Ўзбекистон аёллари Ипак Йўли бозорларидан эркакларни қандай сиқиб чиқармоқда? - BBCUzbek тадқиқ этади

Бозордаги аёллар

Сурат манбаси, BBCuzbek

Сурат тагсўзи, Буюк Ипак Йўлини қайта тиклаш - Осиёда ҳам, Европада ҳам ҳозир янги, йирик бир орзу. Бугун бу орзунинг аёлларсиз амалга ошмаслиги ҳам аниқ

Ўзбекистон аёллари Ипак Йўли бозорларини қандай қўлга олмоқда, янги ҳужжатли фильм - ёмғир, қорда роса қийинчилик тортдик. Оёқларимиз тагига ғишт қўйиб, шундоқ ерда савдо қилдик. Тўртталаб сумкаларни қўлда кўтардик. Тунлари ухламадик. Ана шу иши деб икки ўлимдан қайтган Муҳайё ҳозир манаман, деган тадбиркор.

Ўзбекистоннинг қандайдир йирик шаҳри эмас, Фарғонанинг кичиккина Риштонидан туриб, ўз маҳсулотларини энди Қафқоз қадар экспорт қилмоқчи. У Осиёни Европага боғлай оладими?

"Вақти келса, кунига бир, икки соат ухлаган кунларим бўлган. Савдога ярим тундан ўтиб чиқиб кетардик. Чунки жой олиш муаммо эди. Уйқудан қолиб бўлса-да, жой олишга мажбур эдик. Ҳатто йўлкира беришга қурбимиз етмасди. Тўртталаб сумкаларни қўлда, навбатма-навбат, маҳаллалар оралаб, Риштондан Сўх бозорига элтардим", - дейди у.

Ўзбекистон аёллари Буюк Ипак Йўли бозорларидан эркакларни қандай сиқиб чиқарди? - Би-би-си Ўзбек Хизматининг Ўзбекистондан тайёрлаган махсус ҳужжатли фильмида, кўринг, назардан қочирманг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Орада оғир ичак инфекцияси ва саратон хасталигини бошидан кечирган бу суҳбатдошимиз фақат ана шу ишига бўлган муҳаббат ва унинг орқасидан одамларда қозонган меҳри ўзини яна бу ҳаётга қайтарганини айтади.

"Ўша ердаям, касалхонадаям, докторлар уришсаям, шу-шу нарсани қилинглар, мана шу сумма шунча, мана бу нарса мунча, шу нарсани етказиб беринглар деб, ётган жойимда ҳисоб-китобимни қилиб бердим. Мисол, кўзимга кўринмаса ҳам, шунча халқнинг нимасини олганман деб, яна интилиб, нима қилдим...".

Муҳайё 17 ёшида Сўхдан Фарғонанинг Риштонига келин бўлиб тушган. Мактабдан кейин бирор бир жойда ўқишга ҳам улгурмаган. Катта бувиси бошларини қовуштириб қўйган.

Қаҳрамонимиз ҳозир 45 ёшда ва Риштонда ўзининг кулолчилик корхонаси бор. Бир ўзи ўнлаб хотин-қизни ишли қилган. Бугун янада кенгаймоқчи, янги бизнес режалари бор.

Муҳайё Ҳайдарованинг тадбиркорликка йўли бозор ва кичик савдодан бошланган. Шу қадар иложсизликдан аввалига яроқсиз чинни идишларни олиб сотишга мажбур бўлган.

Муҳайё Ҳайдарова

Сурат манбаси, BBCuzbek

Сурат тагсўзи, Икки ўлимдан қайтган Муҳайё ҳозир манаман, деган тадбиркор

Айнан оила ғами бирор бир олий маълумоти бўлмаган қаҳрамонимизни уйдан ташқарига олиб чиққан.

2004 йилда турмуш ўртоғи кутилмаганда касалхонага тушиб қолган, оғир жарроҳлик амалиётини ўтказган.

