Украина уруши: Путин алоқаси борлигини тан олмаётган “Вагнер” гуруҳи қанчалик кучайди? Dunyo, Yangiliklar

  • Жонатан Бил
  • BBC
A man wearing a camouflage uniform walks out of PMC Wagner Centre,

Сурат манбаси, Reuters

Россиянинг Вагнер ёлланма жангарилар гуруҳи сони Украинада 1000 дан 20000 нафарга етган. Британия ҳукумат расмийсининг айтишича, бу Россиянинг босқин давомида хусусий ҳарбий ҳамкорга янада кўпроқ суянаётгани белгисидир.

Россия аскар ёллаш ва қўшинларининг руҳий кўтаринкилигини сақлашда муаммога дуч келаётгани ишонилади. Ғарбнинг айтишича, Россия ўн минглаб аскарини йўқотган, президент Владимир Путин сентябрь ойида қўшинлар сонини ошириш учун сафарбарлик эълон қилганди.

Шунга қарамай, Россия жанг майдонида қатор йўқотишларга учради, Британия расмийлари ишонишича, Россия ана шу сабабли Вагнер гуруҳига юзланган. Бу хусусий ҳарбий компания урушдаги ролини фаол кенгайтирмоқда. Унинг ортида турган шахс аввал Путининг ошпази бўлган Евгений Пригожиндир. Аммо ҳозирча Вагнернинг вовуллаши унинг қопишидан кўра ёмонроқ бўляпти.

Вагнер гуруҳини кузатиб бораётган Британия расмийлари Би би сига маълумот берди. Уларнинг айтишича, бу гуруҳ ҳозир Украинадаги урушда каттароқ мавқе қозонмоқда. Аммо расмийларнинг таъкидича, Вагнер "сифатни миқдорга айрибошламоқда" ва жанг майдонида Россия армияси каби муаммо ва йўқотишларга учрамоқда.

Маҳбусларни жалб қилиш

Вагнернинг таъсири ва ҳарбий ҳозирлиги Россиянинг босқинчилик режалари оқсаб қолган ва барбод бўлгандан кейин кучайди. 2022 йил март ойида Вагнер 1000 дан ошиқ аскардан иборат дастлабки қўшинни жўнатган деб айтилган эди. Аммо Британия расмийларига кўра, ҳозир бу рақам 20 000 дан ошган, бу эса Украинадаги рус қўшинларининг қарийб 10 фоизига тенг.

Вагнер жангарилари сони ортиб кетгани унинг Россия қамоқхоналаридаги маҳбусларни ёллагани билан боғлиқ. Буюк Британия расмийларининг айтишича, очиқ манбаларга кўра, Россия қамоқхоналаридаги маҳкумлар сони 2022 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида 23 мингдан кўпроққа камайган.

Вагнерга кўплаб маҳкумлар қўшилган деб ишонилади, аммо аниқ рақамлар йўқ. Маҳкумларга олти ой фронтда хизмат қилгандан кейин маош берилиши ва жазо муддати озайтирилиши айтилган. Вагнер жангда ҳалок бўлганларнинг оилалари учун товон пули беришини даъво қилса ҳам, уларнинг баъзилари ҳеч нарса олмагани ҳақида хабарлар бор.

Prigojin

Буюк Британия расмийларининг айтишича, сифатдан сонга ўтилган. Илгари Вагнер асосан тажрибали собиқ аскарларни, жумладан, ГРУ деб номланувчи Россия ҳарбий разведкаси ва собиқ махсус кучларни ёллаган деб ҳисобланган.

Вагнер гуруҳининг дала қўмондони, подполковник Дмитрий Уткин ГРУ спецназ зобити бўлган. Аммо Буюк Британия расмийларининг айтишича, Вагнер ҳозир "элита куч эмас".

Сўнгги ойларда Вагнер Украина шарқидаги Донбассда, Бахмутга қилинган шафқатсиз ҳужумда катта роль ўйнади.

Яқинда Буюк Британия ҳарбий разведкаси Вагнернинг тактикасини баҳолаган. Унда айтилишича, Вагнер кўп сонли ёмон ўқитилган маҳбусларни ишга солган, уларга ишлатиб ташланадиган буюмдек муносабат қилган. Унда айтилишича, уларга аниқ мақсад қўйилган бўлиши мумкин - масалан, бинога ҳужум қилиш - режадан четга чиқишга эса рухсат йўқ.

Британия разведкасига кўра, режадан ташқари чиққанлар, эҳтимол, судсиз қатл этилиши билан таҳдид қилинган.

Буюк Британия расмийларининг айтишича, заруратсиз ва ажратиб ўтирмай зўравонлик қилиш гуруҳнинг ўзига хос белгисидир. Вагнер яқинда ўз аъзоларидан бири дезертирни уриб ўлдиргани тасвирланган видеони эълон қилди.

Бу Вагнернинг ёндашувидаги яна бир муҳим ўзгаришни кўрсатади - энди у фаол равишда ўз брендини тарғиб қилмоқда.

Июль ойида Вагнер «Telegram"да ўз каналини очди.

Сентябрь ойида у Санкт-Петербургда "PMC Wagner Centre» деб номланган янги штаб-квартирасини очди. Унда айтилишича, у "Россиянинг мудофаа қобилиятини, жумладан, ахборот соҳасида ҳам ошириш учун янги ғояларни яратиш"га хизмат қилади.

Vagner guruhi

Сурат манбаси, Getty Images

Буюк Британия расмийларининг айтишича, сўнгги пайтларда Вагнернинг Украинадаги ахборот операцияларида сезиларли ўсиш кузатилган.

Унинг раҳбари Евгений Пригожин бир марта журналистларни уни гуруҳга алоқадор деб туҳмат қилишда айблаганди.

Ҳозир у фаол равишда ўзини диққат марказига қўйишга уриняпти. У бир қараса Россия қамоқхонасида маҳбусларни ёллаётганини кўрамиз, яна бир қараса, Украинада Вагнер ҳақидаги "Дўзахдаги энг зўри" фильмини молиялаштиради.

Пригожин ўз гуруҳи ва ўз амбицияларини Россия ҳукуматини озиқ-овқат билан таъминлаш учун тузган 1 миллиард доллар (830 миллион фунт стерлинг) миқдоридаги ёғлиққина шартнома билан молияламоқда. У, шунингдек, ноёб минераллар эвазига Вагнернинг Африкадаги фаолиятидан яхшигина фойда кўраётгани ишонилади. Вагнернинг Марказий Африка Республикаси ва Малидаги ёлланма аскарлари инсон ҳуқуқларини жиддий бузганликда айбланган.

Айнан Вагнернинг Украинадаги фаолияти ташкилот атрофидаги сирларни фош қилди. Буюк Британия расмийларининг фикрича, Пригожин Украинадаги уруш унинг гуруҳи муваффақияти кўзгуси бўлишини истайди. Бу уруш унинг Путинга яқин доира вакили ва "Ватан халоскори" сифатида ўз амбицияларини тарғиб қилиш учун қулай фурсатдир.

Лекин Вагнер рус ҳарбийлари каби муаммоларга дуч келмоқда - техника етишмаслиги ва кўп қурбонлар. Унинг баъзи аскарлари ўртача рус аскаридан кўра кўпроқ маош олади ва яхши қуролланган бўлса ҳам, аммо кўплари ундай эмас. Буюк Британия расмийларининг айтишича, Вагнер жангарилари ҳам Украинада оғир шароитларга ва танқисликларга дуч келиши мумкин.

Вагнер жангарилари ва рус ҳарбийлари ўртасида ҳали ҳам хира чизиқ мавжуд. Буюк Британия расмийларининг айтишича, Россия Мудофаа вазирлигидаги айрим гуруҳлар Вагнерга шубҳа билан қарайди.

Кремлнинг юқори мартабали мулозимлари, жумладан, президент Путин ҳам бу гуруҳнинг Россия давлати билан алоқаларини тан олмаяпти.

Аммо Буюк Британия расмийлари айтишича, Вагнер Украинага юқори мартабали амалдорлар рухсати билан боргани ва ёлланма аскарлар ҳозирда Россия ҳарбийлари билан "бир қаторда" тургани деярли аниқ. Асосий Вагнер полигони Қримдан 300 км шарқда жойлашган Молкиндаги Россия мудофаа иншооти ҳудудида жойлашган.

Ҳозирча, Россиянинг қўғирчоқ армияси бўлмиш Вагнер унинг мунтазам армиясидан яхшироқ эканлиги ҳақида далиллар кам.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.