Евро-2024 бошланишига оз қолди ва турнирда қайси терма жамоа фаворитлигини кўпчилик муҳокама қилмоқда. «Тактика» жамоаси Opta таҳлиллари асосида Европа чемпионатининг гуруҳ босқичи натижалари бўйича тахминларни тақдим этмоқда.

«А» гуруҳи

Мезбон Германия терма жамоасининг плей-офф босқичига чиқиш эҳтимоли 88,5% этиб кўрсатилмоқда. Юлиан Нагельсман шогирдлари гуруҳда биринчи ўрин учун (52,1%) асосий даъвогар ҳисобланади. Швейцария (61%), Венгрия (59,3%) ва Шотландия (58,9%) терма жамоалари эса 2- ва 3-ўринлар учун жиддий кураш олиб бориши кутилмоқда.


Евро мезбони Германия терма жамоаси, шубҳасиз, гуруҳда асосий фаворит ҳисобланади. Немислар «ўз уйингда ҳатто деворлар ҳам ёрдам беради» нақлидан унумли фойдаланиши, шунингдек, Жамал Мусиала ва Флориан Вирц каби ёш, Тони Кроос ҳамда Антонио Рюдигер каби тажрибали ўйинчилардан иборат таркиби эвазига гуруҳда биринчи ўринни эгаллаши мумкин.

Венгрия терма жамоаси эса «А» гуруҳида иккинчи ўрин учун жиддий даъвогар. Яқинда бўлиб ўтган Ирландияга қарши ўртоқлик учрашувига қадар улар кетма-кет 13 та ўйинда мағлубиятсиз серия қайд этиб келаётганди. Маълумот учун, мағлубиятсиз серияга Евро-2024 саралаш босқичининг 8 та ўйини ҳам киради (5 ғалаба ва 3 дуранг). Италиялик мутахассис Марко Росси «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси ва терма жамоа сардори Доминик Собослаи бошчилигида стабиль жамоа ярата олди.

Швейцария сўнгги бешта йирик турнирда плей-офф босқичига чиқишга муваффақ бўлган бўлса-да, бу сафар улар 3-ўринни эгаллаши кутилмоқда. Жамоа таркибида ёш футболчиларнинг камлиги, асосий юлдузларнинг эса ёши катталашгани, шунингдек, сўнгги 10 та ўйинда атиги 3 та ғалаба қозонганликлари уларнинг ўйинига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шотландия терма жамоаси эса сўнгги 9 ўйиндан 5 тасида мағлуб бўлгани боис гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаши кутилмоқда. Гарчи уларда охирги йилларда сезиларли даражада ўсиш кузатилган бўлса ҳам, гуруҳдаги рақибларининг таркиби ҳамда юқори савияси улар учун катта тўсиқ бўлиши мумкин.


«B» гуруҳи

Испания терма жамоасининг плей-оффга чиқиш эҳтимоли 89,1%, гуруҳда пешқадам бўлиш эҳтимоли эса 47,3 фоиз этиб белгиланди. Шунингдек, Италия (80,3%) ва Хорватия (67,8%) ҳам плей-офф йўлланмасини қўлга киритиши кутилмоқда.


Испания терма жамоаси бу гуруҳнинг фаворити ҳисобланади. Европа чемпионатининг сўнгги 22 та ўйинидан фақат иккитасида мағлуб бўлган «қизил фурия» (пенальтилар сериясини ҳисобга олмаганда) бу йил ҳам плей-офф босқичига чиқиши кутилмоқда. Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаш учун ҳам уларнинг имкониятлари юқори. Бундан ташқари, терма жамоанинг охирги 50 та голи жарима майдончаси ичидан киритилгани уларнинг ҳужумда кучли эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Тахминларимизга кўра, Хорватия терма жамоаси гуруҳда иккинчи ўринни эгаллайди. Гарчи Европа чемпионатларидаги натижалари Жаҳон чемпионатларидагига қараганда пастроқ бўлса-да, Златко Далич бошчилигидаги жамоа кетма-кет икки марта мундиалнинг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлди. Евро-2024 саралаш босқичида энг кўп голли вазиятларда иштирок этган футболчилардан бири бўлган Лука Модричнинг тажрибаси ва маҳорати жамоага катта ёрдам бериши кутилмоқда.

Италия терма жамоаси эса гуруҳда 3-ўринни эгаллаши мумкин. Уч йил олдин Европа чемпионлигини қўлга киритган жамоанинг ўйини бугунги кунда бироз пасайган. Бундан ташқари, янги бош мураббий Лучано Спалеттининг халқаро турнирларда тажрибаси йўқлиги ҳам уларнинг натижаларига таъсир қилиши мумкин.

Албания терма жамоаси гуруҳда сўнгги поғонани эгаллаши кутилмоқда. Гарчи улар Евро-2024 саралаш босқичида биринчи ўринни эгаллаган бўлса ҳам, мазкур гуруҳдаги рақибларнинг юқори савияси ва тажрибаси уларнинг имкониятларини қисқатиради. Шунга қарамай, Албания ҳужумчиси Рей Манаж ва Жасир Асанилар рақибларга кутилмаган хавф туғдириши мумкин.


«C» гуруҳи

Англия терма жамоаси 95,4% эҳтимол билан плей-офф босқичига чиқиши ва буни гуруҳда биринчи ўринни нақд қилган ҳолда (67,2%) уддалаши тахмин қилинмоқда. Дания (69,2%) ҳам плей-оффга чиқиш учун яхши имкониятга эга. Сербия (56,2%) ва Словения (42,1%) ҳам курашдан четда эмас.


Англия терма жамоаси бу гуруҳнинг мутлақ фаворити бўлиб, уларнинг плей-оффга чиқиш эҳтимоли 95,4% га тенг. Жамоа саралаш босқичини мағлубиятсиз ўтказиб, 8 та ўйинда бор-йўғи 4 та гол ўтказиб юборган. Терма жамоа юлдузлари — Жуд Беллингем, Ҳарри Кейн, Фил Фоден, Деклан Райс ажойиб формада ва олдинги Еврода тўпланган тажриба асосий омиллардан бўлиши кутилмоқда.

Дания терма жамоаси гуруҳда иккинчи ўрин учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади. Евро-2020 ярим финалчиси бўлган терма жамоа саралаш босқичида бешта уй учрашувида ҳам ғалаба қозонди ва 22 очко жамғарди. Саралашда еттита гол урган Расмус Хойлунд жамоанинг асосий қуроли бўлиши кутилмоқда.

Сербия терма жамоаси гуруҳда 3-ўринни эгаллаши мумкин. Бу жамоа саралаш босқичининг барча ўйинларида гол уришга муваффақ бўлган. Александр Митрович ва Душан Влахович каби ҳужумчиларга эга бўлган Сербия рақиблар дарвозасига кўп хавф туғдириши мумкин. Бироқ Европа чемпионатларидаги тажриба етишмаслиги уларнинг муваффақиятига тўсқинлик қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Словения терма жамоаси гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаши кутилмоқда. Улар ҳеч қачон Европа чемпионатида ғалаба қозонмаган. Гарчи Словения саралаш босқичида яхши ўйин кўрсатган бўлса ҳам, гуруҳдаги рақибларнинг юқори даражаси ва тажрибаси уларга қийинчилик туғдириши мумкин.


«D» гуруҳи

Франция терма жамоаси 92,9% эҳтимол билан плей-оффга чиқиши ва 57,9% эҳтимол билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллаши кутилмоқда. Нидерландия ҳам плей-оффга чиқиш учун яхши имкониятга эга (76,2%). Австрия (51,1%) ёки Польша (45%) иккисидан бири учинчи ўрин учун даъвогар бўлади.


«D» гуруҳида биринчи ўрин учун асосий даъвогар, шубҳасиз, Франция терма жамоаси. Юлдузли таркибга эга бўлган французлар сўнгги тўртта йирик турнирнинг учта финалида иштирок этган ва бу сафар ҳам Евро-2024 ғолиби бўлишга энг яқин жамоалардан бири ҳисобланади. Килиан Мбаппе саралаш босқичида тўққизта гол ва бешта голли узатмани амалга оширган ҳолда жамоанинг асосий юлдузи сифатида майдонга тушади.

Иккинчи ўрин учун асосий даъвогар Нидерландия терма жамоаси бўлиб, уларнинг плей-офф босқичига чиқиш эҳтимоли 76,2% ни ташкил қилади. Жамоа Европа чемпионатининг Германияда ўтказилиши уларга 1988 йилдаги ғалабасини эслатиб, руҳий жиҳатдан устунлик бериши мумкин. Жамоа бош мураббийи Рональд Куман ўша турнирда иштирок этган ва бу сафар ҳам шогирдларини юқори натижаларга ундаши аниқ.

Учинчи ўрин учун курашда Австрия терма жамоаси бироз устунликка эга бўлиши кутилмоқда (32,5%). Улар Евро-2020 да ўзининг энг яхши натижасини кўрсатган эди ва бу сафар ҳам ўша муваффақиятни такрорлашга ҳаракат қилади. Жамоанинг асосий қуроли юқори прессинг ва тезкор ўйин услуби бўлиб, бу уларга гуруҳ босқичидан чиқиш имконини бериши мумкин.

Польша терма жамоаси эса гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаши мумкин. Гарчи улар доимий равишда Европа чемпионатларига йўлланма олса-да, турнирнинг ўзидаги натижалари унчалик яхши эмас. Улар Евро тарихида ўтказилган 14 та ўйиндан атиги иккитасида ғалаба қозонган (7 дуранг, 5 мағлубият). Шу билан бирга, асосий футболчиларнинг жароҳати уларнинг бу йилги имкониятларни анчагина пасайтирмоқда.


«E» гуруҳи

Бельгия терма жамоаси 90% эҳтимол билан плей-оффга чиқиши ва 53,1% эҳтимол билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллаши кутилмоқда. Украина (69,4%) — иккинчи ўрин учун асосий даъвогар. Шу билан бирга, Руминия (57,4%) ва Словакия (51,1%) ҳам 2 ва 3-поғона учун курашиши тахмин қилинмоқда.


Бельгия терма жамоаси бу гуруҳнинг фаворити бўлиб, уларнинг плей-офф босқичига чиқиш эҳтимоли 90% ни ташкил қилади. Сўнгги саралаш босқичида 8 ўйиндан 6 тасида ғалаба қозонган ва Жаҳон ҳамда Европа чемпионатлари саралаш босқичларида 40 та ўйиндан иборат мағлубиятсиз серияга эга бўлган терма жамоанинг сўнгги йиллардаги барқарор ўйини бунга асосий сабаб бўлиши мумкин. Ромелу Лукаку саралаш босқичида 14 та гол билан тўпурарлар рўйхатини бошқарган ҳолда Бельгия ҳужумининг асосий қуроли бўлиб хизмат қилади.

Руминия терма жамоаси 57,4% эҳтимол билан иккинчи ўринга даъвогар. Бу терма жамоа саралаш босқичида мағлубият нималигини билмаган ва ўз дарвозаси олдида мустаҳкам ўйин кўрсатган ҳолда атиги 5 та гол ўтказиб юборган. Раду Драгушин ва Андрей Бурка каби тажрибали ҳимоячилар бошчилигидаги Руминия терма жамоаси ушбу турнирда ҳам ҳимояда мустаҳкам ўйнашга ҳаракат қилади ва бу уларга муваффақият келтириши мумкин.

Украина терма жамоаси гуруҳда учинчи ўринни эгаллаши кутилмоқда. Гарчи уларнинг плей-оффга чиқиш эҳтимоли юқори бўлса-да, гуруҳ босқичидаги беқарор ўйинлари украинларнинг натижаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Украина терма жамоаси саралаш босқичининг 10 та ўйинидан олтитасида ҳисобда ортда қолган бўлса-да, 4 та ўйинда ғалабани илиб кета олган.

Словакия терма жамоаси эса гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаши мумкин. Саралаш босқичида Португалияга қарши иккита мағлубиятдан ташқари, улар кучли рақибларга қарши ўйнамаган ва бу уларнинг тайёргарлигига салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Бельгия терма жамоасига қарши илк ўйиндаги мағлубият уларнинг кейинги ўйинларига ҳам руҳий таъсир ўтказиши эҳтимоли бор.


«F» гуруҳи

Португалия 93,6% эҳтимол билан плей-оффга чиқиши ва 9,2% эҳтимол билан Европа чемпиони бўлиши тахмин қилинмоқда. Туркия (74,2%) ва Чехия (60,7%) ҳам кейинги босқичга чиқиш учун яхши имкониятга эга, Грузия (37,2%) ҳам кичик эҳтимолга эга бўлса-да, курашдан четда қолмаган.


Португалия терма жамоаси «F» гуруҳида пешқадамлик қилиш учун барча имкониятларга эга. Уларнинг таркибида Криштиану Роналду, Рафаэл Леау, Бернарду Силва, Диого Жота каби жаҳон футболи юлдузлари борлиги, шунингдек, саралаш босқичидаги мукаммал ўйинлари (10 ўйиндан 10 тасида ғалаба) португалларнинг гуруҳдан чиқиш ва ҳатто чемпионлик учун курашиш имкониятларини юқори баҳолашга хизмат қилади. Opta суперкомпьютери ҳам уларнинг гуруҳда биринчи ўринни эгаллаши эҳтимолини 59,5% деб баҳолайди.

Иккинчи ўрин учун курашда Туркия терма жамоаси кўрсатилмоқда. Улар кетма-кет учинчи марта Европа чемпионатига йўлланма олган ва бу сафар янги бош мураббий — Винченцо Монтелла қўл остида яхши натижаларга эришишни мақсад қилмоқда. Ҳакан Чалҳанўғлининг ўйини Туркия учун муҳим аҳамият касб этади, чунки у саралаш босқичида энг кўп голли вазиятларда иштирок этган футболчи ҳисобланади.

Чехия терма жамоасининг плей-оффга чиқиш эҳтимоли 60,7% деб баҳоланмоқда. Евро-2020 да чорак финалга қадар етиб борган чехлар бу йил ҳам гуруҳдан чиқиш учун жиддий кураш олиб бориши кутилмоқда. Патрик Шик ўзининг гол уриш маҳорати билан жамоасига катта ёрдам бериши мумкин. Бироқ уларнинг сўнгги йиллардаги беқарор ўйини ва гуруҳдаги кучли рақиблар имкониятларни пасайтириши мумкин.

Грузия терма жамоаси илк бор Европа чемпионатида иштирок этаётган бўлса ҳам, бу уларда имконият йўқлигини англатмайди. Плей-оффга чиқиш учун уларнинг имкониятлари паст бўлса-да (37,2%), жамоанинг ғайрати ва иродаси кутилмаган натижаларга олиб келиши мумкин. Бу жамоа учун Евро-2024 тажриба орттириш ва ўзларини кўрсатиш учун ажойиб имкониятдир.


Евро-2024 гуруҳ босқичининг барча прогнозлари билан танишиб чиққанингиздан сўнг ким чемпионлик шоҳсупасига кўтарилади деб ўйлайсиз?

Материал «Тактика» билан ҳамкорликда тайёрланди.