Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) «Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ (Humo тўлов тизими) устав капиталидаги давлат улушининг 100 фоизини оммавий савдолар орқали хусусийлаштиришни ташкил этиш бўйича профессионал консальтинг компаниясини танлаш бўйича танлов эълон қилди. Таклифлар 26 июнга қадар қабул қилинади.

Humo`нинг 100 фоиз давлат улушини сотиш президентнинг 19 апрелдаги қарорида кўзда тутилган эди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида президент қарори билан Марказий банк Ахборотлаштириш бош марказига тегишли бўлган Humo`нинг давлат улуши (100 фоиз) ДАБАга ўтказилган ва компания (МЧЖ) АЖга айлантирилганди.

21 май куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан жамиятнинг номинал қиймати 1000 сўм ва умумий қиймати 155,4 миллиард сўм (устав капитали) бўлган 155,448 миллион донадан ортиқ оддий акциялари чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган.

«Сотиш жараёнлари „Миллий банклараро процессинг маркази“ АЖнинг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида энг мақбул хорижий тажриба асосида ташкил этилиши лозим», — дейилади хабарда.

Миллий банклараро процессинг маркази 2018 йил сентябрь ойида президент қарори билан ташкил этилган. Ҳужжатда таъкидланганидек, чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлик даражасини пасайтиради, тўлов инфратузилмасини ягона интеграциялашувига имкон бермайди ва битта монополия тизимининг ҳукмронлигига олиб келади.

Humo тўлов тизими ўша пайтдаги ягона процессинг маркази — хусусий тузилма бўлган Uzcard дастурий таъминотидаги катта носозликдан сўнг пайдо бўлган.

Ўтган йил охирида ДАБА «Газета.uz»га Humo`нинг агентликка ўтиши хусусийлаштириш билан боғлиқ эмаслигини билдирган эди. Марказий банк балансида банклараро процессинг марказининг мавжудлиги манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин, дейилганди агентлик хабарида.