Махсус лойиҳа: “Ўзбекистоннинг ҳам, Қозоғистоннинг ҳам кураги ерга тегмасин дейман” — қўшничилик алоқалари яхшиланганидан ким хурсанд?

  • Аваз Тоҳиров
  • Би-би-си, Тошкент
KZ

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, "Черняевка" (Ғишт кўприк) чегара маскани минтақадаги энг гавжумларидан саналади.

Марказий Осиёдаги энг йирик иқтисод, энг катта ҳудудли мамлакат бўлмиш Қозоғистон йиллар давомида минтақада Ўзбекистон билан зимдан рақобатлашгани айтилади. Эндиликда, икки қўшни бир-бирининг имкониятидан ҳали етарли фойдаланиш даражасига чиқмади, сўзлайди таҳлилчи Анвар Ҳусаинов.

Тошкент яқинидаги "Ғишт кўприк" чегара маскани минтақадаги энг гавжумларидан бири.

Ислом Каримов ҳукуматининг аксар қўшнилар билан муносабатлари совуқлашиб, виза тартиблари жорий қилинган вақтларда ҳам, Қозоғистонга элтувчи бу йўл ёпилмаган.

Сабаби "Ғишт кўприк" юз минглаб ўзбекистонликларнинг шимолга чиқувчи асосий дарвозаси саналади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Кимдир ишлаш, кимдир бизнес қилиш, яна кимдир яқинлар билан дийдорлашиш мақсадида ўтиб қайтади.

Бугун маскан ҳудуди гавжум бозорга ҳам айланган.

Ўтаётган ҳар бир инсоннинг, тирикчилик қилаётган ҳар бир сотувчининг ўз ҳикояси бор.

Аждодлари Буюк Ипак Йўлида жойлашган айни ҳудудда савдогарларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланганини айтган Насиба Шоюсупова ўзини икки мамлакатга илдиз отган инсондек ҳис қилиши ҳақида гапиради.

"Фарзандларим Қозоғистон, ўзим Ўзбекистон фуқаросиман. Шу сабабдан икки давлатнинг ҳам кураги ерга тегмасин, дейман", сўзлайди "Ғишт кўприк"да нон сотиб меҳнат қилаётган Шоюсупова.

Аммо, айни пайтда, Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари бу фақат чегара олдидаги кичик савдо ёки муҳожирлар борди-келдиси эмас.

kz

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ўтаётган ҳар бир инсоннинг, тирикчилик қилаётган ҳар бир сотувчининг ўз ҳикояси бор.

"Ўзбек санъаткорларини биздан яхши кўришади"

Сирдарёлик хонанда Ботир Азизовнинг ҳаёти ва ижоди 15 йилдан буён Қозоғистон билан боғланган.

"Қозоғистонга ўтсам, она ватанимда юргандек ҳис этаман. 70 фоиз хизматларимиз қозоқча тўйларда бўлади. Юз фоиз қозоқча гапирганимдан, қозоқ бовурларимиз ростдан Ўзбекистонданмисиз, деб ҳайрон қолишади", сўзлайди Азизов.

Аммо Азизовнинг Қозоғистонда илдиз отиши осон кечмаган.

Айниқса, у йиллар давомида чегарадан ўтиш масаласи ўзи ва ижодий жамоаси учун жиддий муаммо бўлиб келганини эслайди.

"Соатлаб навбат кутиб турардик. Асаббузарлик, ташвишларни эса айтманг.

kz

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, 15 йилдан буён Қозоғистон тўйларида хизмат қилаётган сирдарёлик хонанда Ботир Азизов икки давлат алоқалари яхшиланганини ҳис қилган минглаб инсонларнинг бири. 

Ҳозир кўз очиб юмгунча Қозоғистонда бўламиз. Мана ҳозир сиз билан суҳбатдан кейин яна Қозоғистонга чиқиб кетаман".

Рақобатдан стратегик шерикликка

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон таҳлилчилар томонидан минтақада ўзаро зимдан рақобатлашаётган давлатлар ўлароқ кўриб келинди.

Мирзиёев қудратга келиши билан, асосий эътиборини рақобатга эмас, балки ўртадаги муносабатларни яхшилашга қаратди.

