Би-би-си 100 аёл 2023: Бу йилги рўйхатда кимлар бор?

Би-би-си Жаҳон хизматининг 2023 йил учун танланган 100 аёл суратлари.

Би-би-си 2023 йил учун 100 аёл рўйхатини эълон қилди. Қуйида Би-би-си томонидан 2023 йил учун танланган энг ташаббускор ва илҳом берувчи аёллар

Улар орасида ҳуқуқ ҳимоячиси Амал Клуни, Голливуд юлдузи Америка Феррера, феминист фаол Глория Стейнем, АҚШнинг собиқ биринчи хоними Мишел Обама, Сунъий Ақл мутахассиси Тимнит Гебру, косметика бизнеси эгаси Ҳуда Каттан ва "Олтин тўп" совриндори, футболчи Айтана Бонмати бор.

Экстримал иссиқлик, ўрмон ёнғинлари, сув тошқини ва бошқа табиий офатлар матбуот сарлавҳаларидан тушмай қолди. Шу боис ушбу рўйхатда иқлим ўзгариши билан курашишда ва унинг таъсирига мослашишда одамларга ёрдам бераётган аёлларга алоҳида ўрин берилди.

Би-би-си 100 Аёл орасида биз БМТнинг Иқлим бўйича конференцияси (COP28) олдидан 28 нафар иқлим фаоли номини келтирдик.

Исмлар маълум бир тартиб билан келтирилмаган

Маданият & Таълим

Афруза-Нума, Покистон

Чўпон

Вахи қабиласининг сўнгги чўпонларидан бири Афруза-Нума қарийб ўттиз йилдан бери эчки, қўй ва сигир боқади.

Онаси ва бувиларидан савдони ўрганган Афруза кўп асрлик анъана давомчисидир. Бу анъана ҳозир Покистоннинг Шимшал водийсида йўқ бўлиб кетмоқда.

Бу чўпон аёллар ҳар йили ўз сурувларини денгиз сатҳидан 4800 метр баландликдаги яйловларга олиб бориб, уларни боқади, айни пайтда айирбошлаш учун сут маҳсулотларини тайёрлайди.

Уларнинг даромади қишлоққа тўкинлик олиб келди, фарзандларини ўқитишга имкон берди. Афруза-Нума водийда биринчи бўлиб туфли сотиб олган аёл бўлганини ҳамон соғинч билан эслайди.

Ҳусай Аҳмадзай, Афғонистон

ТВ бошловчи

2021 йил августида Толибон Афғонистонни назоратга олганида, Ҳусай Аҳмадзай мамлакатда эфирга узатиладиган жуда кам сонли аёл телебошловчилардан бири эди.

Хавфсизлик хавотирлари ва медиада аёллар ишлашига нисбатан жамоатчилик эътирозига қарамай, у Шамшод телеканалида ишини давом эттирмоқда.

Ўшандан бери у кўплаб Толибон расмийлари билан суҳбатлашди, лекин у уларга истаган саволини бера олмайди, уларнинг сиёсатини шубҳа остига қўя олмайди.

Аҳмадзай ҳуқуқ ва сиёсатшунослик бўйича маълумотга эга ва етти йил давомида ОАВда ишлаган. У Толибон томонидан қаттиқ чекланган қизлар таълимига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Эси Буобаса, Гана

Балиқ сотувчи

Гананинг денгиз ювиб кетган Фувеме қишлоғидан бўлган Эси Буобаса иқлим ўзгариши оқибатларини ўз бошидан кечирди.

У эри ва беш фарзанди билан бирга денгиз сатҳи кўтарилиб, ўз ерини яшашга яроқсиз ҳолга келтиргани сабабли кўчиб кетишга мажбур бўлди.

Қишлоғида балиқ сотувчиси бўлган Буобаса ва унинг ҳамкасблари қирғоқ эрозияси туфайли даромад манбаи хавф остида қолган балиқчи аёлларга ёрдам бериш учун уюшма туздилар.

Ҳозирда 100 га яқин аъзоси бўлган уюшма ҳар ҳафта йиғилиб, тадбиркор аёлларга тааллуқли масалаларни муҳокама қилади ва муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш учун хайрия қилади.

Ҳар сафар денгиз қайтганда умидсизликка тушамиз. Биз ва авлодларимизга ўлим келади.

Эси Буобаса

Чила Кумари Бурман, Британия

Рассом

Чила Кумари Бурман турли тасвирий санъат турларида, жумладан типография, чизмачилик, бўяш, монтаж ва кинода ишлаган. Ўз фаолиятида у гендер ва маданий ўзига хослик каби масалаларни кўтариб келади.

Бу йил рассомнинг иши Буюк Британияда 1879 йилдан бери ўтказиб келинаётган Blackpool Illuminations чироқлар фестивалида кўрсатилди. Lollies in Love With Light – бу марказда музқаймоқ фургони жойлашган рангли инсталляциядир.

2020 йилда Бурман Британиядаги Тейт музейи фасадини ҳинд мифологияси, оммавий маданият ва аёлларни қувватлашга ишоралар билан безатган "Ажиб янги дунёни эслаш" инсталляциясини яратди.

Ўтган йили у MBE билан тақдирланган.

Оксана Забужко, Украина

Ёзувчи

20 дан ортиқ асарлар, жумладан, прозаик, шеърий ҳамда илмий-оммабоп асарлар муаллифи Оксана Забужко Украинадаги энг йирик ёзувчи ва зиёлилардан бири саналади.

Халқаро миқёсда у "Украинча сексда дала тадқиқоти" ва "Унутилган сирлар музейи" каби асарлари билан машҳур.

Шевченко номидаги Киев университети фалсафа факультетини тамомлаган ва санъатшунослик фанлари доктори даражасига эга.

Унинг китоблари 20 тилга таржима қилинган ва кўплаб миллий ва халқаро мукофотларга сазовор бўлган, жумладан, Марказий Европа адабий Анжелус мукофоти, Украинанинг Шевченко номидаги Миллий мукофоти ва Франция фахрий легиони миллий ордени соҳибасидир.

Наталья Идрисова, Тожикистон

Яшил энергия бўйича маслаҳатчи

Тожикистоннинг чекка ҳудудларида яшовчи аёллар кўпинча электр ёки ўтин каби энергия манбаларига етишишга қийналади. Экологик хайрия лойиҳаси координатори Наталья Идрисова энергетика инқирозига амалий экологик ечимлар изламоқда, аёлларни табиий ресурслар, энергия тежовчи технологиялар ва материаллар билан таништирмоқда.

Таълимдан ташқари, унинг ташкилоти энергия тежайдиган ускуналар, қуёш ошхоналари ва босимли печларни таклиф қилади, аёллар бўш вақтини ошириб, уйда гендер тенглигини тарғиб қилади.

Идрисова ҳозир иқлим ўзгариши ногиронларга қандай таъсир қилиши ҳақида жамоатчиликка маълумот бермоқда, бу масалани ҳукумат даражасига олиб чиқиш йўлларини қидирмоқда.

Дунё бўйлаб содир бўлаётган экстремал ҳодисалар бизга инсон табиатдан айро эмслиги ҳақида сўнгги огоҳлантириш беради. Табиатга бепарволик жиддий оқибатлар келтириши муқаррар.

Наталья Идрисова

Ви Кативҳу, Зимбабве/Британия

Контент ижодкор ва ютубер

Ви (Вараидзо) Кативҳунинг академик саёҳати бутун дунё бўйлаб минглаб одамлар учун илҳом манбаи бўлди. У McDonald's да ярим кун ишлаб, ўқиган, Оксфорд ва Ҳарвард университетлари дипломини олган.

Университетда ўқиб юрганида у YouTube канали очиб, у ерда ижтимоий-иқтисодий аҳволи паст оиладан чиққанларга ўз талабалик тажрибасини ўртоқлашди, шунингдек, ўзига ўхшаганларга ўқиш бўйича маслаҳатлар берди.

Ўшандан бери Кативҳу "Empowered by Vee" платформасини ишга туширди. Ушбу платформа орқали у бутун дунё бўйлаб кам таъминланган ва қўллаб-қувватланмайдиган талабалар учун олий таълимни қулайроқ қилишга интилмоқда.

У ёшлар учун амалий шахсий ривожланиш бўйича китоб ҳам ёзган ва ҳозирда таълимда етакчилик бўйича докторлик диссертацияси устида ишламоқда.

Ҳуда Каттан, АҚШ

Гўзаллик бизнеси эгаси

Ҳуда Каттан АҚШда ироқлик муҳожирлар оиласида туғилган. У Оклахомада вояга етган ва гўзаллик соҳасига бўлган қизиқиши сабабли анъанавий корпоратив лавозимлардан воз кечган.

Лос-Анжелесдаги нуфузли макияж мактабида ўқигач, у Яқин Шарқдаги бир нечта қироллик оилалари дохил машҳур мижозларни ўзига жалб қила олди.

Шундан бери у Instagram'да 50 миллиондан ортиқ обуначиси бор машҳур гўзаллик брендига айланди.

Каттан 2013 йили сунъий киприклар ишлаб чиқарувчи ўзининг Huda Beauty косметика брендига асос солди. Ҳозирда унинг 140дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарувчи бренди дунё бўйлаб 1500дан ортиқ дўконларда сотилмоқда.

София Кианни, АҚШ

Талаба ва ижтимоий тадбиркор

Ижтимоий тадбиркор София Кианни Эрондаги қариндошлари билан суҳбатлашгач, иқлим ўзгариши ҳақида форсчада ишончли маълумотлар нисбатан озлигини англади ва уларни форс тилига таржима қила бошлади.

Унинг бу ҳаркатлари тез орада иқлим ҳақидаги маълумотларни инглиз тилини билмайдиганлар учун барча тилларга таржима қилиш мақсадида ёшларнинг халқаро нотижорий ташкилоти Climate Cardinals'га асос солгач, кенгроқ лойиҳага айланди.

Ҳозирда ушбу лойиҳа доирасида 80 мамлакатда 10 000 талаба кўнгилли ишлайди. Улар иқлим бўйича бир миллион сўзни 100 дан ортиқ тилга таржима қилган.

Кианнининг мақсади – илмий билимлар йўлидаги лисоний тўсиқларини бартараф қилишга ёрдам беришдир.

Ёш фаоллар иқлим бўйича глобал ҳаракатга асос солдилар, уни қўллаб-қувватладилар, миллионлаб одамларни норозилик намойишига сафарбар қилдилар, қазилма ёқилғига қарши минглаб петицияларни уюштирдилар ва иқлим ташаббусларини молиялаштириш учун миллионлаб доллар тўпладилар. Дунё муаммоларини ёшимиз ёки тажрибамизга қараб ўзимизни ихоталаб олиш билан ҳал қилиб бўлмайди.

София Кианни

Арати Кумар-Рао, Ҳиндистон

Суратчи

Жанубий Осиёда ишлаётган мустақил суратчи, ёзувчи ва National Geographic тадқиқотчиси Арати Кумар-Рао иқлим ўзгариши натижасида ландшафт қанчалик ўзгариб кетаётганини ҳужжатлаштиради.

У ер ости сувлари кескин камаяётгани, яшаш жойлари яроқсиз ҳолга келаётгани ва саноат учун ерларнинг эгалланиши биологик хилма-хилликни вайрон қилаётгани, умумий ерларни қисқартириб, миллионлаб одамлар кўчишига ва турлар йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлаётганини кўрсатиб бермоқда.

Кумар-Рао ўн йилдан ортиқ Ҳиндистон яримороли бўйлаб саёҳат қилган. Унинг тасвирий ҳикоялари атроф-муҳит вайронагарчилиги тирикчилик ва биологик хилма-хилликка қандай таъсир қилаётганини кўрсатади.

Унинг "Marginlands: India's Landscapes on the Brink" китоби Ҳиндистондаги хатарли табиий муҳитда яшовчи одамлар ҳаётини акс эттиради.

Иқлим инқирози илдизи бизнинг ер, сув ва ҳаво билан элементал ришталаримиз узилганига бориб тақалади. Бу ришталарни қайта созлашимиз лозим.

Арати Кумар-Рао

Мариета Мояшевич, Черногория

Ногиронлар ҳуқуқи фаоли

Ўрта мактабда ўқиб юрганида икки марта инсультни бошдан кечирган Мариета Мояшевичнинг ҳаёти тубдан ўзгарди.

Жисмоний ва руҳий оқибатларга дучор бўлган Мояшевич ҳозир ёшлар маслаҳатчиси ва ногиронлар ҳуқуқлари фаолидир.

У неврологик касалликларга чалинган одамларга нисбатан салбий муносабат ва хатти-ҳаракатларга қарши курашади.

У "Ногиронлик билан яшаш" деб номланган семинарларни ўткази, у ерда нотўғри қарашларга қарши туриш учун ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

У OneNeurology лойиҳаси вакилидир. Ушбу ташаббус глобал соғлиқни сақлашда неврологик касалликларга эътиборни кучайтиришга қаратилган.

Кера Шервуд О'Реган, Янги Зеландия

Туб халқлар ва ногиронлар ҳуқуқлари учун фаол

Кера Шервуд О'Реган – Янги Зеландиянинг Жанубий оролидан бўлган Кай Таху туб халқи ва ногиронлар бўйича мутахассис.

У соғлом иқлим ва ижтимоий ўзгаришларга йўналтирилган Activate ижтимоий таъсир агентлигининг ҳаммуассиси ҳисобланади.

Унинг фаолияти маориларнинг ер ва аждодларга бўлган муносабатига асосланган бўлиб, улар яқин вақтгача иқлим бўйича асосий мунозаралардан четда қолган эди.

Шервуд О'Реган иқлим ўзгаришининг ўз халқига таъсирини кўрсатиш учун вазирлар, амалдорлар ва кенг фуқаролик жамияти билан алоқалар ўрнатди, шу билан бирга иқлим бўйича музокараларда туб халқлар ва ногиронларнинг ҳуқуқларини кўпроқ тан олишни тарғиб қилди.

Биз экстрактив моделни рад этамиз, биз ўз ўрнимизни эгаллаймиз, биз жамият билан бирга етакчилик қиламиз ва бу иш беради. Ўйлайманки, кўпчилик туб халқлар суверенитетини таъминлаш иқлим инқирозига ечим эканини тушунади.

Кера Шервуд О'Реган

Сара Отт, АҚШ

Мактаб муаллими

АҚШнинг Флорида штатида 11 сентябрь воқеаларидан кейин вояга етган ўрта мактаб ўқитувчиси Сара Отт сохта маълумотларга ишонувчан бўлганини айтади.

Илмий маълумоти бўлишига қарамай, у бир мунча вақт иқлим ўзгариши ҳақиқатан ҳам содир бўлаётганига шубҳа қилганди.

Адашганини тан олиш унинг ҳақиқатни излашдаги биринчи қадами эди. Танлаган йўли сабабли у Фан Таълими Миллий Марказининг Иқлим ўзгариши бўйича элчиси бўлди.

У ҳозир Жоржиа штатида ўз ўқувчиларига физикани ўргатиш асносида ўз жамиятидаги экологик муаммолардан хабардорликни оширмоқда.

Иқлим ўзгариши ҳамманинг эътиборини талаб қилса ҳам, биз буни ёлғиз ўзимиз ҳал қила олмаймиз. Фаоллик боққа ўхшайди. У мавсумий. Дам олмоқда. Ўзингиз яшаётган мавсумни ҳурмат қилинг.

Сара Отт

Жецунма Тензин Палмо, Ҳиндистон

Буддист роҳиба

Жецунма Тензин Палмо 1940-йилларда Англияда туғилган ва ўсмирлик чоғида буддизмни қабул қилган.

20 ёшида у Ҳиндистонга саёҳат қилди ва Тибетда буддист роҳиба сифатида тайинланган илк ғарбликлардан бири бўлди.

Аёл роҳибаларнинг мавқеини ошириш учун Тензин Палмо Ҳиндистоннинг Ҳимачал-Прадеш штатида 120 дан ортиқ роҳиба яшайдиган Донгю Гатсал Линг монастирига асос солган.

У 12 йилни Ҳимолай тоғларидаги олис ғорда ўтказгани билан машҳур, шундан уч йили қаттиқ медитацион ҳилватдан иборат бўлган. 2008 йилда у "Муҳтарам устоз" маъносини англатувчи Жецунма унвонига сазовор бўлди.

Лала Паскинелли, Аргентина

Рассом

"Журнал муқовасида бўлмаган аёллар" рассом Лала Паскинеллининг 2015 йилги лойиҳаси бўлиб, унда гўзаллик стереотиплари ҳамда аёлларнинг ОАВ ва оммавий маданиятдаги қиёфаси ҳаққонийлиги савол остига олинади.

Ушбу лойиҳа аёлларни ўз таналари ҳақидаги тушунчаларни, жумладан, қариш ва овқатланиш иблан боғлиқ муаммоларни қайта кўриб чиқишга чақирувчи кампаниялар ортида турибди. Уларнинг яқинда ҳаракатга чорлови #HermanaSoltaLaPanza ҳар хил шакл ва ўлчамдаги одамларнинг чинакам ҳикояларини кўрсатади.

Адвокат, шоира, лезбиан ва феминист фаол Паскинелли аёл гўзаллиги ҳақидаги анъанавий тасаввурларни парчалашга ҳаракат қилади, бу тасаввурларни гендер тенгсизликни янада кучайтирувчи "классицизм, сексизм ва ирқчилик" деб атайди.

Жесс Пеппер, Британия

Climate Café асосчиси

Climate Café – одамлар тўпланиб, иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўриш учун мулоқот қиладиган жамоат майдони. Биринчиси Жесс Пеппер томонидан 2015 йилда Шотландиядаги кичик шаҳарчада очилган эди.

Ҳозир у бошқа жамоаларни глобал тармоқ орқали ўзаро боғланган ўз мулоқот маконларини яратишга ундамоқда.

Иштирокчилар таъкидлашича, бу иқлим инқирози ҳақидаги қўрқув ва хавотирларини баҳам кўришлари мумкин бўлган хавфсиз жойдир.

Пеппер иқлим бўйича бир қатор йўналишларда етакчи, Шотландия Қироллик Жўғрофия Жамиятининг фахрий аъзоси ва Қироллик Санъат Жамияти аъзоси.

Иқлим ўзгаришига қарши ҳаракатлар ва ижобий ўзгаришлар кўпинча аёллар ва болалар ташаббус кўрсатадиган жамоаларда бўлади. Ўзаро мулоқот одамларни илҳомлантираётгани ва ўзгаришларга туртки бўлишини кўриш, иқлим ўзгариши қаршисида бардошлилик ва кейинги ўзгаришлар учун имконият яратиш менга умид бағишлайди.

Жесс Пеппер

Каролина Диас Пиментел, Перу

Журналист

20 ёшлар ўрталарида Каролина Диаз Пиментелга аутизм ташхиси қўйилганида, у ўзини нейроўзгача одам эканлигини нишонлаш учун торт пиширди.

Ҳозир 30 ёшда, у нейрохилма-хиллик ва руҳий саломатликни ёритишга ихтисослашган "Мағрур аутист" журналист.

Диаз, шунингдек, психо-ижтимоий ногиронлар тез-тез дуч келадиган муаммоларга барҳам бериш учун ишлайди. У нейрохилма-хиллик ҳақида хабардорликни оширадиган бир нечта лойиҳалар, нотижорий ташкилотлар асосчисидир: Mas Que Bipolar (Биполярликдан кўпроқ), Перу Нейродивергент Коалицияси ва Proyecto Atípico (Атипик лойиҳа).

У Пулицер маркази ва Розалин Картер стипендиантидир.

Матча Пҳорн-ин, Таиланд

Туб халқлар ва ЛГБТ+ ҳуқуқлари фаоли

Иқлим ўзгариши ва можаролар оқибатларини бошидан кечираётган Мьянма билан чегарадош Таиландда Матча Пҳорн-ин озчиликлар ҳуқуқлари учун курашчи.

У Сангсан Анакот Явачон лойиҳасига асос солган. Лойиҳа мақсади минглаб фуқаролиги бўлмаган, ерсиз маҳаллий аёллар, қизлар ва ёшларни, шунингдек, ЛГБТ+ ҳамжамиятининг ёш аъзоларини ўқитиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Этник озчилик вакили ва маҳаллий лезбиан феминист сифатида Матча Пҳорн-ин минтақада гендер зўравонликни тугатиш ҳаракатида етакчи роль ўйнади, шунингдек, кўчирилган ва ҳуқуқдан маҳрум бўлган одамлар учун ер ҳуқуқларини ҳимоя қилди.

Маҳаллий жамоалар, ЛГБТ+ вакиллари, аёллар ва қизларнинг самарали иштироки ва овозисиз барқарор иқлим ечимлари бўлмайди.

Матча Пҳорн-ин

Шаирбу Сагинбаева, Қирғизистон

"Ҳаёт учун" тикув фабрикаси ҳамасосчиси

Саратоннинг 4-босқичи бўйича уч йил интенсив даволанишдан ўтиб, дори-дармонлар учун пул тўлашга қийналган Шаирбу Сагинбаеванинг аҳволи ҳозир яхшиланган.

Ўзи каби яна тўртта саратон бемори билан биргаликда у "Ҳаёт учун" тикув фабрикасини очди. Бу фабрикада улар миллий безаклар туширилган сумкалар тикиб сотадилар, даромадларини эса саратон беморларига хайрия қиладилар.

Ҳозиргача улар тиббий харажатлар учун молиявий ёрдамга муҳтож 34 аёлга 33,000 доллардан кўпроқ маблағ йиғишди.

Сағинбаева даволаш марказидан узоқда яшовчи беморларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини англаб, яқин жойда улар учун ётоқхона очишга ёрдам берди.

Дарья Серенко, Россия

Шоира

Ёзувчи ва сиёсий фаол Дарья Серенко Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши "Феминистик урушга қаршилик" ҳаракати координаторларидан биридир.

У сўнгги тўққиз йил давомида Россияда гендер зўравонлик ҳақида ёзган. Унинг феминистик ва урушга қарши иккита китоби чиққан.

Серенко, шунингдек, Quiet Pickett тасвирий санъат ташаббуси муаллифи бўлиб, унда у одамларни муайян масалаларни кўтаришга ундайдиган чақириқлар ёзилган либослар чиқаради.

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланишидан икки ҳафта олдин Серенко «экстремистик» хабарларни тарқатишда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Кўп ўтмай, у Грузияга кўчиб ўтди ва ҳозир Россия ҳукумати томонидан "чет эл агенти" сифатида тамғаланган.

Сагарика Срирам, Бирлашган Араб Амирликлари

Педагог ва иқлим бўйича маслаҳатчи

Ўсмир Сагарика Срирам мактабларда иқлим бўйича таълимни мажбурий қилиш учун курашмоқда.

Унга компьютер кодлашни билгани асқатди, бутун дунё бўйлаб болаларга барқарор ривожланиш лойиҳалари бўйича таълим бериш ва уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш учун Kids4abetterworld онлайн платформасини яратди.

У атроф-муҳит бўйича онлайн ва офлайн семинарлар ўтказади, болаларга иқлим ўзгариши шароитида нима қилиш мумкинлигини ўргатади.

Дубайда ўзи аъло баҳоларга ўқишдан ташқари, Срирам БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг болалар маслаҳат гуруҳида ишлайди, бунда у болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Хавотир оладиган эмас, ҳаракат қиладиган вақт, токи ҳар бир бола соғлом яшашни ўргансин, дунёда биз кўришимиз керак бўлган ўзгаришларни қилишга рағбати бўлсин.

Сагарика Срирам

Клара Элизабет Фрагосо Угарте, Мексика

Трак ҳайдовчи

Трак ҳайдовчиси Клара Элизабет Фрагосо Угарте умрининг 17 йилини эркаклар устунлик қиладиган соҳада ўтказди ва Мексика бўйлаб мамлакатнинг энг хавфли йўлларида юрди.

Асли Дуранголик Фрагосо Угарте 17 ёшида турмушга чиққан ва тўрт фарзанднинг онаси ва етти боланинг бувисидир.

Трак ҳайдовчи сифатида у бутун ҳаётини Мексика ва Қўшма Штатлар бўйлаб юк етказиб, йўлда ўтказади.

У, шунингдек, ёш ҳайдовчиларни тайёрлашга кўмаклашади, оғир юк ташиш бизнесида гендер тенглигига эришиш учун бошқа аёлларни ҳам шу соҳага қўшилишга қизиқтиришга интилади.

Лисия Ферц, Италия

Модел ва инфлюенсер

Instagram'да 235 000 дан ортиқ кузатувчиси бор 93 ёшли қарияни топиш осон эмас. Аммо ўз танасига позитив қараш бўйича италиялик кекса инфлюенсер учун бу фақат бошланиши.

Лисиа Ферц Иккинчи жаҳон урушини бошдан кечирган, 28 ёшли қизининг ва эрининг ўлимини кўрган.

Аммо набираси унинг кўнглини кўтариш учун Instagram профилини очганида, унинг ранг-баранг либослари ва ёрқин табассуми уни дарҳол ижтимоий тармоқ юлдузига айлантирди.

89 ёшида у мемуар ёзди ва Rolling Stone журналининг муқовасида яланғоч суратга тушди.

У кексариш, феминизми ва ЛГБТ+ фаоли бўлиб, танага позитив қарашни тарғиб қилади ва бизнинг қариётган таналарни идрок этиш йўсинимизни ўзгартиради.

Жаннатул Фирдавс, Бангладеш

Куйишдан омон қолган

Жаннатул Фирдавс баданининг 60 фоизи куйган бахтсиз ҳодисадан омон қолгач, кинорежиссёр, ёзувчи ва ногиронлар ҳуқуқлари фаолига айланди.

У куйишдан омон қолган аёллар ҳуқуқлари учун курашувчи Voice & Views ҳуқуқбонлик ташкилоти асосчисидир.

У ногиронлар ҳақида жамиятнинг хабардорлигини ошириш учун ўз ҳикояларидан фойдаланган ҳолда бешта қисқа метражли фильм суратга олган ва учта роман нашр эттирган.

Фирдавснинг таълими жуда кенг бўлиб, у инглиз адабиёти бўйича магистр ва ривожланиш тадқиқотлари бўйича даража эгасидир.

Паулина Чизиан, Мозамбик

Ёзувчи

1990-йиллардаги дебюти – "Шамолда елган севги балладаси" билан Паулина Чизиан Мозамбикда роман нашр этган биринчи аёл бўлди.

Мозамбик пойтахти Мапуто чеккасида ўсган Чизиан португал тилини католик мактабида ўрганган. У Эдуардо Мондлане университетида тилларни ўрганган, аммо уни тугатмаган.

Унинг асарлари турли тилларга, жумладан, инглиз, немис ва испан тилларига таржима қилинган. У "Биринчи хотин: кўпхотинлик тарихи" китоби учун маҳаллий Хосе Кравейриня мукофотини олди.

Яқинда у португал тилидаги энг нуфузли адабий мукофот ҳисобланган Camões мукофотини қўлга киритди.

Сюзанна Этти, Австралия

Экологик соғлом сайёҳлик эксперти

Саёҳат ва туризм саноатининг кам сонли иқлимшунос олимларидан бири Сюзанна Этти саноатни янада барқарор келажак сари олиб боришни истайди.

Унинг Intrepid Travel сайёҳлик компаниясида атроф-муҳитга таъсир бўйича глобал менежер экани компанияга углерод газини камайтириш бўйича тасдиқланган, илмий асосланган мақсади бор илк туроператор бўлишга имкон берди.

Этти углерод газини камайтиришга аҳд қилган сайёҳлик ширкатлари учун қўлланма муаллифи ва иқлим бўйича огоҳлик чақириғи билан чиққан 400 та сайёҳлик ташкилоти, компаниялари ва мутахассисларидан иборат кўнгиллилар ҳамжамияти бўлмиш Tourism Declares'нинг етакчи аъзосидир.

Бугунги кунда кўряпмизки, янада кўпроқ компаниялар атроф-муҳитга таъсирни камайтириш бўйича улкан мақсадларни белгилаш, тикланадиган энергияга сармоя киритиш ва узоқ муддатли эмиссияни қисқартириш орқали иқлим ўзгаришига қарши курашиш муҳимлигини тушунаётганини кўрмоқдамиз.

Сюзанна Этти

Луиза Мабуло, Филиппин

Фермер-тадбиркор

2016 йилда "Нок Тен" тўфони Филиппиннинг Камаринес-Сур провинциясининг айрим қисмларини босиб, қишлоқ хўжалиги ерларининг 80 фоизини вайрон қилди.

Луиза Мабуло Какао лойиҳасига асос солди, вайронагарчиликни бартараф қилишга бел боғлади. Ташкилот барқарор ўрмон хўжалиги орқали маҳаллий озиқ-овқат тизимини ўзгартиришни мақсад қилган.

Мабуло фермерларни қўллаб-қувватлайди, нобоп озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш ва қишлоқ етакчилик қиладиган яшил иқтисодиётни тарғиб қилади.

У халқаро иқлим сиёсати, қишлоқ тажрибаси ва билимларини тарқатиш бўйича маслаҳат беради. У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастури томонидан Ернинг ёш муҳофизи сифатида эътироф қилинган.

Мен каби одамлар бутун дунё бўйлаб ҳаракатларга асос солаётгани, келажакни жамиятларни боғлайдиган яшил ландшафтлар орқали қуришга, озиқ-овқатимиз барқарор ва арзон бўлган, адолатли иқтисод қуриш учун курашаётгани менга умид беради.

Луиза Мабуло

Кўнгилочар & Спорт

Айтана Бонбати, Испания

Футболчи

Каталонияда туғилган ярим ҳимоячи Айтана Бонмати бу йил ўзининг «Барселона» клуби билан ҳам Испания чемпионати, ҳам Чемпионлар лигасида ғолиб бўлди.

Аммо айнан Жаҳон чемпионати пайтида у жаҳон супер юлдузига айланди: у Испания ғалабасида катта роль ўйнади, учта гол урди ва турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. 25 ёшида у нуфузли "Олтин тўп"ни қўлга киритди ва УЕФА томонидан йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Ўз овозини майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам жаранглата олган Бонмати футболда аёллар тенглиги тарафдори.

Испания футбол федерацияси президенти Луис Рубиалеснинг футболчи Женни Ҳермосонинг лабидан ўпгани туфайли мамлакатнинг Жаҳон кубогидаги ғалабаси татимади. Бонмати ўзининг УЕФАга қабул нутқида жамоадоши ва шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган бошқа аёлларни қўллаб-қувватлади.

Кҳин Ҳнин Вай, Мьянма

Актриса

Мьянмада актриса сифатида деярли 25 йил олдин фаолиятини бошлаган Кҳин Ҳнин Ваи "Сан Е" фильмидаги бош роли билан шуҳрат қозонган. У Бирма киносининг энг муваффақиятли актрисаларидан бирига айланди.

Ҳозир у хайрия ишлари билан кўпроқ танилган. 2014 йилда у Кҳин Ҳнин Ваи жамғармасига асос солди, у етим ва ташлаб кетилган болаларга ёрдам беради.

Айни пайтда у ота-онаси турли сабабларга кўра боқа олмайдиган 100 га яқин болага ғамхўрлик қилмоқда.

Ҳнин Вай, шунингдек, болалар савдоси олдини олиш бўйича элчи ҳисобланади.

Энн Гралл, Франция

Комедиячи

Greenwashing Comedy Club – бу атроф-муҳит муаммолари, феминизм, қашшоқлик, ногиронлик ва ЛГБТ+ ҳуқуқларига қаратилган стендап комедия гуруҳидир.

Унга стендап комедиячи Энн Гралл асос солган, у ўткир ҳазиллар одамлар онгига ўзгариш уруғини экиши ва ҳатто уларнинг одатларига таъсир қилиши мумкинлигига ишонади.

Аниқ тушунчалар ва қисқа жумлалар устунлик қиладиган ўйин-кулгига асосланган жамиятда Гралл, кўпинча муболаға ва ўткир ҳазил иқлим ўзгариши ҳақидаги ғояларни етказиш учун ажойиб восита бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.

Greenwashing Comedy Club'нинг муваффақияти жуда қувонарли, чунки у бугунги кунда кўпчилик бир жойга тўпланиб, кулишиб, шоуни иқлим ўзгаришига қарши курашни давом эттиришга тайёр ҳолда тарк этаётганини кўрсатмоқда!

Энн Гралл

Десак Маде Рита Кусума Деви, Индонезия

Тезкор альпинист

Балидаги бошланғич мактабда ўқиётганида, Десак Маде Рита Кусума Деви тирмашиб чиқиладиган деворга чиқиб кўрди ва шундан кейин у бу спортга қизиқиб қолди.

У ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда эрта муваффақиятга эришди, аммо "Индонезия альпинист қироличаси" бу йил ҳақиқатан ҳам катта муваффақиятга эришди ва 2023 йилги IFSC Жаҳон чемпионатида аёллар ўртасида олтин медални қўлга киритди. Нафақат чемпион бўлди, балки рекорд ҳам қайд этди - 6,49 сония.

This feat earned her a ticket to the Paris 2024 Olympics, where speed climbing will feature as a separate event for the first time. Бу ютуқ унга 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланмани тақдим этди. Бу сафар олимпия ўйинларига тезкор арльпинизм биринчи марта алоҳида мусобақа сифатида киритилади.

Альпинист қиз ҳозиргача фақат бадминтон, оғир атлетика ва камондан отиш бўйича медалларга эга бўлган Индонезия учун Олимпиада тарихини янгилаши мумкин.

Андреса Дельгадо, Бразилия

Куратор ва маданият менежери

Сан-Паулу чеккасидаги қашшоқ ҳудудларда яшовчи одамларга комикслар анжуманида қатнашиш имкониятини бериш мақсадида Андреса Делгадо PerifaCon'ни ишга туширишга ёрдам берди.

Бепул тадбир Бразилиянинг чекка ва қашшоқ ҳудудларидан чиққан комикслар ёзувчилари, рассомларга қаратилган бўлиб, улар одатда истеъмолчи ёки маданият ижодкори сифатида эътибордан четда қолади.

Комикслар, видео ўйинлар, концертлар ва гик маданиятнинг бошқа элементларини ўзида жамлаган учинчи PerifaCon 2023 йилда бўлиб ўтди ва унда 15 000 дан ортиқ киши қатнашди.

Ютубер ва подкастер сифатида ўз платформаларидан фойдаланган Делгадо, айниқса қора танли рассомлар ижодига эътибор қаратиб, Бразилияда маданий маҳсулотларни демократлаштириш ҳақида гапириб келади.

Харманприт Каур, Ҳиндистон

Крикетчи

Бу йил Харманприт Каур Wisden'нинг "Йилнинг энг яхши беш крикетчиси" рўйхатига кирган биринчи ҳинд аёли бўлди.

Ҳиндистоннинг крикет бўйича аёллар терма жамоаси сардори уйда ҳам, хорижда ҳам сермаҳсул тўпурар ҳисобланади. Ўтган йили у ўз жамоаси билан Ҳамдўстлик ўйинларида кумуш медал соҳибига айланди.

Мамлакатдаги ички чемпионатда у "Мумбай ҳиндлари"ни март ойида бўлиб ўтган Аёллар Премер-лигасида ғалабага олиб борди.

Унинг фаолиятидаги энг ёрқин лаҳзалардан бири 2017 йилда содир бўлди, у 2017 йилда аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ярим финалида Австралияга қарши ўйинда Ҳиндистон терма жамоаси учун 171 та тўп киритиб, жамоасини финалга олиб борди.

Даён Ли, Жанубий Корея

Kpop4Planet асосчиси

Kpop4Planet орқали Даён Ли иқлим инқирозига қарши курашиш учун бутун дунёдаги К-поп мухлисларини бирлаштирмоқда.

2021 йилда ишга туширилганидан бери кампания жамоаси Жанубий Кореянинг энг йирик кўнгилочар брендлари ва стриминг хизматлари раҳбарларидан иқлим ўзгариши ва қайта тикланадиган энергияга ўтиш бўйича ўз ҳиссасини қўшишни сўради.

Гуруҳ моддий альбом чиқиндиларининг атроф-муҳитга таъсирини таъкидлаб, таниқли К-поп гуруҳларини рақамли альбомларга ўтишга чақирди.

Даён Ли ҳозир кўпинча К-поп машҳурларидан реклама мақсадида фойдаланадиган серҳашам мода брендларининг иқлим бўйича ўз ваъдаларига содиқлигини савол остига олмоқда.

Ижтимоий адолат учун биз ўзгаришлар қилмагунимизча таслим бўлмаймиз. Биз буни қайта-қайта кўрсатдик ва иқлим инқирозига қарши курашда буни давом эттирамиз.

Даён Ли

Жастина Майлз, АҚШ

Соқов ижрочи

Февраль ойида дунёдаги энг кўп томоша қилинган спорт мусобақаларидан бири бўлган Super Bowl LVII танловида Жастина Майлз тарихга кирди.

Соқов ижрочи мегаюлдузнинг сўзларини соқовча ишоралар билан ижро этган видеоси кенг тарқалди.

Шу билан у нуфузли Super Bowl шоусида Америка имо-ишора тилида қўшиқ ижро этган биринчи соқов аёл бўлди. Унинг "Қора миллий мадҳия" номи билан танилган "Lift Every Voice and Sing" қўшиғини ишоралар билан ижроси ҳам тадбирда биринчи бўлди.

Майлз дунёга соқовларнинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатишни ва кўпроқ соқов ҳамшираларни ўқитиш учун ўз тажрибасини қўллашни истамоқда.

Диа Мирза, Ҳиндистон

Актриса

Актриса Диа Мирза нафақат ҳинд киносидаги роллари учун мукофотланган, балки кўплаб экологик ва гуманитар лойиҳаларда ҳам иштирок этган.

БМТнинг Атроф-муҳит дастурининг эзгу ният элчиси сифатида Мирза иқлим ўзгариши, тоза ҳаво ва ёввойи табиатни муҳофаза қилиш каби масалалар бўйича хабардорликни оширишга ҳаракат қилади.

У "One India Stories" ижодий уйи асосчиси бўлиб, у ўз сўзлари билан айтганда, "сизни бир зум тўхтаб, ўйлашга мажбур қиладиган" таъсирли ҳикояларни сўзлаб беришга қаратилган.

У, шунингдек, "Болаларни асранг" ва "Ҳайвонларни ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси" элчиси ҳамда Табиатни қўриқлаш жамғармаси бошқаруви аъзосидир.

Зандиле Ндхлову, Жанубий Африка

Фридайвинг бўйича мураббий

Жанубий Африканинг биринчи қора танли аёл фридайвинг мураббийси сифатида Зандиле Ндҳлову океанга ҳар ким бора олишини истайди.

У "Қора сув париси" жамғармасига асос солган. Жамғарма дам олиш, профессионал фаолият ва спорт учун ёшлар ва маҳаллий жамоаларни океан билан таништиради.

Ндҳлову – океан тадқиқотчиси, ҳикоячи ва кино ижодкор. У бу кўникмалардан Океан қўриқчиларининг кейинги авлодини – океанлар ифлосланиши ва денгиз сатҳи кўтарилиши сабабларини ўрганиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда иштирок этадиган одамларни тайёрлашга ёрдам беради.

Жамиятни ўзгартиришга бел боғлаган ёшлар ва уларнинг айтар сўзлари ҳақида ўйлар эканман, иқлим инқирозини бартараф қилишга умид уйғонади.

Зандиле Ндхлову

Элис Осеман, Британия

Сценарист

Элис Осеман, мукофотга сазовор бўлган ёзувчи, иллюстратор ва сценарист, ўсмирлар учун «Юрак тўхтатувчи» романи муаллифидир. У, шунингдек, ЛГБТ+ ҳамжамияти ҳақидаги ҳикояни Netflix'нинг Эмми мукофотига сазовор бўлган шоусига мослаштирган.

Осеман ҳар бир эпизод учун сценарий ёзган ва кастингдан тортиб мусиқагача ҳар бир қисмига ҳисса қўшган.

У 19 ёшида нашр этган "Сукут радиоси, ишқсиз ва ёлғиз» каби ўсмирлар учун бошқа бир қанча романлар муаллифидир.

Унинг китоблари YA Book Prize, Инки мукофоти, Карнеги медали, Goodreads Choice мукофотлари каби бир қатор мукофотларга сазовор бўлган ёки номзод бўлган.

Парамида, Германия

DJ ва мусиқа продюсери

Ўтган йили Эронда норозилик намойишлари бошланишидан анча олдин, DJ Парамида эронлик аёлларга ўрнатилган маданий чегараларга қарши чиққан эди.

Ҳозир Берлинда яшаётган Парамиданинг мусиқа ва рақсга бўлган иштиёқи ўсмирлик чоғида Франкфурт ва Теҳронда шаклланган.

Рақс мусиқасининг рамзий тарихидан илҳомлан Парамиданинг Love On The Rocks овоз ёзиш компанияси эйфорик ва ўзгача рақс маданиятини тарғиб қилади.

Берлиндаги Berghain панорама барида резидент бўлганидан бери у халқаро даражадаги DJ ва моҳоратли мусиқа продюсерига айланди.

Камила Пирелли, Парагвай

Олимпия ўйинлари иштирокчиси

Унинг ихтисослиги еттикураш бўлса-да, айнан 100 метрга тўсиқлар оша югуриш Камила Пиреллига Токио Олимпиадасига йўлланма берди.

Гуарани пантераси номи билан танилган спортчи енгил атлетика бўйича бир қанча миллий рекордларни ўрнатган, спорт мураббийи ва инглиз тили ўқитувчисидир.

Пирелли иқлим ўзгариши оқибатларини бошдан кечирган Парагвайдаги кичик шаҳарчада, атроф-муҳитга эътиборли оилада ўсган.

У ҳозир чемпион экоатлет, яъни у ўзининг атлетик платформасидан одамларга иқлим ўзгариши ҳақида гапиришга ва углерод чиқиндиларини камайтириш учун чора кўришга ундаш ниятида.

Мен ёввойи табиатга яқин шаҳарда ўсганман. Бу ҳайвонларнинг иқлим ўзгариши сабабли азоб чекаётганини кўриш мени ташвишга солади, уларга ёрдам беришни хоҳлайман.

Камила Пирелли

Азиза Сбайтий, Ливан

Спринтер югурувчи

Мамлакатнинг 100 метрга югуриш рекордини янгилаганидан сўнг "тарихдаги энг тезкор Ливан аёли" сифатида тан олинган Азиза Сбайтий бу йилги Ғарбий Осиё ва Араб чемпионатларида олтин медални қўлга киритган биринчи қора танли спортчи бўлди.

У либериялик она ва ливанлик отадан туғилган. 11 ёшида у Ливанга кўчган ва шу ерда териг рангига асосланган ирқчиликдан азият чеккан.

Енгил атлетика у учун ўзини кашф қилиш ва имкониятларни ошириш воситасига айланди, шунингдек, унинг фаолликка бўлган иштиёқини кучайтирди.

У ўз мавқеидан мамлакатдаги тизимли ирқчилик ҳақида гапириш, инклюзивлик ва тенгликни ҳимоя қилиш учун фойдаланди. Ҳозир Ливан ёшларини илҳомлантириш учун мактаблар ва университетлар билан ишламоқда.

Бьянка Уильямс, Британия

Атлет

Бьянка Уильямс, 4х100 м масофага югуриш бўйича Европа ва Британия Ҳамдўстлик олтин медали соҳибаси, 2023 йилги Европа жамоалар чемпионатида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия терма жамоаси сардори бўлган.

Июль ойида у Британия енгил атлетика чемпионатида 200 метрга югуришда иккинчи ўринни эгаллади ва Будапештда бўлиб ўтган жаҳон енгил атлетика чемпионатида Британия жамоаси сафидан жой олди.

У ва унинг партнери, атлет Рикардо Дос Сантос 2020 йил июль ойида Лондонда полиция томонидан тўхтатилган ва тинтув қилинган.

Уильямс ва Дос Сантос полицияни ирқий камситишда айблаб, шикоят қилишди. Икки зобит қўпол қоидабузарликда айбдор деб топилиб, ишдан бўшатилди.

Америка Феррера, АҚШ

Актриса

Кўнгилочар саноат оламида бир зумда таниб олинадиган чеҳра, мукофотга сазовор бўлган актриса, режиссёр ва продюсер Америка Феррера турли ажойиб роллари, жумладан, яқинда суратга олинган "Барби", "Бўлиқ қоматли чин аёл" фильми ва машҳур "Бадбашара Бетти" телесериали билан машҳур.

У Бадбашара Бетти фильмидаги роли учун энг яхши актриса йўналишида Эмми мукофотини қўлга киритган. Феррера, узоқ йиллик фаол, аёллар ҳуқуқлари курашчисидир.

Гондураслик муҳожирлар оиласида туғилган Феррера Poderistas нотижорат ташкилоти орқали Қўшма Штатлардаги лотин америкаликлар ҳаётини яхшилаш учун кампания олиб бормоқда.

Антиниска Ченчи, Италия

Чавандоз

Антиниска Ченчи 30 ёшида чавандозликни бошлаганида, у 10 йил ўтгач, от устида гимнастика жамоаси билан сафарга чиқишини кутмаган эди.

Италия шимолидаги Ла Фениче шаҳрида унинг ҳаёти осон кечмади. Оғир туғруқ билан дунёга келгани сабабли шифокорлар унинг онасига фарзанди биринчи шамоллашдан ўтмаслиги мумкинлигини айтишган.

Ченчи маҳаллий ANFFAS марказида (Италиянинг ногиронлар миллий ассоциацияси) ва Ла Фениче от устида сакраш жамоаси бошлаган дастур доирасида шу спортга қизиқиб қолди.

У ҳозирда чавандозлик бўйича жаҳон чемпиони Анна Кавалларо ва мураббий Нелсон Видони билан машғулотлар олиб бормоқда.

Жоржия Ҳаррисон, Британия

ТВ бошловчи

Суратлари орқали жинсий таҳқирланишдан азият чеккан Жоржия Ҳаррисон ўз тажрибасидан аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашда ёрдам беришга қарор қилди.

"Севги ороли" ва "Ягона йўл Эссекс" каби кўрсатувлардаги чиқишлари билан танилган телебошловчи Буюк Британиянинг "Интернет хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунига "интиқом порноси" дея аталмиш интим тасвирлар орқали шантаж қилганлик учун жавобгарлик белгилаш кампаниясини бошлади.

Ҳаррисон онлайн платформаларни эгасининг розилигисиз олинган ёки чоп этилган сурат ёки видеоларни жойлаштирганлик учун янада қаттиқроқ оқибатларга дучор қилишга чақирмоқда.

Сиёсат & Активизм

Шамса Аравило, Сомали/Британия

Аёллар хатнасига қарши курашчи

Шамса Аравило аёллар хатнасига чек қўйиш учун бевосита онлайн видеолари орқали таълим беради, бу масала юзасидан хабардорликни оширади.

Сомалида туғилган, аммо ҳозир Буюк Британияда яшовчи Аравило олти ёшида аёллар хатнаси, яъни тиббий сабаб бўлмаса ҳам аёл жинсий аъзоларининг бир қисмини ёки бутунлай олиб ташлаш амалиётини бошдан кечирган.

TikTok'даги 70 миллиондан ортиқ кузатувчилари орқали у ҳеч ким бу муаммодан хабарсиз қолмаслигини таъминлашни хоҳлайди.

Ҳозир у хорижда қолиб кетган, номус зўрлигига дучор бўлган Британия фуқароларига ёрдам бермоқда. У, шунингдек, Лондон полициясига аёллар хатнаси муаммоси бўйича маслаҳат беради ва Garden of Peace хайрия ташкилотини очди.

Ясмина Бенслимане, Марокаш

Politics4Her асосчиси

Гендер тенглиги учун курашга бел боғлаган Ясмина Бенслимане аёлларнинг сиёсий ва қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этишига ёрдам берувчи Politics4Her ташкилотига асос солди.

Сентябрь ойида унинг ватани Марокашда даҳшатли зилзила содир бўлганида, Бенслимане ва унинг ташкилоти гендерни ҳисобга олиб ёрдам кўрсатишга чақирди.

У фалокат вақтида аёлларнинг айниқса ожиз бўлиб қолиши, бу вақтда қашшоқлик ва мажбурий никоҳ каби муаммолар зўрайишига эътибор тортадиган манифестни нашр этди.

У бир қанча нотижорий ташкилотларда маслаҳатчи ва бошқарув кенгаши аъзоси сифатида ёш аёлларга етакчилик кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам бермоқда. Ўз фаолияти учун у БМТнинг "Тинчликпарвар аёллар" мукофоти билан тақдирланган.

Йел Браудо-Бахат, Исроил

Адвокат

Йел Браудо-Баҳат, "Аёллар тинчлик учун" (АТУ) директори. У ўзининг ҳуқуқий тажрибаси, билимини Исроилда 50 000 дан ортиқ аъзоси бўлган ушбу тинчлик ҳаракати учун сафарбар қилган.

2014 йилда ташкил этилган АТУ Исроил-Фаластин можаросини музокаралар йўли билан ечишга чақиради ва тинчлик жараёни аёллар фаоллигини қўллаб қувватлайди.

Сўнгги икки йил давомида АТУ Фаластиндаги "Қуёш аёллари" ҳаракати билан ҳамкорлик қилди.

Браудо-Баҳатнинг айтишича, у таниқли тинчлик фаоли ва АТУ ҳаммуассиси, ўз ҳаётини ўнлаб йиллар давомида исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида ўзаро тушуниш ва тенгликни таъминлашга бағишлаган устози Вивиан Силвердан қарздор. Силвер 2023 йил 7 октябрь куни Ҳамас ҳужумида ҳалок бўлган.

Белла Галос, Шарқий Тимор

Сиёсий фаол

Қўрқмас тарғиботчи Белла Галос 2002 йилда Индонезиядан мустақилликка эришгунга қадар ва ундан кейин Шарқий Тиморда катта роль ўйнади.

Сургундаги йиллар давомида у дунё бўйлаб саёҳат қилиб, ўз халқи мустақиллигини ҳимоя қилди. Озод қилинганидан кейин Шарқий Тиморга қайтган Галос ўнлаб йиллар давом этган тўқнашувлардан сўнг мамлакатни қайта тиклашда иштирок этди. Мамлакат аҳолисининг ярми ўта камбағал ҳолга келганди.

2015 йилда у барқарор ривожланишга ёрдам берувчи ва болаларни ўзгаришлар курашчиси бўлишга илҳомлантирадиган Люблора Яшил мактабини очди.

Галос ҳозирда Шарқий Тимор Президентининг аёллар иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича маслаҳатчиси, ЛГБТ+ ҳамжамиятининг таниқли овози ҳисобланади.

Рина Гоной, Япония

Собиқ ҳарбий

2011 йилдаги ҳалокатли зилзила ва цунамида аёл аскарлар 11 ёшли Рина Гонойга ёрдам берган, ўшандан бери у Япониянинг ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларида хизмат қилишни орзу қилган.

У офицер бўлди, лекин унинг болаликдаги орзулари чил-чил синди, чунки у «кундалик» жинсий таҳқирларга учраганди.

Гоной 2022 йилда ҳарбийликдан кетди ва масъулиятга чақирувчи оммавий кампанияни бошлади. Бу эркаклар ҳукмронлик қиладиган жамиятда қийин вазифа бўлиб, жинсий зўравонлик қурбонлари очиқ гапирса, қаттиқ қаршиликка дуч келади.

Унинг иши сабабли армия ички текширув ўтказишга мажбур бўлди, натижада 100 дан ортиқ бошқа жинсий таҳқирлар ҳақида шикоятлар келиб тушди. Кейинроқ Мудофаа вазирлиги Гонойдан узр сўради.

Сония Гуажажара, Бразилия

Вазир

Бразилияда туб аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатининг кўзга кўринган арбоби, Сония Гуажажара 2023 йилда тубжой аҳоли масалалари бўйича вазир бўлди. Янги сайланган президент Лула да Силва буни тарихий тайинлов деб атади.

У экологик жиноятларга қарши курашни ўзининг устувор вазифаларидан бирига айлантиришга ваъда берди.

Гуажажара Амазон минтақасида, Арарибояда саводсиз ота-онадан туғилган. У ерда иқлим ўзгариши экотизимни қанчалар вайрон қилаётганини ўз кўзлари билан кўрган.

У адабиётни ўрганиш, ҳамшира ва ўқитувчи бўлиб ишлаш ва фаол сифатида ишларини бошлаш учун кетди. 2022 йилда у Сан-Паулу штатининг биринчи тубжой аҳолисидан бўлган конгрессменига айланди.

Биз иқлим адолатини қарор топтириш ва экологик ирқчиликка қарши қандай курашиш ҳақида ўйлашимиз керак, чунки иқлим ўзгаришидан энг кўп таъсирланадиган одамлар атроф-муҳитни энг яхши ҳимоя қила оладиган одамлардир. Биз туб халқлар биологик хилма-хиллик ва ҳаётнинг ҳақиқий муҳофизларимиз.

Сония Гуажажара

Диэнна Дэвисон, Британия

Парламент аъзоси

2019 йилда Диэнна Дэвисон 1885 йилда Бишоп Окленд сайлов округи ташкил этилганидан бери ҳудуддан биринчи консерватив депутат бўлди. 2022 йилда у ижтимоий мобиллик ва қайта тикланиш масалаларига эътибор қаратиб, тенглаштириш вазири бўлди.

У 2023 йил сентябрь ойида сурункали мигрендан азият чекаётганини билдириб, истеъфога чиқди.

Дэвисон 13 ёшида эканида, отаси бир мушт билан ўлдирилган, бу воқеа унинг сиёсатга киришига туртки берди. У "One Punch Assaults" парламент гуруҳига асос солди ва "One Punch UK" билан биргаликда адолат ва ҳукм ислоҳоти учун ташвиқот олиб борди.

У, шунингдек, сурункали мигренни даволаш усулларини такомиллаштириш ва инвазив лобуляр саратон бўйича тадқиқотлар учун маблағни кўпайтиришга чақирмоқда.

Сюй Заозао, Хитой

Аёлларнинг ўз тухумини музлатиб қўйиш ҳуқуқи учун курашчи фаол

2018 йилда у Пекиндаги давлат шифохонасида тухумларини музлатиб қўйдирмоқчи бўлган. Аммо Сюй Заозаога Хитойда бу процедура фақат турмуш қурганлар учун мавжудлигини айтишган.

У Хитойда турмушга чиқмаган аёлларнинг ўз тухумларини музлатиш ҳуқуқи бузилаётганидан биринчи марта шикоят қилиб, шифохонани судга берди.

2019 йил декабрь ойида бошланган судлашув мамлакатда туғилиш даражаси пастлиги ҳақидаги хавотирлар манзарасида матбуот сарлавҳаларига чиқди.

Якуний ҳукм ҳали чиққани йўқ, бироқ Сюйнинг иши ҳуқуқ, тиббиёт ва ахлоқшунос олимлар томонидан ўрганилмоқда. Бугунги кунда у ёлғиз аёлларнинг репродуктив ҳуқуқлари учун таниқли ҳимоячига айланган.

