Ўзбекистон: Турмушнинг "мушти", алиментлар алами ва аёллар ноласи ҳақида

  • Бахтиёр Турсунов
  • Журналист
BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Яқинда ижтимоий тармоқда тарқалган хабарга кўра, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида яшовчи фуқаро фарзандларига алимент тўламаслик учун икки йил давомида ҳовлисининг ертўласида яшириниб яшаган.

Мажбурий Ижро Бюроси ходимлари уни ундириш учун рўзғордаги сигирни етаклаб олиб кетмоқчи бўлганида оила аъзолари ҳақиқий айбдорнинг яширин жойини фош этишган. Эндиликда алиментдан 51 миллион сўм қарзи бўлган мазкур эркак ҳибсга олинган.

Оммавий ахборот воситаларида кунора алимент тўлови билан боғлиқ турли можаролар, сайёр судлардан лавҳалар кўрсатилади. Уларнинг айрими фожеий тусга ҳам эга. Оталар фарзандлари жонига қасд қилишга ҳам қўл уриш ҳолатлари мавжуд. Маиший турмушда содир бўлаётган бундай ажралиш ва алимент билан боғлиқ ҳодисалар изчиллик ва давомийлик касб этаётгани қандай сабаб ва омиллар билан боғлиқ?

Тақдирлар

BBC.COM/UZBEK

Деновлик 34 ёшли Зиёда бундан тўққиз йил йил олдин қўшни Шўрчи туманига келин бўлиб тушган. У икки йил илгари учта фарзанди билан ота-онасининг уйига эридан бутунлай ажрашиб келди.

"Мен шу йиллар оралиғида бир неча марта аразлаб келгандим. Қариндошларимнинг ажраш деган қистовига қарамасдан, уларнинг юзига деярли оёқ қўйиб бўлса ҳам қайнотамникига қайтдим. Эрим ишларди, турмушимиз моддий жиҳатдан ёмон эмасди, тўқликка шўхлик унда хурмача қилиқлар кўпайишига сабаб деб ўйлайман. У ичкиликка ружу қўйди, маишатга берилди. Мени маст ҳолда кўп дўппосларди. Охири унинг уйини тарк этишга мажбур бўлдим,"- дейди Зиёда.

Зиёда етти йиллик оилавий турмушда расмий никоҳсиз яшаган. Икки йил бетиним давлат идораларига мурожаати ортидан собиқ турмуш ўртоғидан алимент ундириш қарори чиқаришга муваффақ бўлган.

"Суд қарорига кўра фарзандларим отаси 2 миллион сўмдан ортиқ алимент тўлаши шарт, бироқ икки ойдан буён пул бераётган бўлса, бу миқдор 800 минг ва 700 минг сўмни ташкил этди. Унинг 11 миллион сўмлик қарзи бор. Туман Мажбурий Ижро Бюросига бу борада мурожаат қилсам, шаллақилик қилманг, деб ишни пайсалга солишмоқда. Собиқ турмуш ўртоғим ҳозирда пойтахт Тошкентдаги йирик қурилишда ишламоқда. Ойлиги 8 миллион сўмдан ошади. Пул миқдори йиғилиб кўпаймасдан буни тўланг десам," нима, ўғрилик қилайми? " дея ўзини анқовликка солади. "- дейди Зиёда.

Аёл бўлиб ўтган машмашалар ҳар тарафлама уни ҳоритаётганини айтади.

"Мен ҳозир хусусий тиббий клиникада ошпаз бўлиб ишлаяпман. Навбатчилигим кўплигига қараб жами 1 миллион сўм маош оламан. Бу ёқда бу йил 31 яшар укамни уйлантирмоқчимиз. Янги келиннинг кўз ўнгида фарзандларим билан отамникида тиқилиб яшаш менга жуда ўнғайсиз. Шунга ер олиб, уй қуриш ҳаракатида идорама идора югуриб юрибман. Эрдан ажралгандан сўнгги ҳаёт силламни қуритди, аммо бунга ўз ҳоҳишим билан келмадим"- дея таъкидлайди Зиёда. Унинг айтишича, оиласидан ажрашган эркаклар масъуллиги қонуний жиҳатдан янада кучайтирилиб, жавобгарлик чалакам чатти эмас, қонунда кўзда тутилган амалларни тўлиқ бажариш асносида бўлиши лозим.

Термизлик темир йўл соҳасида ишловчи 33 ёшли Мансур икки марта уйланиб, иккала турмуш ўртоғидан ҳам ажрашган. Жами тўрт нафар фарзандига маошидан 33 фоиз алимент тўлайди. "Биринчи хотинимдан бир қиз фарзандим бор. У билан ажралишни ёшлик хатоси, деб ҳисоблайман. Иккинчи турмуш ўртоғимдан учта фарзандим бор. У баъзида ота ҳовлимга болаларимни етаклаб келади. Ҳозир тўртинчисига ҳомиладор. Кел, бирга яшайлик десам, у ўртага бир шарт қўяяпти, яъни шу ҳолатда алимент тўлашда давом этишим керак экан. Алимент пулига унинг ота-онаси, укаси ҳам кун кўради. Мен эса бунга кўнмаяпман, "-дейди Мансур.

Бу эркакнинг сўзларига кўра, алимент масаласи оилаларнинг бир тўкисда яшаб кетишига тўсқинлик қилаётган ҳаётий асосий омилдир.

" Бунда отанинг масъулияти ва жавобгарлиги олға сурилиб гўёки болаларнинг келажагига қайғурилгани билан аёл ҳуқуқи, унинг манфаатига ғамхўрлик бош масала деб тушунаман. Ҳар қандай вазиятда эркак айбдор этиб кўрсатилади. Менинг-ку тайинли ишим бор, пул тўлай оламан, лекин моддий жиҳатдан ночор, ишсиз эркаклар буни қандай эплашсин. Атрофга шов-шув бўлаётган воқеалар сабаби мана шунда. Буни ахийри жўяли ҳал этишнинг янги усулларини топиш зарур "-дейди Мансур.

Мансур алимент унинг бутун умрига тушов бўлаётгани, бунинг дастидан хорижга иш учун эмин-эркин чиқиб ҳаракатлана олмаслигидан ёзғиради.

Сабоҳат Сатторова, филолог:

"Ўзим ҳали турмушга чиқмаганман. Бироқ қизларнинг арзимаган алимент пулига ўзини кафолатлаши ҳақидаги фикр нотўғри. Ҳеч ким бир куни рўзғорим бузилсин деб турмуш қурмайди. Бу вазият тақозосига кўра туғилаётган алоҳида бир ҳолдир."- дейди С. Сатторова.

Педагог ва журналист Маягўзал Чориеванинг назарида эса у турмушда кузатуви давомида баъзи аёлларнинг "туғдириб қўйган бўлса, жазосини тортиб, алиментини тўлаб боқади", деган такаббурона сўзларига дуч келган, лекин туб жиҳатда ҳеч бир аёл рўзғори пароканда бўлишини ҳоҳламайди.

" Бундан беш йилча муқаддам Термиз шаҳри четидаги янги қуриб битказган ҳовлимиз жойлашган маҳаллага кўчиб ўтдик. Дастлабки йилларда бирин- кетин ўз жонига қасд қилган учта йигитнинг жанозасига гувоҳ бўлдим. Улар алимент тўлашга қурби етмаганликлари учун ўз ҳаётларига ўзлари нуқта қўйишган. Ҳатто улардан бири икки марта уйланган. Жами учта боласига маҳкама белгилаган алиментни тўлаш мақсадида Россияга ишга кетган. Бироқ иши ўнгидан келмай, зарур маблағни топа олмаган. Ҳозир ҳеч бир соҳа, ҳеч бир жабҳада тўлиқ ва тугал иқтисодий ечимни топиш мушкул. Кун тартибига машъум манзараларда чиқаётган алимент ундириш муаммосини мавжуд шароитларга қараб ҳал этишни тушуниб етиш керак. "-дейди М. Чориева.

