Азимбек Хушмаматов, Камол Абдулатипов, Азизжон Каримов, Иззатилла Чорихўжаев ўз чиқишлари билан иштирок этди.

Sigma Podcast. Ўзбекистонда киберспорт қандай ривожланмоқда? | Дониёр Жўраев

«Sigma Podcast»нинг навбатдаги сонида Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси президенти Дониёр Жўраев меҳмон бўлди. У мамлакатда киберспортга берилаётган эътибор, тарихдаги унга нисбатан негатив муносабат, Ўзбекистонда ўтиши кутилаётган келажак ўйинлари, ўзбек тили кириб келган PUBG, мамлакатда серверларини ўрнатган Tencent компанияси ва бошқа мавзуларда фикр билдирди.

Cubic. Маркетингда «Big data» асри қачон бошланди? | Бахтиёр Шодиев

Cubic подкастининг 7-сонида Bakht Asset Management асосчиси ва раҳбари Бахтиёр Шодиев билан маркетингда Big data мавзусида суҳбатлашилди.

Сиз-чи, қайси лойиҳаларни кузатиб борасиз?

Кейинги сарҳисобда яна қайси лойиҳалар эътиборга олиниши керак деб ўйлайсиз? Бу ҳақда Telegram’даги ботимиз орқали бизга ёзинг: @GazetauzFeedbackBot.