Махсус лойиҳа: “Ўлиб қоламан, болам, десам, ана қабристон, дер эди” - Тожикистон билан ўртада муаммо қолмадими? Video O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

  • Аваз Тоҳиров
  • Би-би-си, Тошкент
tj

Сурат манбаси, Tojikiston prezidenti matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Қўшничилик алоқаларининг қисқа муддатда яхшиланиши икки давлат раҳбарининг сиёсий иродаси натижаси ўлароқ кўрилади.

Тожикистон тарихий ва маданий жиҳатдан Ўзбекистонга энг яқин давлат. Бироқ узоқ йиллар давомида бу икки қўшни муносабатлари минтақадаги энг совуғи бўлди. Бугун вазият буткул бошқача.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг йилларга татиган зиддиятли алоқалари кўп бор таҳлилчилар, халқаро матбуот эътиборини ўзига тортган.

Муносабатлар шу даражада совуқ эдики, ўзаро борди-келдида виза тизими жорий этилган, чегара ҳудудларнинг айрим қисмлари миналаштирилганди.

Кўплаб таҳлилчилар бу совуқлик сабабини сув ва энергетика ресурсларидан фойдаланиш, баҳсли чегара ҳудудлари юзасидан келиб чиққан келишмовчиликларда кўрди.

Бошқалар эса марҳум Ислом Каримов ва Эмомали Раҳмон ўртасидаги шахсий зиддиятлар фаразини ўртага ташлади.

Ўзбекистоннинг иккинчи ҳукумати ҳокимиятга келиши билан зудликда зиддиятларни аритиш ҳаракати бошланди.

17 йил амал қилинган виза тартиби бекор қилинди, 20 йилдан кўпга чўзилган бошқа тушунмовчиликларга ҳам барҳам берилди.

Кузатувчилар Тожикистоннинг муносабатлар энг жадал тарзда яхшиланган қўшнига айланганини тилга олдилар.

"Бугун Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида мен билган бирор йирик муаммо қолмади", дейди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

"Тинч замонда ўйнагани келяпмиз"

tj

Атиги бир неча йил аввал минтақада ўтиш энг қийин бўлган Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида бугун одам қайнамоқда.

Ҳар икки мамлакат фуқаролари борди-келди анчайин эминлашганини ўз танида ҳис қилгани ҳақида гапиради.

Чегара дарвозалари энди очилган вақтлар ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқда мамлакат кўчалари бўйлаб Тожикистон давлат рақами туширилган машиналар кескин кўпайганини ҳайрат ва ғайрат ила муҳокама қилган эди.

Бугун бу оддий ҳолга айланган.

tj

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ҳар икки мамлакат фуқаролари борди-келди анчайин эминлашганини ўз танида ҳис қилгани ҳақида гапиради.

Икки биродар миллат йиллар мобайнида кўра олмаган яқинларини зиёрат этмоқда, саёҳатга чиқмоқда ва бизнес қилмоқда. Бугун икки давлат чегарасини кесиб ўтаётганларнинг кети узилмайди."Тинч замонда ўйнаб келайлик, деб пенционер дугоналар Самарқанд, Бухорога кетяпмиз", дейди Тошкент вилоятидаги "Ойбек" чегара маскани орқали эндигина Ўзбекистонга ўтган тожикистонлик онахонлардан бири.

Улар чегара муаммоларига барҳам берилганидан хурсандлигини яширмайди.

"Икки қизим Ўзбекистонга тушган. Авваллари кела олмасдида. Тошкентга бориб, эрталабдан кечгача тик оёқда туриб, виза қилдириб, энди ўтиши билан куёвдан телефон келарди. Милисахонадан телефон қилишди, аёлинг ўтибди, дейишди, тез қайт, дер эди", хотирлайди саёҳатчилар гуруҳидаги Назира Душабоева.

Онахон икки мамлакат чегарачиларининг одамларга муомаласи ҳам анчайин яхшиланганини тилга олади.

"Олдинлари қари бўладими, жуда жеркиб муомала қилишарди. Ўлиб қоляпман, болам, десам, ана қабристон, дер эди. Ҳозир ҳар икки томонда ҳам оқ йўл, деб кузатиб қўйишяпти".

tj

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, 2003 йилдан бери иш билан Ўзбекистонга доимий қатнаётган хўжандлик Фаррух ҳам чегарадаги вазият яхшиланганини ҳис этган инсонлардан. 

