Май ойида «Док-1 Макс» иши бўйича судланаётган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева ўзи раҳбарлик қилаётган Jurabek Laboratories жабрланганларга 75 млрд сўмдан ортиқ маблағни 3 йил ичида тўлаб беришга тайёрлиги, бунинг эвазига ўғли Сардор Кариевни озодликка чиқариш ҳақидаги илтимос билан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди раиси ва апелляция инстанциясига мурожаат қилганди.

Мунира Кариева 14 июнь куни «Док-1 Макс» иши бўйича бўлиб ўтган навбатдаги апелляция судида сўз олиб, жабрланувчиларга тўлаб бермоқчи бўлган товон пули тўғрисида маълумот берди.

Мунира Кариева судлов ҳайъатига қарата шундай деди: «Мана шу қамоқ жазосини уй [қамоғи] эҳтиёт чорасига ўзгартириб берсанглар, шу қарор чиққан кундан бошлаб, ўша куни десанглар, ўша куни, эртасидан десанглар, эртасидан, тўловини бошлайман».

Суд залидаги жабрланувчилардан бири: «Тўлаб берадиган бўлсангиз, биз розимиз шунга. Бизга қамалганининг фойдаси йўқ. Нима кераги бор: қамалди нима, қамалмади нима? Қарзга ботиб қолганмиз», деган бўлса, бошқаси тирик, аммо ногирон бўлиб қолган боласини даволатиш учун уйини сотиб, Тошкентда квартирада яшаётгани, бўйнигача қарзга ботгани, қолган барча жабрланувчилар ҳам унинг вазиятида бўлиб, улар ҳам Мунира Кариева киритган аризага розилик билдиришини айтди. Кариева эса: «Ишонаман, мен имкон даражасида тўловни тезлатишнинг ҳаракатини қиламан», — дея жавоб қайтарди.

Судлов ҳайъати ҳозирча ариза бўйича ажрим чиқаргани йўқ. Лекин 7 июндаги апелляция судида судья Музаффар Аҳмедов Сардор Кариев томонга қарата: «Айблилик масаласи суд давомида кўриб чиқилаверади. Агар тўламоқчи бўлсангиз, суддан келиб, депозитларни олиб, ҳаракатни бошлаверинглар», — деганди.

«Газета.uz» суд процессининг Мунира Кариева сўз олган қисми ва унинг жабрланувчилар билан бўлган мулоқоти қисми стенограммасини тўлиқ ҳолда келтиради.

Мунира Кариева: Ассалому алайкум, ҳурматли раис, ҳурматли судьялар, ҳурматли жамоат, ҳурматли жабрланувчилар. Мен Кариев Сардорнинг онасиман. Олдинги сафар ҳам чақиргандингиз, келолмагандим, бугун вақт топиб келдим. Авваламбор судга, барча ташкилотларга, жумладан, СНБга ҳам (ДХХни назарда тутиб — таҳр.) раҳмат демоқчиман. Нима учун? Биз ҳам жуда қийналдик, болаларим ҳам қийналди — ҳамма қийналди. Лекин барибир анави кун айтгандим, битта аҳмоқ тошни сувга отадию, устидан ақлли қидиради, худди шунақа бўлди.

Лекин менинг назаримда, ҳозир шароит яхши, тўғри тарафга қараб юришни бошлади. Мен кузатиб туриб, бошқа қилиб, она сифатида ҳам, кейин жабрланувчиларнинг ота-оналарига нима қилсам, яхши бўлади, нима қилсам, ёрдам бўлади, озгина… Бу жараён ҳали давом этади, биламан. Ўзбекистон миқёсида ҳам, халқаро миқёсга чиқдик, чиқишни бошладик, халқаро миқёсда ҳам давом этади. Унга йиллар вақт керак бўлади.

Шунинг учун мен имкониятим даражасидан келиб чиқиб, фарзандини йўқотган ота-оналарга, болалари касал ота-оналарга ҳамдардлик билдирган ҳолатда имкон даражасида оилавий қилиб юрган ишимиз, мана шуни давом эттирган ҳолатда сизга аризамда ёзган эдим, демак, икки йилдан уч йилгача бўлган даврда мана шуни қоплаб бериш, олдинги суд тарафидан берилган суммаларни қоплаб беришни айтгандим. Бу сўзимда тураман.

Мен сизга хатимда ҳам илтимос қилганман, битта илтимосим шу бўладики, суд жараёнида барчаси маълум бўлдики, бу ерда ўтирганлар, ҳатто ҳинд ҳам (Quramax Medical раҳбари, судланаётган Сингҳ Рагвендра Пратап назарда тутиляпти — таҳр.) бу ерда айбдор эмас. Бу ишни қилган [одам] ҳамманинг устидан кулиб, яна 1,5 йилдан бери Дубайда дам олиб юрибди (Ҳиндистондаги Marion Biotech ва Ўзбекистондаги Quramax Medical раҳбари, ҳиндистонлик Жаин Сачин назарда тутиляпти — таҳр.). Буни ҳаммамиз суд жараёнларидан билдик.

Шунинг учун келишган ҳолатда, суд билан ҳам, ДХХ билан ҳам, Интерпол билан ҳам иш бошладик. Раҳмат, ёрдам беришни бошлашди. Мана шуни давом эттирган ҳолатда сал шароитни енгиллатиш мақсадида жабрланувчиларга товон пулини тўлаб беришга розиман, шуни айтганман, сўзимда тураман.

Ҳозир менга [жабрланувчилар томонидан] иккиланишлар бўляпти, бошқа бўляпти, онаси тўламайди, деган [маънода]ги хабарлар келди. Йўқ. Мен буни бир йилдан бери илтимос қиламан. «Просто» «ситуация»нинг кетиши, шароитнинг кетишига қараб туриб, адвокатларим орқали илтимоснома киритдим, адвокатларимга менинг номимдан гапириш ваколатини ҳам бердим.

Бугун суд [тергови]нинг охирида, якуланаётган бир жараёнда ўзим келиб айтмоқчиманки, агар, Худо хоҳласа, хатимда ёзган гапимни яна қайтараман, эҳтиёт чораси уй қамоғига алмаштирилиб… бу процедуралар бир кунда бўлмаслиги, [узоқ] вақт давом этишини адвоктларим орқали жуда яхши тушундим.

Лекин менинг яна битта илтимосим бўлади: мана шу қамоқ жазосини уй [қамоғи] эҳтиёт чорасига ўзгаритириб берсанглар, шу қарор чиққан кундан бошлаб, ўша куни десанглар, ўша куни, эртасидан десанглар, эртасидан, тўловини бошлайман.

Биринчи ўқиб берилганда ким тушунди, ким тушунмади, ўзим қайтадан, оғзаки қайтаришни жудаям хоҳлардимки, биринчи тўловимда етмишга яқин, олтмишдан ошиқ жабрланувчилар 100 миллион сўмдан пул олишади. Бу — биринчи икки ҳафта ичида оладиган суммалари. Ундан кейингиларига ҳам график берганман (материал остида тўлиқ графикни тақдим қиламиз — таҳр.). Ана шу график бўйича, илтимос, жабрланувчиларга тушунтирсанглар.

Кейин яна мен битта нарсани илтимос қилардим, менимча, ҳозир жабрланувчилар онлайн қатнашишяпти деб эшитдим. Бўлмаса, мана оммавий ахборот воситаларига ҳам минг раҳмат, жудаям кўп, яхши ёритишяпти. Шу гапларимни ёритиб беришса.

Мен тўловни давом эттираман, лекин булардан битта илтимосим бўлади: жабрланди деб бир-биримизга тош отдик, бошқа қилдик, энди тўғри тушуниб олдик, келиша олдик. Демак, мана бу халқаро миқёсда бўладиган жараёнларда ҳам уларнинг интервьюлари керак бўлади, уларнинг фаоллиги ҳам керак бўлади, мана шу нарсада битта илтимосим, уларнинг тўловларини 100 фоиз суд қилган қарор бўйича тўлаб бераман, битта илтимосим, мана шу жараёнда ҳам жудаям фаол иштирок этишларини хоҳлайман.

Бошида тушунмаган пайтимда нима учун «публично» қамалиб, «публично» бунақа бўляпти деганимда чунки жамоа қаттиқ хафа деган гапни эшитгандим. Менимча, жамоа тушунди. Жабрланувчи жамоа тўғрисида гапиряпман. Менимча, жудаям яхши тушунишди.

