Ўзбек аёли ва Ўзбекистон жадидлари Лондонни ҳайратга солдими? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Ёш Сора Эшонтўраева

Сурат манбаси, Oilaviy albom

Сурат тагсўзи, Ёш Сора Эшонтўраева

Большевизм қудрати, жадидчилик ғоялари ҳамда диний анъаналар кесишган давр чорраҳасида Ўзбекистоннинг янгиланиш йўли қандай кечган? Бу борада санъаткорлар, зиёлилар ва ўзбек аёллари қанчалик муҳим ўрин тутганлар?

Лондонда ўтаётган фотокўргазма айни саволларга қисман жавоб топишга интилади.

Илк қалдирғочлар

Сора Эшонтўраева Ўзбекистондаги илк профессионал актриса. Бироқ унинг ижоди илк паллалари ўзгаришларга бой, аммо нотинч, айни пайтда, умидли ҳамда ваҳшатли даврларга тўғри келган.

Санъаткор Ўзбекистон келажаги қандай бўлиши борасидаги большевиклар ва жадидлар қарашлари кесишган ҳамда тўқнашган йилларда ўз ижодини бошлаган.

Лондондаги Asia House (Осиё Уйи) биносида ўтаётган "Ҳаёт ва Таълим билан чамбарчас" номли суратлар кўргазмаси нафақат атоқли ўзбек актрисасининг ижодига, балки унинг кўпчиликка номаълум шахсий ҳаётига ва жадидлар билан боғлиқ жиҳатларига ҳам эътибор қаратади.

Ёш санъаткорлар

Сурат манбаси, Oilaviy albom

Сора Эшонтўраева

Сурат манбаси, Oilaviy albom

Сора Эшонтўраева ва унинг замондошлари санъатга кириб келаркан, ўз ҳаётларини хавф остига ҳам қўйишган.

Бироқ кам сонли жасур ёшлар қаторида ёш Сора ҳам санъат йўлидан қайтмайди.

У Москвада таҳсил олади ва Ўзбекистонга қайтиб, театр санъати ривожланишининг илк сафларида туради.

ХХ асрлар бошларидаги театрда бир муддат аёллар образини эркаклар гавдалантирган.

Санъаткор қизлар кўп ҳолларда кескин қаршиликка учрашган.

Айрим қизлар ва аёллар ҳатто ўлдирилган.

Ўзгариш ва талотўплар

Худди шу даврларда маърифатпарвар жадид зиёлилар ҳам бўй кўрсатишаётганди.

Бироқ ХХ аср бошида Россияда юз берган инқилоблар оқибатида Туркистонда ҳам қудрат большевиклар қўлига ўтади.

Тарихий сурат

Сурат манбаси, Turkiston arxivi/xususiy kolleksiya

Сурат тагсўзи, Файзулла Хўжаев (чапдан иккинчи) ва Бухоро ҳукумати вакиллари. 1922 йил

Алоқадор мавзулар:

Регистон майдони

Сурат манбаси, Turkiston arxivi/Xususiy kolleksiya

Сурат тагсўзи, Бухоро Республикасининг Совет давлати билан мураккаб муносабатини акслантирган сурат. 1921-1922.

Кўргазма ёш Сора Эшонтўраеванинг жадидлар билан муносабатлари акс этган суратларни ҳам намойиш этади.

Айни суратларнинг баъзилари нафақат чет элликларга, ҳатто кўплаб ўзбекистонликларга ҳам нотаниш.

Бунинг бир сабаби 1930-йиллардаги қатағонлар бўлиши мумкин.

Қатағон ва қўрқув палласи

Мазкур даҳшатли давр жадидларнинг большевиклар давлати тарафидан жисмонан йўқ қилингани билан ҳам эсда қолган.

Бироқ жамият уларни эсламасликка уринган.

Бу зўраки ё ғайриихтиёрий "унутиш" нафақат сиёсатга, балки санъатга ҳам тааллуқли эди.

Масалан, санъаткорлар даврасида олинган Чўлпон суратини кўпчилик кўрмаган бўлиши мумкин.

Санъаткорлар ва жадидлар

Сурат манбаси, Turkiston arxivi/Xusuiy kolleksiya

Сурат тагсўзи, Ёш Сора ва бошқа санъаткорлар жадид адиб Чўлпон (иккинчи қатор, чапдан учинчи) билан.

Мазкур сурат ислоҳот ва маърифат истаган жадидлар билан ижод эркинлиги ҳамда янгиликка талпинган санъаткорлар ўртасидаги ришталарини кўрсатади.

"Кўплаб жадидлар нафақат давлат зўравонлиги қурбони бўлишган, балки уларнинг номларини атайдан ўчиришга ҳам интилишган" - ёзади кўргазма куратори Нилуфар Эдмондс.

"1930-йиллардан то 1950-йиллар бошигача атоқли жадидларнинг суратлари йўқотилган ва ё сохталаштирилган".

Қатағонлардан қўрққан одамлар эса "халқ душманлари" билан ўз муносабатларини яширишга интилганлар.

Нилуфар Эдмондс

Сурат манбаси, Esteshhad Quisay

Сурат тагсўзи, Нилуфар Эдмондс Ўзбекистондаги тарихий материалларни ҳам ўрганган.

Ўзбекистонда ХХ аср чорчўбасида кечган ўзгаришлар британияликларга у қадар таниш эмас.

Тўғри, Совет даври қатағонлари ушбу Қизил салтанатни қанчалик қамраб олгани борасида муайян тасаввурлар ва адабиётлар мавжуд.

Аммо Ўзбекистон муслима аёлларининг зиёга ва санъатга талпинишлари, ислоҳотлар истаган жадидларнинг сиёсий саҳнага чиқишлари, бироқ кейин жисмонан йўқ қилинганлари борасида маълумотлар кўп эмас.

Шу қаторда, замонавий ўзбекларнинг ўзлиги, бугунги Ўзбекистон шаклланишида ўтган аср бошидаги воқеалар ҳамда ўзгаришлар ҳам муҳим ўрин тутмай қолмагани айтилади.

Қатағонлар ва урушларнинг салбий таъсири қаторида эса, миллату давлат учун ижобий аҳамиятга молик илмий, маданий ё ижтимоий жараёнлар ҳам кечган.

Очилиш маросими

Сурат манбаси, Esteshhad Quisay

Сурат тагсўзи, Лондонда кўргазманинг очилиши.
Кўргазмада

Сурат манбаси, Esteshhad Quisay

Сурат тагсўзи, ХХ аср бошидаги Ўзбекистон британияликларда ҳам қизиқиш уйғотди.
Кўргазмада

Сурат манбаси, Esteshhad Quisay

Сурат тагсўзи, Санъаткор оиласи вакиллари жадидлар аҳамиятини ҳам таъкидлашади.

Сора Эшонтўраеванинг набираси Нодира Ҳидоятова унинг болалиги, ҳаёти ва ижодига оид суратлар, лавҳалар ҳамда ҳужжатларни йиғиб, ўрганган.

Санъаткор авлодлари бугун жадидларнинг Ўзбекистон ва ундаги ўзгаришларда тутган ўрнини ҳам эътироф этадилар.

"Жадидчилик йўқолмаган, чунки (бу ҳаракат) бувимиз Сора Эшонтўраева каби санъаткорни ярата олди. Жадидчилик бутун Турк дунёси ривожланиши учун муқобил бир йўл эди" - дейди Нодира Ҳидоятова.

"Ҳозир Ўзбекистонда ўзини янги жадидлар, деб атайдиган ҳаракат пайдо бўлган. Шу учун ҳам айни кўргазма ўзига хос аҳамиятга эга".

Нодира Ҳидоятова бувиси Сора Эшонтўраеванинг шахсий ҳаётига оид суратлар ва ҳикояларни ҳам баҳам кўрган.

Сора Эшонтўраева оиласи билан

Сурат манбаси, Oilaviy albom

Маълумки, Сора Эшонтўраева саҳнада яратган Дездемона образи билан ҳам эсда қолган. Отелло ролини эса унинг турмуш ўртоғи Аброр Ҳидоятов ўйнаган.

Шекспир асари театр орқали ўзбекларга шу қадар маҳорат билан тақдим этилганки, ундаги айрим гап ё иборалар халқ тилига сингиб кетган.

Шекспир ижодининг кенг ўзбек жамияти бўйлаб ёйилишида адабиётшунос ҳамда таржимонлар қатори театр санъатининг, хусусан, илк қалдирғочлардан бўлмиш Сора Эшотўраева каби актёрларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлган.

Отелло асаридан парча

Сурат манбаси, Oilaviy albom

Сурат тагсўзи, Отелло ва Дездемонани "ўзбеклаштирган" санъаткорлар.

Сора Эшонтўраева камида 400 марта Дездемонани ижро этган.

У театр санъати сирларини Москвада ўрганган, аммо уларни ўз ватани - Ўзбекистон театрларида қўллаган.

Сора Эшонтўраева ўз даврида минтақа учун янги ҳамда нисбатан бегона бўлган санъатни том маънода "ўзбекчалаштиришда" ва оммалаштиришда муҳим ўрин тутган.

Лондондаги кўргазма Ўзбекистоннинг ҳамон номаълум қирраларини намоён этади.

ХХ аср давомида Совет темир пардаси ортида қолган, кейин эса мустақиллигининг илк чорак асри ҳам ёпиқлик ва қаттиққўл тузум остида ўтган Ўзбекистон ҳали дунё учун тўлиқ очилмаган сандиқдек.

Бу мамлакатнинг узоқ ва яқин тарихи қатларида эса кўплаб маданий ҳамда тарихий тилсимлар яширин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek