Махсус лойиҳа: “Ўзбекистонга нега келин бўлдим, деб йиғлардим” – Қирғизистон ва 30 йилда эриган муз - Янгиликлар, видео

  • Аваз Тоҳиров
  • Би-би-си, Тошкент
kg

Сурат манбаси, Qirg'iziston prezidenti administratsiyasi

Сурат тагсўзи, Ҳар икки давлат раҳбари томонидан "тарихий" дея аталган январдаги учрашув давомида Мирзиёев ўртада "муаммоли масала қолмаган"ини таъкидлади.

Йиллар давомида совуқ бўлиб келган ўзбек-қирғиз алоқалари шиддат билан яхшиланди, давлатлар бир-бирига энг ишончли қўшни даражасида қарай бошлади. Бунинг сабаби нимада эди?

Узоқ йиллар Марказий Осиёдаги "демократия оролчаси" деб аталган Қирғизистон ҳудудан кичик бўлсада, унинг аҳамияти қўшнилари, айниқса, Ўзбекистон учун улкан кўрилади.

Аммо Шавкат Мирзиёев қудратга келганга қадар азалдан қиз олиб, қиз бериб келган бу икки халқ совуқ сиёсий кайфият туфайли бир-биридан айро яшашга маҳкум эди.

Одамлар учун чегарадан ўтиш улкан муаммо, чекловлар ва қоғозбозлик эса вазиятни баттар ёмонлаштирарди.

Оиласи билан дийдордан мосуво бўлиб яшаш Фарғонага келин бўлиб келган Жонбиби Бойбобоеванинг ҳам чекига тушган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

10 йиллик айрилиқ

Жонбиби 1995 йили Қирғизистон Боткен вилоятидан Фарғонанинг Риштонига келин бўлиб тушган.

Аёл 27 йил Ўзбекистон фуқаролигисиз яшаган.

"Авваллари йўл очиқлигида Қирғизистонга бориб турар эдим", эслайди у.

Бироқ 2010 йилдан сўнг икки қўшни муносабатлари совуқлашиши ўз чўққисига чиққач, аёл учун барча йўллар ёпилган.

kg

"Ўн йил яқинларни кўра олмадим. Укаларимнинг тўйига боролмадим. Турмуш ўртоғим тўйга кетганда, йиғлаб-йиғлаб уйда қолдим. Укаларим ҳам келишолмади. Фақат телефонда гаплашишга мажбур эдик. Телефон энди телефонда. Юз кўришишга етмайди. Бу қийинчиликларни кўриб, Ўзбекистонга нимага ҳам келин бўлдим, деб йиғлардим", хотирлайди у.

Жонбиби йиллар давомида туғилиб ўсган юртига бора олмаган юзлаб аёллардан бири.

"Бизнинг маҳаллада беш киши Қирғизистондан келин бўлиб келганмиз. Уларнинг ҳаммасида ҳам шу муаммо эди. Бирга уйимизни эслаб, йиғлаб ўтирган вақтларимиз кўп бўлган".

Жонбибининг сўзлашича, ота уйини кўра олмаслик ягона муаммо эмасди - қўлида паспорти йўқлиги сабаб унинг аксар фуқаролик ҳуқуқлари ҳам чекланганди.

"Келганимда қўлимга иностранний паспорт беришди. Ҳар беш йилда янгилардим. Энди у билан кўп ишларни битира олмас экансиз. Масалан, онасининг фуқаролиги йўқ экан, деб ўғлимни армияга олишмади".

2022 йилга келиб 47 яшар Жонбибининг йилларга татиган орзуси ушалган - унга Ўзбекистон фуқаролиги берилган.

"Қўй сўйиб нишонладик. Паспортимни олишим билан чегарага югурдим. Қанчалик хурсандлигимни кўрган чегарачилар ҳам роса табриклашди. Уёқда ҳам қариндошлар қўй сўйиб кутиб олишди. Шунча йиллик айрилиқни чиқариб олай, деб энди ҳар ҳафта Қирғизистонга боряпман", кулади аёл.

kg

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Сўх тумани аҳолиси Қирғизистон билан совуқ алоқалардан энг кўп жабр чеккан ўзбекистонликлар, дейиш мумкин. Бугун Катта Ўзбекистонга ўтиш анчайин осонлашгани айтилади. 