Энди илтимос қилардим: қўлни қўлга бериб, суд билан ҳам, судья билан ҳам, ДХХ билан ҳам, прокуратура билан ҳам, биз билан ҳам биргаликда ишлаб туриб, мана шу масалани Ўзбекистон фуқароларининг, ҳеч кимнинг айби йўқлигини билган ҳолатда халқаро миқёсга чиқишимизга ёрдам беришларини хоҳлардим.

Мен аввалида юқоридаги текширув органларидан хафа бўлгандим, лекин ҳозир раҳмат деяпман. Мана, отам шу соҳада қирқ йил ишлаганлар, мана, ўзим ҳозир 40 йил ишлаяпман, болаларим давом эттиряпти. Болаларимдан жуда ҳам миннатдорман, жуда юзимни ёруғ қилишди. Сардорбек, сендан мингдан-минг розиман. Нима учун? Чунки бир вақтнинг ўзида на ишхона, на бошқа қолмай, ҳаммаёқда текширув кетган пайтда, Худога шукур, ҳаммаси солиғи тўланган, ҳамма қонун-қоидани бузмаган ҳолатда ишлаб… чунки ўғил боласизлар, кўчада нима қилиб юрганингизни… ёш, мустақилсизлар… билганим бор эди, билмаганим. Ҳаммаси бир юзага чиқиб, жудаям хурсандман. Бу соҳада бундан кейин ишлайсанми, ишламайсанми — ихтиёринг. Лекин ёшингга нисбатан шу йиллар давомида соҳа учун шунақа катта иш қилдингки, шу соҳа вакиласи сифатида сендан мингдан-минг розиман.

Ҳурматли судья, сиздан яна бир бор илтимос қилардимки, шуни ОАВ орқали ҳам етказсангиз, график бор сизда. Мен пулни 2−3 йил ичида охиригача [тўлайман], агар имкониятим яхши бўлиб қолса, тезлатаман, жудаям тезлатаман. Чунки бу савобли ишни қилиш, бу инсонларнинг савобини олиш — мен учун бахт. Агар жабрланувчилар қандайдир савол бўлса, марҳамат. Анави куни прессадан келмадилар деган гапни эшитдим.

Жабрланувчилардан бирининг отаси: Тўлаб берадиган бўлсангиз, биз розимиз шунга. Қамалганининг фойдаси йўқ бизга. Нима кераги бор: қамалди нима, қамалмади нима бизга? Қарзга ботиб қолганмиз, ҳали тўлаб бўлганимиз йўқ. Беш ой больницада ётганман мен ўзим.

Мунира Кариева: Илтимос, мен уларнинг ҳаммасини тушунаман (овози титраб — таҳр.). Тушуниб, эшитиб, кузатиб боряпман. Лекин сизларнинг интервьюларингизга асосан, 2023 йилда қамалишди, майли. Мен сизлардан ҳам хафа эмасман, сизларни ҳам жудаям тўғри тушунаман. Энди илтимос қилардимки, фаол бўлиб, мен билан биргаликда… мен пулингизни охиригача, суднинг қарори бўйича тўлайман.

Фақат суддан реквизитларни олдим, унақа ҳеч нима ёзилмаган, умумий рақам турибди, ҳеч нима ёзилмаган, депозит бўйича, «док» бўйича, кимга етиб боради, деган нарсалар йўқ. Келинди, ариза ёзилди, олиб кетилди, менинг битта илтимосим, чунки сизлар бошида ўлим жазоси дединглар, бир умр дединглар, ҳар хил гаплар бўлди, менимча, шу жараёнларда аниқлик киритилди.

Ота: У вақтда биз мажбур эдик шу нарсани айтишга. Бошқа ҳеч қанақа… (Мунира Кариева гапира кетади — таҳр).

Мунира Кариева: Билдим, билдим. Шунинг учун ҳам мен ўзим келдим. Демак, ҳозир мана бу жараёнда шу гапни агар қайтариб олсанглар, мен тайёрман… сизларга ёрдам беришга. Ва ундан кейин яна сизлар билан бирга ишлаб туриб, халқаро миқёсда ҳақиқий айбдорни Ҳиндистондан олиб келиб, мана шу ерда қамашга, мана шу ерда адвокатларим [томонидан] ишончнома киритиляпти, бошқа қилиняпти. Мана шунга ёрдам беришингларни хоҳлардим. Бутун республика бўйича илтимос қилардим шуни.

Ота: Бўлди, бўлди, қиламиз. Бизга уй қамоғига олмасликни берса ҳам, биз розимиз. Хоҳласа, чиқар[ишсин].

Мунира Кариева: Менинг ҳам илтимошим шу бўляпти.

Ота: Биз ҳалигача қарзларимизни тўлаб бўлганимиз йўқ. Қарзимиз… (Мунира Кариева жабрланувчининг гапини бўлади — таҳр).

Мунира Кариева: Яна қайтадан айтаман, мана, судьяларнинг ихтиёрида, пул берилади. [Эҳтимол], биринчи сизларга ўхшаган қийналганлар олдинроққа сурилар. У менинг [ваколатим] эмас, ҳукуматнинг вакиллари [айтишади]. Менинг вазифам — тўлаб бериш.

Ота: Мана бу шеригимнинг боласи ҳали тирик.

Мунира Кариева: Умри узоқ бўлсин.

Ота: Лекин ҳар [ой даволанганда] кўряпман, 800−1000 долларгача пул сарфлаяпти.

Мунира Кариева: Ишонаман.

Ота: Қайси одам шунча [пул топа олади?]

Мунира Кариева: Ишонаман. Мен имкон даражасида тўловни тезлатишнинг ҳаракатини қиламан. Уёғига келишган ҳолатда, ўзинглар келишиб, бир йил олдин, бир йил кейин, марҳамат, раис бошчиликларида ёки комиссия бўладими, мен билмадим, техник, юридик томонларини, уёғини ўзинглар ҳал қилаверасизлар.

Яна бир жабрланувчининг отаси: Ҳурматли судья, айтмоқчи бўлганим, олдинам айтганман, ҳозир мана шу боламни мана шу аҳволга олиб келгунча, тўғриси, ҳазилакам ҳаракат бўлгани йўқ. Тўртта фарзандим бор, энг катта фарзандим тўққизинчи синфда, қолганларининг ўқиши бор, репетитори бор, ейиш, ичиш, кийиниши, ҳаттоки ўзимнинг уйимни ҳам сотиб, Тошкентда квартирада яшаяпман.

Тошкентда квартиранинг аҳволини биласиз. Квартира тўлашим бор, [доридан ногирон бўлиб қолган] боламнинг ўзига ҳар ойда 700−800 доллар кетади. Оддий укол, «лечение»сига. Ундан бошқа реабилитацияларини ҳисобламаяпман, массажи бор, бассейни бор, бошқа нарсаси бор, уларни ҳисобламаяпман. Ҳаттоки бизга давлатимиз томонидан кредит ҳам берилмай қўйилди. Бизга охири «запрет» бериб қўйилди. Ишхонада, Нукусда хизмат қилган энг яқин ўртоқларимнинг номига кредит олиб [юрибман]. Ўшалар кўриб турибди вазиятимни. Хўп, майли, жўра, ёнимизда йўқ, лекин мана шундай вариант қилиб бера оламиз, деб ўшаларнинг номига олиб, ҳалигача юрибман (судья жабрланувчининг гапини бўлади — таҳр.).

Судья: Мана ўшанинг учун келибдилар.

Ота: Мен ҳозир айтмоқчи бўлганим, мана, ногирон бўлиб қолган болалар бор, нечтаси оғир аҳволда, чунки ўзим ҳам кўриб ўтирибман-да. Кунига икки маротаба «cудорога» бериб қолади. Эй Худо, деб ўтираман. Ҳар битта дориси осон эмас. «Уже» оладиган жой ҳам йўқ.

Шунинг учун ўтган сафар сиздан ҳам илтимос қилгандим. Кариевнинг оналари ариза киргизган экан, бу суд жараёни қачон тугайди, ўшанинг учун олдинроқ ёрдам бериш чораларини кўриб берсангиз [деб]. «Уже» олдинги судда, хабарингиз бўлган бўлса, олдинги судья белгиланган суммани бериш тўғрисида қарор чиқарди. Оммавий ахборот воситаларига ҳам чиққан, фалон сўмдан ажратилди деб. «Уже» ҳамма [бизни] ейишни бошлади. «Как будто» кўпчилик — [мен] қарз олган [одамлар] ўйлаб ўтирибди. Улар «Ука, олган экансиз, қарзингизни бермайсизми», дейишяпти. Ҳали олганим йўқ, барака топгур, десам ҳам тушунмайди.

Ҳозир бу ерда қаерга бораримни билмаяпман. Бошимда тўртта фарзандим билан. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Ҳаттоки оилам (турмуш ўртоғини назарда тутяпти — таҳр.) ҳам касал. «Уже» «грижа» бўлиб, асабий, у ҳам етиб келган. Қайси томонимга қараримни билмаяпман. Ўшанинг учун (судья жабрланувчининг гапини бўлади — таҳр.).

Судья: Ака, мана, ўзлари келибдилар, мана, ўзлари айтяптилар.

Ота: Ёрдам қилиш чораларини кўриб берса, иложи бўса, тезроқ. Чунки «уже» бошқа вариантим қолмаяпти. Мен ҳам ҳар сафар бу ерга — судга келиб, эрталабдан кечгача вақтимни ўтказганимдан кўра боламнинг реабилитацияси, бошқа нарсаси билан шуғулланганим яхши. Мен ҳам бу ерга ҳадеб, кунда келолмаяман, ҳадеб боламни деб касалхонага [боришимга] ишхонадан жўнатмайди. Ўшанинг учун эртароқ [товон пули масаласини ҳал қилайлик].

Боя Нукусдагилар ҳам, Жиззахдан бошқа ота-оналар ҳам, ўзимиз маслаҳатлашдик. Энди барибир ҳаммамиз ака-ука бўлиб қолганмиз, телефонлашамиз, «связ»дамиз. Ўшалар билан ҳам гуруҳда гаплашганлар. Сизлар нима дейсизлар, ариза ташлагандик десак, ўшанинг учун ҳам ҳаммаси йиғилганди. Эрталабдан кўчага чиқсак ҳам, ўша тўғрисида гап бўлмади-ку ака, шунинг учун ҳам ҳаммамиз келгандик, дейишганди.

Ҳозир буёқда билдирган таклифини [жабрланувчиларнинг] ҳаммаси қўллаб-қувватлаяпти. Чунки «уже» битта менмас у ерда, нечта одам қарзга кетди, ҳозир уйимни ҳам сотганман, квартирадаман.

[Пулни] оладиган бўлсак, кўпчилик, тушунади, тушунмайди. Кўпи устимдан кулиб ҳам юради. «Сен эртага пул олсанг, Tahoe`да юраркансан-да», деб чиққанлар ҳам бўлди, устимдан кулганлар ҳам бўлди.

Судья: Бўлди, тушундик.

Ота: Ўшанинг учун ҳам тезлаштириш (гапини давом эттирмайди — таҳр.).

Мунира Кариева: Хўп, раҳмат, ҳурматли судья. Демак, мен сўзимда тураман. Сиздан битта илтимос, фақатгина тезлатиб, жабрланувчиларга ҳам, бу ерда ўтирганларга ҳам шароит яратиб беришни. Раҳмат каттакон.

Судья: Раҳмат, 21 июнда кўришамиз.

Тўланадиган товон пули ва унинг жабрланувчиларга тақсимоти қандай бўлади?

Биринчи инстанция суди ҳукми бўйича жабрланувчиларга тўлаб берилиши керак бўлган товон пулининг жами миқдори — 75 миллиард 600 миллион сўм. Мунира Кариева бу суммани 36 ой давомида тўлаб беришини айтмоқда. Биринчи ойда 7 миллиард 560 миллион сўм, кейинги 2 — 35-ойларда 1 миллиард 800 миллион сўмдан, 36-ойда эса 3 миллиард 780 миллион сўмдан тўланади.

Жабрланувчиларга тақсимот эса қуйидагича бўлади: 1 миллиард сўмдан моддий зарар ундирилиши керак бўлган 72 нафар жабрланувчининг ҳар бирига биринчи ойда 100 миллион сўмдан, кейинги 2 — 35-ойлар бўйича ҳар ойда 25 миллион сўмдан, 36-ойда эса 50 миллион сўмдан; 500 миллион сўмдан моддий зарар ундирилиши керак бўлган 4 нафар жабрланувчига биринчи ойда 50 миллион сўмдан, 2 — 35-ойларда 12 миллион 500 минг сўмдан, 36-ойда 25 миллион сўмдан; 200 миллион сўмдан моддий зарар ундирилиши керак бўлган 8 нафар жабрланувчига биринчи ойда 20 миллион сўмдан, 2 — 35-ойларда 5 миллион сўмдан, 36-ойда эса 10 миллион сўмдан тўғри келади.