Учқўрғон туманида янги ҳоким иш бошлади, деб хабар бермоқда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

14 июнь куни халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Учқўрғон тумани ҳокими Муҳаммад Ҳайдаровни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қилди.

У туманда «олиб борилган ишлар, эришилган ютуқлар баробарида, ислоҳотларни амалга оширишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар»ни соҳалар бўйича бирма-бир таҳлил қилиб, долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Сессияда депутатлар вилоят ҳокимининг ўринбосари Дилшод Мирхановни Учқўрғон тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорни маъқуллади.

Дилшод Мирханов 1985 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 2006 йилда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-қурувчи, иқтисодчи.

У меҳнат фаолиятини Наманган вилоятидаги уй-жой мулкдорлари ассоциациясида мутахассис лавозимидан бошлаган. 2015−2017 йилларда Наманган вилояти ҳокимлигининг ягона буюртмачи инжинеринг компанияси молиялаштириш ва хўжалик шартнома муносабатлари бўлими бош мутахассиси, 2017−2019 йилларда Наманган вилоят ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича мутахассиси лавозимларида ишлаган.

Шундан сўнг Qishloq Qurilish Invest МЧЖ Наманган вилояти филиали бошлиғи, тайинловга қадар — вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, Муҳаммад Ҳайдаров шу йилнинг февраль ойида Учқўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланган эди.