Президент Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Самарқанд шаҳрида «БМТ Туризм» (Бутунжаҳон туризм ташкилоти) бош котиби билан учрашув ўтказди ва Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти Зураб Пололикашвили айни вақтда амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. У Шавкат Мирзиёев билан Ўзбекистон ҳамда БМТнинг мазкур ихтисослашган институти ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда Самарқандда 2023 йил октябрь ойида бўлиб ўтган ташкилотнинг 25-сессиясида эришилган келишувларни ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилингани юксак баҳоланди.

Ташкилот замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва Ўзбекистонга сайёҳат қилишни оммалаштириш бўйича Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорига айлангани мамнуният билан қайд этилди. Сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар ва объектларни барпо этиш, зиёрат ва маданий-маърифий туризмни, жумладан ички туризмни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, томонлар Самарқандда фаолият юритаётган Халқаро туризм академияси имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда меҳмондўстлик ва сервис соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Қайд этилишича, Ўзбекистонга туризм йўналишини оммалаштириш мақсадида маҳаллий туроператорларнинг йирик халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларида иштирок этишини қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ҳамкорлик кенгайтирилиши режалаштирган.

Шундан сўнг, президент муборак Қурбон ҳайити арафасида Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Ташриф давомида Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Президент ва уламолар ўртасидаги суҳбатда илм-маърифат ривожи учун яратилаётган шароитлар, ёшларни ватанпарварлик ва шукроналик, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳақида сўз юритилди.


Мажмуа ҳозирги кунда янгидан барпо этилмоқда. Президент бу ердаги қурилиш-пардозлаш ишларини кўздан кечирди.

Шундан сўнг президентнинг Самарқандга ташрифи якунланди ва давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.