Ўзбекистон, Буюк Британия: Катта Лангар Қуръони жумбоғи ортидан

Ўзининг кўп асрлик ватани бўлмиш бир ўзбек қишлоғи номи билан аталган кўҳна Катта Лангар Қуръони 40 дақиқалик ҳужжатли фильмнинг мавзуси бўлиб, уни эндиликда bbc.com/uzbek веб-сайтида томоша қилиш мумкин. "Катта Лангар Қуръони изидан" фильмида Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистондаги машҳур Sevimli TV телеканали билан ҳамкорликда саҳифалари дунё бўйлаб сочилиб кетган нодир қўлёзма ҳаётидаги бурилишлар ва ўзгаришлар изидан тушади.

Ушбу филм муҳаррири Дилором Иброҳимова шундай дейди: "Саккизинчи асрнинг ноёб Қуръони ҳақида ҳикоя қилиш ўта нозик ва ҳассос эътиборни талаб қиларди. Мазкур ҳужжатли фильм Би-би-си Ўзбек Хизмати ва Sevimli TV ўртасидаги давомли ҳамкорликнинг энг ёрқин намунаси ўлароқ ушбу жамоаларнинг биргаликда машаққатли меҳнати маҳсулидир. У Лондондаги BBC ва Тошкентдаги Sevimli TV жамоаларининг олиймақом тажрибаси, уйғунлигида яратилди. Шунингдек, бу филм BBC'нинг ҳужжатли киночилик санъати ҳамда Sevimli TV нинг Тошкентдаги бадиий ва тасвирчилар жамоасининг машаққатли меҳнатининг инъикосидир."

Ушбу ғояни Sevimli TV раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан таҳририй ҳамкорлиги бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланиши ортидан ўртага ташлаган. У лойиҳани аввал бошиданоқ дастаклаб келди. Рамазон ойи давомида, ҳужжатли фильмни тасвирга олиш ишлари давом этар экан, Sevimli TV ҳамкорлик қилаётган жамоалар томонидан кашф этилган ва ҳайратга солувчи маълумотларни ўзида жо этган қисмларни ҳар куни праймтаймда телеканал томошабинлари эътиборига тақдим этиб келди.

Катта Лангар Қуръони

Сурат манбаси, BBC UZBEK

Сурат тагсўзи, Катта Лангар Қуръони

"Бизнинг бу қўшма лойиҳамиз Катта Лангар Қуръони тарихини ўрганиш йўлида қўйилган муҳим қадамдир. Мен Sevimli TV да Би-би-си Ўзбек хизмати билан биргаликда ишланган бу филмн тақдим этишдан мамнунман", дейди Фирдавс Абдухолиқов.

Ҳужжатли филм муаллифларидан бири Луиза Искандарий «Бу мўъжаз қишлоқ ўзининг энг буюк хазинасини сақлаб келаётганидан воқиф бўлиш жуда ҳайратланарли. Саёҳатимиз давомида ўрганилган ҳар бир янгилик ҳикоямизга янгидан-янги саволлар ва чигалликлар қўшиб борди, шунингдек, улар ҳудуднинг тарихини ҳам ўзида намоён этар эди", дейди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Ҳужжатли филм Катта Лангар Қуръони Марказий Осиёга қандай келиб қолгани ва унинг саҳифалари қандай қилиб турли давлатларга бориб қолгани ҳақида ҳикоя қилади. Катта Лангар Қуръони Арабистондан Эрон оша Афғонистон ва Марказий Осиёга келтирилган. Луиза Искандарий аждодлари ва қариндошлари 15 асрдан буён бу нодир қўлёзмани фахрланиб асраб келган қишлоқликлар билан суҳбатлашади. Улар эса қандай қилиб муқаддас қўлёзмани кўз қорачиғидек асраганлари ва уни бир неча бор тортиб олишмоқчи бўлганликлари - мустамлакачи Россия подшоҳи ҳарбийлари, Совет давридаги КГБ томонидан - ва, ниҳоят, мустақил Ўзбекистон давлати уни ҳимоясига олгани тўғрисида сўзлаб берадилар.

Бундан ташқари қўшма жамоа ўз аждодлари Араб ярим оролидан келиб қолганини иддао қилувчи ва ҳамон араб маданияти унсурларини ўзида сақлаб келаётган бошқа бир қишлоққа ҳам сафар уюштиради.

«BBC ва Севимли ТВ қўшма жамоаси Қуръоннинг илк ёзма намуналаридан бири сифатида кўрилувчи қўлёзма сақланадиган Ўзбекистондаги тоғли Катта Лангар қишлоғига саёҳат қилди.»

