Исроил - Ғазо можароси: Фаластинни дастаклаб, ўн минглаб одам кўчага чиқди - fotoreportaj Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Лондондаги намойиш

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Шанба куни биргина Лондоннинг ўзида фаластинликларни дастаклаб, ўн минглаб одам шаҳар марказига чиқди

Исроил - Ғазо можароси: Фаластинни дастаклаб, минглаб одам кўчага чиқди. Ўтган дам олиш кунларида қатор Европа ва Яқин Шарқ давлатлари норозилик намойишларига саҳна бўлди. Бунга ҳатто карантин чекловлари ҳам таъсир қила олмагани айтилмоқда.

Исроил ва Ғазо ўртасидаги қуролли низо ўтган душанба куни бошланган.

Мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи ва глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.

Шарқий Қуддусдаги бир неча ҳафталик танглик ва тўқнашувлар ростмана ҳужумларга айланиб кетган.

Орада кечган вақт давомида ҳужумлар янада шиддатлашган, низонинг "тўлақонли уруш"га айланиш хавфи пайдо бўлган.

Фаластиндаги қуролли гуруҳларнинг ракета ҳужумларига жавобан, Исроил Ҳаво ва Қуруқликдаги кучларини жалб қилган.

Шу пайтгача ҳар икки томондан жами 200 га яқин киши нобуд бўлган, мингдан ошиғи яраланган.

Қурбонлар ва жабрдийдаларнинг деярли барчаси фаластинликлар ҳисобига тўғри келади.

Лондондаги намойиш

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Лондондаги намойишлар: Ўн минглаб одам ўз йўлларини Исроил элчихонасига қараб солишаркан, "Фаластинга озодлик", дея хитоб қилишган

Лондондаги намойиш ташкилотчилари британ ҳукуматини, ўз таъбирларида, "Исроилнинг Фаластин халқига қарши шафқатсиз зўравонлиги ва зулмига йўл қўймаслик"ка чақиришган.

Ўн минглаб одам ўз йўлларини Исроил элчихонасига қараб солишаркан, "Фаластинга озодлик", дея хитоб қилишган.

Худди шу куни Исроил-Ғазо можаросида фаластинликларни дастаклаб, Европанинг бошқа пойтахт ва шаҳарларида ҳам намойишлар бўлиб ўтган.

Париж

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Франция полицияси Париждаги ноқонуний намойишга чиққан минглаб намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ҳам қўллаган. Шунча сондаги одам карантин чекловларига қарамай, фаластинликларни қўллаб кўчаларга чиқишган. Лион ва Марселдаги бир неча юз кишилик намойишлар эса, тинч ўтгани айтилмоқда
Берлиндаги намойишлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Берлинда эса, намойишчилар полиция ходимларига қарата бутилка ва тошлар ирғитишган. Карантин тартиб-қоидаларини бузишган. Намойишлардан бири полиция томонидан тарқатиб юборилган
Мадриддаги намойиш

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мадриддаги намойишларга ҳам бир неча минг киши чиққан. Намойишчилардан бири Пласа-дель-Соль майдонида улкан Фаластин байроғини тикишга ҳам уринган
Бағдод

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ироқ пойтахти Бағдоддаги намойишлар эса, мамлакатдаги қудратли уламолардан бири Муқтадо ас-Садр ва бошқа ярим ҳарбийлар томонидан чақирилган. Бунга ўхшаш намойишлар Ироқнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган
Иорданиядаги намойишлар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Юзлаб кишилар иштирокидаги намойишларнинг бири Иорданиянинг Исроил билан чегараси,
Омандаги намойиш

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, яна бири эса, Иордания пойтахтидаги Исроил элчихонаси яқинида уюштирилган. Иордания аҳолисининг сони 10 миллиондан ошса, уларнинг ярмидан кўпининг келиб чиқиши фаластинлик бўлади
Ишғол остидаги Ғарбий Соҳил

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жума кунги шиддатли тўқнашувларга оид хабарларга қарамай, орадан кун ўтиб, ишғол остидаги Ғарбий Соҳилнинг ўзида ҳам намойишлар бўлиб ўтган. Фаластинликларни дастаклаб ўтказилган намойишлар яна Австралиянинг Мельбурнига қадар кузатилган

Кеча, якшанба куни сўнгги Исроил-Ғазо можароси тарихчасидаги "энг қонли кун" бўлган.

Ғазода бир куннинг ўзида 40 дан ошиқ одам ўлдирилган.

Таҳлилчилар оташкесин эҳтимоли бу яқин ўртада кўринмаётганидан хавотирда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳозирча минтақанинг Шарқий Қуддусдаги вазият юзасидан расман ва ошкора ўз хавотирларини изҳор этиб чиққан, томонларни зудлик билан зўравонликларга чек қўйишга даъват қилган иккита давлати бўлиб туришибди.

Халқаро ҳамжамиятнинг устма-уст даъватларига қарамай, Яқин Шарқдаги сўнгги қонли можаро ўзининг иккинчи ҳафтасига кириб бормоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek