АҚШ ва Украина президентлари Жо Байден ва Владимир Зеленский Италияда бўлиб ўтган G7 саммити доирасида 10 йилга мўлжалланган хавфсизлик шартномасини имзолади, деб хабар бермоқда Reuters.

«Томонлар ушбу келишувни Украинанинг НАТО альянсига аъзо бўлиши учун кўприк сифатида кўрмоқда», — дея агентлик ҳужжат матнидан парчаларни келтирди.

Шартномада айтилишича, Украинага қарши қуролли ҳужум ёки таҳдид юз берган тақдирда икки давлатнинг юқори даражадаги расмийлари жавоб чораларини муҳокама қилиш ва Украинанинг мудофаа эҳтиёжларини аниқлаш учун 24 соат ичида учрашади.

«Украина хавфсизлигини таъминлаш учун иккала томон ҳам Украинага Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) стандартларига жавоб берадиган муҳим қуролли кучлар, кучли имкониятлар ва ҳарбий-саноат комплексига доимий инвестициялар зарурлигини тан олади», — дейилади матнда.

АҚШ, келишувга кўра, Украинага узоқ муддатли моддий, ўқув ва консультатив, техник, разведка ва бошқа ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олади.

Зеленский G7 саммити доирасида Япония бош вазири Фумио Кисида билан ҳам икки томонлама хавфсизлик шартномасини имзолади.

Украина президентининг сўзларига кўра, Япония жорий йилда Украинага 4,5 миллиард доллар ёрдам кўрсатади ва, имзоланган ҳужжатга кўра, шартнома амал қиладиган бутун ўн йил давомида ҳам ёрдам беришда давом этади.

«Бу хавфсизлик ва мудофаа ёрдами, гуманитар ёрдам, техник ва молиявий ҳамкорлик, шунингдек, Тинчлик формуласи доирасидаги қўшма тадбирларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, келишув агрессорга қарши санкциялар ва агрессорни жавобгарликка тортишни ҳам назарда тутади», — деди Зеленский.

Ўтган йил давомида Украина ЕИ ва НАТОга аъзо қатор давлатлар, жумладан, Буюк Британия, Германия, Франция, Дания, Канада, Италия, Испания ва бошқа давлатлар билан хавфсизлик бўйича икки томонлама шартномалар тузган.