Тошкент шаҳри марказидаги Ислом Каримов шоҳ кўчаси ва Шаҳрисабз кўчаси оралиғидаги кичик кўчада бир томонлама ҳаракат йўлга қўйилди. Охирги бир неча кун ичида бу ерда асфальт қопламаси янгиланиб, белгилар ўрнатилиб, янги чизиқлар чизилди.


Автотранспорт воситалари ҳаракати марказда икки қаторда ташкил этилган бўлиб, ҳар икки томонда, жумладан, ногиронлиги бўлган ҳайдовчилар учун тўхташ жойлари чизиб қўйилган. Чап томон йўл четида велосипед йўлаги ҳам чизилган ва пиёдалар йўлаги янгиланган. Бир неча жойларда оқ ва сариқ зебра ўтиш жойлари чизилиб, шу ерда жойлашган муассасалар ҳовлисига кириш тартибга келтирилган.

Пойтахт ИИББ ЙҲХБнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, кўчани бир томонлама қилиш тўғрисидаги қарорга бу ерда одатда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети томондан транспорт оқими камлиги ва кундузи кўча асосан тўхташ жойи сифатида ишлатилиши сабаб бўлган.

Кўча янги форматда ишлатилишининг биринчи куни кўрсатдики, кўплаб ҳайдовчилар ўз машиналарини белгиланган тўхташ жойларига олиб бора олмаяпти. Бунга ушбу кўчада бўлган мухбиримиз амин бўлди.

Пиёдалар йўлакчасига қўйиб кетилган ва велосипед йўлининг бир қисмини тўсиб турган машина.

Бу ҳақда жума куни ижтимоий тармоқларда хабар берилганидан сўнг, ЙПХ ходимлари бир неча ҳайдовчига нисбатан қоидабузарлик тўғрисида баённомалар тузди.

Кўплаб ҳайдовчилар, шунингдек, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланишда давом этмоқда, чунки йўл ҳаракати тартибининг ўзгариши улар учун кутилмаган бўлди. Мухбиримиз ЙПХ ходимлари ҳайдовчиларга жарима солмай, айланиб олишни сўраганига гувоҳ бўлди.


Йўл ҳаракати тартиби ўзгаришдан аввал баъзи экспертлар тўхташ жойларини жисмий чекловларсиз ташкил қилиш ҳозиргидек муаммоларга олиб келишидан огоҳлантирганди. ИИББ автомашиналарнинг велосипед йўлаги ва тўхташга мўлжалланмаган оролчаларга киришини чеклаш учун устунлардан фойдаланиш ниятида.

Ҳайдовчи машинани белгиланган жойга жойлаштира олмади.

Ҳайдовчилар пиёдалар йўлаги (чапда) бўлиши керак бўлган жойга тўхтаб олган.

«Газета.uz» суҳбатлашган урбанистларга кўра, бир қанча таълим муассасалари, Замонавий санъат маркази, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқа объектлар жойлашган кўчада дарахтлар, кенг йўлаклар етишмайди. Ўшанда у ҳамма учун ҳақиқатан ҳам қулай ва хавфсиз бўлиши мумкин бўларди.