Тошкент шаҳри Сергели туманида Mercedes-Benz русумли жамоат транспорт воситасида ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ЙҲХБ хабар қилди.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг 15 июнь куни соат 11:35 ларда Сергели тумани Лутфикор кўчасида Mercedes-Benz русумли транспорт воситасида ёнғин келиб чиққан.

Ёнғин туман ФВБ ходимлари томонидан бартараф этилган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.

Ҳодиса юзасидан ЙҲХБ ҳамда ФВБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилиб,ёнғин юзага келишининг сабаблари ва зарар миқдорига аниқлик киритилмоқда.

«Тошшаҳартрансхизмат» маълум қилишича, автобус 132 йўналишга тегишли бўлган. У 2012 йил ишлаб чиқарилган бўлиб, тасарруф бошидан буён 903 200 км масофани босиб ўтган. Дастлабки маълумотга кўра, автобус ўз йўналиши бўйлаб Сергели тумани Лутфикор кўчасида ҳаракатланиб кетаётган вақтда автобуснинг гидростат қисмида электр симларининг қисқа туташуви оқибатида ёнғин содир бўлган.

Ёнғин қутқарув бўлинмалари воқеа жойига соат 11:38 да етиб бориб ёнғин 11:45 да бартараф этилган. Ҳозирда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.