Рўзғорнинг бутун ташвиши аллақачон учта ёш боласи бўлган ёлғиз Муҳайёнинг елкасига тушган.

"Одамлар бир марта ёрдам қилади, икки марта ёрдам қилади, ҳар доим бировдан ёрдам сўраб бора олмайсиз-ку...".

Уят ва иложсизликнинг зўридан Муҳайё қолган икки фарзандини ўша пайтда мактаб ўқувчиси бўлган тўнғич қизига ишонадию, бозор - савдонинг йўлини тутади.

Уй юмушларидан ортиб, яна орада мол-ҳол қилиш, фермерлик билан шуғулланишга ҳам вақт топади.

Ҳали-ҳануз ўзи маҳрум этган болалиги учун қизининг ёнида хижолат тортиши, ўзини ундан маънан жуда қарздор ҳис этишини айтади.

Аммо ана шу савдоси орқасидан турмуш ўртоғининг касалхонасини ҳам амаллайди, рўзғорини тебратиб, оиласини ҳам боқади. Фарзандларини ҳам ўқитади.

Беш-олти йил бозорда ишлагач, ўз ишлаб чиқаришини бошлаш даражасига етади.

Осиёни Европага улаган қадим Ипак йўлида ястанган водийнинг қадим Риштонидаги қадим кулолчилик малакасига суянади.

Бугун ўз маҳсулотларини айрим Марказий Осиё давлатларига экспорт қилади, Доғистон бозорларига қадар кириб боришни режалаётганини айтади.

Ишчи аёл

Сурат манбаси, BBCUzbek

Аммо мустақил Ўзбекистоннинг чорак асрдан ортиқроқ тарихида Муҳайёнинг ҳодисаси ягонаси эмас.

Ўз навбатида, қаҳрамонимиз бугун Советлар даврида ўлиб бўлган қадим Ипак Йўлини тиклаш қудратига етган юз минглаб ўзбекистонлик хотин-қизлардан фақат биригина, холос.

Айнан оила боқиш илинжида қадим Буюк Ипак Йўлини жонлантираётган ана шундай аёллар Би-Би-си Ўзбек Хизмати янги ҳужжатли фильмининг ҳам бош мавзуси бўлади.

Айниқса, муслима ва таъбир жоиз, ўрни уйда, деб билинган аёлларнинг, асрларки, эркаклар ҳукмронлиги, бошқаруви ва назорати остида бўлган Буюк Ипак Йўлидаги бу каби фаоллиги ва шижоати эса, бугун, ҳатто ғарблик тадқиқотчилар ўз эътиборини қаратган, таҳлил қилган, илмий мақолалар ёзган мавзу даражасига кўтарилган.

Анъанадор бир жамиятда аёл қандай қилиб асрий стигмаларни парчалагани, доминант куч - рўзғор тебратувчисига айлангани ва оила институтининг таназзули қадар бунинг оқибатлари нималарга етаклаши мумкинлиги уларни яхшигина ўйлантирмай қўймаган.

Буюк Ипак Йўлини тиклаётган аёллар

Тожир аёл

Сурат манбаси, BBCuzbek

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон: Бозордаги аёллар ўзлари билиб-билмай, қадим Буюк Ипак Йўлининг айнан Марказий Осиёдан ўтган қисмига қайта жон ато этишди

Аксарият аҳолиси мусулмон ва жамиятлари анъанадор бўлган қолган барча Марказий Осиё давлатларида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам бозор ва савдони деярли мутлақ эркаклар юритишган.

Бироқ 1991 йили Шўролар Иттифоқи ва у билан бирга иқтисоди ҳам қулайди.

Асосан айнан аёллар банд бўлиб келган аксарият соҳалар таназзулга учрайди, кўплаб корхоналар ёпилиб кетади.

Ўзбекистонда аҳолининг ярмидан кўпроғини аёллар ташкил этади. Натижада миллионлаб хотин-қиз ишсиз қолади.

