Ўзбекистон: Зарафшон - чўлдаги "Шўро мўъжизаси", "динсизлар қабристони" ва замонавий сити орзуси - фотоқисса

  • Ўзбекистонлик блогер
  • Зарафшон
BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Бомдод намозидан сўнг Навоийдан йўлга чиқдик. Янги солинган йўл чўл юзини ханжардек кесиб ўтган. Чўл ҳамон ўзининг ўзгариб турадиган манзараси билан одамни сеҳрлаб қўярди.

Тупроқ тепаликлар саксовул ва турли буталар қоплаган қумли массивлар билан ўрин алмашиб борар, манзилимиз эса Зарафшон - "чўлдаги Шўро мўъжизаси"...

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Йўл одамни ҳолдан тойдиради. Кўз ўнгимда узоқдан сароблар кўрина бошлайди.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Йўл транспорт ҳодисалари олдини олиш учун йўл хавфсизлиги ходимлари тўхтатиб, ҳужжат ҳам сўрамай, "дам олинг ака, оёқ чигилини ёзинг" дейди. Маҳаллий тилда "гайишник"ларнинг бундай кутилмаган муомаласи кишига ёқади, албатта.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Машинадан тушамиз-у, дашт ҳавосидан симирамиз. Куз ниҳоялаган, қиш эса эшик қоқмоқда, аччиқ совуқ шамол юзимизга тарсаки тортгандай бўлади...

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Ё Раббим, оёқ остимда Қизилқум чўлининг олтин рудасига кўзим тушди. Ўрганилмаган мармар, графит, олтин, уран, фосфорит, боксит қатламлари, даврий жадвалдаги деярли ҳар нарса! Ҳайратланарлиси, бу "хазина"га бой ерлар 1912 йилда кашф қилинган.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Йўлнинг ярмига етганимизда кичик, қизғиш барханлар кўзга ташланади. Бу ерда ерости иссиқ булоқлар қолдиқлари бор. Ҳамроҳим, собиқ ҳарбий комиссар (военком) уларни Фозилбекқудуқ деб атайди.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Қачонлардир бу иссиқ булоқлардан водород сулфиди аралаш иссиқ сув чиққан. Ҳамроҳим ғиждувонлик тадбиркорлар бу ерда клиника очгани ҳақида сўзлаб берди. У бу очиқ ҳавзалардан бирида даволанган экан.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Унинг айтишича, илгари у Зарафшон ҳарбий гарнизонида раҳбар бўлган. У бу жойларда тўхтаб псориазни даволаш учун водород сулфиди ваннасини қабул қилган экан. Бунда қум ўртасида 15 дақиқа сувга тушилади, сўнг артинмасдан бадан қуритилади. Шунда водород сулфид баданга сингиб, терини даволайди.

Кундузлар бу жараён 5-6 марта такрорланади. Танаффусда ходимлар тўйимли шўрва ва аччиқ кўк чой беради. Ҳамшира бу жараённи кузатади ва вақти-вақти билан қон босимини ўлчаб туради.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Бир пайтлар қум ўртасидаги сувдан шифо топганлар ҳозир буни фақат ҳикоя қилиб беришади. Кейин сув сатҳи тушиб кетган. Шу билан бу жойлар ташландиқ ҳолга келган...

Ғиждувонлик ўша тадбиркорлар қаерда бўлса экан? Балки бу жойлар қайта жонланиб, меҳмонхоналар ва тиббий мажмуалардан иборат яхши бир дам олиш маскани бўлар яна...

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Хотираларга кўз юмиб, яна йўлга тушишимиз керак эди.

Биласизми, туялар бу қумли дашт мезбонлари, ҳар замонда йўл бўйлаб уларни кўриш мумкин.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Узоқдан улар ҳақиқий туями ёки йўл белгисими ...билиш имконсиз бир нарсага кўзимиз тушди. Ҳар эҳтимолга қарши тормозни босдик.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Машинада 4 соат тўхтовсиз юргандан сўнг Зарафшон шаҳрига етдик. Қизиғи бу ерда шаҳар атрофида ҳеч ким яшамайди.

Шаҳар бу бепоён текис чўлда қўққисдан пайдо бўлган девордек гўё...

Қаторасига тушган тўққиз қаватли уйлар.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Шаҳарнинг чегараси аниқ, кенг ястанган яшиллик, кўплаб фавворалар. Шаҳар сувни Амударёдан тортиб келинган 240 километрли қувур орқали олади. Бу Зарафшонни Қизилқумдаги табиий воҳага айлантирган.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Зарафшонга 1960-йилларда асос солинган. 1950-йилларда олтин ва уран конлари топилгач, совет раҳбарияти Қизилқумни тезкор ривожлантириш ва уни йирик кончилик марказига айлантириш бўйича буйруқ берди.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Ўша вақтда олтин қазиб олиш тўхтовсиз шитоб ривожлантирилди. Ишчилар бутун Совет иттифоқидан келтирилди. Уларнинг аксарияти шу ерда яшаб қолган. Бу жойлар одам яшай олмайдиган ҳудуд деб ҳисобланарди. Илк кўчиб келганлар рус мутахассислари ва аристонлар бўлган.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Шаҳар ташқарисидаги қабристон олдидан ўтдик. Ҳамроҳимнинг айтишича, 60-йилларда Зарафшондаги йирик қурилиш зонасидан қочишга уринган маҳбусларнинг барчаси совет хавфсизлик хизматлари томонидан ўлдирилган. Маҳаллий аҳоли бу ерни "динсиз қабристон" дейди, бирорта исм, бирорта қабр тоши йўқ. Оллоҳ раҳмат қилсин...

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Бир пайтлар Шароф Рашидовнинг рус тилидаги "Бу ерда партиянинг иродаси ва халқнинг қўли билан шаҳар бунёд этилди" деган сўзлари ёзилган тош лавҳа турарди. Аммо унинг орқа томонига айрим "ҳазилкашлар" - "Партиянинг иродаси ва зеклар қўли билан" деб қўшиб қўйишганди...

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Чўлдан шаҳарга кирар эканмиз, ишчиларни ташиётган турнақатор автобусларга кўзимиз тушади.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Зарафшонни "Ўзбекистоннинг олтин пойтахти" дейишади. Бу ердан йилига 80 тонна олтин чиқарилади. Аммо уни ҳар жиҳатдан фаровон деб аташ мушкул.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Яқин яқингача Навоий кон ва металлургия комбинатига (НКМК) давлат ичидаги давлат деб қаралган. Қудратли ЦРУ, яъни Марказий кон бошқармаси шу ерга яқин Мурунтоу конидан олтин қазиб олиш ишларини назорат қиларди.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Маҳаллий малакали мутахассислар ва СССРнинг турли томонларидан келган раҳбарлар ("европеец"лар) ўртасида зиддиятлар бўлиб турарди. "Чўлнинг каттаси", "Уран қироли" лақабли Зарапетян, Петров каби Коммунист партия юборган мутахассислар, "Каримовнинг хазинабони" Кучерский кабилар ўша вақт ва вазият учун жуда мос келарди. Уларга Москва мисли кўрилмаган режани адо этиш вазифасини юклаганди.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Дўзахий иссиқ шароитда, қум ва барханлар орасидаги сувсиз муҳитда улкан ишни амалга ошириш керак эди. Шунга қарамай, маҳаллий мутахассислар иш учун суҳбатлардан қандай ўтказилмагани, таниш-билишчилик авжида бўлгани ҳақида эшитгандим.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Ходимларга юқори маош тўланган. Ишга олинмаган маҳаллий олий маълумотлилар малакасиз ишчи сифатида қабул қилиниб, ойига 500$ маош олиб ишлаган. Ваҳоланки, заводда ўртача маош минг долларга тенг бўлган.

Тасдиқланмаган ҳикоялардан бирида айтилишича, президент Каримовнинг 1993 йили Британияга сафари чоғида Ротшилд молиявий гуруҳи раиси Эвелин де Ротшилд Зарафшон олтинининг бу қадар софлигидан ҳайратланиб, ҳатто НКМК раҳбари Кучерскийни ўпиб ҳам қўйган экан.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Вазият ҳозир анча ўзгарган. 1995 ва 2006 йиллар мобайнида Мурунтоудаги олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнини Зарафшон-Ньюмонт қўшма корхонаси назорат қилган. Маркази Колорадода жойлашган Newmont Mining Corporation ўша вақтда Ўзбекситонга энг кўп сармоя киритган компания эди. Баҳсли судлашувдан сўнг ҳукумат 2006 йили компания активларини мусодара қилди ва 2007 йили конни тўла ўзига олди.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Барча саъй-ҳаракатларига қарамай, Зарафшон иқлимий шароити энг оғир ва ноқулай ҳудудлигича қолмоқда. Ўзбекистон ҳукумати нафақа ва қўшимча таътиллар берилиши талаб қилинадиган иш ўринлари рўйхати бўлган қарор чиқарган. Айтишларича, бугунги кунда бу ерда пенсия миқдори республика ўртача кўрсаткичидан 2 миллион сўмга юқори.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Уран олтин билан бир қаторда асосий стратегик хом ашё бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. 1990-йиллар ўрталарида жаҳон бозоридаги нархлар тушиши туфайли ишлаб чиқариш пасайиб кетди. Аммо 2001 йилдан уран ўсишни бошлади ва бугунги кунда НКМКнинг уран маҳсулотлари экспорти тахминан ўн фоизга ошди. "Марказий кон бошқармаси" - ЦРУ -( Центральное Рудное Управление )уранга асосланган ядровий энергетика келажак энергияси эканлигига ишонади.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Зарафшон аввал-бошда Золотогорск деб аталган. Советлар даврида у СССРнинг олтин кони эди. Бутун мамлакат олтинининг учдан бири шу ердан олинган.

Маълум вақт рус экспертлари бу шаҳарни Золотогорск деб аташда давом этди. Шароф Рашидовнинг таклифидан сўнг улар Зарафшон номини қабул қилишди.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

"Юлдуз" спорт комплексидан кейин Авлиё Николай черкови ёнидан ўтдик. Унинг олдидаги лавҳага 1999 йил Кучерский даврида Марказий кон бошқармаси томонидан қурилган, деб ёзиб қўйилган.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Шаҳарда русийзабон ўзбекистонликлар анчагина. Айримларга кўра, барча мутахассислар кетган, шунчаки қайтиб келишмайди улар. "Янги мутахассислар тайёрлаш билан иш битмайди. Бирор истеъдодли болани чет элга ўқишга юбориш ҳам етарли эмас. Аграр жамият одамларини дала ва бозорлардан муҳандислик соҳасига кўчириш унчалик осон эмас. Бу шунчаки университет таълими масаласи эмас, балки фикрлаш тарзи ҳамдир".

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Турар жой комплекслари... Биноларнинг бирортаси анъанавий ўзбек турар жойларига ўхшамайди. Бу советлар режалаб қурган шаҳардир. 60 ёшдан ошганига қарамай, шаҳар инфраструктураси ҳали тўла шаклланмаган.

Бозор йўл ёқасидаги учта пештахтадан иборат. Спорт комплекслари ва спортда ютуққа эришган зарафшонликлардан бошқа бу ерда арзирли маданий марказ йўқ. Бирорта театрни учратмайсиз. Шаҳар бўйлаб юраётган тамвайларни кўраман деб ўйлагандим. Ёшлар бу ерда ўз келажакларини кўриши керак, шу ниятда замонга мослаб Зарафшон сити қурилмоқда...

Ҳамма ўз шаҳрини севади ва кетиш ниятида эмас.

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Зарафшонни тарк этар чоғи дуо қилдим ва йўлга тушдик. Оҳ, доим қоим турувчи Латиф, бошимизга не келса меҳрингни аяма...

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek