Корея Республикаси президентининг 14 июнь куни бўлиб ўтадиган ташрифи доирасида «Ўзбекистон темир йўллари», «Темирйўлэкспресс» ва Hyundai Rotem компаниялари ўртасида «Тошкент — Урганч — Хива» янги йўналиши бўйича электропоездларни етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзоланади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон президентининг 2023 йил 10 октябрдаги қарорига кўра, Жанубий Корея Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш жамғармаси (EDCF) иштирокида олтита тезюрар электропоезд харид қилиш режалаштирилган бўлиб, унга 10 йиллик имтиёзли давр билан 35 йил муддатга (йиллик 0,1 фоиз ставкада) 185 миллион евро кредит ажратиш кўзда тутилган.

Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, электропоезд «Жалолиддин Мангуберди» деб номланади. У ишга туширилгач, Тошкентдан Хивага 7 соатда бориш мумкин бўлиши кутилмоқда.

Hyundai Rotem — Hyundai Motor Group`нинг бир қисми. 1979 йилда ташкил этилган. Ўшандан бери у поездлар ва трамвайларнинг етакчи етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг поездлари 50 дан ортиқ мамлакатда, жумладан, АҚШ, Янги Зеландия, Австралия ва Канадада фойдаланилади. Марказий Осиёда Hyundai Rotem маҳсулотлари Қозоғистон томонидан ишлатилмоқда — компания поездлари Олмаота метросига хизмат қилади.