Пойтахтимизда соврин жамғармаси 166 минг долларни ташкил қилувчи UzChess Cup 2024 халқаро турнири якунланди. Кучлилар гуруҳида биринчи ўринни ўзбекистонлик Нодирбек Ёқуббоев ва Нодирбек Абдусатторов эгаллашди. «Газета.uz» ғолиб Нодирбек Ёқуббоев билан суҳбатлашди.

Мусобақа 6 июндан 14 июнга қадар уч гуруҳда бўлиб ўтди. Энг кучли Masters гуруҳида 10 нафар шахматчи иштирок этди. Булар: Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон, 2766), Шахриёр Мамедяров (Озарбайжон, 2734), Парҳам Магсудлу (Эрон, 2732), Александр Грисчук (Россия, 2728), Юй Янъи (2728), Сантош Гужрати (Ҳиндистон, 2721), Ричард Раппорт (Руминия, 2715), Алексей Сарана (Сербия, 2706), Жавоҳир Синдаров (2684) ва Нодирбек Ёқуббоев (2665).

Биринчи ўрин учун 25 минг доллар, иккинчи ўрин учун 20 минг ва учинчи ўрин учун 15 минг доллар мукофот белгиланди. Тўртинчи ва бешинчи ўринлар ҳар бири 10 000 доллардан олди.

Тўққиз раунд якунига кўра, Нодирбек Ёқуббоев ғалаба қозонди. У Видит ва Магсудлуни мағлуб этди, қолган барча билан дуранг ўйнаб, 5,5 очко тўплади. Нодирбек Абдусатторов ҳам худди шундай очкога эга бўлиб, қўшимча кўрсаткич — шахматчининг рақиблари тўплаган очколар сонини ҳисобга олган Бергер коэффициэнти бўйича мағлуб бўлди. Юй Янъи 5 очко билан учинчи бўлди. Тўртинчи ўриндан Сарана, бешинчи ўриндан эса Жавоҳир Синдаров жой олди.

Бу Ёқуббоевнинг биринчи шахсий муваффақияти эмас. Ўтган йили у Қатар Masters турнирида дунёнинг энг кучли шахматчилари Карлсен ва Накамурани ортда қолдириб, ғолиб чиққанди.

— Юй Янъига қарши сўнгги ўйинда юздан ортиқ ҳаракат қилдингиз. Биринчи ўрин учун дуранг етарли бўлмайди деб ўйлаганмидингиз?

— Мен бу ўйинда фақат ғалаба қозонишга ҳаракат қилдим. Шундай экан, Видитнинг ғалабасидан сўнг биринчи ўринни эгаллаш учун дуранг ҳам етарли эканини билардим (Ёқуббоев аввалроқ турнирда Видитни мағлуб этган эди, шунинг учун ҳиндистонлик гроссмейстер қўлга киритган очколар унинг қўшимча кўрсаткичини оширди — таҳр.). Лекин ғалаба қозона олмаганимдан жаҳлим чиқиб, охиригача ўйнадим.

— Турнирда ғалаба қозониш жуда яқин эканини тушунганингизда нимани ҳис қилдингиз?

— Мен хотиржамроқ ўйнай бошладим, балки ўйинда ғалаба қозонишимга шу тўсқинлик қилгандир. Мен кучсиз ҳаракатлар қилиб, тез ўйнашни бошладим.

— Ҳар ҳолда, биринчи ўрин ажойиб натижа. Уйда ўйнаш осонроқми ёки қийинроқми?

— Албатта, уйда осонроқ. Қариндошларингиз ва дўстларингиз яқин бўлса сизни қўллаб-қувватлайди. Бу жуда кўп ёрдам беради. Ва бутун турнирда кучлироқ рақибларга қарши ўйнаш, 2400 рейтингли ҳиндистонлик шахматчилар билан ўйнаб, уларни мағлуб этишга ҳаракат қилиб, асабийлашишдан (рейтинглар дефляцияси ва ёш ўйинчиларнинг тез ўсиши туфайли элита қаторига кирмаган ҳинд шахматчиларининг рейтинглари жуда паст баҳоланади, бунинг натижасида чет эллик гроссмейстерлар улар билан ўйинларда мунтазам равишда очко йўқотадилар — таҳр.) кўра яхши. Кучлилар билан ўйнаган маъқул.

— Жамият томонидан босим, эътибор кучайганини ҳис қилмаяпсизми?

— Ишимни бажаришга, шахмат ўйнашга ҳаракат қиляпман. Охирги раунд олдидан иккинчи ўринни эгаллашим ёки ҳатто ютқазишим мумкин бўлган натижа ҳақида асабийлашдим. Лекин мен ўйнашни бошлаганимда, ўйинга эътиборимни қаратиб, ҳамма нарсани унутаман.

— Юртимизда ҳали ҳам кўчада танишмаяптими?

— Афсуски йўқ.

— Ҳали ҳаммаси олдинда. Ҳозирда ким билан мураббий сифатида ишлаяпсиз?

— Йигитлар ва мен бир-биримизга ёрдам берамиз. Абдусатторовнинг ўз жамоаси бор, Жавоҳир, Жаҳонгир, Шамсиддин ва мен бирга ишлаймиз.

— Ютган пулингизни қаерга сарфлаш ҳақида ўйлаб кўрдингизми?

— Ота-онамга бераман. Мен ўзим учун бир қисмини машғулот ва овқатланиш учун қолдираман, қолганини эса улар керакли нарсага сарфлашлари учун бераман.

— Ғалабадан хабар топганлар қандай муносабатда бўлишди?

— Ҳамма хурсанд бўлди ва табриклади. Фахрланишди. Яхши натижа кўрсатсам, улар хурсанд бўлса, бу мени хурсанд қилади. Бу машғулотларни давом эттириш, ғалаба қозонишда давом этиш учун қўшимча куч беради.

Георгий Шванов суҳбатлашди