Россия, “ёввойи" Ўрта Осиё, Бандера ва деколонизация: Мақсад Россияни парчалашми ёки руслар онгини ўзгартириш? (Подкаст)

  • Тим Ҳювел
  • Би-би-си
Россия Украинадаги урушга Якутия каби миллий республикалардан ўта кўп эркакларни сафарбар қилгани намойишларга сабаб бўлган.

Сурат манбаси, Free Yakutia Foundation

Сурат тагсўзи, Россия Украинадаги урушга Якутия каби миллий республикалардан ўта кўп эркакларни сафарбар қилгани намойишларга сабаб бўлган.

"Менинг исмим - Саргилана Кондакова. Мен Арктик уммони яқинидаги кичик қишлоқда, Саха-Якутия республикасида туғилиб ўсганман. Бу - Россия Федерациясига кирувчи энг катта маъмурий ҳудуд. Менинг аждодларим кийик боқувчилар бўлишган. Мен рус эмасман. Онамнинг айтишича, унинг болалик пайтида уларга ўз тилида гапириш ман қилинган, фақат русча сўзлашиш буюрилган. Тарих китобларимизда бизнинг ерларимизни рус сайёҳлари кашф қилгани айтилган... Агар бир ерда минглаб йиллар маҳаллий халқ яшаб келган бўлса, яна қандай қилиб уни кашф қилиш мумкин? Лекин, кўп одамларнинг миясида мустамлакачилик сақланиб қолган. Рус катта оғамиз ҳар доим ҳақ, деб ишонамиз."

"Рус мустамлакачилиги." Россия Украинага бостириб кирганидан бери, тўсатдан, бу иборани кўп эшита бошладик. Баъзида Россиянинг ичидан, ва кўп ҳолларда унинг бугунги чегаралари ташқарисидан.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Алоқадор мавзулар:

"Менинг исмим - Бўтакўз Қосимбекова. Қозоғистонда мен ирқчилик ичра ўсдим. Совет синфларида қозоқлар - қолоқ, рус болалари - энг зўр, деб кўриларди. Эслайман, театр тўгарагида бир марта менга бош ролни беришди, унга ойлаб тайёрландим. Лекин, тўсатдан янги рус ўқувчи келди ва ролни мендан олиб унга беришди. Ўқитувчининг изоҳича, у чиройли эди, сочлари сариқ, кўзлари кўк. Сен эса қозоқсан, деди."

Россия, Британия ё Франция каби, денгизорти ҳудудларига эга эмас эди. Лекин, у шу кунгача очиқчасига империя бўлиб қола олдими? Баъзи Ғарб ҳукуматлари энди шуни муҳокама қиляпти.

"Хайрли тонг, хонимлар ва жаноблар. АҚШ Конгрессининг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик комиссиясидаги "Россия деколонизацияси: Ахлоқий ва стратегик вазифа" номли брифингга хуш келибсиз."

Бу брифингдаги нотиқлардан бири Кейси Мишел эди. У Россияни мустамлакасизлаштириш хусусидаги мунозарани бошлаб берган америкалик ёзувчи.

"Россия - ўзининг мустамлакачилик тарихини холис таҳлил қилмаган ва бунга ҳали яқин ҳам келмаган ягона Европа давлати. Ҳисоблашиш даври яқинлашяпти, чунки Россия [Украинада] бошлаган урушдан кейин, одатий тартибга қайтиш қийин бўлади. Айниқса Россиянинг ичида", - дейди жаноб Мишел.

Бу даъвога кўра, Европада бутун бошли уруш бошланишига фақатгина Владимир Путиннинг империалистик иддаолари эмас, балки Россиянинг империалистик характери сабаб бўлди. Ва Россия мустамлакасизлаштирилмас экан, ва мустамлакачилик характеридан айрилмас экан, у ҳамиша дунёдаги тинчликка хавф бўлиб қолади.

Сталин коллективизацияси келтириб чиқарган очарчилик қозоқларга қандай таъсир қилганида ҳақида...
Сурат тагсўзи, Сталин коллективизацияси келтириб чиқарган очарчилик қозоқларга қандай таъсир қилганида ҳақида...

Лекин, "деколонизация" сўзини Россияга нисбатан қўллаб бўлармикан? Бўлса, бу амалда нимани англатади? Россия маданиятини деколонизация қилишми? Россияликлар миясиними? Балки бу бутун Россияни бўлиб юборишни англатар?

"Бизга бу тоғлару далалар ёқиб қолди"

"Кўплар Россия ҳар доим ҳозирги чегараларига эга бўлганига ишонади. Лекин, бу - ёлғон", - дейди Саргилана.

Саргилана шимоли-шарқий Сибирнинг узоқ арктик қишлоғидан. Унинг этник келиб чиқиши - юкагир. Юкагирлар - Россиядаги 160дан ортиқ этник озчиликларнинг энг кичикларидан бири.

"Биз 400 йил аввал урушда мағлуб бўлганмиз. Ўшанда қўштирноқ ичидаги рус сайёҳлари ҳудудимизга кириб келишганди. Улар биздан "юмшоқ олтин"ни исташган. Бу ҳайвон юнгини англатади, у ўша даврда жуда қиммат бўлган."

Россиянинг босқинчилиги 16-асрда бошланган. Московия руслари бугунги Россиянинг шимоли-ғарби ва Европанинг шарқидаги чегараларидан Сибирга ва Осиё шимолига кенгая бошлаган. Унинг йўлбошчиси - қиличини яланглаган казак авантюрист Ермак эди. Игорь Растеряевнинг қўшиғида куйланишича, унинг соқоли киндигигача тушган:

«Соқоллари киндигигача. Мисли тутун, мисли олов ичра. Яна қўшинларимиз Шарқ томон юрди. Шахматлар юртидаги гиламда қора қирол билан шашка ўйнаш учун. Бизга бу тоғлар ва далалар ёқиб қолди. Демак, бу - казакларнинг ери!»

Ермакнинг авлодлари 1587 йилда Москвадан 1770 километр узоқликдаги Тобольскка, 1628 йилда 3200 километрлик масофадаги Красноярскка, 1632 йилда - қарийб 5 минг километр узоқликдаги Якутскка, 1647 йилда Тинч уммонидаги 5600 километрлик йироқ Охотскка асос солишди.

Россия кенгайди ва қуруқликдаги энг катта империяга айланди.

Universal History Archive/Universal Images Group via Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Верещагиннинг Самарқанд қалъасини "мудофаа қилаётган" рус армияси акс этган "Қалъа девори ёнида. Кириб кўришсин-чи" номли картинаси. 1872 йил - Photo by: Universal History Archive/Universal Images Group via Getty Images

Бўтакўз Қосимбекова бугунда Швейцариянинг Базел Университетида тарихдан дарс беради. У Сибирнинг қорни остидаги баҳайбат дашт - Қозоғистонда улғайган.

"Россиянинг мустамлакачилик услуби бошқа мустамлакачи империяларникидан кўп фарқ қилмаган. Унинг қуроллари, унинг "бўл ва бошқар" стратегияси, унинг маҳаллий элиталарни ўзлаштириши. У аввал русларники бўлмаган ерларни ҳарбий куч билан босиб олиб, бу ерлар Россияники эканини даъво қилган," - дейди у.

Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги бошқа ўлкалар - бугунги Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон 19-асрда Чор Россияси империяси томонидан босиб олинди. Босқинчиликка баҳона - тараққиёт эди.

"Ёввойи" Ўрта Осиё, очарчилик ва ейилган болалар

"Ўрта Осиё аҳолисининг шунчалар ёввойи, иқтисоди ва жамияти шунчалар чириганки, Европа цивилизацияси бу ернинг бир бошидан иккинчисига қанчалар тез кириб борса, шунча яхши."

