G7 мамлакатлари етакчилари Италияда бўлиб ўтаётган саммитда Россия урушни тўхтатиши ва Украинага етказилган, Жаҳон банки томонидан 486 млрд долларга баҳоланаётган зарарни қоплаши керак, дея баёнот берди.

«Россиянинг халқаро ҳуқуқ бўйича ўзи етказган зарарни қоплаши юзасидан мажбуриятлари аниқ, шунинг учун биз Россияни бу мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш мумкин бўлган барча қонуний усулларни кўриб чиқишда давом этамиз», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, баёнотда Россиянинг мамлакат ташқарисидаги активлари уруш тугатилмагунча ва етказилган зарар қопланмагунча музлатиб турилиши айтилган.

Аввалроқ катта еттилик мамлакатлари Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадни Украинага берилган кредитларга хизмат кўрсатиш ва уларни сўндириш учун ишлатиш ниятида эканлигини хабар қилинганди. Хусусан, катта еттилик 2024 йил охиригача Киевга 50 млрд доллар миқдорида кредит беришга ваъда берган.

Саммит иштирокчилари, шунингдек, Россияни Украинада ядровий ёки бошқа оммавий қирғин қуролларидан фойдаланишнинг оқибатларидан огоҳлантирди.

«Биз Россиянинг масъулиятсиз ядровий риторикасидан қаттиқ хавотирдамиз. Ядровий, кимёвий, биологик ёки радиологик қуроллардан исталган тарзда фойдаланиш жиддий оқибатларга олиб келишини таъкидлаймиз», — дейилади баёнотда.