Ўзаро борди-келди муаммосидан фақат қирғизистонликлар қийналмаган.

Риштондан чиқар-чиқмас ерда ўзига хос чегара маскани жойлашган - бу Сўхга элтувчи асосий йўл.

Қирғизистон ичида жойлашган Ўзбекистон ҳудуди бўлмиш Сўх аҳолиси ҳам йиллар давомида ватандан деярли узилган ҳолда яшаб келган.

Бир неча бор сўхликлар ва қўшни қирғизистонликлар орасида сув жанжали чиқди.

Аммо навбатдаги ана шундай жанжал ортидан ҳудудга борган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга сўхликлар, асосан, сув муаммоси эмас, балки Катта Ўзбекистонга ўтишдаги қийинчиликларни тўкиб солдилар.

Шундай манзарада Қирғизистон билан муносабатлар яна совуқлашиши эҳтимолидан хавотирлар юзага чиқди, аммо ҳаммаси кутилмаганда мутлақо бошқача кечди - чегарадаги вазият сезиларли яхшиланди.

"Авваллари қўлда йиғлаётган ёш болалар, қари ота-оналаримиз билан навбатда турардик. Қарияларимиз навбатларда йиқилиб ҳам тушган пайтлар бўлган. У азобларни айтиб тугатолмайман", сўзлайди эндиликда чегарадан бемалол ўтиб қайтаётганини билдирган Сўх яшовчиси Равзахон Ҳакимова.

"Чегаралар бўлмаслиги керак"

kg

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Бугун чегарадан ўтиб қайтаётганлар адоғи кўринмайди. Кимдир тижорат, кимдир зиёрат, яна кимдир дийдорлашиш мақсадида чегарадан ўтади. 

Одамлар борди-келдисидаги қийинчиликлар йиллар давом этган илимилиқ ўзбек-қирғиз муносабатларидаги энг асосий муаммо бўлмади.

Белгиланмаган чегара ҳудудлари, трансчегаравий сув тақсимоти масалалари бўйича ихтилофлар Тошкент-Бишкек алоқалари яхшиланишига тўғоноқ бўлиб келди.

2015-йилда Москвада ўтган МДҲ лидерларининг норасмий саммитида марҳум Ислом Каримов ва собиқ президент Алмазбек Атамбаев ўртасида кечган Икки Жаҳон Урушидаги ғалабани нишонлашга оид тортишув кузатувчилар томонидан икки мамлакат алоқалари қанчалик зиддиятли эканини яққол кўрсатувчи ҳолат ўлароқ баҳоланганди.

2023-йил январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка бориши бутунлай ўзгача манзарада кечди.

Ҳар икки давлат раҳбари томонидан "тарихий" дея аталган учрашув давомида Мирзиёев ўртада "муаммоли масала қолмаган"ини таъкидлади.

"Муҳтарам ҳамкасбим Садирга алоҳида миннатдорлик билдираман. Унинг сиёсий иродасисиз, бугунги натижага эришмаган бўлардик. Биз, аввалгидек, муаммони эрта индин ҳал қиламиз, деб юраверишимиз мумкин эди. Ўша эртага 30 йилга чўзилди, аммо муаммолар ҳал этилмади".

kg

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Йил бошида президент Садир Жапаров, узоқ вақт ҳар икки давлат учун бошоғриқ бўлиб келган чегаралар муаммосига чек қўйилганини эълон қилди.

Бунга жавобан президент Садир Жапаров ўзбек-қирғиз чегараси тўлиқ делимитация қилиб бўлингани, узоқ вақт ҳар икки давлат учун бошоғриқ бўлиб келган чегаралар муаммосига чек қўйилганини эълон қилди.