Бу - русларнинг машҳур рассоми Василий Верещагин 1871 йилда ёзган сўзлар. Унинг асарида ўрта осиёлик хоннинг вақтинчалик ғалабаси ортидан найзаларга санчилган рус аскарлари бошлари акс этган. Верещагин «бир бошидан иккинчисига» деганида, Ҳиндистондан Марказий Осиё сари ўхшаш миссия - "цивилизациялаштириш" вазифаси билан илгарилаётган Британия империясига ишора қилган.

Бироқ, ярим аср ўтар-ўтмай, Чор империяси қулади. Аммо, унинг меросхўри бўлмиш Совет Иттифоқи қарийб барча ҳудудларни ўзида сақлаб қолди.

"Болалигимда, эслайман, бувим хонада бир ўзи ўтиришни яхши кўрарди. Бир нуқтага тикилиб ўтирарди. Бир куни олдига бориб сўрадим: "Буви, нима қиляпсиз?" У менга қаради-да, жавоб берди: "Онамнинг юзини эслашга уриняпман."

Бўтакўзнинг бувиси етимхонада ўсган, чунки унинг онаси 1930 йилларда Сталиннинг мажбурий қишлоқ хўжалиги коллективизацияси келтириб чиқарган очарчиликда нобуд бўлган 1,5 миллион қозоқлардан бири эди. Очарчилик қозоқларнинг 40 фоизини олиб кетган.

"Уларнинг чорвасини Москва ва Петербургдаги фабрика ишчилари учун олиб кетишган", - дейди у.

Кейин нима бўлганини тасвирлашнинг ўзи даҳшат..

-Ёш болаларнинг кўпларини ейишган. Ота-оналар ўз болаларини сотган...

-Ейишган?

-Ҳа, ейишган. Шунинг учун одамлар, ўз боласини емаслик учун боласини сотиб, бошқаларники сотиб олганлар.

-Болаларни ейишга мажбур бўлишганми?.. Бу даҳшат. Демак, сиз айтяпсизки, улар шу қадар оч бўлишганки, ўзлари ё бошқаларнинг болаларини еганлар?

-Ҳа, албатта.

-Албатта?

-Тушунинг, қишда ҳарорат -50га тушади. Ейишга ҳеч вақо йўқ. Дарахт йўқ. Одамлар шу қадар очки, ақлидан озганлар.

Буларнинг ҳеч бири Совет тарих китобларида бўлмаган. Ташқарида ҳам буни деярли ҳеч ким билмаган.

Sargylana Kondakova

Сурат манбаси, Sargylana Kondakova

Сурат тагсўзи, Россия империализмига қарши намойишлар қилувчи Саргилана Кондакова кўкрагида "рус эмас" деган ёзув бор.

Машҳур америкалик қўшиқчи ва аксил-мустамлакачи фаол Пол Роубсон 1934 йилда илк марта Совет Иттифоқи бўйлаб пушти кўзойнакли сафарини қилганида, қозоқ даштларида инсон суяклари ҳануз сочилиб ётган бўлса ажабмас. Бошқалар каби Роубсон ҳам коммунистлар пропагандасига ишонган ва мамлакатни ирқий бағрикенглик машъали деб кўрган.

"Нега ҳар бир одам эмас?" - дея куйлаганди у.

"Совет Иттифоқи ўзини аксил-мустамлакачи куч дея тақдим қилган. Мен буни русча империал гўллик деб атаган бўлардим. У иш берган. Чунки одамлар ҳақиқатдан ҳам шу яхшиликка ишонишни исташган", - дейди Бўтакўз.

Руссоцентризм

Совуқ уруш даврида Президент Роналд Рейган СССРни "золим империя" деб атагани овоза бўлганди. Лекин, 1991 йилда у ниҳоят парчалана бошлаганида, Рейганнинг меросхўри Жорж Буш Украина парламентига юзланиб шундай деган:

"Америкаликлар йироқдаги зулмни маҳаллий мустабид тизимга алишиш учун мустақилликни истаётганларни қўллаб-қувватламайди. Улар этник нафратга асосланган ҳудкуш миллатчиликни тарғиб қиладиганларга ёрдам бермайди."

Бу нутқдан кўп ўтмай, Украиналиклар катта кўпчилик билан мустақилликка овоз беришди. Бушнинг аралашуви эса тарихда "Киевча котлет" бўлиб муҳрланди. Шунга қарамай, 21-асрга ўтиб ҳам, "пост-Совет ҳудуд"нинг кўплаб олимлари ўжарлик билан руссоцентрик бўлиб қолдилар.

Бўтакўз: "Ҳар доим Москва ё Петербургнинг сўзи устун бўлган. Тарихчи бўлишга тайёрланаётиб, ўзим ҳам шу ўсиш ҳикоялари, Россиянинг қудратини ошириш ҳикояларини ўқидим."

Икки йил олдин бу ўзгарди.

"Энди эса, мен Украина бомбардимон қилинаётганини кўрганимда, буни Россиянинг ўсишига эмас, миллатнинг ўлимига ўхшатаман. Биз ўзимиз ўқиган тарихни қайта кўриб чиқа бошладик, чунки Москва бугун қилаётган ишларини асрларки такрорлаб келган."

Бугунда дунёдаги академик ва маданий институтлар ўз зеҳниятини кавлай бошлашди. Улар Москвага қараб қолишганмиди? Аввал рус дея тақдим қилинган баъзи ёзувчилар ва артистлар энди украин дея қайта тамғаланди,.. ёки грузин, ё беларус. Кўплаб университетлар биринчи марта украин ва бошқа собиқ совет тил ва адабиётини ўқита бошлашди. Ўтган йили бу ҳудуд тадқиқотчиларининг энг катта йиғини мавзуси деколонизация бўлди. Лекин... ҳали Ғарб бунга энди-энди уйғонаётган бўлса, Россиянинг ўзида бу юз бериши эҳтимоли қанча?

"Менимча, ўз империализмимизни англаб етиш ҳали бошланмади ҳам", - дейди россиялик Саша Манакина.

Sasha Mordovets/Getty Images

Сурат манбаси, Sasha Mordovets/Getty Images

Сурат тагсўзи, Путин 2013 йилда Жанубий Кореяда Пушкин ҳайкалининг тантанали очилишида нутқ сўзламоқда. Пушкин асарларидаги татар ва черкеслар ўлдирилиши бугун бошқача контекстда таҳлил қилиняпти.

У Россия Украинага бостириб кириши ортидан мамлакатни тарк этган ёшлардан бири. Саша бир вақтлар СССР таркибида бўлган Грузияга кўчиб ўтди ва украиналикларга ёрдам берувчи кўнгиллилар сафига қўшилди. Лекин, унинг айтишича, кўплаб рус мигрантлар, ҳатто унга ўхшаган урушга қарши фаоллар ҳам, мезбон давлатнинг тили ё тарихини ўрганишга уринишмайди.

"Умуман олганда, Грузиядаги руслар русча гаплашишади. Кўплари грузинча ўрганишга ҳожат бўлмас деб умид қиладилар. Ғалати жойи шундаки, ҳатто Россияни тарк этган, Путинга ва урушга қарши одамлар ҳам империалистик қарашларга эгалар. Россиядаги ақлли ва зиёли тенгдошларим ҳам рус бўлмаган одамлар, масалан, арманлар, украинлар ҳақида ҳақоратомуз сўзларни ишлатадилар. Бу нормал ҳолат, ҳазилдек кўрилади. Билмадим, нега. Россияда биз рус маданияти дунёдаги энг зўри деб қабул қиламиз. Кўплар англамайдики, муаммо фақат Путинда эмас, муаммо бизнинг зеҳнимизда - мактабларимизда, тарих китобларимизда ва телекўрсатувларимизда."

Ва балки, ҳатто ота-оналарининг тиззаларида ўтириб эшитадиган эртакларида ҳам..

Эшитинг, Россиянинг энг ардоқли актёрларидан бири Олег Табаков мамлакатнинг энг буюк шоирларидан бўлмиш Александр Пушкиннинг "Ўлик малика ва етти баҳодир" ҳикоясини ўқиб беряпти.

