15 июнь куни Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD, ҚХРЖ) Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очди, дея хабар бермоқда жамғарма матбуот хизмати. Очилиш маросимида IFAD президенти Альваро Ларио ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновлар иштирок этишди.

IFAD — халқаро молия институти ва БМТнинг махсус муассасаси, у 1978 йилда ташкил этилган. Жамғарма Римда жойлашган бўлиб, қишлоқ аҳолисига сармоя киритади ва камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланишни яхшилаш ва чидамлиликни кучайтириш имкониятларини тақдим этади.

«ҚХРХЖнинг Тошкентдаги янги ваколатхонаси бизнинг Ўзбекистон ва минтақадаги барқарор ривожланиш жараёнларини қўллаб-қувватлашга бўлган содиқлигимизни акс эттиради. Ҳукумат ва хусусий сектор билан бўлган шериклигимиз орқали биз иқлим ўзгаришига мослашиш ва қишлоқ ҳудудларининг гуллаб-яшнашига киритиладиган кенг кўламли сармояларни рағбатлантиришимиз мумкин», — деди Альваро Ларио.

Ўзбекистон 2011 йилда мазкур жамғармага аъзо давлат сифатида қўшилганидан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мамлакатда ваколатхонанинг мавжудлиги қишлоқ хўжалиги тармоғининг эҳтиёж ва муаммоларини самаралироқ қамраб олиш ва ҳал этиш имконинини беради, дейилади хабарда.

Сўнгги ўн йил ичида IFAD`нинг минтақадаги лойиҳалари портфели сезиларли даражада ошди, умумий инвестициялар ҳажми 435,3 миллион долларни ташкил этди ва 550 мингдан ортиқ қишлоқ аҳолисини қамраб олди.

IFAD дастурининг Ўзбекистоннинг стратегик имкониятлари бўйича жорий мамлакат дастури 2023−2027 йилларга мўлжалланган. У дастур доирасида Ўзбекистон ҳукумати билан миллий ва халқаро қўшма молиялаштиришни ўз ичига олган қиймати 250 млн долларга тенг бўлган ишчи дастурни амалга ошириш ниятида.