Ҳозирда икковлон стратегик иттифоқчилар ҳисобланади.

Бундан ташқари Ўзбекистон томони ўртадаги иқтисодий алоқалар ҳам кучайиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда қарийб $5 миллиардга етганини айтади.

Бу минтақадаги энг йирик кўрсаткич.

"Мамлакатларимиз раҳбарлари ҳукуматлар зиммасига яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган", дейилади Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати май ойида тарқатган хабарда.

kz

Кўплаб таҳлилчилар, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг сиёсат ҳамда иқтисодда ҳамжиҳатлиги бутун минтақа тақдирида муҳим ўрин тутади, деб ишонадилар.

Айниқса, МДҲда юз бераётган сўнгги воқеалар манзарасида бундай ҳамжиҳатлик мустаҳкамланаётганини таъкидловчи қарашлар ҳам янграб турибди.

"Биласизми, Каримов даврида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида минтақада ким лидер бўлади қабилидаги носоғлом рақобат кучли эди. Бундан ташқари бугундан кўра ташқи таҳдидлар ҳам кам эди. Одатда, умумий ташқи таҳдид кучайганда давлатлар ўз суверенитетидан маълум даражада воз кечиб, бир-бирига яқинлашади. Бугун бундай таҳдидлар Украинада юз бераётган воқеалар ёки Хитой Халқ Республикасининг уйғурларга нисбатан сиёсатида кўриняпти. Мана шу ташқи таъсирлар минтақа давлатларини бирлаштираётган омилга айланмоқда, дейишимиз мумкин. Лэкин бу бирлашув ҳали ўзининг энг юқори чўққисига чиққани йўқ", таъкидлайди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистон собиқ нефть саноати вазири, мустақил таҳлилчи Анвар Ҳусаиновнинг наздича, ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий жиҳатдан мавқейи салмоқли икки қўшнининг иттифоқчилиги Марказий Осиё минтақасида узоқ муддатли тинчлик таъминланишини кафолатлайди.

kz

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Сабаблар ва мақсадлар қандай бўлмасин, ҳар икки мамлакатдаги инсонлар алоқалар яхшиланишидан фақат хурсандлигини яширмайди.

"Агар Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи сиёсатини ўзаро мувофиқлаштирса, иқтисодий алоқаларни кучайтирса, умуман олганда, барча салоҳиятини бирлаштирса, минтақада катта куч пайдо бўлади", ишонч билдиради Ҳусаинов.

Бироқ мустақил таҳлилчи қўшничилик алоқалари охирги йилларда шиддат билан ривожланиб бораётган бўлсада, ҳали икки давлатнинг ўзаро манфаатли имкониятлари бисёр эканини таъкидлайди.

"Ўзаро чегара узунлиги икки минг километрдан ортиқ. Бу катта рақам. Бундан ташқари Қозоғистонда миллионлаб гектар ер бўш ётибди. Агар икки давлат раҳбари ўзаро келишсаю, масалан, Ўзбекистоннинг ёнгинаси - Чимкент атрофидан деҳқончилик, чорвачилик, сабзавотчилик ва бошқалар учун фойдаланишга 1 миллион гектар ер 49 йилга ижарага олинса, икки давлатнинг бозорини тўлдирадиган маҳсулотлар пайдо бўлади".

Бошқа таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистон йиллар давомида йирик капитал жамғармасига эга бўлган Қозоғистон учун, эндиликда, инвестиция киритишда жозибадор мамлакатга айланиб бормоқда.

"Қозоғистонликлар, айниқса, Ўзбекистоннинг қурилиш секторига йирик инвестициялар киритишяпти", дейди иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.

Сабаблар ва мақсадлар қандай бўлмасин, ҳар икки мамлакатдаги инсонлар алоқалар яхшиланишидан фақат хурсандлигини яширмайди.

"Ҳар жойда тирикчилик қилиб кўрдим. Аммо шу ердан бошқа жойда ишлаган кунларим ўзимни дарахтимдан узилган япроқдек ҳис қилдим", дейди Насиба Шоюсупова.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.