Тожик-Қирғиз қонли низосидан кейинги аҳвол - фоторепортаж Tojikiston, Qirg'iziston Markaziy Osiyo
Тожикистон билан Қирғизистоннинг баҳсли ҳудудида рўй берган қонли тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлганларнинг сони 50 ка яқинлашган, юзлаб одам жароҳатланган, ўнлаб уйлар вайрон этилган.
2 май куни Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қирғиз томонидан 34 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилди.
100 дан ортиқ бинога ўт қўйилган, талон-тарож этилиб бузилган. Улар орасида мактаблар, дўконлар, полиция идораси ва чегара текшириш постлари бор. Бу қонли тўқнашув ушбу ҳудуддаги охирги йиллардаги энг ёмони бўлган.
Отишмалар бошланганидан кейин 10000 ча одам ўзларининг яшаб турган уйларидан кўчирилганлар.
Сув тарқатиш иншооти ёнидаги симёғочга кузатув камерасини ўрнатишга ҳаракат қилинган пайти Қирғизлар ва Тожиклар бир-бирига қарши тош отишни бошлаганлар.
Тожикистон чегарасига яқин Қирғизистоннинг Маскат қишлоғида истиқомат қиладиган Рахат Эсенова уйи вайрон бўлганини айтди.
"Мен бу уйда умид билан яшаб келаётгандим. Болаларим ва невараларим бу уйда ўсиб вояга етишади, деган умидда эдим. Нега бизга ундай қилишди", дейди Рахат Эсенова.
Зўравонликлар юзасидан Қирғизистон расмийлари ҳам, Тожикистон расмийлари ҳам жиноят иши қўзғатишган. Одам ўлдириш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш жиноятлари текширилиши хабар қилинди.
Илк бор Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари жума куни ўт очишни тўхтатишга келишганлар. Бироқ отишма яна қайта бошланган.
Икки тараф яна зўравонликни тўхтатиш ҳақидаги келишувни шанба тунида имзоладилар.
Тўқнашув сув иншооти устидан келиб чиққан, бу иншоотни Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам ўзига тегишли деб ҳисоблайди.
Марказий Осиёнинг бошқа кўплаб ҳудудларида бўлганидек чегара охирги 30 йилда зўравонликлар келиб чиқишига сабабчи бўлган.
Маҳаллий жамоалар ўзиники деб ҳисоблаган сув ёки ер ресурсларига қўйилган чекловлар кўпинча ҳалокатли тўқнашувларни келтириб чиқарган.
Тожикистоннинг Исфара тумани қишлоқларида ҳам тўқнашувлардан кейин қатор турар жой бинолари вайронага айланган.
Исфара туманида ўндан ортиқ уй-жой яксон қилингани айтилмоқда.
Барча фото суратлар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek