Би-би-си Ўзбек хизмати ҳақида

Би-би-сининг Ўзбек хизмати 1994 йилда ташкил топган.

Шундан буён Ўзбекистон, минтақа ва дунёга ўзбек тилидаги эшиттиришларни узатиб келади.

Ўзбек хизматининг қароргоҳи Лондонда жойлашган бўлиб (Буш Хауз, Би-би-сининг Марказий Осиё ва Қофқоз хизмати) минтақанинг қатор давлатларда ўз мухбирлик пунктларига эга.

Кундалик янгиликлар ва мавзуларни ёритишга Би-би-си Жаҳон хизматининг мухбирлар тармоғидан ташқари, минтақадаги мухбирларимиз сафарбар этилган.

Дастурларимиздан жаҳон янгиликлари, минтақавий хабарлар, спорт, мусиқа, фан оламидаги янгиликлар, таҳлил, турли мавзудаги туркум ва лавҳалар ўрин олган.

BBCUzbek.com веб-сайти ҳақида

BBCUzbek.com веб-сайти "Ўзбекистон", Афғонистон", "Минтақа", "Дунё" "Форум" ва "Мультимедиа" деб номланган бўлимлардан иборат, уларнинг ҳар бири алоҳида саҳифадир. Бу саҳифалар ичида ҳам "Блоглар" ё "Иқтисод", "Маданият", Илм-фан ва технология", "Спорт" сингари бўлимлар мавжуд.

Веб-саҳифада радиодастурларни тинглаш, видеоклипларни томоша қилиш имконияти мавжуд.

BBCUzbek.com веб-сайтида янгилик ва хабарлар билан бирга интервью ва репортажлар, давра суҳбатлари эълон қилинади, у ёки бу ҳодиса юзасидан турли тоифадаги инсонлар нуқтаи назарлари чоп этилади.

Веб-сайтимизнинг "Сўз Сизга" форумида энг муҳим халқаро ва минтақавий хабарларга муносабат билдириш ва турли хил мавзудаги блоглар билан танишиб бориш мумкин бўлади.

Би-би-си ҳақида маълумот. Корпорацияни ким бошқаради?

British Broadcasting Corporation - Британия Радио Корпорацияси ўз томошабинлари ҳамда тингловчилари манфаатларини кўзлаб фаолият юритади.

Қироллик хартияси

Британия Радио Корпорацияси Британия Қироллиги хартияси асосида барпо этилган. Жорий Хартия 2007 йилда кучга кирган бўлиб, у 2016 йилгача амал қилади. Қироллик Хартияси корпорациянинг ижтимоий мақсадларини белгилаб беради ва унда Би-би-сининг таҳририй мустақиллиги тўла тан олинган.

Би-би-си Васийлик Кенгаши

Янги Хартияга биноан, корпорацияни Би-би-си Васийлик Кенгаши бошқаради. Васийлик Кенгаши Би-би-сини ривожлантириш стратегик йўналишини белгилаб беради ва телевизион лицензияга эга Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги фуқароларининг манфаатларини тақдим этади. Телевизион лицензия телевизор томоша қилиш ҳуқуқини берадиган тўлов тўланганидан кейин берилади. Британия Радио Корпорациясининг бюджети ана шу тўловлардан ташкил топади.

Би-би-си ўзининг фаолиятида биринчи галда томошабин ва тингловчиларни қизиқтирган масалаларга эътибор қаратишга интилади, бу борада корпорация Васийлик Кенгаши Британиянинг Миллий Аудитория Кенгаши билан доим ҳамкорлик қилади.

Шунингдек, Би-би-си Васийлик Кенгаши Би-би-си Директорлар Кенгашининг фаолиятини ҳам кузатиб боради. Корпорациянинг кундалик юмушларини бажариш эса Директорлар Кенгаши зиммасига юкланган.

Директорлар Кенгаши

Кенгаш таркибидаги директорларнинг вазифаси корпорация фаолиятини Васийлик Кенгаши ишлаб чиқадиган умумий стратегияга мос равишда амалга оширишдир.

Би-би-си мақсад ҳамда вазифалари билан ҳар йили эълон этиладиган "Йиллик ҳисобот" орқали батафсил танишиш мумкин. "Йиллик ҳисобот" (инглиз тилида)

Назорат қилувчи идоралар

Бирлашган Қиролликда радио ва телевидение, бошқа ижодий ташкилотлар фаолияти учун Маданият, Оммавий ахборот воситалари ва спорт вазирлиги масъул ҳисобланади.

Шунингдек, Би-би-си фаолиятини Ofcom идораси ҳам назорат қилади. Ofcom (Office of Communications) Буюк Британиядаги телевизион ва радиостанциялар, телекоммуникацион операторлар ва симсиз коммуникацион хизматлар сифатини назорат қиладиган мустақил ташкилот ҳисобланади.

