Март ойи охирида Ўзбекистон тадбиркорлари мамлакатга лифтларни олиб киришда муаммоларга дуч кела бошлаган эди. Маълум бўлишича, импортёрларнинг уч йиллик мувофиқлик сертификатлари ҳукумат топшириғига кўра тўхтатилиб, улар ўз товарларини божхона чегарасидан ўтказа олмай қолган.

Сенаторларнинг аралашувидан сўнг муаммо ҳал қилинди, дея хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонуннинг тегишли моддаларини Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар божхона бошқармалари божхона постларидаги ижросини ўрганиш жараёнида бунга эътибор қаратган.

«Тошкент-товар» ТИФ божхона постида сенат аъзоларига бир неча тадбиркорлар мурожаат қилган. Улар «Саноат хавфсизлиги» давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқариш жараёнига берилган 17 та мувофиқлик сертификатига асосан Ўзбекистон ҳудудига олиб келинган лифт ва эскалаторлар божхона омборларида сақланаётгани ва тадбиркорлар уларни сабабсиз равишда олиб чиқиб кета олмаётганини билдирган.

Сенат қўмитаси томонидан ўтказилган дастлабки ўрганишлар натижасига кўра «Саноат хавфсизлиги» давлат муассасаси республикада саноат маҳсулотини (лифт, эскалатор, газ баллон, иситиш қозонлари) сертификатлаштириш бўйича аккредитациядан ўтган ягона орган ҳисобланади.

«Саноат хавфсизлиги» давлат муассасаси аккредитациясининг амал қилиши тўхтатилганлиги сабабли Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш учун фаолият юритувчи ва аккредитация қилинган сертификатлаш органисиз қолган, бу эса тадбиркорларнинг сарсон бўлишига олиб келган.

Маълум бўлишича, божхона омборларида бўлиб турган, 47 корхона томонидан олиб келинган 332 та лифт ва эскалаторларнинг умумий қиймати 9,5 млн долларни ташкил этади.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбитдин Бурхонов юқоридаги муаммоларни инобатга олган ҳолда ҳукуматга Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган ва 2024 йил 1 мартгача лифт товарлари хариди бўйича тузилган импорт шартномалар бўйича олдиндан тўлов қилинган лифтларни божхона омборларидан чиқариш бўйича қонуний қарор қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш ҳамда тадбиркорларни ташвишга солаётган мазкур муаммони ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан асослантирилган тушунтириш беришни сўраб сенатор сўровини юборган.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан сенатор сўровига берилган жавобда сўнгги вақт мамлакатда лифтлар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар содир бўлаётганлиги сабабли халқаро, хусусан, Европа тажрибасини ўрганган ҳолда лифтлар ва уларнинг мосламалари сифати ҳамда хавфсизлигига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлиқ хатловдан ўтказилаётганини маълум қилган.

Ҳукумат, шунингдек, лифтларни текширувдан ўтказиш қамровини таъминлаш ва сифатли амалга ошириш мақсадида лифтларга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотларни халқаро стандартларга асосан аккредитациядан ўтказиш тизимини яратиш каби бир қатор муҳим топшириқлар белгиланганлигини қайд этган.

Сенатор сўровидан сўнг Ўзбекистон аккредитация маркази қарорига асосан «Саноат хавфсизлиги» маҳсулотларни сертификатлаштириш органи номига расмийлаштирилган (OZAK.MS.0068) ва синов лабораторияси номига расмийлаштирилган (OZAK.SL.0248) аккредитация гувоҳномалари қайта тикланди ҳамда тадбиркорларга лифт, эскалатор ва траволатор учун белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатларини бериш жараёни қайта йўлга қўйилди.

Бугунги кунгача 36 та тадбиркорлик субъектининг 150 та лифт ускунаси тегишли объектга олиб чиқиб кетилган.