Шоу бизнес соҳасида ишлаши, тўй-томошалар ташкил этиш шуғулланишини айтган хўжандлик Фаррух 2003-йилдан буён Ўзбекистонга мунтазам қатнаши сабаб аввалги ва ҳозирги вазиятни бемалол таққослай олиши ҳақида гапиради.

"Ўзбекистонга жуда кўп ўтганман. Виза тартиби бор вақтдаги вазият ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Мана ҳозир ўтишимга 10 дақиқа ҳам кетмади. Айниқса, чегарачиларнинг муомаласи жуда яхшиланган, ўзининг яқинидек гапиришяпти. Ҳозир ҳужжатларимни текширган чегарачининг исмини атайин сўрадим. Шоҳруҳ экан. Шунчалик мулойим муомаласи учун ака Шоҳруҳга раҳмат".

"Бу халқларнинг танлови эмасди"

Алоқалар яхшиланишини нафақат чегара ўтиш масканларида, балки иқтисодий муносабатлар, айниқса, Тожикистон кўчаларида кун сайин кўпайиб бораётган турли ўзбек брендларида ҳам кўриш мумкин.

Бироқ ҳар томонлама яқин бўлган бу икки қўшни нега узоқ вақт бир-биридан айро яшагани ҳамон қизиқишларга сабаб бўлиб келади.

tj

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Бугун икки давлат чегарасини кесиб ўтаётганларнинг кети узилмайди.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов бунинг сабабини икки сиёсий тизимнинг айнан ўхшаш бўлганида кўришини айтади.

"Ўзбеклар ва тожиклар икки тилда гапирсада, аслида, уларнинг зеҳнияти, сиёсий маданияти бир-бирига ниҳоятда яқин. Совуқ муносабатлар эса иккаласи ҳам қаттиқ авторитар бўлган Каримов ва Раҳмон тузумининг маълум сиёсий талашуви ортидан юзага келган эди. Лекин бу халқларнинг танлови эмас эди".

Таҳлилчи айнан ўзаро ўхшашлик қўшниларни иккига айирган бўлса, тарихий, сиёсий, иқтисодий ришталар ва эҳтиёжлар алоқаларнинг кескин яхшиланиши формуласи ўлароқ хизмат қилганини таъкидлайди.

"Икки давлатнинг бир-бирига нисбатан катта бўлган эҳтиёжлари ҳам муносабатларнинг нормаллашувига сабаб бўлди. Тожикистон бундай олиб қаралса, ярим орол - бир томони баланд тоғлар билан ўралган. Асосий йўли Ўзбекистон, қисман Қирғизистондан ўтади. Каримов даврида Ўзбекистон узра Тожикистонга самолёт ўтишига йўл қўйилмади, Россиядан келадиган поездлар қатнови ҳам тўхтатиб қўйилди. Бу эса Тожикистонга жуда катта муаммоларни яратди. Шу сабабдан Тожикистон учун Ўзбекистон билан алоқалар яхши бўлиши жуда муҳим", қўшимча қилади Раббимов.

Аммо гап фақат Тожикистоннинг эҳтиёжларида эмас.

Ўзбекистоннинг Амударё ва Зарафшон каби Тожикистондан келувчи сувларга эҳтиёжи ошиб бораркан, бу қўшнининг аҳамияти ҳам ортаверади.

Тожикистон "Роғун" ГЭСини қуриши ўз вақтида Ўзбекистоннинг қаттиқ қаршилигига учраганди.

Бугун аксинча — Ўзбекистон, ҳатто, Тожикистондан электр қуввати ҳам сотиб олмоқчи.

Мустақил таҳлилчи Анвар Ҳусаинов Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бир-бирига ҳудуд, сув ва бозор сифатидаги эҳтиёжлари уларни ҳали узоқ вақт жипс боғлаб туради, деган фикрда.

"Кичик ва ўрта бизнес алоқалари бугунги кунда яхшиланди. Энди глобал ғоялар даражасига кўтарилиш керак", таъкидлайди у.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.