3−14 июнь кунлари профессионал ўзбек рақси асосчиларидан бири, қўшиқчи, балетмейстер Тамарахоним уй-музейида таниқли раққосанинг саҳна либосларини реставрация ва консервация қилиш ишлари олиб борилди, деб хабар қилди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.

Жараёнга Миллий мерос институти (Франция) мутахассислари жалб этилди. Унга техник эксперт ва маданий меросни сақлаш бўйича мутахассис Патрисия Вергес ҳамда тўқимачилик буюмлари консерватор-реставратори Патрисия Дал-Пра раҳбарлик қилди.

«Музей кўргазмасида раққосанинг ҳужжатларда кўрсатилган ўлчовларига мос келадиган либослар билан бир қаторда витриналар ҳам мавжуд. Костюмларни қайта тиклаш ишлари нозик ва қизиқарли, экспонатлар турли материаллардан иборат, биз бундай буюмларни фақат Франциядаги ке Бранли музейида учратганмиз», — дейди Патрисия Вергес ўз таассуротлари билан ўртоқлашаркан.

Реставрация ишлари Тамарахоним уй-музейини капитал таъмирлаш ва қайта тиклаш дастури доирасида жамғарма кўмаги билан Миллий мерос институти ва Маданий мерос агентлиги билан биргаликда амалга оширилди.

Фото

Аввалроқ Тамарахоним таваллудига 117 йил тўлгани муносабати билан «Газеат.uz» хонимни хотирлаш мақсадида мазкур уй-музейда бўлиб, фоторепортаж тайёрлаганди.