Украина ўзини Россия тажовузидан қандай ҳимоя қила олади? Ukrainа Rossiya

  • Жонатан Бил
  • BBCнинг мудофаа мухбири
A Russian tank drives along a street in Donetsk

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳам қуруқлик ва ҳам ҳарбий ҳаво кучлари бўйича устун Россия Украина заминига бостириб кирди

Россия ҳужуми бошланган экан, Украина учун ўзини ҳимоя қилиш қанчалик оғир бўлади? Президент Путин катта маблағ ва куч сарфлаб, Россия армиясини модернизация қилганидан сўнг, Украина кўп жиҳатдан заиф бўлиб қолган.

Британия Қироллик Бирлашган хизматлар институтидан доктор Жек Уотлинг шундай дейди: "Менимча, украиналиклар жуда қийин аҳволда."

У яқинда Украинадан қайтди ва мамлакат ҳарбий раҳбарияти ҳозир "жуда қийин танлов" олдида турганини айтади.

Ғарб расмийларининг ҳисоб-китобига кўра, Россиянинг Украина билан чегарасида 190 000 тагача аскар бор, бу Украинанинг 125 600 кишилик мунтазам армиясидан анча кўп.

Россия кучлари чегарани бир неча йўналишда кесиб ўтдилар.

Black smoke rises from a military airport in Chuhuyev near Kharkiv on February 24, 2022

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Харков яқинидаги Чугуев ҳарбий аэродроми Россия зарба берган илк нишонлардан бири бўлди

Украина учун минглаб километрлик чегарани - шимолда Беларусдан жанубда Қримгача бўлган ҳудудни ҳимоя қилиш қийин бўлади. Агар сиз Украинани соат юзи сифатида тасаввур қилсангиз, руслар 10:00 дан 7:00 гача ҳужум қилишлари мумкин.

Халқаро Стратегик Тадқиқотлар Институти (ХСТИ) ходими ва Британия армиясининг собиқ бригада генерали Бен Баррининг айтишича, бу "ҳимоячи учун жуда қийин позиция".

Бунинг устига, Украина турли йўналишлардан таҳдид қилинмоқда ва унинг кучлари "жуда сийрак тарқалган", дейди Қироллик Бирлашган хизматлар институти ходими Жек Уотлинг.

Россиянинг ҳаводаги устунлиги

Аммо Россия ва Украина кучлари ўртасидаги ҳақиқий тафовут осмонда.

Жаноб Уотлингнинг айтишича, Украина чегарасида 105 та жанговар самолёт бор, Россияда эса 300 та. Унинг башорат қилишича, руслар "ҳавода жуда тез устунликка эришади".

Россиянинг С-400 ракеталари каби илғор ҳаво мудофаа тизимлари ҳам унинг кучларига устунлик беради. Бундан фарқли ўлароқ, Украинада эскироқ ва чекланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими мавжуд.

Жаноб Уотлинг Исроил турли томонлардан ўзини қандай ҳимоя қила олишини мисол келтиради. Аммо унинг қўшимча қилишича, бу Исроилнинг ҳавода устунлиги туфайли мумкин бўлган. Украинада эса шунчаки бу устунлик йўқ.

Бен Баррининг сўзларига кўра, Москва ҳаво, ракета ва узоқ масофага учувчи ракета артиллерияси билан бирлаштирилган "ўта тезкор ҳужум"нинг ўзига хос версиясини ишлаб чиқди.

Бу русларга узоқдан Украинанинг қўмондонлик ва бошқарув марказлари, ўқ-дори омборлари, ҳаво кучлари ва ҳаво мудофаа қурилмаларига ҳужум қилиш имконини беради.

Афтидан, бу аллақачон Киев яқинидаги нишонларга қанотли ракета зарбалари бериш билан бошланган.

Жаноб Уотлингнинг айтишича, руслар жуда илғор қурол ва имкониятларга эга, бунга Украина жавоб бера олмайди, масалан, "Искандер" қанотли ракета тизимлари ва баллистик ракета тизимлари.

Украина яқинда АҚШ ва Буюк Британиядан қурол яроғ олди, лекин асосан қисқа масофага учувчи "ҳаво-ҳаво" ракеталари ва танкка қарши қуроллар.

Хулоса қилиб айтганда, Россия қурол-яроғ ва масофа жиҳатидан Украинадан устун.

Map showing explosions in Ukraine
1px transparent line

Россиянинг ҳаводаги устунлиги ва узоқ масофага учувчи қуроллари ҳисобга олинса, Украина кучлари учун хавф шундаки, улар тез орада қопқонга тушиб қоладилар.

Жаноб Уотлингга кўра, Украина қўшинлари ҳар қандай йўналишдан Россиянинг олға силжишига қарши туриш учун маневр қилиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.

Украинанинг энг яхши ўқитилган ва жиҳозланган кўплаб бўлинмалари мамлакат шарқида, 2014 йилдан бери жанглар давом этаётган Луганск ва Донецкдаги назорат чизиғига яқин жойда жойлашган.

Ғарб разведкаси расмийларининг Би-би-сига айтишича, Россия уларни ўраб олишга ҳаракат қилиши мумкинлигидан жиддий хавотирлар бор.

Ваҳоланки, Украина қуролли кучлари Россия Қримга бостириб кирган вақтдагидан кўра яхшироқ тайёргарликка эга ва қуролланган.

Жаноб Баррининг айтишича, бу бўлинмалар ва аскарлар мамлакат шарқида Россия қўллаб-қувватлаган бўлгинчиларга қарши курашда керакли жанговар тажриба орттирган.

Аммо унинг қўшимча қилишича, улар биринчи навбатда чизиқли позициявий уруш билан шуғулланган ва "маневр уруши" улар учун анча қийин бўлади.

Россия кучлари мобил ракета учиргичлари ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари туфайли тез ҳаракатлана олади. Россия қўшинлари Қримга бостириб кирганда ва Сурияда анча тажриба орттирган.

Шаҳарлардаги жанглар

Агар жанглар Украина шаҳар ва туманларига ёйилса, бу Украина кучларига имконият бериши мумкин.

Яхши ўқитилган ҳимоячи ҳар қандай ҳужумчи учун шаҳар жангини қийин ва қонли қилиши мумкин, буни Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Сталинградда ва яқинда Ироқдаги Мосулда кўрдик.

A woman cleans her damaged house after artillery fire from Donetsk region under the control of pro-Russian separatists in Donbas on February 23, 2022 in Mar'inka, Ukraine.

Сурат манбаси, Anadolu Agency via Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия дастаклаган Донецк бўлгинчилари отган артиллерия ҳужумидан кейин Украина шарқида яшайдиган аёл шикастланган уйини тозаламоқда

Бен Баррининг фикрича, рус кучлари биринчи навбатда шаҳар ва қишлоқларни айланиб ўтишга ҳаракат қилиши мумкин. Аммо унинг фикрича, руслар сиёсий аҳамиятини инобатга олган ҳолда, айниқса, Киевдаги жанглардан қочиб қутула олмайди.

Жек Уотлингнинг айтишича, агар Украина ўз шаҳарларини тўғри ҳимоя қила олса, улар анча вақтгача чидашлари мумкин.

Буюк Британиядан етказиб бериладиган танкка қарши қуроллар Украина кучларига бинолар орасида ҳаракатланиб, яқин масофадан бўладиган жангларда ёрдам бериши мумкин. Номаълум сонли тинч аҳоли ҳам қўлига қурол олган бўлиши мумкин.

Россия ҳаво ҳужумлари ва артиллерия орқали шаҳарларни назорат қила олмайди.

Аммо жаноб Уотлингнинг айтишича, Россиянинг бу ерларда аллақачон агентлари ва оператив ходимлари бор. Унинг сўзларига кўра, "Киевда ҳукуматни беқарорлаштиришга қаратилган қўпорувчилик ва ноанъанавий амалиётлар бўлади". Унинг қўшимча қилишича, Россия ҳам шаҳарларни ўраб олишга ва қаршилик марказларига зарба бериш учун узоқ масофали артиллериядан фойдаланишга, кейин эса "фуқаролик жамияти етакчиларини деярли ўлдириш" учун махсус кучлар ва агентлардан фойдаланишга ҳаракат қилади.

Украина ҳозир тирик қолиш учун курашмоқда.

Ўтган саккиз йил давомида у шарқда Россия қўллаб-қувватлаган кучлар билан жанг қилди, аммо ҳозир бу таҳдид бутун мамлакат учун ҳаёт мамот масаласига айланди.

Украинада эндигина бўлган жаноб Уотлингнинг айтишича, "мамлакат сифатида омон қолиш учун қаттиқ қатъият бор, аммо улар душман томондан заифликларини билишади ва бу жуда қонли бўлишини тан олишади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Presentational white space