Ўзбекистоннинг Сеулдаги дипломатик миссиясини 25 йил давомида бошқарган Виталий Васильевич Фен 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

«Виталий Фен бутун умрини ватанимизга хизмат қилишга бағишлаган атоқли давлат арбоби, спорт устаси ва профессионал дипломат эди», — дейилади хабарда.

ТИВ дипломатнинг Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссасини қайд этди: «Унинг кўп йиллик фаолияти Ўзбекистон-Жанубий Корея алоқаларини мустаҳкамлашда ўчмас из қолдирди».

Виталий Фен «Фидокорона хизматлари учун» ва «Меҳнат шуҳрати», шунингдек, Жанубий Кореянинг «Гвангхва» орденлари билан тақдирланган. 2005 йилда у Сеулнинг фахрий фуқароси унвони билан тақдирланган.

Яқинда Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Виталий Фен ташрифга тайёргарликда фаол иштирок этди ва ташриф давомида Ўзбекистонда бўлганди.

Биография

Виталий Фен 1947 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Марғилондаги режалаштириш ва иқтисод техникумини (1966) ва Фарғона давлат педагогика институтини (1973) тугатган. 1966−1967 йилларда ҳарбий хизматни ўтаган.

1975−1981 йилларда Фарғона шаҳридаги олий спорт мактаби директори, 1981−1983 йилларда Фарғона вилояти жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси лавозимида ишлаган. 1983−1989 йилларда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси ўринбосари, 1989−1995 йилларда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

1995−1999 йилларда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги Муваққат ишлар вакили лавозимида ишлаган. 1999−2013 йилларда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчиси бўлган. 2017 йилда у яна Сеулдаги элчи лавозимини эгаллаганди.