Янгиликлар: Менинг онам фоҳиша - ва бундан уялмаган Dunyo Ayollar Yangiliklar

Рехабайнинг 1990-йилларда Калькуттада олинган сурати

Сурат манбаси, MANISH GAEKWAD

Сурат тагсўзи, Рехабайнинг 1990-йилларда Калькуттада олинган сурати
  • Author, Шериланн Моллан
  • Role, BBC News, Мумбай

"Охирги" фоҳиша қандай ишлаган - тафсилотлари билан китоби чиқди.

Алоқадор мавзулар:

"Қоронғида рақс тушардим. Хонани шам билан ёритиб, сўнг ижро этардим. Электр ўчганда менинг омадим келарди".

1962 йил эди. Хитой ва Ҳиндистон ўртасида чегара масаласида уруш бошланди, ҳинд ҳукумати миллий фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Сиреналарнинг чинқириғи ва кун бўйи давом этадиган блэкаут асносида одамларни қўрқув босарди. Келажак мавҳум эди.

Аммо Рехабай ўлимдан қўрқиш ҳаётини заҳарлашига йўл қўймади. Бошқа фоҳишалар каби ишини йиғиштириш ўрнига тунлари у чиройли сариларини кийиб, котага келган эркаклар олдида рақс тушиб, қўшиқ айтарди. Кота профессионал аёл раққосалар эркаклар учун рақсга тушадиган жойни, баъзида борделни англатади.

У қийинчиликлар имконият, баъзида яшаб қолиш эшикларини очишига ишонарди. Рехабайнинг ҳаловатсиз ҳаёти ҳақида китоб ёзилди. Унинг ўғли Маниш Гайквад "Охирги фоҳиша: Онамнинг хотираси" номли китоб ёзди.

Hindiston

Сурат манбаси, .

"Онам доим ўз ҳикоясини айтиб беришни хоҳларди", дейди Гайквад ва бу ҳақда гапиришдан уялмаслиги, хижолат ҳам тортмаслигини қўшимча қилади, чунки ўсмирлик ёшига қадар котада яшаганлиги сабабли, онасининг ҳаёти унга сир эмас эди.

"Котада ўсган бола, керак бўлганидан кўпроқ нарсани кўради. Онам буни билар эди ва ҳеч нарсани яширишга ҳожат йўқ эди, - дейди Гайквад. Унинг онаси айтган хотираларга асосланган мазкур китоби ўқувчига ўтган аср ўрталаридаги ҳинд фоҳишалари ҳаёти ҳақида очиқ ва самимий сўзлаб беради.

Оммавий маданиятда тавоиф сифатида ҳам танилган фоҳишалар Ҳиндистон яриморолида милоддан аввалги 2-асрдан бери мавжуд, дейди Мадҳур Гупта, Одисси раққоси ва Ҳиндистондаги фоҳишалар ўтмиши ҳақида китоб муаллифи.

"Булар қирол оиласи ва Худоларнинг кўнглини чоғ қилиш билан шуғулланган аёллар эди", дейди Гупта. Ҳиндистон Британия мустамлакасига айланишдан олдин, фоҳишалик билан шуғулланувчилар ҳурматли кўнгилочувчилар ҳисобланган; улар санъатга яхши ўқитилган, уларга бой ва ўз даврининг энг қудратли одамлари ҳомийлик қилган.

Гангубай Катaвади ҳинд фильми фоҳишалар ҳаётига асосланган

Сурат манбаси, BHANSALI PRODUCTION

Сурат тагсўзи, Гангубай Катавади ҳинд фильми фоҳишалар ҳаётига асосланган

"Аммо улар ҳам эркаклар ва жамият томонидан таҳқирловларга дуч келган", дейди жаноб Гупта. Уларни шунчаки жинсий хизматчилар деб ҳисоблаган инглизлар бу амалиётни чекловчи қонунлар қабул қилгандан сўнг Ҳиндистонда фоҳишалик маданияти пасая бошлади.

1947 йилда Ҳиндистон мустақилликка эришгандан сўнг уларнинг мавқеи янада пасайди ва улар омон қолиш учун кўча фоҳишаларига айланишга мажбур бўлишди. Ҳозир бу амалиёт бутунлай йўқ бўлиб кетди, аммо машҳур фоҳишаларнинг ҳикоялари ва уларнинг қизиқарли ҳаёти китоблар ва фильмларда давом этмоқда.

Ва улардан бири Рехабайнинг ҳикоясидир.

У ғарбий Пуне шаҳрида камбағал оилада туғилган ва 10 бола орасида олтинчиси эди. Рехабай йил ёки санани аниқ эсламайди. Бешта қизи бор маст ота уни туғилгандан кейин кўлга чўктирмоқчи бўлган.

Тўққиз-ўн ёшларида у оиласининг қарзини тўлаш учун турмушга чиқди, кейинроқ эрининг қариндошлари уни Калкутта шаҳри, Бовбазар мавзесидаги котага сотишди.

У тавоиф билан шуғуллана бошлаганида, қўшиқ айтиб рақсга тушишни ўрганганида ҳали ўсмир эмас эди. Аммо унинг ҳаёти ва даромади у ерда фоҳиша бўлган қариндоши назоратида эди.

Ҳиндистон-Хитой уруши вақтида бу қариндоши кетди ва Рехабай мустақил бўлиб қолди. Унинг шам ёруғидаги ижролари унга мустақил бўлишга ёрдам берди. Ана шунда у жасур бўлса, ўзини таъминлай олиши ва ҳимоячиси бўлиши мумкинлигини англади.

Бу унинг бутун умри давомида асосий қоидага айланади. Рехабай Болливуднинг "Умрао Жаан" ва "Покиза" фильмларидаги машҳур ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон эркакларга осилмаган. У ўзига ғамхўрлик қиладиган ошиқлари - майда жиноятчилардан тортиб бадавлат шайхлар ва машҳур мусиқачиларгача - кўп бўлишига қарамай, бошқа турмушга чиқмади, бу тавоиф ҳаётидан воз кечишни ва котани тарк этишни англатарди.

У рақс тушган, яшаган, болаларини ўстирган ва баъзида қариндошларига бошпана бўлган кичик макон бўлмиш кота унинг учун эркинлик рамзига айланди.

Шу билан бирга, у жанжал ва машаққатларга тўла макон эди, у ер маъсумликни, инсонийликни ўлдириб, ғазаб, қўрқув ва умидсизлик каби ҳис-туйғуларни уйғотадиган жой ҳам эди.

1980-йилларда Бомбейдаги Конгресс уйидаги котада олинган сурат

Сурат манбаси, MANISH GAEKWAD

Сурат тагсўзи, 1980-йилларда Бомбейдаги Конгресс уйидаги котада олинган сурат

Китобда Гайквад онаси билан боғлиқ баъзи чуқур аччиқ хотираларни, масалан, бир эркак унга турмушга чиқишни рад қилганида милтиқ ўқталганини эслайди.

Бошқа жойда, Рехабай унинг муваффақиятига ҳасад қилган фоҳишаларнинг ёмон муносабати ҳақида сўзлайди. Баъзилар уни қўрқитиш учун безориларни уникига юборарди; бошқалар уни кўча фоҳишаси деб атарди.

Аммо кота уни охир-оқибат метин аёлга айлантирди. Айнан шу ерда у раққоса сифатида ўзининг истеъдодини ва ўзига ишонмаслик ёки ҳаётдан зерикишдан қочган эркаклар устидан ҳукмронликни кашф этди.

Айнан шу ерда у эркакларнинг унга бўлган муносабатини ўқишни ва керак бўлганда уларнинг эгосини тинчлантиришни, агар унга таҳдид қилишса, уларни яксон қилишни ўрганди.

"Мен котанинг тилини яхши билдим. Зарур бўлса, шу тилда гапиришим керак эди", дейди у.

Аммо мафтункор кўча ижрочиси бўлиш билан бир қаторда, Кота уни ўз ўғлига энг яхши ҳаёт бахш этиш учун қўлидан келганини қиладиган меҳрибон, кучли ҳимоячи онага айлантирди.

Фоҳишалар образи Болливуднинг кўплаб фильмларида ҳам қаҳрамонлик қилган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фоҳишалар образи Болливуднинг кўплаб фильмларида ҳам қаҳрамонлик қилган

Гўдаклигида онаси уни доим ёнида сақларди. Ижроси орасида боласидан тез-тез хабар олиб турганини эслайди.

Кейинчалик онаси уни мактаб-интернатга юборди ва уялмасдан дўстларини таклиф қилиши учун квартира сотиб олди.

Ўғлининг инглиз тилида таълим олиши ва мактаб-интернатдаги тарбияси уни кўп жиҳатдан онасидан ажратиб турса ҳам, у ўғли билан фахрланарди.

У таътилга келган ўғли овқат учун санчқи ва қошиқ сўраганини эслайди.

"Мен санчқилар ҳақида билардим, лекин бу номни инглиз тилида ҳеч қачон эшитмагандим... Сен [унинг нималигини] тушунтирганингда, мен уларни сотиб олиш учун бозорга боришим керак эди", дейди у китобда.

2000 йиллар охирида фоҳишалик маданияти бутунлай йўқолди ва Рехабай котасини тарк этиб, Калкуттадаги квартирасига кўчиб ўтди. У февраль ойида ғарбий Мумбай шаҳрида вафот этди. Гайкваднинг айтишича, у доимо онасидан, унинг матонатидан, истеъдодидан ва хушчақчақлигидан ҳайратга тушарди.

"Умид қиламанки, эркаклар бу китобни ўқийди", - дейди у ва ҳинд эркакларида "она сиймоси поклик намунаси бўлиши кераклиги ҳақида конструкциялар бор"лигини қўшимча қилади.

"Аммо умид қиламанки, бу китоб одамларга оналарнинг ўзига хослигини кўришга, уларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қила олишимизга ёрдам беради."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002