Ўзбек оилалари эса, устига устак, айниқса, ўша пайтлари ўзининг серфарзандлиги билан ҳам ажралиб туради.

Мустақил ёш давлатларнинг ҳукуматлари ижтимоий инфратузилмани яхлит тутиб қолишнинг уддасидан чиқишмайди.

Ишли эркаклар маошларининг ҳаминқадарлиги ва кечикишлар билан берилиши, нафақа ва имтиёзлардаги узилишлар ўзбек аёлларини ҳам кўчага чиқиш, пул топишга ундаган сўнгги ва ҳал қилувчи омил бўлади.

Ўзбекистондан миллионлаб сондаги эркаклар миграцияси ҳам бу тенденцияни янада кучайтирган бошқа бир жиддий факторга айланади.

Алал-оқибат бошқа юз минглаб хотин-қиз бу жараённинг ҳам бир қисмига айланишади.

Тожир аёл

Сурат манбаси, BBCUzbek

Сурат тагсўзи, Шўролар Иттифоқи ва у билан бирга иқтисоди ҳам қуларкан, миллионлаб аёллар ишсиз қолишади

Ҳозир веб саҳифамиз bbc.com/uzbek ва YouTube даги каналимизда танишишингиз мумкин бўлган "Буюк Ипак Йўлини тиклаётган аёллар" ҳужжатли фильми Ўзбекистондаги оммабоп Sevimli TV телеканали билан ҳамкорликда ишланган.

Ўзбекистоннинг Самарқанд, Хива ва Бухоро каби қадимий шаҳарларидан ўтган бу йўл ипак савдоси қизиган пайтда роса гуллаб-яшнаган.

Буюк Ипак Йўли бўйлаб тарихда буюк сулолалар вужудга келган, аммо даромадли йўл назорати учун шафқатсиз ва узундан-узоқ жанглар ҳам кечган.

Ипак йўли бозорларида сотиладиган аксар маҳсулотларни хотин-қизлар тайёрлашган, аммо аёллар савдодан четда тутилган.

Ҳатто, Совет даврида ҳам, Шўролар Иттифоқининг энг йирик мусулмон давлати бўлган Ўзбекистонда аёлларнинг бозорда савдо қилишлари хуш кўрилмаган. Улар нон ёки сут-қатиқ сотишган, холос.

Ўзбекистоннинг аҳолиси эса, Марказий Осиёдаги энг йириги (яқинда эълон қилинган расмий ҳисоб-китобларга кўра қарийб 34 миллион - таҳр.) бўлади.

1990-йиллар бошида собиқ Шўро давлатлари аксар четдан келтирилган маҳсулотларга қарам бўлиб қолишади. Шу манзарада кўпчилик аёллар ҳам айнан савдо билан шуғуллана бошлашади.

Улар четдан бирон маҳсулот келтириб, сотиш учун Буюк Ипак Йўлининг ташландиқ ҳолга келиб қолган ва ўнқир-чўнқир йўллар оша Хитой бозорларига йўл солишади.

Шу асно ўзлари билиб-билмай, қадим Буюк Ипак Йўлининг айнан Марказий Осиёдан ўтган қисмига қайта жон ато этишади.

Ўзбек аёли ва бозор

Гулнора Маҳмудова

Сурат манбаси, BBCuzbek

Сурат тагсўзи, "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси раҳбари: "Ҳозир эса, аёллар кириб бормаган соҳа йўқ..."

Бугунга келиб эса Ўзбекистонда айнан аёллар бозорда етакчи кучга айланишди.

Ҳозир Ўзбекистон бозорларидаги тижоратчиларнинг учдан икки қисми - айнан аёллар. Улар кийим-кечакдан тортиб, оғир жиҳозларгача, ўйинчоқлардан токи озиқ-овқатгача сотишади.

Хитой, Корея ёки Туркия каби давлатларга сафар қилиб, мол келтиришмоқда ва ўз юртларида ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун янги тажриба ва малакаларни ўрганиб, олиб келишмоқда.

"Бу жараён жудаям ҳар хил бўлган. Мустақиллигимизнинг илк йилларида аёлларимиз оғир юкларни елкаларига ортиб, мамлакатма мамлакат юриб, бўлар-бўлмас ишларни қилиб, ўз оилалари даромадини кўпайтириш илинжида азият чекишга мажбур бўлишган", - дейди Тошкентдан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси раҳбари Гулнора Маҳмудова.

Суҳбатдошимиз чорак асрдан бери Ўзбекистондаги аёллар тадбиркорлигини яқиндан кузатиб келади. Ўзи ҳам етакчи тадбиркор.

Гулнора Маҳмудовага кўра, бундан беш-олти йил аввалги тадбиркорлик таҳлил қилинса, у асосан кичик-кичик тикувчилик шохобчаларидан иборат бўлган.

Ҳозир эса, аёллар кириб бормаган соҳа йўқ. Бугун улар, ҳатто, кимёвий маҳсулотлар, шампунь, гель, бундан-да мураккаброқ ишлаб чиқариш жабҳаларида ишлашади, дейди у.

Бугунга келиб эса, Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг ўзлари учун бозорлар қолиб, янги иш ўринлари ҳам яратишаётгани кузатилади.

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, BBCUzbek

Сурат тагсўзи, Мирзиёев аёлларни мамлакат сиёсий ҳаётида ҳам фаоллаштирмоқчи

Ўзбекистонда бугун 40 фоиздан кўп ёки қарийб ҳар иккинчи кичик корхона раҳбари аёл киши бўлади.

Бу жараён эса, биргина Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида кузатилмайди.

Мисол учун, Риштон кулолчилиги бугун нафақат яшамоқда, балки ривожланмоқда.

Бироқ у қўл меҳнати, шу боис ҳам, таннархи қиммат.

Қаҳрамонимиз Муҳайё Ҳайдаровага ўхшаган айрим риштонликлар эса, бугун яна шу анъанани рўзғорбоп ва арзон маҳсулот ишлаб чиқаришдан ташқари, маҳаллий хотин-қизларни ишли қилиш учун ҳам йўналтиришмоқда.

"Энди, кўраяпсиз, хотин-қизлар Россияга кетишаяпти. Бошқа нималарга боришаяпти. Шунинг учун ҳам, улар Ўзбекистоннинг ўзида юришса, мисол учун, тикув, кулолчилик цехида ишлашса, иш билан таъминланса, рўзғорида қийинчилик бўлмаса, ҳар қандай нимага боришмайди-да", - дейди у.

Бу каби ҳолат, ҳатто, хотин-қизлар эмансипациясини ўзларининг катта ютуқлари сифатида тақдим этиб келган Шўролар Иттифоқи даврида кузатилмаган феномен баҳосини ҳам олмай қолмаган.

Хотин-қизлар орасида ҳам ишсизлик муаммоси долзарб бўлган Ўзбекистонда эса, фоҳишалик ва ноқонуний тана савдоси ҳам фаоллар қолиб, масъуллар ўзларини-да жиддий ўйлантириб келаётган муаммолардан бири бўлади.

Айнан аёлнинг эркакка иқтисодий қарамлиги ва ижтимоий муҳофазасининг етарлича эмаслиги улар, йилларки, тўқнаш келиб турган турли кўринишдаги маиший зўравонликларнинг бош сабаби ҳам ҳисобланади.

Муносабатлар

Наргиза

Сурат манбаси, BBCUzbek

Сурат тагсўзи, Наргиза Тўйчиева: "Ўзимга ҳамма нарсани қилиб, энди фарзандимнинг келажаги учун интилмоқчиман".

Бошқа томондан, жамият ҳануз анъанадор ва патриархал эмасми, аёлларнинг бу қадар фаолликларига қарашларни ҳам бирдек ижобий, деб бўлмайди.

"Бозорчилар шаллақи бўлади, дейишадию, унақа эмас. Ҳамма бир хил эмас-ку", - дейди бозорда савдо қилувчи ўзбекистонлик бошқа бир қаҳрамонимиз Наргиза Тўйчиева.

"Бозор...масалан, ҳозир ишламасангиз бўлмайди. Ҳаракат қилмасангиз бўлмайди. Бозорга кириб, ёмон бўлмадим. Бозор, савдо, барибир, яхши. Мен буни аёлларимизга тавсия қиламан. Уй олдим. Машина олдим. Ҳаммаёғимни қилдим. Ўзимга ҳамма нарсани қилиб, энди фарзандимнинг келажаги учун интилмоқчиман", - дейди у.

Бошқа томондан, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, мамлакат Хотин-қизлар қўмитаси янги раисасининг яқинда бозордаги аёллар ҳакида айтган сўзлари жамоатчилик фикрининг бу борада қанчалик ижобий томонга ўзгариб бораётганига ҳам далолат қилган.

Ўшанда Элмира Боситхонова, "Мамлакатни биламан десанг, бозор билан мозорига бор, деган гап бор. Ҳақиқий бозорчи аёлларда на маънавият, на маърифат бор", - деб айтган.

Бир томондан, унинг бу сўзлари таҳлилчилар орасида, "Бош вазир ўринбосари сўзлари Мирзиёев сиёсатига зид", деган фикрларни пайдо қилган.

Ижтимоий-мулоқот тармоқлари эса, том маънода жунбушга келган, Боситхонованинг сўзлари кескин танқид остига олинган постларга тўлиб тошган, унинг истеъфосига оид даъватларгача янграган.

Хоҳ осон, хоҳ қийин бўлсин, Ўзбекистон аёллари бугун тижорат ва тадбиркорликка кириб келишди.

Ҳозир мамлакатдаги ҳар учинчи тадбиркорлик субъекти - аёлларники.

Тожир аёл

Сурат манбаси, BBCuzbek

Ўтган йиллар давомида эркин тадбиркорликка етарлича йўл берилмагани, очилмагани ва улар қийин шароитда ишлашганини яқинда янги Ўзбекистоннинг раҳбарияти ҳам эътироф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев энди бу соҳада шарт-шароитни яхшилаш, тадбиркор эркинлиги ва ҳимоясини таъминлаш муҳимлигини айтмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг президенти қудратга келган саноқли йиллар ичида эса, ўзининг яхши қўшничиликка асосланган минтақавий дипломатияси билан халқаро миқёсда эътиборга тушган.

Ўзбекистонни дунёга очиш сиёсатини тутаркан, деярли барча Марказий Осиё давлатлари билан узоқ йиллик, айримлари бўҳроний даражага бориб қолган чегара муаммосига барҳам беришга муваффақ бўлган.

Минтақадаги қўшнилари билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, айниқса, савдо-сотиқни янада кучайтириш асосий мақсадлари эканини айтган.

Аммо бунинг учун яна нималар қилиниши керак?

"Энди, аёл тадбиркорлар учун, биринчи ўринда, газимиз бемалол бўлиб турса. Соҳамиз газ билан боғлиқ. Газ бўлса, районни иш билан таъминлаб, ҳаракат қилаверамиз", - дейди тадбиркор Муҳайё Ҳайдарова.

"Бошида йўлларни очиб берди, ҳаммаёқдан мол олиб келдик. Кейин яна йўлларни беркитди. Бир ойда бир марта чиқадиган қилиб қўйди. Бизларга яна ўшанақа шароит қилиб берса. Кенг қилиб қўйса ҳаммаёқни", - дея ўз истакларини изҳор этади дўкондор Наргиза.