Эртакда Пушкиннинг етти баҳодири эгарга ўтириб, тонгда милтиқ ва қиличлари билан анчагина қонли машғулотга отланишади.

Улар ўрдак отишади... Лекин, нишон фақат ўрдаклар эмас... баҳодирлар "кенг елкали татар"нинг бошини танасидан жудо қиладилар. Ва черкесларни ўрмондан қувиб чиқарадилар.

"Иль башку с широких плеч

У татарина отсечь,

Или вытравить из леса

Пятигорского черкеса…"

Украиналик режиссёр Ирина Цилик болалигида бу эртакни жуда севган. Лекин, бугун у бошқача мазмун касб этади.

"Александр Пушкин рус баҳодирлари эрталабки машқ учун бошқа миллат вакилларини отадилар, дея ҳазил аралаш ёзган. Бу мени ларзага солади. Билмадим.., шокка тушаман. Бу мисралар 19-асрда рус империяси черкеслар устидан қирғинни амалга ошираётганида ёзилган", - дейди у.

Рус қўмондонлари ўшанда черкесларни "одамзотдан паст ахлат" деб аташганди.

"Лекин, Пушкин эртаклари ҳали ҳам севиб ўқилади ва ҳали бу контекстда таҳлил қилинмаган."

Январда бошқирд фаоли Фаил Алсиновнинг тўрт йилга қамалиши Уфадаги йирик намойишларга сабаб бўлди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Январда бошқирд фаоли Фаил Алсиновнинг тўрт йилга қамалиши Уфадаги йирик намойишларга сабаб бўлди.

"Миллий республикалар"

Черкеслар ҳозир қаерда? Қирғиндан омон қолган ва ораларида Борис Жонсоннинг ҳам катта бувиси бўлгани ишонилган черкесларнинг аксари Яқин Шарқ бўйлаб сочилган. Қолганлари Россиянинг қатор "миллий республикалари"да яшайдилар. Совет Иттифоқининг Украина, Грузия, Ўзбекистон каби рус бўлмаган 14та бошқа республикаларидан фарқли ўлароқ, "миллий республикалар" - Россиянинг таркибидаги автоном ҳудудлар. Уларда яшовчи ёқутлар, татарлар, бурятлар ва черкеслар каби илк ишғол қилинган халқлар 1991 йилда мустақил бўлишмади. Лекин, баъзиларида бугун норозилик сезиляпти.

Ўтган ой Россия марказидаги Бошқирдистонда юзлаб намойишчилар қамоққа олинган фаолнинг озод этилишини талаб этиб полиция билан тўқнашдилар. Тутқун фаол ўз она тили бўлмиш бошқирд тилини сақлаб қолиш ва табиатга зарарли кончиликка қарши курашган. Бу Россияда охирги икки йилда юз берган энг катта намойиш бўлди. Ва бу этник озчилик ҳудудлари учун биринчиси эмасди.

Шимоли-шарқдаги Якутия пойтахтида, кийик боқувчилар авлоди Саргилананинг ватанида, 500дан ошиқ аёллар қўлни қўлга бериб йирик доира ҳосил қилишди. Улар ёқут эркакларининг урушга сафарбар этилишига қарши намойиш қилишаётганди. Этник рус бўлмаган регионлар Украинадаги урушга рус ҳудудларидагидан кўра анча кўп эркакларни юборишга мажбурланган. Саргилана у ерда эмасди - у Россия Украинага 2014 йилда илк босқинини уюштирганида ватанини тарк этган ва ҳозир 11 000 чақирим узоқда яшайди.

"Ҳа, Мелбурнда ҳозир ёз фасли. Кеча ҳарорат +37 эди. Деразамдан эвкалипт дарахтларини кўряпман. Австралияни севаман."

У ўша ердан "Озод Якутия" ташкилотини юритади. Айнан шу ташкилот ижтимоий тармоқлар орқали Якутскдаги намойишни уюштирганди. Қувғинда бошқа "миллий республикалар" вакиллари ҳам фаоллашган. Уларнинг истаги - деколонизация.

Аммо, буни амалда қандай тасаввур қиласиз?

"Биз учун деколонизация мамлакатнинг барбод бўлишини англатмайди. Бу халқларнинг ўз келажагини белгилаш, ўзлигини англаш дегани."

Гап фақат маданиятни асраш ҳақида эмас. Якутия, масалан, нефть, газ ва олмосга жуда бой.

"Миллиардлаб пулимиз Москвага кетади, жуда ками бизга қайтади. Коррупция кенг тарқалган, мактаблар етарли эмас, касалхоналар етарли эмас, қулай уйлар кам, темир йўллари йўқ", - дейди Саргилана.

Россия Украинага босқинини Ғарбнинг фитнасига жавоби дея тақдим қилади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия Украинага босқинини Ғарбнинг фитнасига жавоби дея тақдим қилади.

Лекин, Якутия ҳеч қачон мустақил бўлмаса керак, шундай эмасми? Нафақат Путиннинг ўзи, бутун рус элитаси, ҳатто аксар рус халқи бунга йўл қўймаса керак?

"Бу - секин кечадиган жараён. Одамларга тарихимиздаги ҳақиқатларни, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий нотенгликларни сўзлаб берсак, уйғонишади. Нималар бўлаётганини англашади. Шу сабаб ҳам Кремль биздан жуда қўрқади."

Парчалаш "фитна"си ва Ғарб "иккиюзламачилиги"?

Кремль эса бошқа нарсадан қўрқишини даъво қилади. У ўз халқидан эмас, балки Россияни парчаламоқчи бўлаётган Ғарб, украин фитнасидан қўрқади. Ҳақиқатдан ҳам, Украина хавфсизлик раҳбари Кирило Буданов парчаланган Россия харитасини тарқатган. Лекин, Ғарбда кўплар Россиянинг бўлиниб кетишидан даҳшатга тушган бўлардилар:

"Россия - миллий давлат. Ундаги аҳолининг 80 фоизидан ошиғи - руслар. Федерациянинг турли қисмларида ҳам аксар аҳоли руслардан ташкил топган", - дейди Британиянинг Эксетер университети сиёсатшуноси Кеворк Осканян.

Чунки рус мустамлакачилари ўзлари билан рус келгиндиларни олиб келишган.

"Шу сабабдан, Россияни мустамлакасизлаштириш Ғарб империяларини мустамлакасизлаштиришдан фарқ қилади. Ғарб империялари мустамлака давлатлардан шунчаки ўз маъмурлари ва ҳарбийларини олиб чиқиб кетишган, ва бошқарувни маҳаллий халқларга топширишган. Россия мисоли эса собиқ Югославияникига жуда ўхшаш. Яъни этник гуруҳлар қоришиб кетган. Агар бу юз берган тақдирда ҳам, жуда қонли кечса керак. Буни ният қилишнинг ўзи олов билан ўйнашишга тенг."

Доктор Осканян фикрида, "Россияни деколонизациялаш" ҳақида гапираётганлар шунчаки зиёлилар орасида модага айланган назарияга қўшилишмоқда.

"Деколонизация Россияга нисбатан ишлатилганда, муаммо шундаки, у Россияни ожизлаш, Россиядаги сепаратизмни гижгижлаш орқали геополитик очколарни ишлаб олишдек кўринади. Масалан, ўта нео-консерватив қарашдаги тадқиқот марказлари Ғарбнинг Яқин Шарқ ва Қора Африкага қарши мустамлакачилик ёндошувини қораламасдан, Россияни мустамлакасизлаштириш ҳақида бемалол гапирадилар. Бу каби "танлаб-танлаб" ёндошув Ғарбга яшил чироқни беради. Илмда буни қилсангиз, оддийгина, Россия гегемонияси ўрнига Ғарб гегемониясини ўрнатган бўласиз", - дейди Осканян.

Иккиюзламачилик, демоқчи сиёсатшунос. Бир вақтлар Ғарб мустамлакачилигига қарши курашган ва бунда Совет Иттифоқи дастагини олган давлатларда кўплар бу фикрга қўшилади...

Баъзи украинлар қаҳрамон деб биладиган Степан Бандерадан кўп руслар нафратланади.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Баъзи украинлар қаҳрамон деб биладиган Степан Бандерадан кўп руслар нафратланади.

"Қанақа деколонизация ҳақида гап кетяпти? Бу - геосиёсий майнавозчилик. У жиддий муҳокамага ҳам арзимайди. Бу беъманилик театри."

Бу - ҳиндистонлик собиқ дипломат, МК Бадракумар. Бугунда у ташқи ишлар соҳасида таниқли блогер.

"Ундан кўра Канаданинг деколонизацияси ҳақида гаплашайлик. Ё Австралияни мустамлакасизлаштиришни гапирайлик. Лекин, буларнинг бари тарихга кўмилган, ҳеч ким гапиришни истамайди. Чор Россияси ҳеч қачон англо-саксонлар Шимолий Америкада қилгани каби этник қирғинни амалга оширмаган."

Жаноб Бадракумар Россияни яхши билади. Марказий Осиёни ҳам. У Ўзбекистонда элчи бўлган.

Хўш, унда қўшни Қозоғистондаги очарчилик-чи? Мен қозоқ тарихчиси билан суҳбатлашдим, у бувисининг оиласи очарчиликда буткул йўқ бўлганини айтди.

"Бунинг мустамлакачиликка нима алоқаси бор? Дўстим, очарчилик фақат Қозоғистонда бўлмаган. Унинг ирққа ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Агар мустамлакачиликка боғлиқ очарчиликни ўрганмоқчи бўлсангиз, Ҳиндистонга келинг. Бенгол очарчилигини сўранг. Бу британларнинг кўз ўнгида юз берган, улар кичик бармоғини ҳам қимирлатмаганлар."

Хўш, 1943 йилги Бенгол очарчилигини қозоқ очарчилиги билан солиштирсак, у мустамлакачиликнинг каттароқ натижасими? Бунга жавобингиз сиз қандай сиёсий қарашда эканингизга боғлиқ. Яна сиёсатшунос Кеворк Осканяндан эшитайлик.

"Муаммо шундаки, мустамлакадан қутулиб миллий ўзликни яратганингизда, тарихнинг баъзи қисмларини урғулаб, бошқаларини ўчирасиз. Мисол учун, Украина. У ерда номи оқланишга лойиқ бўлмаган шахсларни ҳам, айтайлик, Степан Бандерани ҳам оқлаш мумкин бўлади."

Бандера Иккинчи Жаҳон урушида Украина мустақиллиги учун курашга етакчилик қилган. Кремль уни нацистлар билан ҳамкорлик қилган хоин дея тамғалаган. Унинг издошлари ўн минглаб поляк ва яҳудийларни қиришда айбланган бўлса-да, бугун Украинада унинг шарафига номланган кўплаб кўчаларни кўрасиз.

"Ўта ўнг қанот қарашдаги шахслар, турли хунрезликларда иштирок этган бўлсалар-да, тўсатдан қаҳрамонга айланадилар. Тарих "Россия - бир тараф, қолган ҳамма - иккинчи тараф" деган содда нарративга солинади. Аслида эса тарих анча мураккаб бўлган", - дейди Осканян.

Нотўғри империя

Хўш, унда мустамлакасизлантириш, яъни деколонизация ҳақида гапиришдан наф борми ўзи? Россия ва Ғарб империяларини солиштириб хато қилдикми? Ярослав Хрицак - "Украина: Миллатнинг келиб чиқиши" номли янги тарих китобининг муаллифи. У аъзолик қиладиган халқаро тадқиқот лойиҳаси Украина тарихини русча контекстдан ҳоли тарзда ҳикоя қилишга интилади. Аммо, унга кўра, бу осон кечмайди.

Совет Иттифоқини империя деб аташ мумкинми?

Сурат манбаси, BBC OVERS

Сурат тагсўзи, Совет Иттифоқини империя деб аташ мумкинми?

"Украина тарихи - жуда мужмал. У оқ ва қора эмас. У мустамлака бўлганми ё бўлмаганми? Мен талабаларимга Винни Пух мисолини келтираман. Винни Пух асал олгани боргани эсингиздами? У асални топгач, бу нотўғри асални ишлаб чиқараётган нотўғри асалаларилар эканини англайди. Демоқчиманки, Россия - нотўғри империя эди, ва шунинг учун ҳам нотўғри мустамлакаларига эга бўлган. Чунки, Россия ўта йирик ва қолоқ империя эди. Одатда империяда марказ унинг чеккаларига қараганда анча ривожланган бўлади", - дейди тарихчи.

Россияда эса бунинг тескариси бўлган. Украина каби ғарбий ҳудудлар империянинг марказига қараганда анча бадавлат ва ўқимишлироқ бўлган. Демак...

"Руслар империяни қураётганларида, украинлар худди шотландлар Британия империясида ўйнаган ролни ўйнаганлар. Британия империясида шотландлар энг илғор соҳаларда ўзларини кўрсатишга уринганлар."

Яъни, Британия империяси маъмуриятида жуда кўп раҳбарлар ва зобитлар шотландлар эди. Улар инглиз бўлмасалар-да, империянинг ўта фаол йўлбошчилари эдилар, шундай демоқчисиз, тўғрими?

"Шубҳасиз! Украинлар мисолида ҳам, баъзи рақамларга кўра, 18-асрдаги рус элитасининг ярми украинлар бўлишган. Совет Иттифоқининг якуний йилларида ҳам шунга ўхшаш ҳолат эди. Демак, уни мустамлака деб аташ қийин."

Демак, Украина мустамлака эмас! Лекин, шошманг... Профессор Хрицакка кўра, украинлар бошида шотландлардек бўлишган, лекин охирига бориб ирландларга ўхшаб қолганлар. Ахир ирландлар, худди бугунги Украина каби, ўз озодлиги учун жанг қилган ҳақиқий колония эди. Профессорнинг айтишича, Украина ғалаба қозонса, бу Россиянинг ўзида ҳам деколонизация бошланишига йўл очади.

"Уруш - фожиа, лекин айни дамда, уруш имкониятларни ҳам яратади. Россия учун энг яхши натижа - бу урушда мағлуб бўлиш ва ўзидаги сиёсий режимни ўзгартиришни бошлаш. Бу узун жараён, лекин урушлар аввал имконсиз деб билинган нарсаларни имконли қилишга қодир."

Ҳарбий мағлубият бошқа империяларнинг ҳам - австро-венгер, усмонлилар империялари қулашига ҳам сабаб бўлган. Лекин, Россия ҳеч мағлуб бўладиганга ўхшамаяпти. Яқинда у янги украина ерларини босиб олди. Ғарбнинг жазо чоралари кутилганидек самара бермади. Грузияда яшаётган россиялик қувғин Саша ҳали-бери ватанига қайтишига ишонмайди.

"Йўқ, менда умуман ҳеч қандай оптимизм йўқ [кулади]. Менимча, Россия бундай шаклда бўлмаслиги керак, лекин яқин бир неча ўн йилликда нимадир яхши тарафга ўзгаришига ишонмайман. Ҳатто Путин ўлган тақдирда ҳам, русларнинг мияси мағзава билан тўлган. Менимча, биз ҳаммамиз дўзахга тушамиз... Узр", - деб кулади Саша.

Аммо, Саргилана, Мелбурнда ўтириб, орзусидан воз кечмаяпти. Унинг фикрида, деколонизацияни одамларнинг зеҳнидан бошлаш керак. У ўзгариш, худди ёқутлар рақсидаги каби, аввалига сокин қадамлар билан, кейин тобора тезлашиб, бир кун унинг музлаган ватанига кириб келишига ишонади.

"Одамлар қултабиат фикрлашдан воз кечмас эканлар, ҳеч нима ўзгармайди. Барибир бу диктатура адабий давом этмаслигини биламиз. Тарих шуни кўрсатадики, ҳаммаси бир кунда, жуда тез ўзгариши мумкин."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002