Дунёқараш ва удумларга таъсир этиш хавфи

BBC.COM/UZBEK

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

"Ажралишлар ва алимент билан боғлиқ можаро ва маҳкамаларнинг фавқулодда кўплаб пайдо бўлиши МИБнинг ташкил этилгани билан боғлиқдир. Унгача бу чала ярим ҳолатларда онда-сонда диққат қаратиладиган ҳол эди. Аслида бу Шўро иттифоқи давридан қолган чоравий амал бўлиб, у вақтда иш билан бандлик кўлами юқорилигидан у қадар киши зиммасига оғирлик юкламаган. Ҳозирда оилалар бузилишига айнан ишсизлик ҳам таъсир кўрсатаётган бўлса, айнан эркакнинг келгусида суд қарорини тўлақонли бажаришга ишсизлик сабабдир,-" дея ўз мулоҳазалари билан бўлишади термизлик кузатувчи, касби иқтисодчи Шароф ака.

Кишилар назарида турмушда оилалар бузилиб, фарзандларнинг тирик етим қолишига учинчи шахслар, эр-хотинлардан бирининг қариндошлари фаол аралашуви ҳам туртки бермоқда.

"Жияним учта қиз фарзанди билан онаси, опамникига келиб ўтирибди. Ҳаммасига қайнонасининг инжиқлиги сабаб. Алимент масаласи кўтарилган заҳоти ўша қайнона келиб, ўғли пул топишга қурби етмаслигини рўкач қилиб, ажралишни бекор қилмоқчи бўляпти. Жияним эса эри бошқага уйланишга улгургани туфайли у билан оиласини тиклашдан бош тортяпти,"- дейди 42 ёшли деновлик уй бекаси Назира.

Шароф аканинг фикрича, оилавий ажралишлар ортидан болаларга пул тўлаш масаласи ҳам қайсидир жиҳатларда табақалашувга эга.

"Зимдан кузатсангиз, етарли маош олиб, турли давлат идораларида ишлайдиган кишиларнинг оиласидан ажрашиш ҳодисаларини деярли учратмайсиз. Чунки агарда улар бунга йўл қўйишса амал ва ишларидан ажрашлари мумкин. Ҳозирда алимент билан боғлиқ ножўя маълумотлар кўплигидан ёш йигитлар оила қуриб, фарзанд орттиришга ҳадиксираб қолишган. Улар ўз бошларига охир-оқибатда озодликдан маҳрум этилиш балоси мутлақ тушишидан хавфсирайдилар. Бу эса тушунчадаги анъаналарга, оила институтига жиддий дарз етказади,"- дейди Шароф ака.

Вазиятга нима ечим бўлади?

"Шу кунларда бир ачиниш уйғотадиган воқеанинг гувоҳи бўляпман. Музработлик танишларим, ёш эр-хотиннинг гулдек оиласи бор эди. Улар ер олиб, уй ҳам қуришаётган эдилар. Нимадир бўлдию, оила парчаланди. Эр болаларига алимент тўлашдан қўрқиб, хорижга деярли қочиб чиқиб кетди. Аёл фарзандларини эрининг отаси ҳовлисига олиб келиб, овсинини қўлига топшириб кетди. Ҳозир у шаҳарда официанткалик билан машғул. Уйни битказишмаганларидан, ерни ҳам қайтариб олишди. Сабр-тоқатнинг етмаслиги, ўртадаги тушунмовчилик мана шундай бахтсизлик келтириб чиқарди,"-дея ҳикоя қилади журналист Маягўзал Чориева.

"Айни мураккаб вазиятларда нуқул эркакларга масъулият юклаш турли залвори оғир ҳиссиётларни келтириб чиқараркан,бунга қонуний чораларни янгилаш, масалага бошқа жиҳатдан ёндашиш зарурати уйғонмоқда. Менимча никоҳ шартномалари тузиб, унда оила бузилишини, ажрашишни ким ҳоҳлаган бўлса ўша шахс келгусида фарзандлар иқтисодий қарамоғига масъуллигини белгилаш шартдир. Автоматик тарзда отанинг ҳар қандай ҳолатда айбдор кўрсатилиши зиддиятни таранглаштириб, бунга оид воқеалар оқимини сустлаштирмай, бадтар ошираверади."-дейди Маягўзал Чориева.

Сиз нима деб ўйлайсиз?

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002