Фарғона шаҳрида фуқаро Damas’нинг орқа эшигини очиб, сакраб тушганидан сўнг уни бошқа машина босиб кетгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ЙҲХБ маълумот берди.

Маълум бўлишича, 2024 йил 16 июль куни Фарғона шаҳри Қиргули мавзеси Шифокорлар кўчасида фуқаро Н.К. бошқарувидаги Damas автомашинасида йўловчи сифатида кетаётган фуқаро Д.П. автомобилнинг орқа эшигини очиб, сакраб юборган ва қарама-қарши томонидан келаётган автомобилнинг олд қисмига келиб урилган.

Оқибатда Д.П. тан жароҳати олиб, касалхонага ёткизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан касалхонада вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.