Ўзбек мигрант ишчи: Россия, Туркия, Британия ва энди, Польша - Мен профессионал мусофирман - Янгиликлар Yangiliklar

  • Ибрат Сафо
  • Би-би-си ўзбек хизмати
Британия сафари қариди. Кейинги манзил - Польша.
Сурат тагсўзи, Британия сафари қариди. Кейинги манзил - Польша.

"Ўша кунларни эсласам, асабийлашаман", - дейди Даврон Муйдинов Фарғонада Экологик партия вакили бўлиб ишлаган даври ҳақида гапира туриб.

"Туман ҳокимига мурожаат" деган каналга экология билан боғлиқ муаммоларни энг кўп ёзадиган одам мен эдим. Шу йўл билан Экологик партиядагиларнинг назарига тушиб қолганман. Ва мени Данғара туманига қўғирчоқ раис қилиб сайлашди ва қўғирчоқликни хоҳлашди. Лекин, мен уларнинг мақсадини тушунмай, жуда қаттиқ киришиб кетиб қолдим. Муаммоларни кўтариб, аъзолик баъдалини йиғиш ҳақида ўйламасдим ҳам", - дейди у.

Видеони томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

32 ёшли Давроннинг айтишича, у Данғара аҳолисининг сув, канализация ва чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларини ечишга ёрдам беришга уринган, аммо ҳокимлик чорасиз эди. "Ҳеч қанақа натижа бўлмагандан кейин, қилган ишларингиз, ўтган вақтингиз бир тийин бўлади", - деб эслайди у.

Даврон сиёсий карьера қилишни жуда истаганди ва 1 миллион 8 юз минг сўмлик ойликка ҳам рози эди. "Ишга велосипедда борардим. Партия раиси бўла туриб, пиражка ейишдан уялмасдим. Лекин, якка жангчисиз. У тугунларни ечишга на жисмоний, на руҳий кучингиз етади."

"Депутатларнинг кўпчилиги қўрқоқ ва савияси паст. Бизнинг тумандан Олий Мажлисга сайланган депутатимиз охирги сайловолди тарғиботларида мен билан бироз тортишиб қолди. Янги конституция, "меники, сеники" [тарғиботлари] қилинган пайтида мен талаб қўйдим: "Эски конституция қандай эди, ва янгиси қандай? Қайси бўғинида халқ манфаат топяпти? Шуни тушунтириб беринг ё келганлардан талаб қилинг. Унисиям, бунисиям бўлмаса, микрофонни беринглар, мен тушунтирай", дедим", - деб эслайди Даврон.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистондаги сиёсий жараёнлардан ҳафсаласи пир бўлган Даврон бугун Буюк Британияда меҳнат муҳожири. Тўғрироғи, у 17 ёшидан бери мигрант ишчи бўлиб бир неча давлатларда турфахил ишларни қилиб пул топишга уринган.

Даврон Ўзбекистонда Экологик партиянинг туман раиси бўлиб ишлаган.

Сурат манбаси, Davron Muydinov

Сурат тагсўзи, Даврон Ўзбекистонда Экологик партиянинг туман раиси бўлиб ишлаган.

"Мен профессионал мусофирман", - деб кулади у.

Даврон 17 ёшида Россияга иш қидириб кетган. У ерда машина ювиш, қурувчилик дохил кўп ишларни қилиб кўрди, лекин олий таълим олиш орзуси тинчлик бермади. Тошкентга қайтиб ўқишга кирди ва Ирригация институтини энергетика муҳандиси мутахассислиги билан битирди.

Аммо, бир неча йиллик иқтисодий қийинчиликлар ортидан у Туркияга иш излаб кетди ва у ерда ҳам турли жойларда 1,5 йил ишлаб яна ватанга қайтди.

Кейинги манзил Буюк Британия эди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали Даврон Британиянинг Кент вилоятидаги фермалардан бирига қулупнай терувчи бўлиб келди.

"Тунда 03:00да турасиз, 04:00да ишда бўлишингиз керак. Маҳсулот дўконларга сотувга чиқиши учун барвақт терилади. Соатига 12-13 доллар олдик. Шароитлар ёқмади - оммавий душ ва ҳожатхоналарга навбатингизни кутасиз. Бир ойга чидади сабрим, кейин Лондонга келиб бошқа иш топдим", - дейди у.

Лондонда эса Даврон ўзбек ватандоши орқали турк овқатлари ресторанига ишга жойлашди, аммо бир неча ой ишлагач, ризқини яна бошқа жойдан қидиришга қарор қилди. Турк иш берувчини у шундай таърифлайди:

"Фарзандларимиз келажаги учун уларнинг болалигидан воз кечяпмиз", дейди Даврон.
Сурат тагсўзи, "Фарзандларимиз келажаги учун уларнинг болалигидан воз кечяпмиз", дейди Даврон.

"Булар ҳаддан ташқари кўп меҳнат қилиб, камроқ қулайлик истайдиган, эҳтиёжлари кам бўлган инсонларни ишлатади. Дам олиш кунисиз ишласангиз ҳам булар яхши кўради. Чўқ севади. Ҳатто баъзида шахсий масалаларингиз бўлса-да, уйга жўнатмайди. Тоқатим тугади."

Даврон билан бугун эрталабдан Лондондаги Польша консуллиги қаршисида учрашдик.

Бу "профессионал мусофир"ни энди Польша чорлаяпти. Консуллик унга юк машинасини ҳайдаш ҳуқуқини берувчи бир йиллик визани топширди.

"Польшада логистика соҳасига, трак ҳайдовчиларига эҳтиёж жуда баланд. Менга логистика компанияси шу ишга таклифнома юборди, ва мана визани олдим", - дейди у.

Россия, Туркия, Британия, ва энди, Польша...

Лекин, Даврон узоқ келажакда барибир ватанга қайтиб яшашни истайди. Ҳозирча эса, серғайрат даврида, ўзи ва оиласининг фаровон ҳаёти учун мусофирликда ишлашга мажбур. Ўзбекистонда унинг аёли ва бир фарзанди бор.

BBC

Бу Даврон учун жуда оғриқли масала.

"Фарзандларингизнинг қайтиб келмайдиган даврлари бор-да. Энг ширин даврлари, тили чиқиши... Ўша даврларни мен каби жуда кўп ўзбекистонликлар ўтқазиб юборяпти. Ҳар бир ўзбекистонликнинг бирдан бир нияти ёшлигида, куч-ғайрати борлигида нимагадир эришиб олиш. Шунинг учун мажбур бўляпти, ёшлик қуввати ва фарзандларининг болалигини моддиятга алмашяпти. Фарзандларининг келажаги учун уларнинг болалигидан воз кечяпти."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002