Ўзбекистон: Нега Президент Мирзиёев ҳибсдаги қийноқ ва ўлимларни гапирмайди? - Yangiliklar Dunyo O'zbekiston

KUN.UZ/BBC

Сурат манбаси, KUN.UZ/BBC

Ноябрь ойида Ўзбекистоннинг юқори даражали вакиллик гуруҳи Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши қаршисида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида ҳисобот беради.

Аммо, бу ҳисобот тақдимоти силлиқ кечмаслиги тайин, чунки, халқаро ва маҳаллий ташкилотларга биноан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, хусусан фуқаролик жамияти ва қийноқлар бобидаги аҳвол ёмонлашган.

Суҳбатни томоша қилинг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

БМТ ҳисоботни тинглашдан аввал қатор мустақил манбалардан ҳам маълумот олади. Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган саноқли инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири - "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ана шу муқобил маълумотларни тақдим қилиш учун шу кунларда Швейцарияда бўлиб қайтди.

Унинг айтишича, охирги йилларда Ўзбекистонда Ички ишлар бошқармаларида яна қийноқ ҳоллари кўпайган.

2021 йил июнида имзоланган президент фармонига биноан, Ўзбекистонда қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича механизмлар ишлаб чиқилганди. Бу мақсадда Омбудсман маслаҳатлашув комиссияси тузилиб, "Эзгулик" ҳам ундан ўрин олганди.

Аммо, Ташановнинг айтишича, жамият матбуотда қийноқ ҳолатларини батафсил ёритгач, маслаҳатлашув комиссиясидан чиқариб юборилган ва ҳозирда Омбудсман мажлисларига таклиф қилинмаяпти.

"Агар бу ташкилотда бўладиган бўлсанг, сенг Омбудсмандан сўраб гапирасан, дейишди. Бизга бу ёқмади, албатта, чунки биз доим кўрганимиз ва билганимизни гапиришга ўрганганмиз", - дейди жамият раиси.

Айни дамда, Ички ишлар биноларида кимнингдир афтидан дўппосланиб ё қийноққа тутилиб ўлиги чиқиши ортидан ҳуқуқ-тартибот органларининг ходимлари "қийноқ"да айбланмаяпти ва жиддий жазога юз тутмаяпти.

Ташановнинг айтишича, жамиятнинг сўровига жавобан, Ўзбекистон Олий суди йўллаган хатда Ўзбекистонда 2022 йилда қийноқ билан боғлиқ ҳоллар бўлмагани айтилади.

Аммо, матбуотда шов-шувларга сабаб бўлган хабарларнинг ўзидан бу каби ҳоллар ўтган йили камида учта бўлганини кўриш мумкин. Улар орасида 15 яшар қурбон ҳам бор:

  • 2022 йил, январь - И.Т. (исми ва ёши номаълум) Ғиждувон тумани, Бухоро вилояти;
  • 2022 йил, февраль - Юсуф Султонов, 37 ёш, Миришкор тумани, Қашқадарё вилояти;
  • 2022 йил октябрь - Равшанбек Абдусатторов, 15 ёш, Қўқон шаҳри, Фарғона вилояти;

Бу йил ҳам қийноқлар натижасида Ички ишлар биносида ўлгани гумонланувчилар ишида қийноқлар тергов қилинмаган:

  • 2023 йил, июнь - Ҳафизуллоҳ Турғунбоев, 21 ёш, Чилонзор тумани, Тошкент шаҳри;
  • 2023 йил, июнь - Усмон Салимбоев, 36 ёш, Бўка тумани, Тошкент вилояти;
  • 2023 йил, август - Д. У. (исми номаълум) 33 ёш, Тошкент шаҳри;

"Биз хабар топмаганлар кўп бўлиши мумкин. Ёки қийноқ қурбонларининг яқинлари журъат қилолмаганлари, қўрққанлари кўп бўлиши мумкин. Бизда сўнгги икки йилдаги ўндан ортиқ қийноқ ҳолатлари ҳақида маълумот бор", - дейди Ташанов.

Ижтимоий тармоқларда одамлар кўп ўтмай бу ўлим ҳолларини унутиб қўйишяпти. Президент Шавкат Мирзиёев ва айни соҳага масъул Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновлар бу борада бирон марта оммавий чиқиш қилмадилар.

Қийноқ ҳоллари судда тасдиқланмаётган экан, қийноқ қурбонлари ё оилаларига компенсация тўлаш тизими ҳам йўлга қўйилмаган. Бу борада қонун ҳали қабул қилинмаган.

Ўтган йил апрелида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши нутқ сўзлар экан, Президент Мирзиёев Қийноқлар ва бошқа ноинсоний, камситувчи муносабат ва жазоларга қарши конвенциянинг ихтиёрий протоколини қабул қилишни ваъда қилганди. Аммо, бир йилдан ошиқ вақт ўтиб ҳам, у ратификация қилинмади.

Айни дамда, Ташановнинг айтишича, янги қонун сабаб ўз ташкилотининг молиявий кўмак олиш имкониятлари кескин чекланган. Вазирлар маҳкамасининг ўтган йил июнида чиқарган "МАҲАЛЛИЙ НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ХАЛҚАРО ГРАНТ ЛОЙИҲАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ БИЛАН ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА"ги қарори нодавлат ташкилотларига мустақил тарзда хорижий ташкилотлар ё элчихоналардан пул ёрдамини олишига тўсқинлик қилмоқда.

"Кейинги бир ойда биз халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпусдан ютган учта грант пулимизни Адлия вазирлигидан ўтказолмаяпмиз. Фаолиятимиз нолга келиб қолган. Инсон ҳуқуқлари гуруҳининг фаолиятини чеклаш учун Абдураҳмоннинг бошига уриш шартмас, унга келадиган молияни қисиб қўйсангиз, бўлди", - дейди Ташанов.

Абдураҳмон Ташанов билан Ибрат Сафо суҳбатлашди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002