Ўзбекистонда аёлларнинг эркаклар билан бир хил даражада маош олишини таъминлаш 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам беради. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукумати молиявий кўмагида Жаҳон банки томонидан тайёрланган «Ўзбекистонда гендер тенглиги таҳлили» ҳисоботида айтилади.

Ушбу ҳисобот турли соҳалардаги, жумладан, аёлларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодий фаолиятдан фойдаланиш имконияти, уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, никоҳ ва ажралишлар билан боғлиқ вазият, шунингдек, аёлларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги иштироки каби вазиятни таҳлил қилиш орқали Ўзбекистонда гендер тенглиги масалаларини ўрганади.

Бундан ташқари, ҳисоботда ижтимоий ва маданий нормалар ва муносабатларнинг аёллар ҳуқуқлари ва уларнинг жамиятда қандай қабул қилинишидаги ўрни баҳоланади. Ушбу ҳисоботда гендер тенгсизлигини бартараф этиш ва Ўзбекистонда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайдиган инклюзив жамиятни ривожлантиришга қаратилган тавсиялар берилган.

Ҳисоботнинг асосий хулосалари

Қонунчилик ва инсон капитали ривожланишидаги ижобий ўзгаришларга қарамай, Ўзбекистон меҳнат бозорида гендер тенгсизлик ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. 2021 йилда аёлларнинг ишчи кучидаги улуши эркакларникидан 28 фоиз пунктга паст бўлган. Бу Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича (юқори даромадли давлатлар бундан мустасно) ўртача кўрсаткичдан (19 фоиз) юқорироқ кўрсаткич.

Ўзбекистонда ёш хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси 15,5 фоизни ташкил этади, бу ёш эркаклар ўртасидаги 10 фоизлик кўрсаткичдан кўпроқ. Таълим, иш ёки профессионал тайёрловда бўлмаган ёш аёллар улуши 42 фоизни ташкил қилади, эркакларда эса бу кўрсаткич 8,8 фоиз атрофида.

Бундан ташқари, хизмат учун ҳақ тўлашда ҳам сезиларли даражада гендер тенгсизлиги мавжуд, аёллар эркакларга қараганда 34 фоиз камроқ маош олади. Бу 20 фоиз бўлган глобал ўртача кўрсаткичдан юқори.

Ҳисоботда қайд этилишича, аёллар ўртасида иш ҳақи ва бандликнинг пастлиги Ўзбекистонда иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатмоқда ва камбағалликни кучайтирмоқда. Агар хотин-қизлар иқтисодий фаолиятда эркаклар билан бирдек иштирок этса, Ўзбекистонда миллий даромад 29 фоизга ошади. Аёлларнинг эркаклар билан бир хил даражада маош олишини таъминлаш 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам беради.

«Бироқ, аёлларга биринчи навбатда ғамхўрлик ва уй-рўзғор юмушлари учун масъул сифатида қарашга ундайдиган гендер меъёрлари гендер тенглиги ва жинсидан қатъи назар, барча фуқароларга фойда келтирадиган иқтисодий ўсиш йўлидаги тараққиётга тўсқинлик қилмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот тавсиялари орасида Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ўз иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун гендер тенгсизликни бартараф этиш бўйича чора тадбирларни давом эттириши зарурлиги қайд этилган. Бу аёлларнинг иқтисодий фаоллигини чекловчи ижтимоий нормаларни бартараф этиш, STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика) йўналишлари ва соғлиқни сақлаш хизматлари бўйича олий таълим олиш имкониятларидаги тенгсизликни янада камайтириш, оилани режалаштириш имкониятларини такомиллаштириш, аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмларини янада ривожлантириш, шунингдек, раҳбарлик лавозимларида уларнинг вакиллигидаги тенгсизликни бартараф этиш каби чора-тадбирларини ўз ичига олади.

«Мамлакат гендер тенглигидаги мавжуд бўшлиқларга қарамай, тараққиёт учун мустаҳкам пойдеворга эга. Бу жинсидан қатъи назар, барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш учун кенг истиқболларни очади», — дейилади Жаҳон банки ҳисоботида.