Би-би-си миссияси

Инсонларни хабардор қилиш, ўргатиш ҳамда кўнглини чоғ қиладиган дастурлар ва хизматлар билан уларнинг ҳаётини бойитиш

  • Бизнинг мақсадимиз
  • Дунёдаги энг кучли ижодкор ташкилотга айланиш
  • Бизнинг қадриятларимиз
  • Ишонч Би-би-сининг асоси; биз мустақил, холис ва тўғрисўзмиз.
  • Аудитория биз амалга ошираётган барча ишларнинг марказида туради.
  • Биз ўз ишимизнинг сифати билан фахрланамиз.
  • Ижод - бизнинг ташкилотимиз танаси ва қонидир.

Биз ҳар бир кишини ҳурмат қиламиз ва ким нима қилаётганидан қатъи назар, у бу ишини янада яхшироқ амалга ошириши учун имконият берамиз.

Биз - ягона Би-би-си: биргаликда ишлаганимизда, биз кўп нарсанинг уддасидан чиқамиз.

Қиролллик Хартияси ҳамда Битимга биноан Би-би-си зиммасига олтита ижтимоий мақсад юклатилган. Ижтимоий мақсадларга қаранг

Қироллик Хартияси ва Битим

Би-би-си махсус Қироллик Хартияси асосида таъсис этилган. Бу Хартияга битим илова қилинган. Битимда корпорациянинг таҳририй масалаларда мустақил экани эътироф этилади ва унинг ижтимоий мажбуриятлари батафсил ифодаланади.

Жорий Қироллик Хартияси Би-би-сига 2006 йилнинг 19 сентябрида тақдим этилган. Ушбу ҳужжат 2007 йилнинг 1 январидан кучга кирган. Қироллик Хартияси ва Битимнинг матни Би-би-си Васийлик кенгашининг веб-сайтида чоп этилган.

Қироллик Хартияси ҳақида

Ҳозир кучда бўлган Қироллик Хартиясини тақдим қилишдан олдин Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ҳукумати Би-би-си фаолиятини таҳлил қилди. Ушбу таҳлил асосида "Яшил китоб: ҳукуматдан мустақил қудратли Би-би-си" деб номланган махсус китоб чоп этилган. 2005 йил майида Би-би-си "Яшил китоб"га ўзининг жавобини нашр этди. У "Ижтимоий қадриятларни яратиб" деб номланган.

"Ижтимоий қадриятларни яратиб"(инглиз тилида) асарини (PDF) кўчириб олиш

Хартия таҳлили бўйича ҳукумат ахбороти Буюк Британия Маданият, Оммавий ахборот воситалари ва спорт вазирлигининг веб-сайтида эълон қилинган.

Британия тожига тааллуқли материаллар Хоними Олияларининг Ижтимоий ахборот Бошқармаси раҳбарининг рухсати билан эълон қилинади.

Лондондаги Буш Хаус - Би-би-си Жаҳон хизматининг бош қароргоҳи ҳисобланади.

Телевидение томошаси ҳуқуқини берадиган лицензия (TV Licence)

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия ҳудудида Телевидение томошаси ҳуқуқини берадиган лицензия олиш талаб қилинади, бу лицензия учун ҳақ тўлаш лозим. Мамлакат ҳудудидаги ҳар бир телевизион сигнал қабул қиладиган, рақамли телевизион кўрсатувларни кўрсатадиган ускуналар, видеомагнитофон ёки DVD ёзадиган мосламасига эга хонадон, шунингдек, телевизион дастурларни ўз компютерида, мобил телефони ёки бошқа мосламасида томоша қиладиганларнинг телевизион лицензия сотиб олишлари талаб қилинади.

Шу йўлда йиғилган маблағлар асосида Би-би-си ва бошқа айрим Британия телеканалларининг(қисман) бюджети таркиб топади. Лицензия миқдорини Буюк Британия ҳукумати белгилайди. 2008 йилда рангли телевизорлар учун йиллик лицензия 139,5 фунт стерлинг, оқ-қора телевизорлар учун йилига 47 фунт стерлинг этиб белгиланган.

Би-би-си Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги аҳолиси томонидан молияланади, бу эса корпорациянинг реклама берувчилар, ҳиссадорлар ёки сиёсатчилардан буткул мустақил бўлишига имконият яратади.

Бирлашган Қироллик ҳудудида Би-би-си ўз аудиториясига 8 та интерактив телевизион каналларни, 10 та радиотармоқни, 50 дан зиёд маҳллий теле ва радиостанцияларни қабул қилиш, Би-би-си интернет-сайтидан фойдаланиш, "талаб бўйича" телевидение ва радио хизматларидан ҳамда BBC iPlayer дастуридан фойдаланиш имкониятини беради.