"Чегаралар масаласида гапирсак. Чегаралар бизда умуман бўлмаслиги, балки "дўстлик чегаралари" бўлиши керак", деди Ўзбекистон раҳбари.

Мирзиёев ташрифи арафасида мамлакатлар компаниялари ўртасида $1,6 миллиардлик шартномалар имзоланди, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини $2 миллиардга қадар кўтариш режалари янгради, Ўзбекистон билан ҳамкорликда Бишкек яқинида қиймати $50 миллионлик автомобиль ишлаб чиқариш заводи қурилиши бошланди.

Қатор қирғиз расмийлари саноати нисбатан ривожланган Ўзбекистон билан бизнес ва савдо алоқаларини кучайтириш муҳим экани ҳақида гапириб чиқди.

Хўш, 20 йилдан ошиқроқ муддат ҳавас қиларлик даражада бўлмаган алоқалар нега шиддат билан яхшиланди?

kg

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, "Риштон" чегара маскани - Сўхга элтувчи асосий йўл.

"Қирғизистон ичкарисида 1 миллион ўзбек бор. Ўзбекистоннинг салоҳиятини амалга ошириш учун конфронтация эмас, реал интеграция керак. Чунки интеграцияда имкониятлар беллашади. Фараз қилинг, 2050 ёки 2070 йилга бориб, минтақа тўлиқ интеграция бўлганда, ҳар бир давлат ўзининг образлари, тили, маданияти билан келганда, Ўзбекистоннинг хавотир оладиган жойи йўқ. Сабаби минтақадаги энг катта миллат ва марказий давлат у. Шунинг учун босим билан эришиб бўлмайдиган муваффақиятга интеграция билан етиш мумкин. Бундан ҳамма ютади", мулоҳаза қилади сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"Сувимиз Қирғизистондан келади"

Бироқ қўшничилик алоқалари яхшиланиши силлиқ кечмади.

"Кампиробод" (Андижон) сув омбори бошқарувининг Ўзбекистонга берилиши айрим қирғиз фаолларининг кескин қаршилигига учради, расмий Бишкек уларнинг ўндан ортиғини ҳибсга олди.

Таҳлилчилар йилдан йилга жиддий сув тақчиллиги муаммоси билан юзлашаётган Ўзбекистон, айниқса, аҳоли зич жойлашган Фарғона водийси учун Қирғизистоннинг аҳамияти улканлигини айтадилар.

kg

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Фарғоналик деҳқон Руслан Мақсудов (ўнгда) келаси йил ҳосил қандай бўлиши қўшни давлатдаги об-ҳавога боғлиқлигини айтади.

Фарғоналик деҳқон Руслан Мақсудов келаси йил ҳосил қандай бўлиши қўшни давлатдаги об-ҳавога боғлиқлигини айтади.

"Ёшлигимдан деҳқончилик қиламан. Бу йил сув ниҳоятда қийин бўляпти. Далаларимизнинг пастки қисми қуриб қолган. Сувимиз Қирғизистондан келади. Тоғда қор камлигидан сув етиб келмаяпти", дейди Мақсудов.

Сув манбалари ва ўзбек анклавлари боис Қирғизистон тарафининг Ўзбекистон билан муносабатларда қўли баланддек кўринади.

Мустақил таҳлилчи Анвар Ҳусаинов қўшнилар бир-бирининг салоҳиятидан мақсадли фойдаланиши лозимлиги ҳақида гапиради.

"Қирғизистоннинг Чуй вилоятида ажойиб ерлар бор. Жуда ширин, ҳосили кўп картошка етиштирилади. Ўзбекистонда картошка етиштириш шартми? Бизда унинг ҳосили жуда кам. Қирғизлар билан узоқ йиллик шартнома тузиб, озгина инвестиция киритиб, картошкага эҳтиёжимизни қондирсак бўлади. Шакар етиштиришда ҳам айни ишни қилишимиз мумкин", сўзлайди таҳлилчи.

Махсус лойиҳанинг биринчи қисми бу ерда:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.