"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси раҳбари Гулнора Маҳмудова. эса, "Мамлакатлар ўртасидаги шартлар бажарилса, биз ишонч билан бизнес юрита оламиз", - деган фикрда.

Зотан, сўнгги бир неча аср давомида аҳамияти деярли йўқолган Буюк Ипак Йўлини қайта тиклаш - Осиёда ҳам, Европада ҳам ҳозир янги, йирик бир орзу.

Шундай экан, бугун бу орзунинг аёлларсиз амалга ошмаслиги ҳам аниқ.

Бошқа томондан, бунинг алал-оқибат Ўзбекистонда амалда гендер тенглигига эришилиши ва аёлларнинг сиёсий фаолликларига кенг йўл очиши мумкинлигига оид умидлар ҳам йўқ эмас.

Аёлларнинг мамлакат сиёсий ҳаётида қанчалик фаол эканликлари эса, бугун Ўзбекистонда яна бир эътиборталаб мавзу, янги президенти Шавкат Мирзиёев алоҳида диққат қаратган, аллақачон бу йўлда айрим амалий чораларга ҳам қўл урган муҳим масалалардан бири бўлади.

Қисқача тафсилот ўрнида...

Бозордаги аёллар

Сурат манбаси, BBCuzbek

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон: "Буюк Ипак Йўлини тиклаётган аёллар" ҳужжатли фильмини тасвирга олиш жараёни

"Буюк Ипак Йўлини тиклаётган аёллар" ҳужжатли фильмида Би-би-си Ўзбек хизмати журналисти Феруза Раҳмон аёлларнинг савдо ва бозордаги устунлиги Ўзбекистонда қандай ижобий ўзгаришларга хизмат қилаётганини ўрганади.

Феруза пойтахт Тошкент ва Фарғона водийсида бўлиб, аёл тожирлар ва қадим ҳунармандчилик анъаналарини ишга солиб, замонавий, аммо арзон маҳсулотлар ишлаб чиқараётган аёл тадбиркорлар билан суҳбатлашади.

Аёлларнинг савдо ва тадбиркорликдаги фаолияти оилаларни қанчалик бутлаб, Ўзбекистон иқтисоди юксалишига нечоғли хизмат қилаётганини ўрганади.

Айни пайтда, аёл ўрни қандай бўлиши керак деган жамиятдаги анъанавий қарашлар нечоғли ўзгараётгани билан қизиқади.

Тижорат ва ишбилармонлик аёллар ўрни ҳам эркакларники каби тўлиқ тан олиниши ва тенгликка эришиш учун яна қандай тўсиқларни енгиб ўтишлари кераклиги ҳақида ўзбек аёлларининг ўзларига мурожаат қилади.

"Буюк Ипак Йўлини тиклаётган аёллар" ҳужжатли фильми Би-би-си Ўзбек хизмати (продюсер Рустам Қобил, муҳаррир Хайрулло Файз) ва Sevimli TV (тасвирчи Шавкат Убаев) ҳамкорликда тайёрлаган ижод маҳсулидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон, Марказий Осиё, шунингдек, Афғонистон ва дунёнинг бошқа жойларидаги ўзбек тилида сўзлашувчилар учун мўлжалланган ранг-баранг контент таклиф қилади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати минтақадаги энг йирик янгилик манбаларидан бири ҳисобланади. bbcuzbek/uzbek веб сайтидан ташқари, Би-би-си Ўзбек хизмати ўз муштарийлари билан Facebook, YouTube, Instagram, Twitter, Odnoklassniki ва Telegram орқали ҳам боғланган.

Би-би-си Ўзбек хизматининг ҳафталик аудиторияси 2,3 миллиондан ортиқ.

Хизматнинг Афғонистон ўзбеклари учун мўлжалланган 10 дақиқали телевизион янгиликлар дастурини ҳар ҳафта 1,8 миллион одам томоша қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати Жаҳон хизмати таркибий қисмидир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek