Толибон қураётган канал Ўзбекистонни оғир аҳволга соладими? Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Канал акси

Сурат манбаси, Official/Rasmiy

Толиблар Амударёга боғлиқ улкан лойиҳага қўл уришган. Улар Амударёдан канал тортишмоқда.

Айни қарор ҳозиргача Толибоннинг энг яқин ва дўстона алоқадаги қўшниси - Ўзбекистоннинг аҳволини оғирлаштириши мумкин.

Гап Қўштепа канали ҳақида. У Амударёни тўлдирувчи сувларнинг муайян қисмини Афғонистоннинг ички ҳудудларига элтади.

Узоқ йиллик урушлар боис Афғонистонда деҳқончилик ва сув таъминотига оид улкан лойиҳалар жуда кам амалга оширилган.

Бу мамлакат аҳолиси сони жиҳатдан минтақада Ўзбекистонга энг яқин. Бу дегани сувга эҳтиёж ҳам оз эмас.

Афғонистонда музли тоғлар кўп. Бироқ ҳамон тузук ўзлаштирилмаган ва бу тоғлардан тушадиган сувлар етиб бормаган дашт ҳамда қақроқ минтақалар ҳам мавжуд.

Хусусан, мамлакат шимолидаги аксар ўзбеклар яшовчи қатор минтақалар ҳам Амударё каби сув манбаларига нисбатан яқин бўлса-да, ҳалигача улардан кенг фойдаланмаган.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон ва Амударё

Айни пайтда, Амударё сувлари Ўзбекистоннинг жанубий-ғарбий вилоятлари ҳамда Қорқалпоғистон учун ўта муҳим.

Шунингдек, Туркманистоннинг шимоли-шарқий минтақалари ҳам бу дарёга эҳтиёжманд.

Зотан, Амударё Туркманистондаги Қорақум ва Ўзбекистондаги Қизилқум саҳролари оралиғидаги воҳалардан ўтади ва уларга ҳаёт бағишлайди. Дарё бугун янги саҳро ёки қуриган денгиз ўрнидаги Оролқумга етар-етмас йўқолади.

Амударёнинг тортилиши Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистондаги сув етишмаслигини янада кучайтириши мумкин деган хавотирларни пайдо қилган.

Далада ишловчилар
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон деҳқончилиги учун зарур сувнинг катта қисми қўшни мамлакатлардан келади.

Ўзбекистон шундоқ ҳам суғорма деҳқончиликка асосланган ва бу учун керакли сувнинг аксар қисми қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон ҳудудларидан келади.

Мамлакатда ҳатто тоза ичимлик суви етмайдиган ҳудудлар ҳам анчагина.

Шу боис мавжуд сув манбаларидаги ҳар қандай кичик ўзгариш Ўзбекистон тақдирида катта таъсирга эга бўлиши мумкин хавотирларини туғдириши мумкин.

Фермерлар ва деҳқонлар суғориш мавсумларида сувсизликка дуч келиши одатий ҳолатга айланмоқда. Нафақат қишлоқ жойлари, ҳатто баъзи шаҳарларда ҳам узлуксиз ичимлик суви таъминоти издан чиққан.

Айни ҳолатда Амударё сувлари камайиши оқибатлари қандай бўлади ва аянчли оқибатлар келиб чиқмаслигига эришиш мумкинми, деган саволлар долзарб.

Қўштепа хавотири

Толибоннинг Қўштепа лойиҳаси Ўзбекистонда хавотирларни пайдо қилган.

Сув танқислиги шундоқ ҳам кучаяётган бир пайтда Қўштепага йўналтирилган сув Афғонистоннинг қақроқ ерларига сингиб кетиши, Амударёнинг қуйи қисмида шўрланишни кучайтириши мумкинлиги айтилаяпти.

Соийдан иқтибос

Сурат манбаси, .

Ўзбекистон хавотирларини Афғонистон тарафи қандай қабул қилмоқда?

"Бизлар эҳтиром қиламиз, ҳақлари бор, қўшнимиз. Махсусан Ўзбекистон давлати, муҳтарам Ўзбекистон халқи бизларнинг нафақат қўшнимиз, балки биродар, иноғамиз. Ҳамтил, ҳамдинмиз. Маданиятимиз бир. Умид қиламизки, хавотирланишга асос йўқ", деди Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси вазифасини бажарувчи Собир Туркистоний.

Айни пайтда бугун Афғонистонда "нега биз қўшнилар ҳақида қайғуришимиз керак" деган ёндашув мавжудлиги ҳам кузатилмоқда.

"Афғонистон манфаатидан келиб чиқилса, халқ манффатидан келиб чиқилса, ҳамсоямиз хафа бўлади, деб халқимизни оч сақлаб ўтиришимиз керакми? Уч-тўрт йил олдинги қурғоқчилик Фарёб, Жаузжон, Балх, Таҳор вилоятлари бошига келди. Бу қурғоқчиликлардан 55-60 фоиз зарар кўрган бизлар бўлдик", дейди афғонистонлик сув бўйича мутахассис Муҳаммадолим Соий,

Канал чўл ҳудудидан ўтаётгани боис сувнинг катта қисми исроф бўлиши мумкин, кам қисми деҳқончилик ерларига етиб бориб катта фойда келтирмаслиги мумкинлиги айтилмоқда.

Сентябр ойида Душанбе шаҳридаги Оролни қутқариш жамғармаси саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида янги иштирокчи пайдо бўлди", деди.

"Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлиги яна бир бор қайд этилди", деб хабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов раҳбарлигидаги ҳайъатнинг Афғонистонга сафари пайти.

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, "Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлиги яна бир бор қайд этилди", деб хабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов раҳбарлигидаги ҳайъатнинг Афғонистонга сафари пайти.

Президент Мирзиёев минтақадаги илмий-тадқиқот институтларини жалб қилган ҳолда Қўштепа канали қурилишининг барча жиҳатлари ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Толибонни сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этишни таклиф қилди.

2023 йил мартида Толиблар "Ўзбекистон билан ўзаро англашув асосида" Қўштепа канали лойиҳасини амалга ошираётганларини билдирганлар.

Аммо Толибоннинг Зироат вазири Амударё бўйича биз ҳеч ким билан шартнома тузмаганмиз деди.

Ўзбек расмийларига кўра, Афғонистон Амударёдан 4-5 млрд кубометр сув олмоқчи, бу сув билан 300 минг гектар ерни суғормоқчи.

Ўзбекистон Толибларни 4-5 млрд кубометр сув олишга кўндиришни истайди.

12 октябрда Қўштепа канали қурилишининг 2-босқичи бошланди.

Ўша кунги маросимда гапирган Толибон раҳбарлари минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистондан Қўштепа канали қурилиши бўйича ташвишланмасликни сўраганлар, минтақавий муаммоларни дипломатик алоқалар орқали ҳал қилишга Афғонистон тайёр деб баёнот бердилар.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002