Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанднинг тарихий обидалари билан танишди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарлари рафиқалари билан бирга мамлакатнинг «ташриф қоғози» саналган Регистон майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонлар Регистондаги обидалар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларини томоша қилди. Уларга мадрасаларнинг қурилиш тарихи, пештоқларидаги нақш ва рамзларнинг мазмуни ҳақида маълумот берилди.

Амир Темур мақбараси зиёрати давомида меҳмонларга Амур Темурнинг давлатчилик сиёсати, ҳарбий маҳорати, турли мамлакатлар билан дипломатик алоқалари ҳақида сўзлаб берилди.

Шундан сўнг президентлар ва уларнинг рафиқалари «Афросиёб» музейига ташриф буюрди. Бу музей Самарқанд шаҳрининг уч минг йиллик тарихидан ҳикоя қилади. VII асрга оид деворий суратлардан бирида Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея — Когурё элчиларини қабул қилиш маросими ҳам акс этган. Бу мамлакатлар халқлари ўртасидаги алмашинувларнинг кўп асрлик тарихини акс эттиради.


«Яқинда кореялик мутахассислар иштирокида музейни реставрация қилиш ишлари якунланган бўлиб, улар доирасида бинонинг ички ва ташқи қиёфаси мукаммал қилиб янгиланди. Жанубий Корея Президенти тарихий ашёларни ҳайрат ва эътибор билан томоша қилар экан, халқларимиз ўртасидаги алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалишини, бу дўстлик ва ҳамкорлик бундан кейин ҳам бардавом бўлишини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Етакчилар маданий меросни асраш борасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини қайд этди. Кейин эса улар Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейида бўлди. Экскурсиянинг охирги манзили «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» тарихий-этнографик мажмуаси бўлди. Бу ерда меҳмонларга ўзбек халқининг бадиий, ҳунармандлик ва мусиқий маданияти намойиш этилди.

Шунинг билан Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёлнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан ташкиллаштирилган давлат ташрифи якунланди.

Уч кунлик ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди, улар якунида етакчилар алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Икки томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинди. Давлат раҳбарлари Кореянинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари вакиллари иштирокидаги қўшма бизнес форумида қатнашди.

Президентлар Тошкентдаги Технопаркка ташриф буюриб, саноат кооперацияси учун мавжуд салоҳият билан танишди. Якунда эса давлат раҳбарларининг мулоқоти Самарқандда давом этди. Президентлар рафиқалари билан бирга қадим шаҳарнинг тарихий-меъморий дурдоналари билан танишди.

Ташриф тадбирлари якунланганидан сўнг аэропортда президент Юн Сок Ёль ва рафиқасини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси кузатиб қўйди.