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, BBC ва Sevimli TV қўшма жамоаси Қуръоннинг илк ёзма намуналаридан бири сифатида кўрилувчи қўлёзма сақланадиган Ўзбекистондаги тоғли Катта Лангар қишлоғига саёҳат қилди

Ҳужжатли филм йўқолган саҳифаларнинг катта қисми - умумий ҳисобда, 81 саҳифа - Санкт-Петербургдаги Шарқ Қўлёзмалари Институтида сақланаётганини аниқлади. Яна ўн икки саҳифа Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси архивида экан бир пайтда, бир қанча саҳифалар Тошкентнинг илмий марказида, Бухородаги музейлардан бирида ва кутубхонада сақланмоқда. Олиб борилган суҳбатлар қадимий қўлёзманинг тарихига оид кўплаб тафсилотларни юзага чиқаради. «Катта Лангар» Қуръонининг, тахминан, юз саҳифаси қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

Ҳозирда Би-би-си Ўзбек Хизмати веб-сайтида томоша қилиш мумкин бўлган "Катта Лангар Қуръони изидан" ҳужжатли фильми яқин кунларда Sevimli TV да эфир юзини кўради. Афғонистондаги Би-би-си Ўзбек Хизмати ҳамкори бўлмиш Arezo TV ҳам уни намойиш этади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистон, Марказий Осиё шунингдек, Афғонистон ва дунёнинг бошқа ерларидаги ўзбекзабонлар учун мўлжалланган контентни таклиф қилади ҳамда у минтақадаги энг йирик хабар етказувчилардан бири ҳисобланади. bbc.com/uzbek вебсайтидан ташқари Би-би-си Ўзбек Хизмати Facebook, YouTube, Instagram, Twitter ва Odnoklassniki ҳамда Telegram орқали ҳам ўз муштарийлари билан боғланган.

Би-би-си Ўзбек хизматининг ҳафталик аудиторияси 2,3 миллиондан ортиқдир.

BBC Афғонистондаги ўзбекзабонлар учун мўлжалланган 10 дақиқали янгиликлар дастурини ҳар ҳафта 1,8 миллион одам томоша қилади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Би-би-си Жаҳон Хизмати таркибига киради.

"Катта Лангар" Қуръони изидан

Катта Лангар Қуръони изидан

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Жаҳонда саноқли кўрилган қадим Қуръони Каримнинг бу мусҳафини Ўзбекистонга ким олиб келганди? Қачон ва қандай қилиб? Нима учун унинг муқаддас саҳифалари ҳозирда жаҳоннинг турли нуқталарига тарқалиб кетган?

Қашқадарё вилоятидаги Катта Лангар қишлоғида тарихи минг йилдан кўпроққа тақалувчи Қуръони Карим мусҳафи асрлар мобайнида сақлаб келингани кўпларга шу вақтга қадар маълум бўлмаган.

Баҳорда Би-би-си Ўзбек хизмати "Sevimli TV" канали билан ҳамкорликда журналистик тадқиқот ўтказишга қарор қилди. Рамазон ойи давомида ижодий жамоа биргаликда қилган саноқсиз сафарлари чоғида Катта Лангар Қуръони атрофидаги тарихий фактлар ва афсоналарни текшириб, ушбу муқаддас китобни сақлаган қишлоқ аҳли хотиралари, шунингдек мутахассислар фикрларини йиғишга мувафақ бўлди. Терига ёзилган ўта ноёб Калому Шарифнинг Катта Лангарга келиб қолиш тарихи ва асрлар оша, қўлдан-қўлга ўтиб, авайлаб сақлаб келингани борасида тафсилотларни аниқлашга қодир бўлди. Қўлга киритилган янги маълумотлар, суҳбатлар ва жараён тафсилотлари кундалик равишда "Sevimli TV" орқали махсус кўрсатув, шунингдек янгиликлар дастурлари орқали муфассал равишда Ўзбекистондаги томошабинларга тақдим этиб борилди.

Журналистик изланишларнинг диққатга сазовор нуқталарини ўз ичига олган Би-би-си Ўзбек хизматининг "Катта Лангар Қуръони изидан" ҳужжатли филми иккала жамоанинг биргаликдаги ҳаракатлари самарасидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати айни филмни суратга олишда жонбозлик кўрсатган лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, Sevimli TV ижодий гуруҳи ва Катта Лангар қишлоғи аҳолисига, Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитасига алоҳида миннатдорлик изҳор этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek