Тошкент шаҳрининг Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4Р12 автомобиль йўли чорраҳасида транспорт боғламаси қурилишининг биринчи босқичи якунланди, деб хабар қилди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати.

ЙҲХХ

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чимён тоғлари ва Чорвоқ сув омбори томон ҳаракатланиш учун ушбу чорраҳада туннель ишга тушди. Туннелдан ўтиш учун икки томондан келишда асосий йўлнинг ўнг тарафидаги қўшимча тармоқдан ҳаракатланиш керак.

Энди ҳайдовчилар Янги Ўзбекистон ва 4Р12 йўллари чорраҳасида юзага келадиган катта тирбандликларда туришлари шарт эмас.

Туннель орқали оғир вазнли автомашиналар ва хавфли юк ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади. Улар чорраҳа бўйлаб ҳаракатланиши керак.

ЙҲХХ ҳайдовчиларга ҳаракат йўналишини кўрсатувчи белгилар мавжудлигини ҳам эслатиб ўтди.


«Газета.uz» келажакда пойтахтни Янги Тошкент билан боғлайдиган чорраҳа ўрнида светофорсиз ҳаракатланиш учун йўл боғламаси қурилиши бошланганини ёзганди.


Очилган туннелдан ташқари Паркент-Тошкент йўналишида ҳам яна бир туннель қуриш режалаштирилган.