Иқлим ўзгариши ҳақида қандай асоссиз даъволар бор? Янгиликлар Iqlim Dunyo Yangiliklar

  • Марко Силва
  • Би-би-сининг иқлим дезинформацияси бўйича мухбири
Smartphone with broken screen on dry ground

Сурат манбаси, Getty Images

Ижтимоий тармоқлар иқлим ўзгариши ҳақидаги асоссиз иддаоларга тўлиб тошган.

Экспертлар айтишича, агар одамлар бундай ёлғонларга ишонса, иқлим ўзгаришини юмшатиш йўлидаги ишларнинг самараси кечикади.

Би-би-си Интернетда кенг тарқалган ана шундай ёлғонлардан бештасини тушунтиради.

Алоқадор мавзулар:

Иддао: "Иқлим ўзгариши йўқ"

Screenshot of a TikTok video wrongly claiming that man-made climate change does not exist

TikTok'да иқлим инсоният сабабли ўзгармаяпти деб даъво қилинган испан тилидаги видео минглаб марта кўрилган.

Бу каби видеопостлар ижтимоий тармоқларда турли тилларда тарқалади.

Аммо мутлақ кўпчилик илмий далиллар бошқа нарсани кўрсатади.

Ердаги ўртача глобал ҳарорат XIX аср охиридан бери аллақачон 1,1 ° С га кўтарилган.

Олимлар бу ўсишни атмосферага иссиқхона газларини чиқарадиган қазилма ёқилғиларнинг (кўмир, нефть ва газ) ёниши билан боғлайди.

Профессор Фарҳана Султонадан иқтибос

Сурат манбаси, .

Бу газлар, масалан, карбонат ангидрид ёки метан, Ер атмосферасида қўшимча иссиқликни ушлаб туради ва сайёрани қиздиради.

Глобал исиш аллақачон кенг қамровли оқибатларга олиб келмоқда: океанлар исиб, денгиз сатҳи кўтарилмоқда, ҳайвонот турлари йўқ бўлиб кетмоқда ва озиқ-овқат захиралари хавф остида.

Бундан ташқари, иссиқлик тўлқинлари каби экстремал об-ҳаво ҳодисалари аввалгидан кўра тез-тез ва кучлироқ кузатилмоқда.

"Бу ўзгаришлар мавҳум тушунчалар эмас", дейди Нидерландия Қироллик метеорология институтида ишлайдиган мозамбиклик иқлимшунос Изидин Пинто.

"Бу иқлимшунослар синчковлик билан ўрганиб, ҳужжатлаштирган аниқ, кузатилиши мумкин бўлган ўзгаришлардир."

Иддао: "Ҳозирги иқлим ўзгариши табиий жараён"

Screenshot of a tweet, in French, wrongly arguing that climate change is a "natural cycle" over which humans have little influence

Юқоридаги французча твит глобал исишни одамлар жуда кам ёки умуман таъсир қилмайдиган "табиий" жараён деб нотўғри таърифлайди.

Бу даъвони кўпинча техноген иқлим ўзгариши мавжудлигига шубҳа қиладиган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тарқатадилар.

Ўз фикрини асослаш учун улар кўпинча сайёрамиз кўплаб исиш ва совуш даврларини бошидан ўтказганини айтишади.

Ушбу даврий ўзгаришларнинг мавжудлиги яхши ҳужжатлаштирилган, аммо улар биринчи навбатда табиий сабаблар, масалан, Ернинг Қуёш атрофидаги орбитасидаги ўзгаришлар туфайли юзага келган.

Олимлар одамлар қазилма ёқилғини ёқмаса, ҳозирги исиш суръатига эришиб бўлмаслигини қатъий кўрсатиб бердилар.

Ҳозирги иқлимий ўзгаришларнинг содир бўлиш тезлиги ҳам муҳимдир.

Охирги марта Ернинг ўртача глобал ҳароратидаги сезиларли ўзгариш бир неча минг йил давомида 5 даражага кўтарилган.

Аммо ҳозирги исиш тезлиги анча юқори: тахминан 150 йил ичида сайёра аллақачон 1,1 даража қизиган.

Олимлар таъкидлашича, ҳозирги иқлим ўзгариши олдини олиш бўйича ваъдаларга асослансак, аср охирига бориб ҳарорат кўтарилиши 2,5 даражага етиши мумкин.

Иддао: "Иқлим ўзгариши бизнинг муаммомиз эмас"

Screenshot of a post on X, formerly Twitter, suggesting that climate change is a Western problem.

Ушбу нигериялик фойдаланувчи Х (аввалги Twitter)да иқлим ўзгариши Африка муаммоси эмаслигини ёзган.

Бу ривожланаётган мамлакатлардаги ижтимоий медиа фойдаланувчилари орасида кенг тарқалган мавзу бўлиб, улар баъзан иқлим ўзгаришини "Ғарб муаммоси" деб таърифлайдилар ва кундалик ҳаётимизга алоқаси унчалик эмас дейди.

Бошқалар эса иқлим ўзгариши ҳақидаги баёнотлар ривожланаётган иқтисодлар ўсишини тўхтатиш учун бой мамлакатлар "фитнаси" деб ҳисоблашади.

АҚШ, Буюк Британия, Хитой ёки Европа Иттифоқи каби бой давлатлар глобал исишга ҳисса қўшадиган иссиқхона газлари чиқиндиларининг аксарияти учун сабабчидир.

Аммо иқлим ўзгариши чегара билмайди ва унинг оқибатлари бутун дунёда, айниқса, кам даромадли мамлакатларда аллақачон сезилмоқда. Уларнинг кўпчилигида бунга керакли тайёргарлик кўриш учун ресурс етишмайди.

Сўнгги бир неча ойнинг ўзида Яқин Шарқнинг бир қисми - Сурия, Ироқ, Эрон ҳам қурғоқчиликдан азият чекди.

Шарқий Африка - Кения, Эфиопия, Сомалида эса ҳалокатли сув тошқинлари кузатилди.

"Иқлим ўзгариши глобал муаммодир, лекин унинг таъсири нотекис, - дейди АҚШдаги Сиракуза университетидан Фарҳана Султона. - Иқлим ўзгариши бу муаммога энг кам ҳисса қўшган ривожланаётган мамлакатларга номутаносиб равишда таъсир қилади."

Шу боис баъзи иқлим фаоллари янада бой мамлакатларни иқлим ўзгариши олдини олиш (юмшатиш) ва бошқаларга етказилган зарарни камайтиришга ёрдам беришда етакчилик қилишга чақирмоқдалар.

"Ҳар бир мамлакат ўз имкониятидан келиб чиқиб, фаол жавоб бериши керак, энг кўп эмиссия қилувчи давлатлар иқлимнинг кейинги бузилиши олдини олиш учун кўпроқ ҳаракат қилишлари керак", дейди Султона хоним.

Иддао: "Денгиз сатҳи кўтарилмаяпти"

Screenshot of a post on X, formerly Twitter, wrongly suggesting that sea levels are not rising as a result of global warming

Португал тилида ёзилган ушбу твит, глобал исишга қарамай, денгиз сатҳи "бир хил даражада сақланиб қолган" деган нотўғри маълумотни беряпти.

Бундай даъволарга кўпинча қирғоқбўйи ҳудудлари фотосуратлари илова қилинади.

Сайёра қизиб бориши билан музликлар ва қуруқликда қолиб кетган музлар эрий бошлади, бу эса океандаги умумий сув миқдорини оширди.

Бунинг устига, сув исиши билан кенгаяди ва АҚШнинг НАСА фазо агентлиги океанлар глобал исишнинг 90 фоизини ўзлаштирганини айтмоқда. Шундай қилиб, ҳарорат ошиши билан океанлар ҳам кенгайиб борди.

Ҳисоб-китобларга кўра, атиги 100 йил ичида глобал денгиз сатҳи аллақачон 160-210 мм га кўтарилган.

Бу жараён тезлашмоқда ва ўз таъсирини кўрсата бошлаган: денгиз сатҳи кўтарилиши қирғоқларнинг эрозияси тезлашиши ва сув тошқини эҳтимолини оширади.

Олимлар таъкидлашича, агар шошилинч чоралар кўрилмаса, 2100 йил охирига бориб денгиз сатҳи 2 метргача кўтарилиши мумкин.

Бу шуни англатадики, ҳозирда қирғоқбўйи ҳудудларида яшовчи миллионлаб одамлар тез орада сув остида қолиши мумкин.

"Ушбу реалликнинг намоён бўлиши Ғарбий Африкадаги кўплаб соҳилбўйи жамоаларида яққол намоён бўлади", дейди нигериялик тадқиқотчи талаба Аёола Аполола. У иқлим ўзгариши таъсирида денгиз сатҳи кескин кўтарилишини тадқиқ қилмоқда.

У Нигерия жануби-ғарбий қисмидаги Илажени мисол келтиради, у ерда баъзи маълумотларга кўра, денгиз сатҳи кўтарилиши туфайли "аҳолининг ярмидан кўпи бошқа жойга кўчирилган".

Даъво: "Иқлим ўзгариши биз учун яхши бўлиши мумкин"

Screenshot of a Facebook post suggesting that a warmer autumn could be a positive outcome of global warming

Доимий совуқ об-ҳаво ҳукмрон мамлакатларда ҳаво илиқроқ бўлиши биринчи қарашда жозибали кўриниши мумкин.

Масалан, Facebook ижтимоий тармоғида россиялик фойдаланувчи кузда об-ҳавонинг илиқ бўлишини глобал исишнинг ижобий натижаси деб ҳисоблаган.

Муаммо шундаки, иқлим ўзгаришидан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай фойда унинг бутун сайёра учун кенгроқ салбий таъсири олдида ҳеч нарса бўлиб қолади.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, агар аср охирига бориб ўртача глобал ҳарорат 1,5 ° С га кўтарилса, иқлим ўзгариши дунёга 54 триллион долларга тушиши мумкин.

Ушбу ўзгаришлар таъсири кенг тарқалади.

Яқин Шарқда қишлоқ хўжалиги ерлари чўлга айланиши мумкин. Тинч океанидаги орол давлатлар денгиз остида йўқ бўлиб кетиш хавфи остида. Африка давлатлари озиқ-овқат танқислигидан азият чекиши мумкин.

Ҳатто Россия каби совуқроқ мамлакатларда ҳам ҳаво иссиқ ва қуруқроқ бўлгани учун ўрмон ёнғинлари кўпайиб бормоқда.

Голландиядаги Твенте университети доценти Транг Дуонг: "Гап шундаки, дунё бўйлаб жуда кўп экстремал воқеалар содир бўляпти".

"2023 йил июль ойида Шимолий Америка, Европа ва Хитойда жазирама тўлқинлар кузатилди. Сув тошқинлари ҳам бутун дунёда тез-тез ва кучли бўлиб бормоқда. Бу фалокатларнинг барчаси инсоний ва иқтисодий йўқотишларга олиб келади".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002