BBC Arxividan: “Мен мусулмон эмасман, аммо рўза тутаман” ёки Рамазонда рўза тутаётган ғайридинлар - Ramazon dunyo yangiliklar

  • Сарож Патирана
  • Би-би-си Жаҳон хизмати
Надин Парр (ўнгда) энг яқин дўсти Сорая Дин билан

Сурат манбаси, Handout

Сурат тагсўзи, Надин Парр (ўнгда) энг яқин дўсти Сорая Дин билан бирга, Надин уни Рамазон ойида бирга рўза тутишга таклиф қилган

(Ушбу мақола илк бор 2021 йил Рамазон ойида нашр қилинган)

Рамазон ойида мусулмонлар билан бирга рўза тутаётган Шри-ланкалик буддист Реҳан Жаявикрема ёш сиёсатчи. Католик Марианна журналист. Америкалик Надина эса, эътиқодли насроний. Улар нега мусулмонларнинг рўзасини тутишмоқда?

Шри-Ланканинг асосий мухолифати аъзоси, ёш сиёсатчи Реҳан Жаявикрема ўз нияти ҳақида Рамазон ойининг илк куни - 13 апрелда маълум қилди.

"Мен буддистман ва Будда ҳаёт фалсафасига эргашишга ҳаракат қиламан", деди у "Twitter"да.

"Шу билан бирга, мусулмон ака-ука, опа-сингилларим билан Рамазонда рўза тутишни сабрсизлик билан кутяпман. Бу мен учун биринчи марта бўлади. Менга омад тиланг."

У Шри-Ланка жанубидаги Велигама шаҳарчасида Шаҳар кенгаши раиси бўлиб, 14 апрелда Рамазон бошлангандан буён кундузи ўзини ейиш ва ичишдан тиймоқда.

Бу йил асосий аҳолиси буддист бўлган Шри-Ланкада мусулмонлар синҳала ва тамиллар ўз янги йилларини нишонлайдиган кун рўза тутишни бошлади.

Шри-Ланканинг кўп эътиқодли жамияти икки йил аввал исломий жангариларнинг Пасха байрамида черковга қилган ҳужуми сабабли 270 киши ўлганида даҳшатга тушган эди.

Реҳан Жаявикрема мусулмон дўстлари билан бирга ифторлик қилмоқда

Сурат манбаси, Handout

Сурат тагсўзи, Реҳан Жаявикрема мусулмон дўстлари билан бирга ифторлик қилмоқда

Буддист сиёсатчининг айтишича, унинг бир ой давом этувчи исломий маросимда иштирок этиш қароридан кўзланган мақсад ана ўша ҳужумлар ортидан пайдо бўлган аксил-мусулмон кайфиятларга қарши туришдир.

Реҳан Жаявикреманинг твитига унинг ташаббусини қўллаб кўплаб изоҳлар ёзилган, аммо Рамазонни нишонлаётган ғайримусулмон биргина у эмаслиги аёнлашган.

Марианна Дэвид Шри-Ланка пойтахти Коломбода журналист, у ҳам баъзида Рамазонда рўза тутиб туришини айтади.

"Мен католикман ва Рамазонда рўза тутаман. У ақлни тиниқлаштириб, одамни интизомга ўргатади. Омад", дейди у.

Бош вазир девонида халқаро ишлар бўйича Бош директор Анурадҳа К. Ҳерат ҳам Рамазонда бир марта рўза тутганини айтади.

"Анча йиллар аввал Моратува университетидаги вақтимда шундай қилганимни эслайман", деб ёзди у "Twitter"да.

"Дўстим @sifaan саҳарлаб овқат егани уйғотар эди, сўнг кечга томон лекция вақтида ифторлик учун таомини баҳам кўрарди. Бу сизга жуда ёқади деб ўйлайман."

Ирқчиликка қарши

"Мен буни мамлакатимиздаги айрим етакчилар тарғиб қилаётган ирқчиликка қарши норозилик белгиси сифатида қиляпман, - дейди Реҳан Жаявикрема. - Исломни қабул қилганимданмас, ирқчиликка қарши норозилигимдан."

Унинг Би-би-сига айтишича, Шри-Ланкада озчилик бўлмиш мусулмон жамоаси Пасха куни уюштирилган ҳужумдан буён ёмонотлиқ қилиб келинмоқда.

Шри-Ланка аҳолисининг қарийб 70 фоизи буддистлардир. Қолганлари асосан ҳиндуист, мусулмон ва католиклар.

"Мен кўпчилик вакили сифатида мусулмонларга ғамхўрлик қилишимизни кўрсатаман, мен уларга шахсий қадр ва хавфсизликни ҳис қилишларига ёрдам бераман. Ва уларга биз уларни ҳам ўйлашимизни намойиш қиламан."

Унинг танқидчиларидан айримлари Реҳан Жаявикремани шунчаки мусулмонлар овозини олиш учун уринишда айбламоқда. Бунга жавобан у "Twitter"да тарафдорларидан бири қолдирган жавобни тилга олади:

"Нафрат яратгандан кўра, диний аҳиллик яратиб овоз олиш яхшироқ."

"Бошқаларни тўйдириш"

Марианна Девид

Сурат манбаси, Handout

Сурат тагсўзи, Католик журналист Марианна Девид эса, 15 йилдан буён Рамазоннинг рўзасини тутади

Католик журналист Марианна Дэвид, 15 йилдирки, Рамазон ойида рўза тутади.

У бу даврни ўзига эътибор қаратиш, ҳақиқатда муҳим нарсалар устида мулоҳаза юритиш учун фурсат деб билади.

"Рўза тутиш нима ейиш ҳақида тинмай ўйлаш, овқат сабабли чалғиш ёки шунчаки зериккандан ёки нафс истаги билан мақсадсиз таомланишни анча камайтиради. У кунингизга интизом ва тартиб киритади."

Унинг ишонишича, рўза тутиш унинг диққатини чархлайди, ўзини соғломроқ ҳис қилдиради.

"Ҳаёти тўкин бўлган, яхши ишли одамларнинг кундузи оч юриши унчалик ҳам катта қурбонлик эмас", дейди у Би-би-сига.

"Қўл меҳнати қиладиган, иссиқ ҳавода кўчада ишлайдиганлар, бу ойда тўйимли овқатланишга шароити йўқ, қўли қисқалар учун жуда оғир ўтади."

Марианнанинг фикрича, Рамазоннинг муҳим жиҳати овқат топишга қийналадиганлар ҳақида кўпроқ ўйлашдир.

Бериш жуда муҳим, деб таъкидлайди у. "Менимча, нафсни тийиш билан бир вақтда муҳим нарса имкон қадар беришдир, қурби етмайдиганларга таом бериш ва уларнинг рўза тутишларига кўмаклашишдир."

Ифтор дастурхони

Сурат манбаси, Handout

Сурат тагсўзи, Марианна рўзасини очганда, қизил канжи гуручи, роти, пишган мол гўшти, салат, шарбат, хурмо ва сув билан ифторлик қилади

Ҳамжиҳатлик

Дунёнинг бошқа бир чеккасида, АҚШдан Надина Парр Рамазонда рўза тутувчи бошқа бир ғайримусулмондир. Ўзи диндор насроний бўлса ҳам, мусулмон дугонаси унга Рамазонни таништирган.

"Рўза тутиш севимли мусулмон дўстларим билан ҳамжиҳатликни намойиш қилиш ва, айни пайтда, Исога эргашган инсон сифатида ўз эътиқодимга амал қилишдир."

Надина ёзувчи, бизнес тренер, Мичиган штатида мактаб ўқитувчиси ҳамдир.

"Бир қанча вақт ўтди, аммо, етти йилдирки, Рамазонда рўза тутишнинг анъанавий йўриқларига амал қилиб келаман... тонг отмай нонушта қилиш, кун ботгунча барча таомлардан тийилиш", дейди у.

"Жамоа, турли маданият ва диний эътиқодлар ўртасига кўприк қуриш менинг энг севимли машғулотимдир.

Кун охирида бутун инсоният тенг бўлиб қолади. Мавсум давомида овқатдан тийилиш, мақсадли тарзда нафсни тийиш орқали руҳоний ҳақиқатни кашф қилиш мумкин. Бу бизнинг қанчалик бир- биримизга боғланганимизни кўрсатади. Мен буни нишонлайман."

Надина Парр

Сурат манбаси, Handout

Сурат тагсўзи, Надина Парр етти йилдан бери мусулмонларнинг рўзасини тутиб келади

Бирдамлик вақти

Шри-Ланкага қайтсак, Марианна Дэвид "рўза тутиш шунчаки қурбонлик ёки интизом масаласи эмас. У шунингдек, севганларингиз билан биргалик ва байрамдир", деб таъкидлашни яхши кўради.

"Биз таом егани бирор ерга борганимизда ёки ифторликка дўстларимиз ёки оиламизни чақирганимизда, бу худди кечки зиёфатга ўхшайди, фақат маст қилувчи ичимликларсиз, - дейди у. - Биз янги таомларни татиб кўрамиз, вақтни хуш ўтказамиз, ҳаттоки, бир неча кун ўтиб, ўша ейдиганларингиз камайиб кетганда ҳам."

"Энг кўп истайдиганингиз сув бўлади, айниқса, ҳозирги фаслда. Аммо унинг фойдаси бериладиган қурбонликни босиб кетади. Мен рўза тутишни бошлаганимдан бери фақат сувни истайман, қолган исталган нарсага ўзингизни мослашингиз мумкин."

Тасбеҳ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Надинанинг айтишича, мусулмонлар билан рўза тутиш унинг ўзини Худога яқинроқ ҳис қилишига ёрдам беради

Надинанинг фикрича, рўза тутиш унинг руҳоний ҳаётида муҳим ўрин тутади.

"Мен буни чарчаган ва жавоб излаётган ҳар кимга тавсия қиламан, - дейди у. - Биз доим ўз иштаҳамизни қондириш ҳақида ўйласак, муқаддас лаҳзаларни ўтказворамиз. Автоматик ҳолатга ўтиб қоламиз, ўзимизнинг Худога буткул боғлиқлигимизни унутамиз."

Унинг ишонишича, овқат ва сувдан тийилиш унинг иймони учун янги уфқларни очади.

"Биз ўз эҳтиёжимиздан нарини кўра бошлаймиз. Биз ўз эҳтиёжларимизни қайта тушунамиз. Биз Худони ҳис этамиз."

Осон эмас

Коломбодаги масжид Tharaka Basnayaka/NurPhoto/Getty Images фотоси)

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шри-Ланка мусулмонлари юз маскалари таққан ва ижтимоий масофа сақлаган ҳолда Коломбо шаҳридаги масжидда намоз ўқишмоқда

Аммо Реҳан Жаявикрема учун янги тажриба осон бўлмаяпти.

"Эрталаб соат 4 да тураман, хурмо ейман, йогурт ва мева истеъмол қиламан. Кечки 6:30гача ҳеч нарса емайман", дейди у Би-би-сига.

Унинг айтишича, рўза тутиш уни кун охирида ўзини тетик ҳис қилишига ёрдам беради, аммо ой охиригача буни эплайдими-йўқми, билмайди.

"Қўлимдан келганча давом эттираман", дейди буддист сиёсатчи. Аммо у самимийлик билан "сув ичмаслик жуда қийин экан", дейди.