Наташа Кандич, Сербия

Адвокат ва инсон ҳуқуқлари фаоли

1990-йиллар бошида собиқ Югославияда уруш бошланганидан бери Наташа Кандич уруш давридаги ваҳшийликларни, зўрлаш, қийноқлар, қотиллик ва ғойиб бўлишларни ҳужжатлаштирган.

У Белграддаги уруш жиноятлари бўйича судда турли миллатга мансуб қурбонлар оилаларини ҳимоя қилган ва Сербия диктатори Слободан Милошевич ҳукуматининг Косовога нисбатан сиёсатини текширган гуруҳ аъзоси бўлган.

Кандич Гуманитар ҳуқуқ маркази асосчиси бўлиб, у кўпинча уруш жиноятларини холис тергов қилгани учун олқишланган.

У тахминан 130 000 кишининг ўлимига сабаб бўлган Болқон урушлари ҳақидаги фактларни ўрганадиган RECOM тармоғини ташкил этишга кўмаклашган.

Рухшана Капали, Непал

Уйга эгалик ҳуқуқи ҳимоячиси

Непалнинг туб аҳолиси Нева аъзоси, трансгендер ҳуқуқлари ҳимоячиси Рухшана Капали болалигида маълумот етишмаслиги сабабли ўзини англашга қийналган.

У гендер хилма-хиллик ва жинсият ҳақида ўзини ўзи ўқитиш учун узоқ йў босиб ўтди. У ўсмирлик даврида ижтимоий тармоқларда гейлар ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни кўтара бошлади.

Ҳозирда у ҳуқуқшунослик факультетининг учинчи курс талабаси ва Непалда ЛГБТ+ вакилларининг қонуний ва конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол.

Капали Нева халқининг тарихан маргиналлашган кастаси Жугидан бўлиб, у ўз халқининг анъанавий уйларидан мажбуран кўчирилишига қарши курашмоқда.

Алисия Кауия, Эквадор

Тубжой аҳоли ҳуқуқи учун курашчи

Эквадорнинг Амазон тропик ўрмонларини муҳофаза қилиш учун курашда муҳим шахс сифатида Алисия Кауйя бу йил катта муваффақиятгага эришди.

Август ойида бўлиб ўтган тарихий референдумда эквадорликлар Ясуни миллий боғида барча янги нефть қазиш ишларини тўхтатишга овоз беришди. Бу давлат нефть компанияси сайёрамиздаги энг биологик хилма-хил минтақалардан бирида фаолиятини тўхтатишини англатади.

Ясунида туғилган ва Ваорани элати етакчиси бўлган Кауия ўн йилдан кўпроқ вақт давомида референдум учун ташвиқот олиб борган.

Ҳозирда у Эквадор Тубжой халқлари конфедерациясининг аёллар бўлими раҳбаридир.

Иқлим ўзгариши экинларимизни йўқ қиладиган сув тошқинларини келтириб, аҳволимизни ўзгартирди. Қуёш ҳаддан ташқари қизиб, қурғоқчилик бошланганда, озиқ-овқатимизнинг кўп қисми нобуд бўлади, бу эса ташвишимизни орттиради. Чунки экин этиштириш учун қилинган бутун меҳнатимиз беҳуда кетади.

Алисия Кауия

Амал Клуни, Британия/Ливан

Инсон ҳуқуқлари адвокати

Амал Клуни сўнгги йигирма йил давомида адолатсизлик қурбонларини ҳимоя қилган инсон ҳуқуқлари фаоли, хизматлари учун мукофотланган.

Унинг муҳим ишлари Арманистон ва Мянмадаги геноцид, Малави ва Кенияда аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик ва Украинадаги инсониятга қарши жиноятларга даҳлдордир.

Сўнгги муваффақиятлар орасида ИШИД жангариси ва Дарфур ҳарбий қўмондони қурбонларини ҳимоя қилган. У репрессив режимлар нишонига айланган журналистлар ва бошқа сиёсий маҳбусларни ҳам ҳимоя қилиб келган.

У Колумбия Ҳуқуқ мактабида ёрдамчи профессор, 40 дан ортиқ давлатда ҳуқуқи бузилганларга бепул юридик ёрдам кўрсатувчи Адолат учун Клуни жамғармаси асосчиларидан биридир.

Софья Косачева, Россия

Ўт ўчирувчи

Дастлаб опера қўшиқчилигидан дарс берган Софья Косачева 2010 йилда бир гуруҳ ўт ўчирувчилар билан учрашганида яна бир қизиқишни топди.

У ўзи ўт ўчирувчи бўлди ва Россияда ўрмон ёнғинларига қарши кўнгиллиларни тайёрлаш учун жамоа тузди. Бу бутун мамлакат бўйлаб 25 дан ортиқ кўнгиллилар гуруҳлари пайдо бўлишига туртки берди.

У Россия бўйлаб юзлаб ёнғинларни ўчиришга ёрдам берган ва расман "номақбул ташкилот" деб топилиб, Россиядаги филиали ёпилгунига қадар Гринпис билан ҳамкорлик қилган.

Косачева шунингдек, кўнгилли ўрмон ўт ўчирувчилари учун веб-сайт яратди, у ўрмон ёнғинлари олдини олиш ва назорат қилиш бўйича рус тилидаги энг тўлиқ маълумотлар базаси ҳисобланади.

Иқлим инқирози қанчалик катта бўлмасин, ҳар бир буюк ютуқ кичигидан бошланади. Биз глобал миқёсда бирор нарсани ўзгартириш учун жуда кичик бўлиб туюлишимиз мумкин, барибир, ўзгаришни атрофимиздан бошлашимиз керак.

Софья Косачева

Нажла Муҳаммад Ламин, Ғарбий Саҳрои Кабир

Аёллар ҳуқуқлари ва иқлим фаоли

Алмасар кутубхона маркази асосчиси Нажла Моҳаммад-Ламин Жазоир жануби-ғарбидаги Саҳрои қочқинлар лагерларида аёллар ва болаларни саломатлик ва атроф-муҳит ҳақида ўқитишни истайди.

1975 йилдан бери Марокаш истилоси остидаги Испаниянинг собиқ мустамлакаси бўлган Ғарбий Саҳрои Кабирдан бўлган унинг оиласи зўравонликлардан қочиб, яшаб турган жойини тарк этишга мажбур бўлган.

Ўсмирлик чоғида лагерларда туғилиб ўсган Муҳаммад-Ламин инглиз тилини ўрганди, хорижий делегациялар учун таржимонлик қилди ва ўқиш учун пул тўплагач, чет элда ўқишга муваффақ бўлди.

Барқарор ривожланиш ва аёллар тадқиқотлари бўйича ўқишни тамомлагач, у 200 000 дан ортиқ саҳройи қочқинларга иқлим ўзгариши туфайли ёмонлашган сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бериш учун лагерларга қайтди.

Уйларимиз сув тошқинлари ва қум бўронлари туфайли мунтазам вайрон бўладиган, одамлар юқори ҳароратдан азият чекаётган чўл минтақасида иқлим ўзгаришининг зўрайиб бораётган салбий таъсирига қарши туришимиз керак. Ваҳоланки, бизнинг халқимиз иқлим инқирозига сабабчи бўлмаган.

Нажла Муҳаммад Ламин

Моника МакУильямс, Британия

Собиқ сиёсатчи ва тинчлик музокарачиси

Бу йил Шимолий Ирландиянинг Хайрли жума битими имзоланганига 25 йил тўлди. Моника МакУильямс келишувга олиб келган кўп томонлама тинчлик музокараларида бош музокарачи сифатида муҳим роль ўйнаганди.

У мазҳаблараро тафовутларни четлаб ўтган Шимолий Ирландия аёллар коалициясига асос солган ва бу коалиция тинчлик шартномасига муҳим бандларни кирита олган.

У Шимолий Ирландиянинг биринчи Қонунчилик Ассамблеясига сайланди ва Шимолий Ирландия Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси бош комиссари сифатида Шимолий Ирландия ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича тавсиялар ишлаб чиқди.

МакВильямс ҳозирда қуролли гуруҳларни тарқатиб юбориш бўйича комиссар ҳисобланади ва аёлларга нисбатан зўравонлик ҳақида тез-тез чиқишлар қилади.

Уланда Мтамба, Малави

Болалар никоҳига қарши курашчи

Уланда Мтамба, Малавининг Лилонгве шаҳрида аёллар таълимига эътибор берилмайдиган жамоада ўсган. Бу ерда кўплаб қизлар 18 ёшга тўлмай турмушга чиқиш учун мактабни тарк этишга мажбур бўларди.

Мтамба жамиятдаги мавжуд тартибга қарши чиқди ва нафақат университетни тамомлади, балки магистрлик даражасини ҳам олди.

У қизларни эрта турмуш қуришдан ҳимоя қилувчи амалдаги қонунлар ижросини таъминлаш, шунингдек, эрта ҳомиладорлик билан боғлиқ хатарларга қарши курашга маблағ кўпайтириш тарафдори.

Ҳозирда у қитъадаги барча қизлар ўрта таълим олишига эришиш учун курашадиган AGE Africa ташкилотида Малавида бўйича директор бўлиб ишлайди.

Тамар Мусеридзе, Грузия

Журналист

18 ёшидан бери Грузия жамоат телерадиокомпаниясининг юзи бўлган, Тамуна номи билан ҳам танилган телебошловчи Тамар Мусеридзе ҳамма нарсага эга эди. Аммо 31 ёшига келибгина ўзининг ёшликда асраб олинганини билгач, ҳаёти кескин ўзгарди.

У ўзинининг биологик ота-онасини топиш учун ҳамма нарсадан воз кечди ва изланиши давомида 1950 йиллардан бери Грузияда болаларни асраб олиш бўйича катта қора бозор бўлганлиги ҳақида далилларга дуч келди.

У Facebook'да "Мен қидиряпман" гуруҳини очди, бу эса асосан туғруқхонадан болаларни ноқонуний асраб олишлар ҳақида жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди.

Мусеридзе ташкилоти юзлаб оилани топишишга ёрдам берган, бироқ у ҳамон ўзиникини изламоқда.

Нима Намадаму, Конго Демократик Республикаси

Ногиронлар ҳуқуқлари учун курашчи

«Қаҳрамон аёллар келмоқда», ёки «Мама Шужа» тармоғи Конгодаги аёллар ва ўсмир қизларга ёрдам бермоқда.

Ногиронлар ҳуқуқлари фаоли Нима Намадаму таълим ва технология орқали аёллар овозини кучайтириш, уларни ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун бошланғич ташкилотга асос солди.

Намадаму шарқий Конгонинг чекка ҳудудида туғилган ва икки ёшида полиомиелит билан оғриган. У ўз элати орасида университетни битирган биринчи ногирон аёл бўлди.

У парламентга сайланди ва гендер ва оила масалалари бўйича вазир маслаҳатчиси бўлди.

Мишел Обама, АҚШ

Ҳуқуқшунос, муаллиф ва фаол

Собиқ биринчи хоним Мишел Обама қизларнинг муносиб таълим олишини таъминлаш учун ишлайдиган глобал бошланғич ташкилотларни қўллаб-қувватловчи Қизлар учун имкониятлар Альянси асосчисидир.

Ушбу Альянс бутун дунё бўйлаб ўсмир қизларнинг сифатли таълим олишига ёрдам бериш учун Мишел Обама томонидан биринчи хоним сифатида илгари сурилган "Қизлар ўргансин" ташаббусига асосланади.

Биринчи хоним сифатида у яна учта муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлади: ота-оналарга соғлом болаларни тарбиялашга ёрдам бериш учун "Ҳаракат қилайлик!"; АҚШ ҳарбий хизматчилари, фахрийлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш учун "Бирлашган кучлар"; ва ёшларни олий маълумот олишга ундовчи "Юксакка интил" ташаббуслари.

Сепида Рашну, Эрон

Ёзувчи ва рассом

Сепида Рашну Эронда мажбурий ҳижоб қоидаларига фаол норозилиги билан танилди.

Автобусда рўмол ўрашни талаб қилган аёл билан жанжалдан кейин у ҳибсга олинган.

Ҳали ҳибсда бўлганида, у давлат телевидениесида юзидаги кўкаришлар билан чиқиб, қилмиши учун "узр сўраган". Бу воқеа 2022 йилнинг июль ойида, 22 ёшли Маҳса Аминийнинг Эрон ахлоқ полицияси ҳибсхонасида вафот этишидан бир неча ҳафта олдин юз берганди.

Шу йил бошида Рашну ҳижобсиз тушган суратларини интернетга жойлаштиргани учун судга тортилди. Унинг айтишича, у фаоллиги учун университетдан четлаштирилган.

У ҳозир қамоқда эмас ва мажбурий ҳижоб қоидаларига қарши чиқишда давом этмоқда.

Бернадетт Смит, Тошбақа ороли/Канада

Яқинларини йўқотганлар ҳуқуқлари ҳимоячиси

2008 йилда синглиси ғойиб бўлгач, Бернадетт Смит уни тиним билмай излади.

У Канада бўйлаб бедарак йўқолган ва ўлдирилган туб аҳоли аёллари ва қизларининг оилалари ҳимоячисига айланди ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва излашга ёрдам бериш учун коалиция тузди.

У, шунингдек, Виннипегнинг Қизил дарёси бўйлаб йўқолган одамлар жасадларини ёки уларнинг далилларини қидирадиган "Drag the Red" ташаббусини йўлга қўйди.

Смит яқинда Манитоба Қонунчилик Ассамблеясида учинчи муддатга сайланди ва провенция вазирлар маҳкамасида вазир лавозимига тайинланган иккита тубжой аёлнинг биринчиси бўлди. Ҳозир у уй-жой, гиёҳвандлик ва уйсизлик бўйича вазирдир.

Ирина Ставчук, Украина

Иқлим сиёсати бўйича маслаҳатчи

Иқлим сиёсати бўйича етакчи эксперт Ирина Ставчук яқинда Европа Иқлим жамғармасига Украина дастури менежери сифатида қўшилди. Унинг асосий мақсади ўз мамлакатини урушдан кейинги тикланиш учун яшил ва иқлим ўзгаришига чидамли ечимларни ишлаб чиқишдир.

Бу лавозимни эгаллашдан олдин у 2019 йилдан 2022 йилгача Украина ҳукуматида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири ўринбосари лавозимида ишлаган ва унда иқлим ўзгариши сиёсати, Европа интеграцияси, халқаро алоқалар ва биологик хилма-хиллик учун масъул бўлган.

Ставчук, шунингдек, иккита таниқли экологик ноҳукумат ташкилотлар – Ecoaction ва Киев велосипедчилар ассоциацияси ҳаммуассисидир. У иқлим ўзгариши масалалари бўйича ишлайдиган фуқаролик жамияти гуруҳларининг минтақавий тармоқларини мувофиқлаштиради.

Бизнинг вазифамиз – ўзимиз яшайдиган жой ва муҳит учун қўлимиздан келганини қилишдир. Мен Авлиё Френциск Ассизининг сўзларига амал қиламан: "Ишни энг заруридан бошла; кейин имкони бўлган ишни қил; ва бирдан имконсиз нарсани эплаётганинг маълум бўлади."

Ирина Ставчук

Глория Стайнем, АҚШ

Феминист етакчи

1970 йиллардан буён глобал феминистик ҳаракат етакчиси бўлган Глория Штайнемнинг феминизмга қўшган ҳиссаси бутун дунёда эътироф этилган.

Стайнем фаол, журналист, ёзувчи, ўқитувчи ва оммавий ахборот воситалари вакили сифатида тенглик масалаларини мудом кўтариб келган.

У, шунингдек, 1971 йили Ms. Magazine журналига ҳам асос солган. У Қўшма Штатларда аёллар ҳуқуқлари ҳаракати масалаларини жамоатчиликка етказган биринчи даврий нашр ҳисобланади.

89 ёшида Стайнем Women's Media Center, ERA Coalition ва Equality Now каби мавсумий ташкилотларни қўллаб-қувватлаб, янада адолатли дунё яратиш йўлидаги фаолиятини давом эттирмоқда.

Суммия Тора, Афғонистон

Қочқинлар ҳуқуқлари ҳимоячиси

«Дўсти» тармоғи Афғонистондаги ва хорижда қочқин бўлиб яшаётган афғонларни керакли манбалар ва маълумотлар билан таъминловчи ташкилот бўлиб, 2021 йилда Толибон ҳокимиятни босиб олгач тузилган.

Унинг асосчиси Суммия Тора афғонистонлик қочқин сифатида уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган одамлар дуч келадиган қийинчиликларни яхши тушунади.

Унинг фаолияти қочқинларни жойлаштириш ва можаролардан жабрланган талабалар учун таълим олиш имконияти яратишга қаратилган.

Таълим кучини яхши билган Тора БМТ ва Жаҳон банки, Малала жамғармаси ва Schmidt Futures каби ташкилотлар билан ҳамкорлик қилди. Ушбу ҳамкорликлар орқали у қочқинлар ва фавқулодда вазиятларда аёлларга алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг таълим олиш имкониятини яратишга ҳисса қўшмоқда.

Кристиана Фигерес, Коста-Рика

Дипломат ва иқлим сиёсати бўйича музокарачи

2009 йилда Копенгагенда бўлиб ўтган БМТ иқлим саммитида музокаралар тўхтаб қолганда, муаммони ҳал қилиш учун Кристиана Фигерес жалб қилинган.

БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конвенциясининг ижрочи котиби этиб тайинланган Фигерес кейинги олти йил давомида мамлакатлар умумий иқлим стратегияси бўйича келишиб олишини таъминлаш режасини ишлаб чиқди.

Қисман унинг фаолияти туфайли 200 га яқин томон 2015 йилги Париж битимини имзолади. Бу халқаро шартномага кўра, давлатлар ўртача глобал ҳарорат кўтарилишини саноатгача бўлган даражадан 2,0 С даража чегарасида ушлаб туриш мажбуриятини олади.

Фигерес иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича амалий ечимларни қабул қилиш учун бизнес билан ҳамкорлик қилувчи Global Optimism ташкилоти ҳаммуассиси ҳисобланади.

Баъзида қайғуга тушаман, ҳис-туйғуларим мени фалаж қилади, ҳаракат қила олмай қоламан. Бошқа пайтларда ғазабланаман, ҳиссиётга берилиб, жавоб қайтаришни истайман. Аммо энг яхши кунларимда мен азобим ва ғазабимни туйғуларимга боғлайман, уларни куч, муҳаббат ва қувонч билан олға бориш, орзумиздаги яхшироқ дунёни яратишда иштирок этиш йўлидаги мажбуриятимга айлантираман.

Кристиана Фигерес

Марям ал-Хожа, Баҳрайн/Дания

Инсон ҳуқуқлари фаоли

Даниялик-баҳрайнлик инсон ҳуқуқлари фаоли Марям Ал-Хожа Баҳрайн ва Форс кўрфази минтақасида сиёсий ислоҳотлар учун етакчи овоздир.

Инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларини омма эътиборига олиб чиқади, хусусан, #FreeAlKhawaja кампанияси орқали отаси Абдулҳадий Ал-Хожанинг озод этилишини талаб қилмоқда. Отаси таниқли фаол ва виждон маҳкумидир. У 2011 йилда Баҳрайндаги демократик намойишларда қатнашганидан кейин умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.

Ал-Хожа бир нечта кенгашларда, жумладан, Civicus ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро хизматда ишлаган ва янги ташкил этилган FRIDA ва Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар феминистик ташкилотида иштирок этмоқда.

Ренита Ҳолмс, АҚШ

Уйсизлар ҳуқуқи учун курашчи

Маямининг Кичик Гаити маҳалласида яшовчи Ренита Ҳолмс хоним O.U.R. Homes ширкатининг асосчисидир. Ушбу ширкат АҚШнинг Флорида штатида уйлар, бизнес ва кўчмас мулк бўйича консалтинг хизмати кўрсатади.

У жамиятдаги озчилик ва заиф қатламларнинг уйга эгалик ҳуқуқини, жумладан, иқлим ўзгариши сабабли уй-жой нархлари кўтарилишидан азият чекаётганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Ҳолмсни 11 фарзанди бўлган ёлғиз она ўстирган, ногиронлиги бор аёлдир.

У Клео Институтининг Бардошли аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури аъзоси бўлиб, мазкур дастур далилларга асосланган таълим орқали иқлим ўзгаришига қарши ҳаракатни кучайтиришга қаратилган. Ренита афро-америкалик ва шаҳар марказидаги аёлларга даҳлдор масалаларда маҳаллий уй-жой агентликларига ёрдам беради.

Аёл сифатида Она замин билан ришталаримиз тан олинишига умид қиламиз. Биз бардошли, кучлимиз. Биз ҳаракат қиламиз ва биз эътиборсиз эмасмиз.

Ренита Ҳолмс

Фан, Соғлиқ & Технология

Басима Абдураҳмон, Ироқ

Яшил қурилиш тадбиркори

2014 йилда "Исломий давлат" деб аталувчи гуруҳ ўз ватани Ироқнинг катта қисмини эгаллаб олганида, Басима Абдураҳмон Қўшма Штатлардаги университетда таҳсил олаётган эди.

Уруш натижасида кўплаб шаҳарлар вайрон бўлди, лекин Абдураҳмон қурилиш муҳандислиги бўйича магистрлик даражасини олиб, ватанига қайтганида, қаерга эътибор қаратиш зарурлигини дарров пайқади.

У Ироқдаги биринчи яшил қурилиш ташаббуси бўлган KESKга асос солди. У Ироқнинг анъанавий қурилиш усулини янги энергия тежайдиган технология ва материаллар билан омихталаштириб яшил бинолар қуриш мумкинлигини аниқлади.

У бугунги қурилиш амалиёти келажак авлодлар фаровонлигига путур етказмаслиги керак дейди.

Мен иқлим инқирозидан хавотирдаман. Хавфни юмшатиш учун ечим топмай туриб қандай қилиб ҳар ким ҳотиржам бўлиши мумкин?

Басима Абдураҳмон

Баянг, Хитой

Атроф-муҳит фаоли

2018 йилдан бери Баянг маҳаллий турлар ва сув манбаларидаги ўзгаришларни кузатиш, об-ҳавони қайд этиш ва ўсимликларни кузатиш бўйича эко-журнал тўлдиради.

У асосан Хитойнинг Тибет платосида жойлашган, ҳарорат кўтарилиши, музликлар эриши ва чўлланиш каби иқлим ўзгариши оқибатларини бошидан кечираётган Цинхай провинциясида яшайди.

Баянг Саньцзянъюань аёллар экологик тармоғи аъзоси ва ўз жамиятида саломатлик ва барқарор ривожланиш учун курашмоқда.

У экологик тоза маҳсулотлар, жумладан, маҳаллий сув манбаларига зарар етказмай ишлаб чиқарилган лаблар учун бальзам, совун ва сумкалар чиқариш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишига бошқаларни илҳомлантиришда тажриба орттирди.

Анамария Фонт Виляроэл, Венесуэла

Элементал зарралар физикаси

Элементар зарралар физикаси бўйича тадқиқотчи профессор Анамария Фонт Вильяроэль табиатдаги барча зарралар ва асосий кучларни энергиянинг кичик тебраниш торлари сифатида моделлаштириш орқали тушунтирадиган суперторлар назарияси устида ишлайди.

Фонтнинг тадқиқотлари материянинг тузилиши ва квант гравитация ҳақида гап кетганда тушунишни чуқурлаштиради, бу тушунтириш қора туйнуклар ва Катта портлашдан кейинги дастлабки дақиқалар тавсифига ҳам таъсир қилади.

Илгари у Венесуэлада Fundación Polar мукофотига сазовор бўлган ва бу йил ЮНEСКОнинг Фандаги аёллар мукофоти лауреати бўлди.

Каен Ву, Сингапур

Ҳикоянавис

Эколог ва контент ижодкор сифатида Каен Ву иқлим ўзгариши ҳақида фикр алмашиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланади.

Унинг "The Weird and the Wild" онлайн платформаси иқлим ҳақидаги илмни содда ва тушунарли шаклда етказади. Унда айниқса одамларни ўқитиш, иқлим бўйича ҳаракатларга қизиқтиришга мўлжалланган контентга эътибор қаратилган.

У шериги билан биргаликда Жануби-Шарқий Осиёга бағишланган Climate Cheesecake деб номланган экологик подкастни олиб боради. Унинг мақсади иқлим бўйича мураккаб мавзуларни содда шаклда етказишдир.

У, шунингдек, National Geographic ёш тадқиқотчисидир.

Иқлим инқирози мураккаб, даҳшатли ва қўрқинчли. Биз унга қўрқиб эмас, балки қатъий, аммо юмшоқ қизиқиш билан ёндашамиз, дунёга ғамхўрлик қилиш учун юмшоқ қалб, ишламаётган нарсаларни бартараф қилиш ва ишлайдиганини қуриш учун эса қуролларни чархлаш керак.

Каен Ву

Тимнит Гебру, АҚШ

Сунъий ақл эксперти

Сунъий интеллект соҳасида нуфузли тадқиқотчи Тимнит Гебру "Distributed Artificial Intelligence Research Institute" асосчиси ва ижрочи директори бўлиб, ушбу лойиҳа "Катта технология компаниялари таъсиридан холи, мустақил, жамоатчилик асосидаги сунъий интеллект тадқиқотлари учун макон сифатида йўлга қўйилган".

У юзни таниш технологиясида ирқий камситиш борлигини танқид қилди ва қора танлиларни сунъий интеллектга қўшишни яхшилаш учун ишловчи нотижорий ташкилотга асос солди.

Эфиопияда туғилган Тимнит эфиопиялик талабаларга дастурлашни ўргатувчи AddisCoder компанияси директорлар кенгаши аъзоси ҳамдир.

У 2020 йилда Google'да Ахлоқий сунъий ақл гуруҳини бошқарди; сунъий ақл тили моделларида озчиликлар ва маргиналлашган одамлар ва жойларга нисбатан структуравий оғмачилик борлигини кўрсатган мақола ҳаммуаллифидир.

Мақола унинг компаниядан кетишига сабабчи бўлди. Компания мақола муҳим тадқиқотларни эътибордан четда қолдирганини айтиб, Гебру ишдан бўшатилганини айтди. Аммо Гебру ишдан бўшатилиш сабаби иш жойидаги камситишлар масаласини кўтаргани эканини таъкидлади.

Клаудия Голдин, АҚШ

Иқтисодчи ва Нобел мукофоти лауреати

Бу йилги иқтисод бўйича Нобел мукофоти америкалик иқтисодчи тарихчи ва меҳнат муносабатлари иқтисодчиси Клаудия Голдинга аёллар бандлиги ва маошидаги гендер тафовут сабаблари бўйича қилган ишлари учун берилди.

У ушбу мукофотни олган учинчи аёл ва мукофотни эркак ҳамкасблари билан бўлишмаган биринчи аёлдир.

Голдин Ҳарвард университетида иқтисод бўйича Ҳенри Ли профессори бўлиб, даромадлар тенгсизлиги, таълим ва иммиграция каби мавзуларни тадқиқ қилади.

Унинг энг таъсирли мақолаларидан баъзилари аёлларнинг карьера ва оилага муносабати тарихи ва контрацептив воситаларнинг аёлларнинг карьера ва никоҳ бўйича қарорларига таъсирига бағишланган.

Трун Гом, Вьетнам

Биогаз бизнеси эгаси

2012 йилда Трун Гом Вьетнамдаги фермер хўжаликларига тоза энергия манбаларини таклиф қила бошлади.

Икки фарзанднинг онаси бозорда бўшлиқни кўргач, учта қўшни провинцияга ўтишдан олдин Ханойда биогаз қурилмаларини ўрнатиш ва юритиш бизнесини бошлади.

Унинг лойиҳаси фермерларга сигир ва чўчқа гўнги, сув гиацинти ва бошқа чиқиндиларни табиий газдан кўра анча экологик тозароқ энергия манбаси биогазга айлантириш орқали харажатларни камайтиришга ёрдам берди. Улардан овқат пишириш ва уй-рўзғор ишларида энергия сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.

Трунники каби компаниялар маҳаллий жамоаларни жалб қилади ва иқлим ўзгаришини юмшатиш учун зарур бўлган ишларни амалга оширади.

Биз яшашимиз, яхши яшашимиз керак, шунинг учун мен жисмоний машқлар, мувозанатли овқатланиш ва яхши уйқу режими билан саломатлигимизни яхшилаш орқали ўз яқинларимни ҳимоялашга ҳаракат қилдим. Шунингдек, мен одамларни органик турмуш тарзига, ўз мева ва сабзавотларини етиштиришга ундайман, деҳқончиликда кимёвий пестицидлардан фойдаланишга қаршиман.

Трун Гом

Жанан Дағдевирен, Туркия

Олим ва ихтирочи

АҚШнинг Массачусетс Технология Институти доценти Жонон Дағдевирен яқинда кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш учун портатив ультратовуш қурилмасини ихтиро қилди.

49 ёшида холаси мунтазам саратон скринингларига қарамай, кечки босқичдаги кўкрак саратони ташхиси қўйилиб, олти ойда вафот этгани унга бу ихтироси учун туртки берган.

Дағдевирен холасининг тўшагида ёнида ўтирар экан, сийнабанд ичига ўрнатилиши мумкин бўлган диагностика мосламасининг тахминий режасини ишлаб чиқди. Бу мослама кўкрак бези саратони билан касалланиш хавфи юқори бўлган аёлларни тез-тез текширувдан ўтказиш имконини беради. Ушбу технология миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Изабела Длужик, Польша

Овоз оператори

Изабела Длужик қўлида диктафон билан Польшадаги Европанинг энг қадимги ва энг яхши сақланиб қолган ўрмонларидан бири бўлган Беловижанинг ғаройиб товушларини ёзиб олди.

Дала овоз ёзувчиси нафақат эркаклар устунлик қиладиган касбда ёш аёл бўлгани учун, балки туғма кўзи кўр бўлгани учун ҳам ғайриодатий инсондир.

Длужич 12 ёшида оиласи унга диктафон совға қилганидан бери қушлар овозига алоҳида сезгир бўлиб қолди, у қуш турларини қулоқлари орқали ажрата олади.

У табиат оҳанглари берадиган "яхшилик, гўзаллик ва хотиржамликни" ўзгалар билан баҳам кўришни шараф деб билади.

Глэдис Калема-Зикусока, Уганда

Ветеринар

Мукофотланган Угандалик ветеринар ва табиатни муҳофаза қилувчи мутахассис сифатида Глэдис Калема-Зикусока иқлим ўзгариши туфайли яшаш жойлари вайрон бўлаётган тоғ гориллаларини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмоқда.

У одамлар, гориллалар ва бошқа ёввойи табиат саломатлиги ва муҳитини яхшилаш орқали биологик хилма-хилликни сақлашга ёрдам берувчи "Жамоат соғлиғи орқали табиат муҳофазаси" нодавлат ташкилоти асосчиси ва бош директоридир.

Ўттиз йил ўтгач, у тоғ гориллалари сонини 300 дан 500 га кўпайтиришга ёрдам берди, бу уларнинг мақомини йўқолиб кетиш хавфидан жиддий хавф остидаги даражага тушириш учун етарли бўлди.

БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури Калема-Зикусокни 2021 йил учун "Ер муҳофизи" деб эълон қилди.

"Иқлим инқирози олдида менга умид берадиган нарса бу муаммога зудлик билан эътибор қаратиш зарурати тан олинаётганидир. Ушбу инқирозни юмшатиш ва унга мослашиш учун инновацион усуллар мавжуд."

Глэдис Калема-Зикусока

Лиэнн Каллен-Ансворт, Британия

Денгизшунос

Сув ўтлари углеродни сақлаш ва балиқлар учун кўпайиш жойи бўлиб хизмат қилиши маълум, аммо баъзи сув ости экотизимлари вайрон бўлган.

Лиэнн Каллен-Ансворт – Буюк Британиядаги денгиз ўтларини қайта тиклаш бўйича илк дастур бўлмиш Project Seagrass компанияси асосчиларидан бири ва бош директори.

Лойиҳа масофадан бошқариладиган робот ёрдамида уруғ экиш орқали жараённи соддалаштиради. Бу бошқа мамлакатларга сув ости ўтлоқларини тиклашга ёрдам бериши мумкин.

Денгиз тадқиқотида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган олим Каллен-Ансворт ҳаётини илмий асосланган таббий муҳит консервацияси ва реставрациясига бағишламоқда.

Ёлғиз бирор нарсага эришиш учун жуда кўп иш қилиш керак, аммо одамлар биргаликда ишлайди ва билим алмашади. Ўз навбатида, биз ҳаётий муҳим яшаш жойларини жонлантириш, уларни асраш ва улар сайёрамиз ва жамиятимизга берадиган нафни қозонишимиз мумкинлигини биламан.

Лиэнн Каллен-Ансворт

Сония Кастнер, АҚШ

Ўрмон ёнғинларини аниқловчи технология яратувчиси

Бу йил ўрмон ёнғинлари дунёдаги энг катта ўрмонларни йўқ қилди. Ўт ўчирувчилар кўпинча ёнғинларнинг ҳажми ва тарқалиши билан курашишда қийналганлиги сабабли, Сония Кастнер ёнғинларни эрта аниқлашга ёрдам берадиган ташкилотга асос солди.

Pano AI ёнғин тарқалишидан олдин тезроқ чора кўриш учун сунъий интеллект технологиясидан фойдаланади, ёнғин белгиларини сканерлайди ва фавқулодда вазиятлар хизматларини зудлик билан огоҳлантиради.

Кастнер аввал турли технологик стартапларда ўн йилдан ортиқ ишлаган.

Менга умид бахш этадиган нарса бу инсоний инновацияларнинг ақл бовар қилмас кучидир. Мен иқлим инқирозининг энг ёмон таъсирини енгишга ёрдам берадиган, технология ва маълумотларга асосланган ечимлар имконияти қанчалар катта эканига гувоҳ бўлдим.

Сония Кастнер

Астрид Линдер, Швеция

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича профессор

Ўнлаб йиллар давомида автомашиналар ўртача эркак гавдасига мос маникенлар ёрдамида авария тестларидан ўтказилиб ишлаб чиқарилган, ваҳоланки статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, аёлларнинг олд томондан тўқнашувда жароҳат олиши ёки ўлим хавфи юқори.

Муҳандис Астрид Линдер аёл танаси морфологиясини ҳисобга олган ҳолда дунёдаги биринчи ўрта ўлчамдаги аёл авария-тест маникенини яратиш лойиҳасини бошқариб, мавжуд тартибни ўзгартиришга ҳаракат қилди.

Швеция Миллий йўл ва транспорт тадқиқот институтида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича профессор ва Чалмерс университети доценти бўлмиш Линдер биомеханика ва йўл ҳаракатидаги жароҳатлар олдини олиш бўйича мутахассис.

Неҳа Манкани, Покистон

Доя

Ўтган йили Покистонда ҳалокатли сув тошқинлари юз берганда, доя Неҳа Манкани зарар кўрган ҳудудларга борган.

Манкани ва унинг жамоаси "Она ва бола" хайрия жамғармаси орқали сув тошқинидан жабр кўрган 15 000 дан ортиқ оилаларга туғруқ тўпламлари ва акушерлик ёрдами кўрсатди.

Унинг одатий фаолияти ресурс чекланган ҳудудлар, фавқулодда вазиятлар ва иқлим ўзгариши таъсир кўрсатаётган жамоаларга қаратилган.

Она ва бола жамғармаси ҳозирда қирғоқ бўйида яшовчи ҳомиладор аёлларни яқин атрофдаги касалхоналар ва клиникаларга олиб борадиган тез ёрдам қайиқларини ишга солиш учун етарли маблағ тўплади.

Иқлим офатларига дуч келган жамоаларда доялар иши чандон муҳимдир. Биз ҳам биринчи ёрдам кўрсатувчи, ҳам иқлим фаолларимиз. Атрофидаги вазият ёмонлашганда аёллар репродуктив, ҳомиладорлик ва туғруқдан кейинги парвариш олишини таъминлашимиз керак.

Неҳа Манкани

Ванжира Матҳай, Кения

Эколог маслаҳатчи

Бутун қитъа учун илҳомлантирувчи етакчи, Ванжира Матҳай ижтимоий ва иқлимий ўзгаришлар бўйича 20 йилдан ортиқ тажрибага эга.

У ўз онаси, 2004 йилда Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори бўлган Вангари Матҳай томонидан асос солинган Кениядаги бошланғич ташкилот Яшил камар ҳаракатига раҳбарлик қилган.

Матҳай ҳозир Жаҳон Ресурслар Институтининг Африка ва Глобал ҳамкорлик бўйича бошқарувчи директори ва Вангари Матҳай жамғармаси раисидир.

Ҳозирда у Безос Ер жамғармаси, шунингдек, Clean Cooking Alliance ва Европа Иқлим жамғармасининг Африка бўйича маслаҳатчисидир.

Ҳаракатимиз «маҳаллий»дир. Биз дарахт кўпайтиришга асосланган тадбиркорлик, маҳаллий жамоаларнинг регенерация, қайта тикланадиган энергия ва айланма иқтисодиёт бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу каби пастдан юқорига қаратилган ҳаракатлар менга умид бағишлайди.

Ванжира Матҳай

Изабель Фариас Мейер, Чили

Эрта менопаузага учраган аёллар ҳуқуқлари фаоли

Изабель Фариас Мейер ўзининг тартибсиз ҳайз кўриши нормал эмаслигига ҳеч шубҳа қилмаган. Аммо 18 ёшида унга эрта менопауза ёки эрта тухумдон етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Бу ҳолат тухумдонлар тўғри ишлашни тўхтатганда юзага келади ва 40 ёшгача бўлган аёлларнинг тахминан 1 фоизида учрайди.

Аёлларда менопаузага ўхшаш аломатлар пайдо бўлади, лекин жуда эрта ёшда. Фариас касаллик унинг ҳаётига қандай таъсир қилиши, жумладан, остеопороз билан яшаши ҳақида гапиради.

30 ёшли журналист маълумот алмашиш, хато тасаввурларга қарши курашиш ва касаллик билан яшовчи одамлар учун хавфсиз жой яратиш учун Лотин Америкасида эрта менопауза бўйича биринчи минтақавий тармоқни ишга туширди.

Натали Псаила, Мальта

Шифокор

Мальтада абортнинг Европадаги энг қаттиқ қоидалари мавжуд ва Натали Псаила маълумот ва маслаҳатга муҳтож аёлларга ёрдам беради.

У "Шифокорлар танлов ҳуқуқи учун" ташкилоти асосчиларидан бири бўлиб, абортни декриминаллаштириш ва қонунийлаштириш, шунингдек, контрацепция воситаларидан фойдаланиш имкониятларини оширишга тарғиб қилади.

Псаиланинг айтишича, Мальтада абортга фақат аёл ҳаёти хавф остида қолган тақдирдагина рухсат этилиши абортни амалда тақиқлаб қўяди, бу эса аёлларнинг шифокор назоратисиз таблеткаларни қабул қилишини англатади. У абортдан олдин ва кейин аёлларга ёрдам берадиган ишонч телефонини ташкил қилди.

Шунингдек, у мамлакатда репродуктив саломатлик ҳақидаги билимларни яхшилашга ёрдам бериш учун 10 ёшдан 13 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган "Танамнинг ажойиб саёҳати" китобини нашр этди.

Елена Розвадовская, Украина

Болалар ҳуқуқлари фаоли

Якуний ҳукм ҳали чиққани йўқ, бироқ Сюйнинг иши ҳуқуқ, тиббиёт ва ахлоқшунос олимлар томонидан ўрганилмоқда. Бугунги кунда у ёлғиз аёлларнинг репродуктив ҳуқуқлари учун таниқли ҳимоячига айланган.

Ташкилот 2019 йилда, Россия қўллаб-қувватлаган бўлгинчилар Украинага қарши уруш бошлаганда Розвадовская кўнгилли равишда Донбассда фронтда хизмат қилганидан тўрт йил ўтиб, оммавий ташаббус сифатида пайдо бўлди.

Ҳозирда жамғарманинг 14 та марказида 100 дан ортиқ психолог ишлайди. Шунингдек, бепул ишонч телефони ҳам йўлга қўйилган. Бу лойиҳа ўн минглаб болалар ва ота-оналарга ёрдам берди.

Розвадовская "Оскар" мукофотига номзод бўлган "Парчалардан қурилган уй" ҳужжатли фильмида иштирок этди. У ўз жамоаси билан биргаликда "Уруш болалар овозида" китобини нашр этди.

Румайса ал-Бусайдий, Уммон

Олим

Уммонлик олим Румайса ал-Бусайдийнинг 2021 йилги "Аёллар ва қизлар, сиз иқлим ўзгаришига қарши ечимнинг бир қисмисиз", деб номланган TED маърузаси миллиондан ортиқ марта кўрилган ва бу маъруза унинг араб аёллар ҳуқуқлари учун фаол сифатидаги ролини ҳам акс эттиради.

Ал-Бусайдий тажрибаси сабабли Иқлим ўзгариши бўйича Араб Ёшлар Кенгаши ва Уммон Экологик Жамиятида муҳим роль ўйнай бошлади.

У, шунингдек, Байден маъмуриятига иқлим ўзгариши бўйича ташқи ёрдам ва Гренландия ҳукуматига барқарор туризм бўйича маслаҳатчи ҳисобланади.

У Жанубий қутбга етиб келган энг ёш уммонлик аёл ва араб аёлларига бизнес музокаралар олиб бориш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам берувчи WomeX платформаси асосчисидир.

Иқлим ўзгаришига қарши курашнинг бирламчи ечими аёллар ва қизлар имкониятларини кенгайтиришдир. Уларнинг ўз жамоаларида таъсири ҳислар ва ҳаракатларни ўзгартиради ва биз "уй" деб атайдиган бу жойни асрашга ҳисса қўшади.

Румайса ал-Бусайдий

Сумини, Индонезия

Ўрмон бошқарувчиси

Индонезиянинг консерватив Ачеҳ провинциясида аёллар камдан-кам ҳолларда бирор ишда етакчилик қилади.

Сумини ўз қишлоғидаги сув тошқинининг асосий сабаби ўрмонлар кесилиши эканлигини, бу ҳам иқлим ўзгаришига ҳисса қўшаётганини англагач, чора кўришга ва бунда бошқа аёллар билан ҳамкорлик қилишга қарор қилди.

Унинг гуруҳи Дамаран Бару қишлоғи жамоасига 251 гектар ўрмонни 35 йил бошқаришига Атроф-муҳит ва ўрмон хўжалиги вазирлигидан рухсат олди.

Ҳозир у ноқонуний дарахт кесиш ва Суматра йўлбарслари, панголинлар ва умуман ёввойи табиатга таҳдид солувчи овчиликка қарши курашувчи Қишлоқ ўрмонларини бошқариш бўлинмасига раҳбарлик қилади.

Ўрмонлар кесилиши ва ёввойи табиат браконьерлиги авж олган бугунги кунда иқлим инқирозига биргаликда қандай курашиш ҳақида гап кетганда, ўрмонларга кўпроқ эътибор қаратиш зарур. Ўрмонни сақланг, ҳаётни сақланг.

Сумини

Фабиола Трехо, Мексика

Ижтимоий психолог

Ижтимоий психолог Фабиола Трехо қарийб йигирма йил олдин илмий фаолиятини бошлаганида, Мексикада аёлларнинг жинсий завқини ижтимоий адолат масаласи сифатида ўрганадиган ҳеч қандай тадқиқот йўқ эди.

Трехо ижтимоий тенгсизлик, гендер зўравонлик ва жинсий завқнинг сиёсий кучини ўрганади. Аёллар учун жинсий адолатни таъминлаш йўлидаги ишлари машҳур.

Унинг таъкидлашича, баъзи тенгсизликлар аёлларни жинсий жиҳатдан заифлаштиради. Суҳбатлар, тадқиқотлар ва амалий семинарлар орқали у одамларга лаззат, оргазм ва мастурбацияни тушунишига ёрдам беради.

Унинг иши аёллар саломатлиги ва жинсияти табу ҳисобланган Лотин Америкаси ва испан жамиятларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Женнифер Ученду, Нигерия

Руҳий саломатлик фаоли

Женнифер Ученду асос солган SustyVibes ёшлар ташкилоти соғлом барқарорликни амалга ошириш ва бу ишларни қизиқарли қилишни кўзлайди.

Учендунинг сўнгги ишлари иқлим инқирозининг африкаликлар, айниқса, ёшларнинг руҳий саломатлигига таъсирига қаратилган.

2022 йилда у тадқиқотлар, тарғибот ва психотерапия орқали африкаликларнинг иқлим билан боғлиқ туйғулари, ҳисларини текшириш ва сақлашга эътибор қаратувчи "Африканинг экологик ташвишлари" лойиҳасига асос солган.

Унинг мақсади тафаккур тарзини ўзгартиришга қизиқувчи одамлар ва ташкилотлар билан ишлаш, иқлим билан боғлиқ ҳис-туйғуларни ўрганиш учун машаққатли ишларни бажаришдир.

Иқлим инқирози ҳақида гап кетганда, мен турли ҳис-туйғуларни бошдан кечираман. Мен бу борада ҳеч қачон етарлича иш қила олмаслигимни, аксинча, қўлимдан келганча ҳисса қўшишим кераклигини аста-секин қабул қиляпман. Шунчаки бошқалар билан бирга ҳаракат қилиш, дам олиш ёки шунчаки бирга бўлиш менга иқлим билан боғлиқ ҳис-туйғуларимни ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Женнифер Ученду

Марсела Фернандес, Колумбия

Экспедиция гиди

Музликлар одамлар учун муҳим чучук сув манбаи ҳисобланади, аммо Колумбияда улар тез камаймоқда.

Асосчи Марсела Фернандес ва унинг Cumbres Blancas (Оқ чўққилар) ноҳукумат ташкилотидаги ҳамкасблари бир пайтлар мавжуд бўлган 14 та музликдан фақат олтитаси қолганини ва улар ҳам хавф остида эканини таъкидлаб, бу масала бўйича хабардорликни оширмоқда.

Фернандес илмий экспедициялар ва альпинистлар, суратчилар, олимлар ва рассомлар жамоаси орқали ўзгаришларни кузатиб бормоқда, музликлар йўқ бўлиб кетиши олдини олишнинг ижодий усулларини ишлаб чиқмоқда.

Ўзининг Pazabordo (Тинчлик борти) лойиҳаси доирасида у Колумбиянинг 50 йиллик ички уруш пайтида зўравонликдан жабр кўрган ҳудудларига ҳам боради.

Музликлар менга қайғуга, йўқликка қандай дош беришни ўргатди... Уларни тинглаганингизда биласизки, уларнинг йўқолиши қоплаб бўлмас зарардир, лекин барибир ҳисса қўшиб, бирор из қолдиришимиз мумкин.

Марсела Фернандес

Сюзан Чомба, Кения

Олим

Ҳозирда Жаҳон Ресурслар Институти директори Сюзан Чомбанинг айтишича, Кения марказидаги Кириняга округидаги болалар қашшоқлиги уни ўзгаларга ёрдам беришга туртки бўлган.

Унинг фаолияти аввало ўрмонларни ҳимоя қилиш, ландшафтларни тиклаш ва Африканинг озиқ-овқат тизимини ўзгартиришга қаратилган.

Конго ҳавзасидаги тропик ўрмонлардан тортиб Ғарбий Африканинг қурғоқчил Саҳел ва Шарқий Африкага қадар узанган ҳудудда, Чомба кичик фермерлар, айниқса, аёллар ва ёшлар билан ишлашга сарфлайди, уларга ўз ерларидан самарали фойдаланишга ёрдам беради.

У иқлим ўзгариши кучайган шароитда одамларни бунга тайёрлаш учун ҳукуматлар ва тадқиқотчилар билан ҳамкорлик қилади.

Менга кўпроқ дунё етакчиларининг, айниқса, иқтисодий кучга эга бўлган, лекин пул ва сиёсат сабабли ҳаракат қилмайдиган энг йирик углерод чиқарувчи давлатларнинг лоқайдлиги таъсир қилади. Ана шу ҳис-туйғулар домига тушиб қолмаслик учун мен Африка бўйлаб аёллар ва ёшлар билан табиатни муҳофаза қилиш ва тиклаш, озиқ-овқат тизимларини ислоҳ қилиш ва сиёсатни ўзгартиришга уриняпман.

Сюзан Чомба

Элҳам Юсуфян, АҚШ/Эрон

Иқлим ва ногиронлик бўйича маслаҳатчи

Кўзи ожиз, инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Элҳам Юсуфян иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилишда, айниқса, иқлим ҳодисаларига фавқулодда чоралар кўришда ногиронлар ҳам иштирок этишини истайди.

Юсуфян Эронда туғилиб ўсган ва 2016 йилда АҚШга кўчиб келган. Бугунги кунда у 1100 дан ортиқ ташкилотларнинг глобал тармоғи бўлган Халқаро ногиронлар альянсида муҳим роль ўйнамоқда.

У иқлим ўзгаришининг ногиронларга таъсири борасида ҳукуматлар масъулияти ҳақида бонг урмоқда. У, шунингдек, иқлим инқирозига қарши курашиш учун ногиронларнинг улкан салоҳиятини ҳимоя қилмоқда.

Биз, ногиронлар, қийин муаммоларни енгиб ўтиш ва ечим топиш қобилиятимизни, ҳатто ҳеч қандай ечим йўқдек туюлса ҳам, қайта-қайта исботлаганмиз. Имконияти чекланган инсонлар иқлим ўзгаришига қарши курашда етакчи бўлиши мумкин ва бўлиши керак.

Элҳам Юсуфян

Омина ал-Биш, Сурия

Кўнгилли қутқарувчи

2017 йилда Суриядаги фуқаролар уруши авж олган бир пайтда, Омина Ал-Биш одамлар ҳаётини сақлаб қолиш, яраланган тинч аҳолига биринчи ёрдам кўрсатиш учун "Оқ дубулғалар" номи билан ҳам танилган кўнгиллилар ташкилоти «Сурия фуқаровий мудофааси»нинг биринчи кўнгилли аёлларидан бири бўлишга қарор қилди.

Кейинроқ Омина ихтиёрий равишда Сурия ва Туркияда 2023 йил февраль ойида содир бўлган, даҳшатли зилзилада вайроналар остида қолиб кетганларни қутқариш учун кўнгилли бўлди.

Ал-Биш ҳозир жанглар давом этаётган Сурия шимолидаги ўз қавмидаги бошқа аёлларнинг ҳаётини яхшилаш учун ишламоқда. У бизнес бошқаруви йўналишида ўқишни давом эттиряпти, орзуси тинч Сурияни қуришга ёрдам бериш эканини айтади.

Sara Al-Saqqa Сара ас-Саққа, Фаластин ҳудуди

Умумий жарроҳ

Доктор Сара ас-Саққа Ғазодаги биринчи сертификатланган аёл жарроҳ бўлиб, аш-Шифа касалхонасида ишлайди.

У ўзининг Instagram аккаунтида уруш вақтида касалхонада одамларни қандай даволаётгани ҳақида ҳикоя қилиб бормоқда. Исроилнинг Ҳамасга ҳужумлари давомида аш-Шифа касалхонаси жиддий зарар кўрди.

Ас-Саққа электр энергияси, ёқилғи, сув ва озиқ-овқат танқислиги ҳақида хабарлар берди, бу эса беморларни даволашга халал берар эди. Исроил аскарлари касалхонага бостириб киришидан бироз олдин у аш-Шифани тарк этишга мажбур бўлган.

Ас-Саққа Саудия Арабистонида туғилиб ўсган, 2010 йилда Ғазога кўчиб ўтган. У Ғазо Ислом университетида тиббиёт ва Лондондаги Қиролича Мэри университетида жарроҳлик бўйича таҳсил олган. У ҳозир Ғазо секторидаги ягона аёл жарроҳ эмас, бошқалар ҳам унинг изидан бормоқда.

Анна Ҳуттунен, Финляндия

Углерод таъсири бўйича технология эксперти

Барқарор ва соғлом транспорт ишқибози сифатида Анна Ҳуттунен Финляндиянинг Лаҳти шаҳрида янада яшил, тоза ва самаралироқ транспорт тизимини яратиш учун ҳаракат қилмоқда. Бу шаҳар 2021 йили Европа яшил пойтахти номига сазовор бўлди.

У шаҳарнинг шахсий углерод савдоси моделини юритади. Бу модел одамларга велосипед ёки жамоат транспорти каби яшил транспортдан фойдалангани учун кредит қозониш имконини берувчи дунёда биринчи дастурдир.

У NetZeroCities ташкилотида углерод эмиссиясини нейтраллаштирган шаҳарлар бўйича маслаҳатчидир. Бу ташкилот Европа шаҳарларига 2030 йилгача углерод нейраллигига эришишга кўмаклашади.

Ҳуттунен бошқаларни барқарор мобилликка ундайди ва шаҳар транспорти келажаги велосипедда деб билади.

Бутун дунёдаги муниципалитетлар янада соғлом ҳаёт яратиш учун ишлайдиган ажойиб одамларга тўла. Ҳисса қўшинг, иштирок этинг ва ўзгаришлардан четда қолманг!

Анна Ҳуттунен

Би-би-си Жаҳон хизматининг 2023 йил учун танланган 100 аёл суратлари.

"100 аёл" лойиҳаси нима?

Би-би-си "100 аёл" лойиҳаси ҳар йили дунё бўйлаб 100 та нуфузли ва илҳомлантирувчи аёллар рўйхатини тузади. Биз уларнинг ҳаёти ҳақида ҳужжатли фильмлар, репортажлар ва интервьюлар қиламиз, уларда аёллар марказга қўйилади, Би-би-сининг барча платформаларида нашр этилади.

Би-би-си 100 аёлни Instagram ва Facebook'да кузатиб боринг. #BBC100Women орқали суҳбатга қўшилинг.

100 нафар аёл қандай танланди?

"Би-би-си 100 аёл" лойиҳаси жамоаси ўз изланишлари орқали тўплаган исмлар, шунингдек, Би-би-си Жаҳон хизмати маҳаллий хизматлари тармоғи томонидан таклиф қилинган номлар ва Би-би-си Медиа Экшн асосида қисқа рўйхат тузди.

Биз сўнгги 12 ой ичида матбуот сарлавҳаларига чиққан ёки асосий янгиликларга таъсир ўтказган номзодларни, шунингдек, илҳомлантирувчи ҳикоялари бўлган ёки арзирли ютуққа эришган ёки ўз жамиятига таъсир қилган номзодларни изладик.

Рўйхат, шунингдек, бу йилги мавзу – иқлим ўзгариши ва унинг бутун дунё бўйлаб аёллар ва қизларга номутаносиб таъсири бўйича ҳам баҳоланди. Улар орасидан 28 нафар иқлим етакчилари ва бошқа атроф-муҳит фаоллари танлаб олинди.

Биз сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан барча қатламларни қамраб олдик ва ўз ўзгаришлар қила олган аёлларни номзод қилиб кўрсатдик.

Якуний рўйхат тузилишидан олдин минтақалар бўйича вакиллар таъминлангани ва холислик учун у яна бир бор текширилди. Аёлларнинг ўзларидан ҳам розилик олинди.