Сиёсат, дин ва лобби: Нега АҚШ Исроилни бунчалар қўллаб-қувватлайди? - Исроил Фаластин Ғазо Янгиликлар (видео)

АҚШдаги 11 сентябрь ҳужумлари ортидан АҚШ ва Исроил ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШдаги 11 сентябрь ҳужумлари ортидан АҚШ ва Исроил ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланди.

Нега Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсати Исроилни бунчалар қўллаб-қувватлайди? Қисқа жавоб: бу жуда мураккаб масала. Узунроғи Американинг кўп йиллик Яқин Шарқ стратегияси, АҚШдаги оммавий фикр ва сайлов сиёсати, диний омил ва Вашингтондаги Исроилпараст лоббининг қоришмасида.

Исроил 7 октябрда мисли кўрилмаган ҳужумга учради. Ҳамас 1200 атрофида исроилликни ўлдирди ва 200дан ошиғини гаровга олди. Бунинг ортидан Ғазони бомбалай бошлаган Исроил эса 11 мингдан ошиқ фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлди, улар орасида 4 мингдан ортиқ ёш болалар бор. Кўплар наздида, Исроил фаластинликлардан ўч оляпти, аммо у, мақсади - Ҳамасни йўқ қилиш эканини айтади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Ғазодаги уруш Исроил ва АҚШ ҳар доимгидан ҳам яқин эканликларини намойиш қилди. Уруш бошланганидан бери америкалик амалдорлар Исроилга мустаҳкам ва оғишмайдиган дастакларини изҳор қилишди - ҳам дипломатик, ҳам молиявий ва ҳам ҳарбий жиҳатдан.

Бошқа мақолалар:

"Мен бир нарсани билишингизни истайман - сиз ёлғиз эмассиз. Ёлғиз эмассиз. Сиз ўз халқингизни мудофаа қилишда давом этар экансиз, биз Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этамиз," - деди 18 октябрда Исроилга сафар қилган АҚШ Президенти Жо Байден.

АҚШ Исроилга 1946 ва 2023 йиллар ўртасида 260 миллиард долларлик ёрдам берган. Бошқа ҳеч қайси давлат ундан бунча ёрдам олмаган. У БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида Фаластин ерларини босиб олган Исроилга қарши санкцияларни вето қилиб келади. АҚШ расман икки давлатчилик ечими - ҳам Исроил ва ҳам Фаластин давлати бўлишини қўллаб қувватласа-да, амалда Исроилга бу ечимни қабул қилиш бобида, кузатувчиларга кўра, кам босим ўтказган.

АҚШ Иккинчи жаҳон урушидан кейин яҳудийлар давлати барпо этилишини қўллаб-қувватлади, аммо илк йилларида алоқалар унчалик яқин эмасди. Масалан, 1956 йилда Исроил француз ва британлар билан Мисрга бостириб кирганида, АҚШ бунга қарши чиқди ва босқинчилардан чиқиб кетишни талаб қилди. У йиллар давомида Исроилнинг яширин ядровий дастурига ҳам қарши бўлиб келган. 1967 йилги араб-исроил урушидан кейин эса ўзаро муносабатлар ривожлана бошлади. Ўша урушда Исроил катта ташқи ёрдамсиз араб давлатларидан тузилган коалицияни олти кун ичида тор-мор қилди, ўзи кўп талафот кўрмади, ҳамда Ғазо ва Ғарбий соҳил каби катта янги ҳудудларни босиб олди.

АҚШ ўша даврда Яқин Шарқдаги Совет Иттифоқи таъсиридан хавотирда бўлган, чунки кўп араб давлатлари советпараст эди. АҚШга урушни тез тугата олган Исроил бу нефтга бой ва муҳим сув йўлларига эга ҳудуддаги жозибали шерик бўлиб кўринди.

Исроилга дастак ҳам демократлар ва ҳам республикачи сиёсатчилар орасида кучли.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроилга дастак ҳам демократлар ва ҳам республикачи сиёсатчилар орасида кучли.

АҚШ исроилликларга Америка банкларидан бозор нархларидан паст нархда қарз олишга рухсат берди. 1980-90 йилларда АҚШ ва Исроил қурол тадқиқотлари ва ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қила бошлади. 1999 йилда собиқ Президент Билл Клинтон Исроил ҳукуматидан анъанадор Бенямин Нетаняхуни сиқиб чиқарган бош вазир Эҳуд Баракнинг араб қўшнилар билан тинчлик сари ишлаш ваъдаларини қўллаб, учта 10 йиллик меморандумнинг биринчисига имзо чекди. Унга кўра, Исроилга миллионлаб доллар ёрдам берилиши белгиланди.

Аввалига Совуқ Урушдаги мувозанат кучи деб кўрилган Исроил Совуқ уруш тугагач ҳам Америкага яқин бўлиб қолди ва АҚШга 2001 йилги 11 сентябрь ҳужумларидан кейин янада яқинлашди. Америкаликлар 11 сентябрь ҳужумларининг баъзи иштирокчилари ўзлари Яқин Шарқдаги яна бир иттифоқчилари деб билган Саудия Арабистонидан чиққанларини аниқлагач, уларда саудийларга шубҳа пайдо бўлди ва "қадриятларимиз ўхшашроқ" дея Исроилга кўпроқ таяна бошлашди.

Охирги йилларда эса Исроил Америкаликларнинг ўзлари айтмоқчи "бирлашган, фаровон ва хавфсиз Яқин Шарқ"ни яратиш сиёсатидаги муҳим восита бўлиб келяпти, чунки АҚШнинг Россия ва Хитой каби каттароқ бошоғриқлари бор. Собиқ президент Доналд Трамп маъмурияти Исроил ва қатор мусулмон давлатлар, хусусан Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва Марокаш ўртасидаги алоқаларни яхшилашга йўл очди. Баъзи қарашларга кўра, Ҳамас ҳужуми Байденнинг Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги музокараларини издан чиқаришни мақсад қилган, чунки Ҳамас улар умумий душман - Эронга қарши бирлашишини истамайди. Ҳудудда катта таъсир ва зиддиятли ядровий дастурга эга бўлган Исломий давлат Эрон тарихан Ҳамаснинг иттифоқчисидир.

Исроилга шериклик америкалик сиёсатчилар учун ўта муҳим. Бу масала АҚШда республикачи ва демократларни бирлаштира оладиган кам сонли масалалардан бири. Аммо икковида ҳам турли сабаблар бор. Америкадаги диний гуруҳлар, хусусан Америкалик яҳудийлар ва евангелист-насронийлар сиёсий жиҳатдан АҚШдаги энг фаол гуруҳлардир. Яҳудийлар асосан демократларга, евангелистлар республикачиларга овоз беришади ва иккови ҳам Исроилни қўллаб-қувватлайди. Шундай экан, жуда камдан-кам сиёсатчи бу сайловчиларга қарши чиқишга ботинади.

АҚШ-Исроил алоқаларини Вашингтондаги лобби гуруҳлар иштирокисиз кўриб бўлмайди.

Сурат манбаси, Mark Wilson/Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ-Исроил алоқаларини Вашингтондаги лобби гуруҳлар иштирокисиз кўриб бўлмайди.

Америкалик сиёсатшунос Стивен Зунсга кўра, демократларнинг кекса авлодлари орасида Исроилга нисбатан ўзига хос сентиментал боғлиқлик мавжуд бўлиб, унда исроилликлар кўп асрлик сургундан кейин ўз давлатига асос солган ва таъқибга учраган одамлар сифатида кўрилади. Лекин, Исроилнинг бу образи ёш демократлар авлоди орасида дастакни йўқотган, чунки улар Исроилнинг консерватив ва диний сиёсати, ҳамда Фаластин ерларига тобора кенгайиб бораётганидан ҳафсалалари пир бўлган.

Республикачиларга келсак, Исроилга АҚШ аҳолисининг салкам учдан бирини ташкил этувчи насроний евангелистлар қатлами дастаги катта. Евангелистлар Инжилга қатъий риояни тарғиб этувчи анъанадор насронийлардир. Eвангелистлар ақидасида яҳудийларнинг ҳудудга қайтиши билан етти йиллик қиёмат уруши бошланиши ва сўнг Исо Масиҳ Қуддусга қайтиб тахтга ўтириши айтилади. Гардианга кўра, 10 миллионлик аъзога эга эканини айтувчи "Исроил учун бирлашган насронийлар" гуруҳи Трамп Исроилдаги АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириши учун муваффақиятли лоббилик қилган.

Америка-Исроил алоқаларини "Америка Исроил жамоатчилик ишлари қўмитаси", яъни "AIPAC"сиз кўриб бўлмайди. У АҚШда Исроил манфаатларини тарғиб қилувчи энг қудратли лобби гуруҳидир. Сайлов кампаниялари молиясини кузатувчи гуруҳларга кўра, бу ташкилот Исроилни қўллаб-қувватловчи сиёсий қарорлар олиниши йўлида қонун чиқарувчилар ва АҚШ ҳукуматини лобби қилишда йилига миллионлаб доллар сарфлайди.

2016 йилги сайловдан олдин президентликка номзод Трамп шундай деганди ва сўнг ўз ваъдаси устидан чиқди.
Сурат тагсўзи, 2016 йилги сайловдан олдин президентликка номзод Трамп шундай деганди ва сўнг ўз ваъдаси устидан чиқди.

"2022 йилги сайловда биз 365 исроилпараст демократ ва республикачи номзодларни 17 миллион доллардан ошиқ бевосита ёрдам билан қўлладик," дейди ташкилотнинг ўзи. Сайтида у "аниқ Исроилпараст контекстда сиёсий ҳисса қўшадиган номзодларга" конгрессменлар клуби аъзолигини таклиф қилади. Аммо, у - Вашингтонда абортдан тортиб қурол назорати, касаба уюшмалар, мудофаа ва энергия соҳаларида амал қиладиган сон-саноқсиз махсус манфаат гуруҳларидан бири.

АIPACнинг Америка сиёсатидаги роли охирги йилларда қизғин баҳсларнинг мавзуси бўлиб келган. 2006 йилда Гарвард академиги Стивен Уолт ва Чикаго университети сиёсатшуноси Жон Миршаймер "AIPAC каби гуруҳлар АҚШ сиёсатини Америка миллий манфаатларига зид равишда Исроил томон бурди," дея мақола чоп этишганида, бу катта можарога сабаб бўлди. Танқидчиларга кўра, Исроилпараст лобби ҳар қандай манфаат гуруҳидек ҳукуматга мурожаат қилишга ҳақли бўлиши керак, ва яҳудий лоббиларни "яхши молияланган" ва "қудратли" дея тасвирлаш антисемитик фитна назарияларини янада урчитади.

Америкаликлар орасида Исроилга хайрихоҳлик тарихан юқори бўлиб келган ва бунда лоббининг ҳам роли катта, аммо охирги йилларда симпатия бироз сусаймоқда. Бу йил мартида ўтказилган Gallup сўровига қаралса, демократлар орасида илк марта фаластинликларга бироз оғишни кўриш мумкин. Ўтган ҳафта Ассошиэйтед пресс ўтказилган сўровда эса, америкаликларнинг 63 фоизи Байденнинг Исроил ва Ҳамас ўртасидаги можарога ёндошувидан норози эканликларини айтишди. Айни дамда 40% америкаликлар Исроилнинг Ғазога ҳарбий жавоби ҳаддан ташқари кучли бўлганига ишонишар экан. 36% сўралганлар эса Америка Исроилга Ҳамасга қарши жангда ёрдам бериши ўта муҳим дея жавоб беришган.

Станфорд университетининг Яқин Шарқ тарихи бўйича профессори Жоул Бейниннинг "Vox"га айтишича, АҚШ Исроил фаластинликларни қиришини ва Ғарбий соҳилни ўзига қўшиб олишда давом этишини истамайди. Лекин, дейди у, шериклар, ҳар доим ҳам, сизнинг истагингизга қараб иш тутмайди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002